Жорий йилнинг 6 сентябрь куни Ўзбекистон экологик ҳаракати Бухоро вилоят ҳудудий бўлинмаси томонидан вилоят экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ва бир қатор ҳамкор ташкилотлар вакиллари иштирокида Бухоро шаҳридаги 16-сон умумтаълим мактабида “Ўзбекистоннинг ёввойи табиати”  мавзуида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Ҳар бир давлатнинг дунё ҳамжамиятидаги нуфузини оширадиган яна бир жиҳат унинг бой табиати бўлиб ҳисобланади.Таъкидлаш лозимки, ер шаридаги мавжуд ёввойи флора ва фауна экотизим барқарорлигини сақлашда муҳим аҳамиятга эга. Тараққиётнинг юксак босқичига юз тутаётган асримизда айрим ҳайвон ва ўсимлик турларининг кескин камайиб кетаётгани антропоген омиллар билан бевосита боғлиқ. Яйловлардан эҳтиётсизларча фойдаланиш, қишлоқ хўжалик майдонлари ва шаҳарларнинг кенгайиб бораётгани, браконьерлик жиддий муаммога айлангани она табиат ва экотизим барқарорлигига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Мамлакатимиз бой табиати ва ноёб биологик ресурслари билан дунёнинг бошқа минтақасидан алоҳида ажралиб туради. Бетакрор табиат-умуммиллий бойлигимиздир. Ўзбекистоннинг бетакрор табиати, ранг-баранг ландшафтининг кўрку тароватидан йилнинг тўрт фаслида ҳам бирдек баҳраманд бўлиш мумкин. Чунки бир неча биогеографик ҳудудлар чорраҳасида жойлашган юртимизда фасллар ўз ўрнида “меҳмон” бўлади. Бу эса наботот турларининг униб-ўсиши, кўпайиши учун қулай табиий муҳитни вужудга келтиради.

Юртимиздаги ўсимлик, ҳайвонот турининг муайян қисми камёб бўлиб, фақат бизнинг минтақамизда мавжуддир.Мамлакатимизда камёб флора ва фауна турларини асраш, экологик тизимлар барқарорлигини сақлашга йўналтирилган кўплаб илмий-амалий лойиҳалар ҳаётга изчиллик билан татбиқ этилмоқда. Олимларимизнинг ана шу йўналишдаги изланишлари натижасида илгари фанга маълум бўлмаган кўплаб ўсимлик турлари аниқланиб, муҳофазага олинди. Ҳайвонот дунёсини муҳофазалаш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижасида сайғоқ, жайрон каби ноёб жониворлар камайиб кетишининг олди олинмоқда. Буларнинг барчаси юртимиз обод­лиги, халқимиз фаровонлигини янада юксалтириш, табиат мусаффолиги ва зоологик барқарорликни таъминлаш борасида олиб борилаётган эзгу ишларнинг ёрқин исботидир. Юртимизда   қўриқхона,  миллий табиат боғи, миллий боғ, табиат ёдгорлиги, буюртмахона, биосфера резерватлари мавжуд. Улар қум-барханли чўллардан тортиб, сўлим воҳаларни, дарё бўйидаги тўқайзорлару, тоғли водийларни қамраб олгани билан аҳамиятлидир.

Бинобарин, ҳар қандай давлат тараққиёти, аҳолисининг турмуш фаровонлиги ва саломатлик даражаси, энг асосийси, миллий экологик хавфсизлиги табиий тизимларни барқарорлаштириш, атроф-муҳит муҳофазасини таъминлашга бевосита боғлиқ. Бу эса ҳар биримиздан табиат инъом этган неъматларни асраб-авайлашни, қадрлашни, қабул қилинган қонунлар мазмун-моҳиятини тушуниб, экологик маданиятимизни юксалтириб боришни, шунингдек, ҳуқуқий ҳужжатларнинг изчил ижросига муносиб ҳисса қўшишимизни талаб этади.

Шунингдек, тадбир иштирокчиларига ер шарида, жумладан, Республикамизда ёввойи табиатни асраш ва кўпайтириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумотлар бериш орқали уларнинг экологик онг ҳамда тафаккури ривожлантирилди, ёшлар қалбида ўсимлик ва ҳайвонот дунёсига меҳр-муҳаббат уйғотилди.

Экоҳаракат Бухоро

вилоят ҳудудий бўлинмаси