foto1 foto2 foto3 foto4 foto5


Baner text 1

Baner text 2

Baner text 3

Baner text 4

Baner text 5

Get Adobe Flash player
Хабар қилганимиздек, мамлакатимизнинг Тожикистон билан чегарадош ҳудуди ҳисобланган Сурхондарё вилоятининг қатор туманларида «Тожикистон алюминий компанияси» давлат унитар корхонасининг минтақа экологиясига ва аҳоли саломатлигига кўрсатаётган салбий таъсирини камайтириш юзасидан кенг жамоатчилик иштирокида турли тадбирлар ўтказилмоқда.
Жумладан, шу йил 15 июль куни Денов тумани тиббиёт ходимларининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги Экоҳаракат депутатлари гуруҳи аъзолари ва Экоҳаракат фаоллари билан учрашувида ушбу масалаларга яна бир бор эътибор қаратилди. Унда вилоятнинг Сариосиё, Узун ва Денов туманлари атроф-муҳити қўшни Тожикис¬тондаги алюминий заводидан чиқаётган заҳарли газдан ифлосланаётгани қайд этилди. Таъкидланганидек, бунинг оқибатида аҳоли ўртасида йод танқислиги, кам¬қонлик, нафас йўллари, овқат ҳазм қилиш органлари, юрак-қон томир касалликлари кўпайган. Айниқса, болалар ўртасида туғма касалликларга чалиниш даражаси ортиб бораётгани ғоятда ачинарлидир.
Жорий йилнинг март ойида Сурхондарё вилоятининг бир неча шимолий ҳудудларида кенг жамоатчилик ташаббуси билан «Тожикистон алюминий компанияси» давлат унитар корхонасидан чиқаётган заҳарли чиқиндиларнинг салбий оқибатларини бартараф этиш мақсадида Ўзбекистон экологик ҳаракати, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Экоҳаракат депутатлари гуруҳи аъзолари Сурхондарё вилоятининг Термиз, Узун, Сариосиё туманлари ёшлари, аҳолиси, соғлиқни сақлаш ходимлари билан учрашувлар ўтказган эди. Аммо вазият етарли даражада ўзгармаганини инобатга олиб, Сурхондарё вилояти аҳолиси ушбу долзарб масалаларни қайта кўтармоқда.
Шу маънода, Денов тумани тиббиёт бирлашмасида ўтказилган учрашув «Сурхондарё вилоятининг экологик номақбул ҳудудларида яшовчи аҳолида  йод танқислигини эрта ташхислаш, профилактикаси ва аёллар репродуктив саломатлигини яхшилашда  қишлоқ врачлик пунктларининг роли» мавзуига бағишлангани бежиз эмас, албатта. Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Нурия Айтжонова сўзга чиқиб, атроф-муҳит ифлосланишининг  аёллар репродуктив саломатлигига таъсири, репродуктив саломатликни яхшилашга қаратилган чора-тадбирларни амалга оширишда қишлоқ врачлик пунктларининг ролини оширишнинг аҳамияти ҳақида айтиб ўтди.
Экоҳаракатдан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Ойбек Мамараҳимов атроф-муҳит ифлосланиши аҳоли саломатлиги ва унинг иммун тизими ҳамда  генофондига салбий таъсир этаётганини таъкидлади. Депутат, шунинигдек, иштирокчиларни қўшни давлат алюмин заводи фаолияти натижасида атмосферанинг ифлосланиши ва тупроқ заҳарланишининг олдини олиш борасида кескин чоралар кўриш ҳақидаги нуфузли халқаро ташкилотларга қарата йўлланаётган  мурожаатномани қўллаб-қувватлашга чақирди.
Депутат Абдураҳим Қурбоновнинг таъкидлашича, воҳа аҳолисининг анчагина қисми йод тан¬қислиги касаллигига чалинган. У, табиийки, барча ўз фарзандларини соғлом, ҳар томонлама етук ва баркамол, жисмонан бақувват, илмли ва яхши мутахассис бўлиб вояга етишини исташи ҳақида тўхталар экан,  ҳудуддаги ҳозирги   экологик вазият  бу жараёнга тўсқинлик қилишини алоҳида таъкидлади. 
Туман болалар поликлиникаси бош шифокори Каромат Жамилова йод танқислиги оқибатида аҳоли орасида юзага келаётган касалликлар хусусида сўз юритар экан, бунга асосан қўшни давлат алюмин заводидан чиқаётган заҳарли ташланмалар сабаб бўлаётганини айтиб ўтди. Йиғилганларнинг олдига ёш оналар ушбу экологик муаммо билан боғлиқ изтиробларини бўлишиш учун ногирон фарзандларини кўтариб чиқдилар. 
Туман халқ таълими бўлими мудири Саидмўмин¬ Раҳмоновнинг таъкидлашича, ҳозирда туманда яшовчи болаларнинг уч фоиздан ортиқроғи ногирондир. Унинг фикрича, бу кетишда 10-15 йилдан сўнг аҳвол янада жиддийлашиши мумкинлигини тасаввур қилиш қийин эмас. Шу боис, нотиқ  барчани Термиз давлат университети талабаларининг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва бошқа нуфузли халқаро ташкилотларга йўллаётган мурожаатини қўллаб-қувватлашга чақирди.
Тиббиёт фанлари номзоди Серко Каттаев ўзи ўтказган илмий тадқиқотларининг натижалари хусусида тўхталиб ўтар экан, Сурхондарё вилоятининг экологик носоғлом ҳудудларида яшовчи аҳолиси орасида йод танқислигининг кенг қулоч ёйгани, унинг репродуктив саломатликка таъсири ва асоратларини рад этиб бўлмас далиллар асосида кўрсатиб ўтди.
Тадбир иштирокчилари Тожикистон алюминий компаниясининг атмосфера ҳавосига, атроф-муҳитга ва аҳоли саломатлигига салбий таъсири даражасини камайтириш бўйича кескин чоралар қўллашини сўраб, ўз талабларини ёзма шаклда БМТ ва бошқа халқаро ташкилотлар номига йўлланадиган мурожаатномага  имзо чекдилар.
16 июль. Термиз шаҳри темир йўл вокзали. Вокзал атрофида истиқомат қилувчи маҳаллалар аҳолиси, Экоҳаракат фаоллари, академик лицей ўқувчилари, вилоят ва шаҳар тиббиёт муассасалари ходимлари ҳамда шаҳар «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати фаоллари намойиш ўтказишди. Тадбир Термиз орқали қатнайдиган Москва-Душанбе йўналишидаги йўловчи поездининг темир йўл вокзалидан ўтиш вақтига тўғри келгани айни муддао бўлди. Боиси, намойишнинг мақсади Тожикистон алюмин компанияси томонидан атмосфера ҳавосига заҳарли чиқиндиларни ташлаш оқибатида Сурхондарё вилоятининг шимолий туманларида вужудга келган экологик муаммоларга қўшни давлат ҳукумати ва алюмин компанияси раҳбариятининг эътиборини қаратиш эди.
Намойишчилар «Биз алюмин заводида халқаро экологик экспертизаси ўтказилишини талаб қиламиз!», «Алюмин комбинати чиқиндилари бартараф этилсин» каби ўзбек, рус ва тожик тилларидаги шиорларни баланд кўтариб турдилар.
Алюмин компаниясининг атроф-муҳитга ва инсон саломатлигига салбий таъсири оқибатларини ўзида намоён қилувчи буклетлар поезд йўловчиларига тарқатилди.
Намойиш тинч, жамоат тартибини бузмаган ҳолда ўтди.
Умуман, жорий йилнинг 5-16 июль кунлари Сурхондарё вилояти туманлари ва Термиз шаҳрида қарийб 3500 дан ортиқ киши иштирок этган бундай тадбирлар кенг жамоатчилик эътиборини тортди.  Тадбирлар ҳақидаги маълумотлар маҳаллий ва марказий оммавий ахборот воситаларида муттасил ёритиб борилди. 
Экоҳаракат фаоллари мурожаатномасини Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва соғлиқни сақлаш бўйича Европа марказининг Бонн идораси, Атроф-муҳит ва саломатликни ўрганиш жамоат гуруҳи (Япония), Корея атроф-муҳит корпо¬рацияси, Япония атроф-муҳитни тадқиқ қилиш миллий институти ва бошқа шу каби жаҳоннинг нуфузли ташкилотлари қўллаб-қувватладилар.       
Фотосуратлар орқали ўз ифодасини топган ушбу тадбирлар Экоҳаракатнинг www.eco.uz  веб-саҳифасида тезкор ёритилиб борилди. Қисқа вақт мобайнида Сурхондарёда бўлиб ўтган тадбирлар ҳақидаги маълумотларга интернет тармоғида 100 дан зиёд жавоб ва шарҳлар қайд қилинди. Уларнинг аксариятида Сурхондарё вилоятидаги ҳодисалар ва унинг аҳолиси, жамоатчилиги талабларига холисона баҳо берилган. Бу ўринда асосий эътибор алюминий саноати ташланмаларининг атроф-муҳит ва аҳоли саломатлигига салбий таъсирига қаратилгани айниқса, диққатга моликдир.    
Ўзбекистон экологик ҳаракати 
Матбуот хизмати
 
logo_uz