2010 йил 13 июль куни Кумқўрғон тумани аҳолиси Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Экоҳаракат депутатлари гуруҳи аъзолари ва Экоҳаракат фаоллари билан учрашув ўтказди.
Учрашувда “Тожикистон алюминий компанияси” Давлат унитар корхонасининг Сурхондарё вилоятининг қатор туманлари, жумладан Қумқўрғон тумани атроф муҳитига ва аҳолиси саломатлигига салбий оқибатлари юзасидан суҳбат олиб борилди. Учрашувда Қумқўрғон шаҳарчаси аҳолиси, коллеж ва мактаблар ўқитувчилари ва ўқувчилари, туман тиббиёт бирлашмаси, туман ҳалқ таълими бўлими ва бошқа идоралар ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этдилар.


Учрашувни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Нурия Айтджанова кириш сўзи билан очди. Нотиқ ўз чиқишида  алюмин компаниясининг ифлослантириш даражаси ва натижада аҳоли ва уй ҳайвонлари ўртасида тарқалаётган касалликлар борасида аниқ далиллар келтирди. Депутат   Н.Айтджанова Орол бўйи муаммосини Сурхондарё муаммоси билан таққослаб, бундай фожиа қайта такрорланмасмлиги учун кескин чоралар қўллаш кераклиги ҳақида алоҳида тўхталиб ўтди. 

Учрашувда шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Ойбек Мамараҳимов маҳаллий аҳолининг алюмин компанияси томонидан ташланадиган ташламалар натижасида атмосфера ҳавоси ва тупроқни ифлосланиш даражасини пасайтириш борасида кескин чора тадбирлар қўллаш ва халқаро экспертлар иштирокида экологик экспертиза ўтказиш борасидаги халқаро ташкилотларга йўналтирилган мурожаати борасидаги талабини қўллаб-қувватлади.
Туман халқ таълими бўлими бошлиғи Дилором Мамараҳимова салбий экологик омиллар оқибатида ёш оилаларда жисмонан заиф туғилган болалар, ҳамда Турсунзодадаги алюмин заводида ишлаб ўпка саратони билан касалланиб вафот эткан қариндоши ҳақида тўхталиб, марҳумнинг учта боласи етим қолганлигини куйиниб гапирди.

Туман санитар эпидемиологик маркази бошлиғи Баҳром Нормурадов фтор водороди ва бошқа заҳарли бирикмаларнинг кишилар саломатлигига ва аҳоли генофондига салбий таъсири динамикаси ҳақида сўзлади. Унинг фикрини давом эттирган ҳолда болалар поликлиникаси бош врачи Обод Қузиева иштирокчиларга туғма аномалиялар билан дунёга келган болалар расмларини кўрсатар экан, нотиқ   бундай ҳолатлар оилаларнинг ажралишига сабаб бўлаётганлиги ҳақида сўзлаб ўтди.
Фермер Эргаш Бобоқулов ва туман “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати етакчиси Умид Остоноқулов барча саъй-ҳаракатларни бирлаштириб, авлоддан авлодга ўтиб келаётган меҳнатсевар сурхондарёликлар заминини келажак авлод учун сақлаб қолиш зарурлиги ҳақида сўзладилар.
Сурхондарё вилоятидан сайланган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Абдураҳим Қурбонов маҳаллий аҳолининг алюмин компанияси томонидан ташланаётган заҳарли чиқиндилар Сариосиё, Узун, Олтинсой, Қумқўрғон туманларининг табиий муҳитига ва аҳолисига таъсирини камайтириш борасидаги талабини депутатлар гуруҳи ҳам қўллаб-қувватлаши ҳақида тўхталар экан, жумладан шундай деди,  “Биз фарзандларимизни Абдулла Тангриев каби жаҳон чемпиони бўлишини истасак,  биз қўлимиздан келган барча ишни экологик ҳолатни яхшилаш учун йўналтиришимиз даркор”. Депутат  барчани халқаро ташкилотларга йўналтирилган мурожаатномани имзолашга чақирди.
Залда  иштирокчилар томонидан “Соғлом муҳит инсон саломатлиги!”, “Соғлом оналардан соғлом фарзандлар!”, “Атроф муҳитни ифлослантиришга йўл қўймамиз!”  каби шиорлар баланд кўтариб турилди.
Учрашув якунида иштирокчилар Тожикистон алюминий компаниясининг атмосфера ҳавосига, атроф муҳитга ва аҳоли саломатлигига салбий таъсири даражасини камайтириш бўйича кескин чоралар қўллашини сўраб ўз талабларини ёзма равишда мурожаатнома шаклида халқаро ташкилотлар номига йўллашини билдиришди ва шу захоти иштирокчилар халқаро ташкилотлар номига тайёрланган мурожаатномага  имзо чекдилар.
Учрашувда 400 дан ортиқ киши иштирок этди.

Ўзбекистон экологик ҳаракати
Матбуот хизмати