Жорий йилнинг 25 декабрь куни Ўзбекистон экологик ҳаракати Тошкент вилояти ҳудудий бўлинмаси томонидан Зангиота туманидаги тиббиёт коллежида “Конституция ва атроф-муҳит муҳофазаси” мавзуида давра суҳбати ўтказилди.   

Тадбирнинг асосий мақсади. Коллеж  педагог ва талабаларига  Ўзбекистон Республикаси Конституцияда атроф муҳит муҳофазасига қаратилган моддаларни  батафсил  изоҳлаб, ҳар бир инсоннинг бу борадаги бурч ва мажбуриятлари ҳақида  тушунчалар  бериш,  ёшларнинг  экологик маданиятини юксалтириш.

Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки. Конституциямизда шахс, жамият ва давлатнинг ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий, маданий-маърифий, умуман барча соҳадаги асослари мустаҳкамлаб қўйилган. Жумладан, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш бўйича давлат-ҳуқуқий механизмини шакллантиришда ҳам муҳим аҳамиятга эга. Шу боис ҳам Конституцияда белгиланган нормалар орқали жисмоний ва юридик шахслар экологик ҳуқуқ, бурчлари ва эркинликларини ифода этадилар.

Алоҳида таъкидлаш жоизки, асосий Қонунимизда табиат — жамият тизимидаги ўзаро муносабатларни тартибга солувчи махсус нормалар ҳам белгиланган бўлиб, улар экологик ҳуқуқий муносабатлар пойдеворини ташкил этади. Конституциямизнинг бир нечта моддасида табиатни муҳофаза қилиш, табиий бойликларимиздан оқилона фойдаланиш билан боғлиқ экологик-ҳуқуқий нормалар мустаҳкамланган. Жумладан, 50-моддада фуқаролар атроф табиий муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлишга мажбур экани қайд этилгани фуқароларнинг экологик мажбуриятлари Конституция даражасида мустаҳкамланганини англатади. 54-моддада эса мулкдор ўз мулкига ўз хоҳишича эгалик қилиш, ундан фойдаланиши ва тасарруф этиши таъкидланган. Шу билан бирга, мулкдан фойдаланиш экологик муҳитга зарар етказмаслиги, фуқаролар, юридик шахслар ва давлатнинг ҳуқуқларини ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузмаслиги шартлиги белгилаб қўйилган. Ер, ерости бойликлари, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий захиралар умуммиллий бойликдир, улардан оқилона фойдаланиш зарур ва улар давлат муҳофазасида экани белгиланган 55-модда эса давлат экологик сиёсатининг асосий тамойилларини қамраб олган.

Биздан эса албатта бош қомусимизда берилган бурчларимизга амал қилиш сўралади. Шундагина биз атроф-муҳитимиз озода сақланишига ва келгуси авлодлар муносиб шароитларда хаёт кечиришига эришамиз.

Экоҳаракат Тошкент

вилояти ҳудудий бўлинмаси