Ўзбекистон экологик ҳаракати Қорақалпоғистон ҳудудий бўлинмаси Амударё тумани Ҳокимлиги мажлислар залида Қорақалпоғистон Республикаси Амударё туманидаги барча экологик назорат жамоатчи инспекторларининг ўқув  семинар машғулотлари ўтказилди.

Семинарда Ўзбекистон экологик ҳаракати Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлинмаси, Қорақалпоғистон Республикаси экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси ходимлари, Фуқароларни ўзини-ўи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши ходимлари, Амударё тумани фуқароларни ўзини-ўзи бошқариш органлари ( МФЙ, ОФЙ) дан сайланган жамоатчи экологик инспекторлар, Қорақалпоғистон Республикаси ветеринария қўмитаси ходими, Қорақалпоғистон Республикаси Давлат санитария назорат маркази ходими, УзМТРК “Қорақалпоғистон” телерадиоканали ходимлари, ОАВ ходимлари иштирок этди.

 

Ўзбекистоннинг барқарор ривожланиши, мамлакатимиз аҳолисининг маънан бой ва соғлом ҳаётини таъминлаш, фақатгина экотизимларни сақлаш, атроф муҳит мусаффолигини таъминлаш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва уларни қайта тиклаш, мавжуд экологик муаммоларни ҳал этишга жамоатчиликни кенг жалб қилиш орқалигина эришиш мумкин.

Тадбирда экология соҳасидаги қонунлар бўйича маълумот берилди. “Экологик назорат тўғрисида”ги, “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги, “Давлат органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги қонунлар ННТ ва фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари ва бошқа жамоатчилик тузилмаларининг ҳамда кенг жамоатчиликнинг атроф муҳитни муҳофаза қилиш борасидаги мавжуд муаммолар ечимини топиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш  ва  экологик назоратни амалга оширишда фаоллигини оширишга хизмат қилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг “Экологик назорат тўғрисида”ги Қонуни экологик назоратни амалга ошириш, атроф-муҳит ва аҳоли саломатлиги мониторинги соҳасида нодавлат нотижорат ташкилотларининг ўрни ва ролини аниқ белгилаб беради. Қонунда жамоатчилик экологик назорати шакллари ва экологик назоратни амалга оширишда фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларининг иштироки аниқ белгилаб берилган.

Семинарда экологик назорат соҳасида давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтларининг ўзаро ҳамкорлиги, атроф муҳит соҳасидаги қонунлар талабларининг бажарилиши ва ушбу йўналишдаги давлат дастурларининг ҳаётга татбиқ этилиши юзасидан жамоатчилик назоратини амалга оширишда нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари ва халқ депутатлари маҳаллий кенгашларининг ўзаро ҳамкорлиги, аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш, атроф муҳитни муҳофаза қилиш ишларида аҳоли иштироки фаоллигини ҳар томонлама кучайтириш Экоҳаракатнинг фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорлигининг долзарб масалалари, ННТнинг жамоатчилик экологик назоратини амалга ошириш тажрибалари  каби масалалар ҳам муҳокама қилинди.

Экоҳаракат Қорақалпоғистон

Республикаси ҳудудий бўлинмаси