Жорий йилнинг 13 ноябрь куни Экоҳаракат Тошкент шаҳар ҳудудий бўлинмаси томонидан “Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгариш ва қўшимчалар киритиш муҳокамасига бағишланган тадбир ҳамда “Мавсумий экологик муаммолар ва уларни олдини олиш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар” мавзусида жамоат эшитуви бўлиб ўтди.

Жамоат эшитувида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Экоҳаракат депутатлари гуруҳи аъзолари, Экоҳаракат Марказий Кенгаши Ижроия қўмитаси ва Тошкент шаҳар ҳудудий бўлинмаси ходимлари, Тошкент шаҳар Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси, Тошкент шаҳар Махсустранс, Ободонлаштириш бошқармалари ходимлари, Тошкент шаҳар ИИББ Ёнғин ҳавфсизлиги ҳодимлари, Фуқаролик жамиятини шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти, Маҳалла фуқаролари йиғинларидан вакиллар, талаба ёшлар ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этдилар.

Ушбу тадбирни ўтказишдан асосий мақсад экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида ишлаб чиқилаётган қонунлар ҳамда ушбу соҳадаги давлат дастурлари ҳақида кенг жамоатчликни хабардорлигини ошириш, шунингдек, мутасадди давлат органлари, ўрмон хўжаликлари, табиатни муҳофаза қилиш ташкилотлари, барча корхона ва муассасаларнинг атроф муҳит муҳофазаси, сув ҳавзалари, ер ва биологик ресурслар ҳолатини яхшилаш ҳамда уларни чиқиндиларнинг зарарли таъсиридан ҳимоя қилиш, аҳоли саломатлигини муҳофаза этиш соҳасидаги амалдаги қонунлар ва бошқа қарорлар ижросини таъминлаш бўйича амалга ошираётган ишлари юзасидан аҳолига ахборот беришларини таъминлаш, экологик муаммоларни олдини олиш ва уларни бартараф этишда аҳоли билан давлат органлари ҳамкорлигини кучайтириш ва кенг жамоатчилик кўмагини шакллантиришдан иборатдир.

Тадбир давомида “Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги, иккинчи ўқишга тайёрланган Ўзбекистон Республикаси қонунлари тўғрисида иштирокчиларга ахборот берилди. Муҳокамалар чоғида Қонун лойиҳасининг янада такомиллаштиришга таклиф мулоҳазалар билдирилди.

Тадбирнинг иккинчи қисмида мавсумий экологик муаммолардан ҳисобланган хазон баргларини ёқиш ва инсон саломатлиги ҳамда атмосфера ҳавосига зарарли таъсири юзасидан иштирокчиларга маълумотлар берилди.

Жамоат эшитуви давомида мутахассислар томонидан ҳавола этилган маърузаларда таъкидлангандек: “Одамзотнинг соғлиги кўп жиҳатдан авваломбор унинг ўзига боғлик. Атроф муҳит муҳофазаси аҳоли саломатлигини сақлашнинг асосий омили ҳисобланади.

Куз келиши билан дарахт барглари сарғайиб тўкила бошлайди. Бу фаслда хазон ва шох-шаббалар кўпайиб, афсуски уларни ўзбошимчалик билан ёқиш ҳоллари кўплаб учраб туради. Қуриган шох–шаббалар, барглар, ўтлар ҳар хил чиқиндиларни ёқиб юборганда, заҳарли ва канцероген моддалар ажралиб, ҳаво таркибини бузиб, турли хилдаги аллергик, астматик ва ўсма касалликларни келтириб чиқаради.

Масалан, 1 тонна хазон ёнганда 30 кг заҳарли моддани ҳавога чиқаради. Бу эса фуқароларимиз орасида нафас олиш органларининг касалланишига олиб келади ва юрак қон томирлари касалликларини кўпайишига сабаб бўлади, ҳазонларни ёқишда ҳавога диоксин, углеводородлар, бензопирен каби кучли заҳарли моддалар организмга аста-секин таъсир қилиб тўқималар фаолиятини бузади ва саратон касалини пайдо бўлишига олиб келади. Нохуш экологик вазият туфайли келиб чиқадиган касалликлардан бири бронхиал астма тиббиётда долзарб муаммолардан бири бўлиб қолмоқда. Ушбу касалликларнинг келиб чиқишида атмосферага ҳазонларни ёқиш натижасида чиқаётган зарарли газлар ҳам сабаб бўлмоқда.

Шу ўринда айтиб ўтиш керак-ки, Экоҳаракат қошида фаолият олиб бораётган “Ишонч телефони”га Республикамиз аҳолисидан мунтазам равишда экологик муаммолар юзасидан мурожаатлар келиб тушмоқда. Ўтган давр мобайнида “Ишонч телефони”га 3000 дан ортиқ мурожаатлар қабул килинган бўлса бундан икки йиллар аввал айнан Тошкент шаҳрида хазон ва шох-шаббаларни ёқилиши бўйича жуда кўплаб мурожаатлар келиб тушар эди. Қувонарли томони шундаки яқин икки йил ичида хазон ва шох-шаббаларни ёқиб юбориш ҳақидаги мурожаатлар сезиларли ижобий томонга ўзгарган. Бунинг сабаби ўз ўзидан кўриниб турибдики аҳолининг экологик билим ва маданиятини бир мунча ошган.

Жамоатчлик эшитуви давомида мутасадди давлат органлари томонидан мазкур экологик муаммоларни олдини олиш ва бартараф этиш юзасидан олиб борилаётган ишлар, тарғибот-ташвиқот тадбирлари, ҳуқуқий таъсир чоралар юзасидан батафсил маълумот берилди.

Шу ўринда айтиш жоизки, инсон саломатлиги ва табиий ресурслар мамлакатимиз қонунчилиги билан муҳофаза қилинади. Мамлакатимиз қонунчилигида атомосфера ҳавосига зарарли таъсир кўрсатганлик учун жавобгарлик назарда тутилган.

Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг “Маъмурий жавобгарлик тўғрисида”ги Кодекснинг 88-модда 2-қисмида: “Дала ва аҳоли пунктларида анғиз, ҳазон ва шох-шаббаларни ёки ўсимликларнинг бошқа қолдиқларини ёқиб юбориш, атмосфера ҳавосини зарарли моддалар билан ифлослантиришга олиб келинса, - фуқароларга энг кам иш хақининг 3 баравариданғ 5 бараваригача, мансабдор шахсларга эса5 бараваридан 10 баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади деб белгилаб қўйилган.

Тадбирда таъкидланганидек, юртимиздаги экологик мувозанатни сақлаш учун ҳазон ҳамда шох-шаббалар, чиқинди уюмларини ёқишга йўл қўймасдан ўз вақтида олиб чиқиб кетиш ва компостлаш, кўмиш чора-тадбирларини кўриш керак. Шундай қилинганда, куз юмуши-ҳазонларни тез орада йиғиштириб олишда барчамиз бирдек фаол қатнашиб, Она табиат ва ўз саломатлигимизни асраб-авайлаймиз. Шунингдек, сайёҳлар макони ҳисобланган юртимиз табиатини муҳофаза қилган бўламиз”.

Эшитувда аҳолининг масъулиятини ошириш, экологик маданиятини янада юксалтириш, атроф муҳитни муҳофаза қилиш ишларида жамоатчилик иштироки фаоллигини ошириш орқали ушбу экологик муаммони олдини олиш ва бартараф этиш самарадорлиги ошиши юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.

 

Ўзбекистон экологик ҳаракати

Тошкент шаҳар ҳудудий бўлинмаси

тел: 230-41-56