Серқуёш юртимизда айниқса,  ёшлар учун ёз фасли  ўзига хос таассуротлар билан завқли ўтади. Ёзги таътил туфайли  ёшлар  турли оромгоҳларда  мароқли  дам олиш билан бир қаторда,  ўз билимларини бойитиб, табиат, мусиқа ва спортга ошно бўлиб, оила бағрига қайтадилар.

Бухоро вилояти ёшлари ҳам мукаммал таъмирланган ва барча шароитларга эга гўзал табиатли, сўлим оромгоҳларда қувнаб дам олаётган ёшларнинг экологик маданиятини юксалтириш, бу борадаги билимларини бойитиш, Она табиатга юксак эҳтиром туйғуларини ошириш мақсадида жорий йил  5 июль куни  Ўзбекистон экологик ҳаракати Бухоро вилоят ҳудудий бўлинмаси ташаббуси билан Бухоро шаҳридаги “Ёш алоқачи” болалар дам олиш оромгоҳида “Обод юрт ва мусаффо табиат учун” мавзуида давра суҳбати ва “Табиатнинг  шайдосиман” мавзуида расмлар кўрик-танлови ўтказилди.

Тадбир давомида ёшларга юртимиз табиатининг ўзига хос хусусиятлари, экологик маданиятнинг асослари, мусаффо табиатни келажак авлод учун асраб-авайлаш масалалари   мутахассислар томонидан тушунтириб ўтилди. Тадбирни янада мароқли ва мазмунли ўтказиш мақсадида  ёшларга юртимизнинг бетакрор табиати ҳақида фильмлар намойиш қилинди.

Тадбир сўнгида “Табиатнинг шайдосиман” мавзуидаги расмлар кўрик-танловида  фаол иштирок этган ёшлар рағбатлантирилди.

Экоҳаракат Бухоро

вилоят ҳудудий бўлинмаси