2010 14 июль куни Қумқўрғон шаҳрида истиқомат қилувчи маҳаллалар аҳолиси, Экоҳаракат фаоллари, Халқ демократик партияси туман бўлими ва “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати фаоллари намойиш ўтказишди. Намойишда 120 дан ортиқ киши иштирок этди. Иштирокчилар Қумқўрғон темир йўл бекати орқали ўтадиган Москва-Душанбе йўналишидаги йўловчи поезднинг бекатдан ўтадиган вақтида намойиш ўтказишди.

 

Намойишнинг мақсади Тожикистон алюмин компанияси томонидан атмосфера ҳавосига заҳарли чиқиндиларни ташланиши оқибатида Сурхондарё вилоятининг Қумқўрғон ва бошқа туманларидаги экологик муаммоларга қўшни давлат рахбарларининг   эътиборини қаратишдир.
Намойишчилар “Алюмин комбинати чиқиндилари йўқолсин!”, “Фарзандларимизни заҳарланишига йўл қўймаймиз!”, “Ўз манфаатларингизни аҳоли саломатлигидан устун қўйманг!” ва бошқа шу каби қўшни мамлакат ҳукумати эътиборига қаратилган ўзбек, рус ва тожик тилларидаги шиорларни баланд кўтариб турдилар.
Поездаги йўловчилар бўлиб ўтаётган намойишни диққат билан кузатишди ва алюмин компаниясининг атроф муҳитга ва инсон саломатлигига салбий таъсири оқибатлари  ҳақида маълумот берувчи буклетларни қабул қилиб олдилар.
Йиғилганлар “Алюмин заводи чиқиндилари йўқолсин!”, “Биз атроф муҳит ифлосланишига қаршимиз!” деб ҳайқирдилар.

Намойиш жамоат тартибини бузмаган ҳолда бўлиб ўтди.