Жорий йилнинг 3 июль куни Бухоро вилоят экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси мажлислар залида Экоҳаракат  Бухоро вилоят ҳудудий бўлинмасининг Кенгаш йиғилиши бўлиб ўтди.

Кенгаш йиғилишини кириш сўзи билан очган  Ўзбекистон экологик ҳаракати Бухоро вилояти ҳудудий бўлинмаси  раҳбари А.Ниёзов  экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш, аҳолини, айниқса, қишлоқ жойларда тоза ичимлик суви билан таъминлаш, маиший чиқиндиларни тўплаш, қайта ишлаш ва утилизация қилиш аҳолининг экологик маданиятини ошириш,ёш авлод қалбида Она табиатга меҳр-муҳаббат, унга дахлдорлик ҳиссини тарбиялаш масалаларида тўхталиб ўтди.”Қолаверса, ҳудудий бўлинма ходимлари, Кенгаш аъзолари, экспертлар томонидан  экоҳаракатнинг дастурий вазифалари ижросини таъминлаш борасидаги ташаббускорлиги ҳамда фидоийлигини, фаолият самарадорлигини  оширишни даврнинг ўзи талаб қилмоқда. Бугун экоҳаракат фаоллари атроф муҳит муҳофазаси ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш тушунчаларини нафақат марказда, балки қуйи бўғинларда, олис ва чекка ҳудудларда, кенг жамоатчиликка тарғибот қилишлари, оддий ҳалқ орасига кириб боришлари  экологик муаммоларни маълум даражада камайишига олиб келади. Мазкур устувор вазифаларни амалга оширишда давлат ва нодавлат ташкилотлари билан ўзаро ҳамкорликда иш олиб бориш, айниқса оммавий ахборот воситаларининг имкониятларидан самарали фойдаланиш зарур”-дея таъкидлади.

Кун тартибидаги биринчи масала юзасидан Ўзбекистон экологик ҳаракати Бухоро вилоят ҳудудий бўлинмасининг 2018 йил биринчи ярим йилликдаги  фаолияти ҳамда иккинчи ярим йилликдаги  устувор вазифалари тўғрисида Ўзбекистон экологик ҳаракати Бухоро вилоят ҳудудий бўлинмаси координатори Жаҳонгир Шарипов маъруза қилди (маъруза илова қилинади).

Кун тартибидаги иккинчи масала юзасидан ҳудудий бўлинма  координатори Амиршо Рахимов  сўзга чиқиб, жорий йилнинг 25 апрель куни Бухоро вилоятида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Экоҳаракат депутатлари гуруҳи, Ўзбекистон экологик ҳаракати Бухоро вилоят ҳудудий бўлинмаси ҳамкорлигида Бухоро вилояти йирик саноат корхоналаридаги Экоҳаракат вакиллари учун ўтказилган семинарнинг аҳамияти ҳақида тўхталди.  “Семинар самараси сифатида вилоят йирик саноат корхоналаридаги Экоҳаракат вакилларининг экологик билим ва кўникмалари оширилди, атроф муҳитни муҳофаза  қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасидаги назарий билим  ҳамда  тажрибалари, амалдаги қонун хужжатлари юзасидан хабардорликлари оширилди, аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш, атроф муҳитни ва аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишда жамоатчилик иштироки  кучайтирилди. Шунингдек,  “Экологик назорат тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг мазмун- моҳиятини кенг жамоатчиликка етказишда корхоналардаги Экоҳаракат вакилларининг фаолияти муҳим ўрин тутмоқда”-деб ўз мулоҳазаларини билдирди. Вилоятда  фаолият кўрсатаётган   йирик  саноат корхоналаридаги экоҳаракат вакиллари аввало, шу корхонада экологик ҳолатни  барқарор сақлаш, атроф муҳит борасида мавжуд қонунлар талабига қатъий амал қилиниши устидан доимий назоратни сақлаш бўйича олиб бораётган фаолиятларидан экоҳаракат ҳудудий бўлинмасини хабардор қилиб бормоқдалар. Муаммоли ҳолатларни бартараф этиш, ишлаб чиқаришда экологик мақбул технологияларни жорий қилиш  бўйича ўз таклиф ва мулоҳазаларини экоҳаракат депутатлар гуруҳига тақдим қилиб бормоқдалар.

Кун тартибидаги учинчи масала юзасидан ҳудудий бўлинма  раҳбари А.Ниёзов сўз олиб, вилоят ҳудудий бўлинмасининг  Кенгаш аъзолари таркибига ўзгартиришлар киритиш ҳақида тўхталди.

Шунингдек, Кенгаш йиғилиши кун тартибидаги масалалар юзасидан  экоҳаракат вилоят ҳудудий бўлинмаси кенгаш аъзолари вилоят Экология ва атроф муҳитни мухофаза қилиш бошқармаси раис ўринбосари М.Маҳмудов, бошқарма инспекция бошлиқлари, экспертлар Д.Муҳаммедова, А.Тўраевлар музокараларга чиқдилар.

Кенгаш йиғилишида Ўзбекистон экологик ҳаракати Бухоро вилоят ҳудудий бўлинмасининг 2018 йил биринчи ярим йилликдаги  фаолияти ҳамда иккинчи ярим йилликдаги устувор вазифаларининг самарадорлигини ошириш мақсадида:

- вилоят аҳолиси, айниқса ёшларнинг экологик маданиятини ошириш юзасидан  самарали механизмлар асосида  (мастер класс, акция, кўрик танлови, ҳашар, беллашув, фестивал, экологик саёхат, тажриба алмашиш усуллари орқали) тизимли ишларни амалга ошириш, бу борада умумтаълим мактаблари, лицей, коллежлар, олий ўқув юртлари ва  ўзини ўзи бошқариш органлари билан ҳамкорликдаги  ишларнинг  натижадорлигига эришиш;

-Республикамизда амалга оширилаётган “Обод қишлоқ”  ва “Обод маҳалла” дастури ижроси доирасида  аҳолини тоза ичимлик сув билан таъминлаш, каттиқ маиший чиқиндилар билан боғлиқ муаммоларни бартараф этишга кўмаклашиш ва уларнинг бажарилиши устидан самарали жамоатчилик экологик назоратини олиб бориш;

-йирик саноат корхоналаридаги Экоҳаракат вакиллари фаолиятини тизимли йўлга қўйиш, улар фаолиятига  доимий услубий ёрдам кўрсатиб бориш;

-ижро интизомини мустаҳкамлаш, вилоятда экология, шунигдек, тиббиёт  йўналишидаги нодавлат нотижорат ташкилотлари билан мустаҳкам алоқани йўлга қўйиш улар  фаолиятига кўмаклашиш;

-ҳудудий бўлинма экспертлар таркибини доимий равишда янгилаб бориш, улар захирасини малакали  ва тажрибали, фидоий ходимлар билан тўлдириш масалалари бўйича тегишли қарор қабул қилинди.

Экоҳаракат Бухоро

вилоят ҳудудий бўлинмаси