Жорий йилнинг 12 октябрь куни Сурхондарё вилояти ўрмон хўжалиги бошқармасида Қиш мавсумида  тоғлардан арча ва буталар кесиилишини билан боғлиқ масалалар хусусида “Арчазорлар ва буталар табиий муҳит қўриқчилари” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Давра суҳбатида вилоят ўрмон хўжалиги маъсул шахслари иштирок этишди. Давра суҳбати мунозараларга бой бўлди. Маърузаларда жумладан қуйидагилар айтиб ўтилди: Биохилмахилликни сақлаш ва авлодларга ўз ҳолича етказиш инсоният олдида турган долзарб вазифалардан биридир. Бихилмахилликни асраш учун энг аввало ер юзаси ҳудудларида чўлланишни камайтириш ва қурғоқчилликка қарши курашиш лозимдир. Чунки дунёда чўлланган, тупроқ деградацияга учраган ҳудудларнинг кенгайиши, ҳайвонот ва ўсимлик дунёси вакилларининг яшаш ландшафтлари майдонининг камйиши наботот ва ҳайвонот дунёси вакилларининг ноёблашишига ва сонининг камайишига олиб келади. 

Кейинги йилларда инсон фаолияти биосферага тобора талофатли таъсир кўрсатмоқда. Бунинг натижасида табиатда иқлимий ўзгаришлар, чўлланиш жараёнининг кучайиши, ўрмон майдонларининг қисқариши, ўсимлик ва ҳайвонот оламининг баъзи вакилларининг ер юзасидан йўқолиб кетаётганлиги, ерларнинг шўрланиши ва бошқа кўплаб умумбашарий экологик муаммолар пайдо бўлди ва дунё афкор оммасини ташвишга солмоқда.

Маълумки, воҳамиз географик жиҳатдан қулай ҳудудда жойлашган, шимол, шарқ ва шимолий-ғарб томондан баланд тоғлар билан ўралган бўлиб, бу азим тоғлар шимол томондан келадиган ноқулай циклонлар ҳаракатини тўсиб туради, ноқулай оби-ҳаво ўзгаришларидан ҳимоялаб туради ва  ўзига хос иқлим шароитини юзага келишига замин яратади.

Ушбу қулай географик-иқлимий шароит вилоятимизда ўсимлик ва ҳайвонот дунёсининг ранг-баранг бўлишини таъминлаган бўлса ажабмас. Вилоятимизнинг ўсимликлар дунёси унинг ўзига хос релъефи, сув тақсимоти, табиий шароити билан боғлиқ ҳолда шаклланган бўлиб, воҳа ҳудуди турли хил ўсимлик турларига бой ҳисобланади. Сурхондарёнинг ўсимлик олами турлар таркиби бойлиги жиҳатидан ҳамдўстлик давлатлари ҳудудида Кавказорти республикаларидан кейин иккинчи ўринда туради. Воҳамизда Ўзбекистон ҳудудида  ўсадиган 4500 ўсимлик турларидан 1646 та ёввойи ва маданий турлари учраши, улардан 126 тури “Ўзбекистон қизил китоби” га киритилганлиги фикримизга далил бўлади.   

Биологик хилмахилликни асраш бу ҳар бир ватандошимизнинг бурчидир. Демак, бу борада жамоатчилик назоратини кенг йўлга қуйиш, бу борада тарғибот ишларини олиб бориш, аҳолини ва кенг жамоатчиликни биохилмахилликни асраш ҳақидаги илмий-оммабоп мақола ва рисолалар билан таништириш давр талабидир. Айникса вохамизнинг бебахо бойлиги ҳисобланмиш арчазорларни асраб қолиш, уларни қонунбузарлар томонидан ноқонуний кесилиш ҳолларига ҳамкорликда жамоатчилик билан биргаликда қарши қаттиқ курашиш лозим бўлади.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш лозимки, вилоятимиз ҳудудида биохилмахилликни сақлаш ва асрашда кенг жамоатчлик назоратини йўлга қўйиш, аҳоли ва айниқса ёшларнинг экологик маданиятини ошириш, уларга ноёблашиб кетаётган ўсимлик ва ҳайвонот дунёси вакиллари ҳақида етарлича маълумот бериш шу соҳада фаолият олиб бораётган олимлар ва экологларнинг бугунги кундаги биринчи навбатдаги вазифаси бўлиши лозим.

Экоҳаракат Сурхондарё

вилояти ҳудудий бўлинмаси