Жорий йилнинг 19 октябрь куни Ўзбекистон экологик ҳаракати Тошкент вилояти ҳудудий бўлинмаси ва “Булоқча” болалар экологик журнали томонидан Юқори Чирчиқ туманидаги 5-умумтаълим мактабида “Хазонрезгилик ва инсон саломатлиги” мавзуида давра суҳбати ўтказилди.

Тадбирнинг асосий мақсади. Куз фаслининг юмушлари ҳисобланган хазонларни йиғиштиришда кенг жамоатчиликни жалб қилиш. Ёшларга  хазонларни ёқишдан атроф муҳитнинг ифлосланиши ва инсон саломатлигига зарар етказилиши ҳақида  маълумот бериш.

  Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки. Ҳар бир фаслнинг, шу жумладан, кузнинг ҳам ўзига хос гўзаллиги ва таровати бор. Дарахтларнинг ерга тўкилаётган олтинранг барглари, илиқ ҳаво ва сокин ёмғирли кунлар киши дилига завқ бағишлайди. Аммо бу фаслда барглар ерга тўкилиб, хазонрезгилик бошланиши билан айрим одамлар уларни супуриб тўплашади ва ёқишади. Кўпинча  атмосфера ҳавосининг ифлосланаётганидан нолиймиз. Аслида бунга мана шу ҳолатларнинг салбий таъсири катталиги ҳақида ўйлаб ҳам кўрмаймиз.     Натижада ҳаво ифлосланади. Қуриган япроқ ёки хазонлар ёнганда ҳосил бўлган тутун таркибидан жуда кўп миқдорда углерод оксиди  ва бошқа заҳарли моддалар ажралиб чиқади. Бу моддалар ҳаводан нафас олаётган жамики тирик организмга, айниқса, инсон саломатлигига салбий таъсир кўрсатади.Шифокорларнинг маълумотига кўра, бундай ҳаводан нафас олган одамда нафас йўллари, қон-томир хасталик­лари пайдо бўлади, тўқималар фаолияти бузилади. Бундан ташқари, ошқозон-ичак ва аллергик хасталиклар ҳам кўпаяди. Кўпчилигимиз айрим маҳаллалардаги мактабгача таълим муассасалари, мактаблар, аҳоли яшаш уйлари атрофида тўпланган барги хазонларни ёқаётган одамларни кўрсак-да, уларга бефарқ ўтиб кетамиз. Аслида улар сизу бизнинг азиз фарзандларимиз нафас олаётган ҳавони заҳарлашаётганига эътибор қаратмаймиз. 

     Ёнган барглар тутунидан, айниқса, ёш болаларимиз организми тез ва осон заҳарланади. Ҳудудий бўлинма ходимлари бундай ҳолатларнинг олдини олишга қаратилган бир қатор тарғибот-ташвиқот ишларини олиб боришмоқда. Лекин бунда барча ҳамшаҳарларимиз фаол иштирок этиши, барги хазонлар ёқилишига қарши курашиши зарур. Уларни тўплаб, махсус чиқиндихоналарга олиб кетиш лозимлигини барча билиши керак. Шу билан бирга компостлаш йўли билан улардан маҳаллий ўғит олиниб, фойдаланиш ҳам мақсадга мувофиқдир.                        

      Азиз юртдошлар! 

    Атроф-муҳит муҳофазасига фақат куз фаслида эмас, балки йил давомида эътиборли бўлайлик. Она табиатни асраб-авайлашга, уни ифлослантирмасликка ҳар биримиз ўз ҳиссамизни қўшайлик.