Куни кеча  Ўзбекистон экологик ҳаракати Бухоро вилоят ҳудудий бўлинмаси томонидан вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ва бир қатор ҳамкор ташкилотлар вакиллари иштирокида  Шофиркон  туманидаги “Гулистон” МФЙда “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг жамоатчилик экологик назоратини амалга оширишга доир намунавий Низомлари талабларининг амалга оширилиши”мавзуида давра суҳбати ўтказилди.

2015 йил 8 октябрда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Жамоатчилик экологик назоратини амалга оширишга доир намунавий Низомларни тасдиқлаш тўғрисида”ги 287-сонли Қарори қабул қилинди. Қарор билан "Экологик назорат тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ Жамоатчилик экологик назоратини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги Намунавий низом ва Экологик назоратнинг жамоатчи инспектори тўғрисидаги Намунавий низом тасдиқланди.

Мазкур қарор билан қабул қилинган Намунавий низом жамоатчилик экологик назоратини амалга ошириш тартибини ҳамда жамоатчилик экологик назорати субъектлари фаолиятининг ҳуқуқий асосларини белгилайди. Албатта, жамоатчилик экологик назорати-атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасидаги қонун ҳужжатлари талаблари бузилишининг олдини олиш, уни аниқлаш ва унга чек қўйишга, табиатни муҳофаза қилиш фаолияти самарадорлигини оширишга доир жамоатчилик чора-тадбирлари тизимидир. Жамоатчилик экологик назорати Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ва Ўзбекистон Республикасининг "Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида"ги, "Экологик назорат тўғрисида"ги қонунларига, Жамоатчилик экологик назоратини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги Намунавий низомга ҳамда бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.

Маълумки, жамоатчилик экологик назорати фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари,нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролар томонидан амалга оширилади.Эътиборни қаратиш керакки, жамоатчилик экологик назоратини амалга оширишда қонунийлик, холислик, мустақиллик, ошкоралик, шахс, жамият ҳамда давлатнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тамойиллари таъминланиши керак.

Қуйидагилар жамоатчилик экологик назоратининг асосий вазифалари бўлиб ҳисобланади:

-атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасидаги қонун ҳужжатлари талаблари бузилишининг олдини олиш, уни аниқлаш ва унга чек қўйиш;

-атроф муҳит ҳолатини кузатиб бориш, атроф муҳитнинг ифлосланишига, табиий ресурслардан нооқилона фойдаланилишига олиб келиши, фуқароларнинг ҳаёти ва соғлигига таҳдид солиши мумкин бўлган вазиятларни аниқлаш;

-мўлжалланаётган ёки амалга оширилаётган хўжалик фаолияти ва бошқа фаолиятнинг экологик талабларга мувофиқлигини аниқлаш;

-юридик ва жисмоний шахсларнинг атроф муҳитни муҳофаза қилиш ҳамда табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этилишини, улар томонидан мажбуриятлар бажарилишини таъминлаш;

атроф муҳитдаги ўзгаришлар, табиий ресурслардан фойдаланилиши ва кўрилаётган тегишли чора-тадбирлар тўғрисида давлат ташкилотлари ва бошқа ташкилотларни ҳамда фуқароларни хабардор қилишда иштирок этиш;

-табиатни муҳофаза қилиш фаолиятининг самарадорлигини ошириш ҳамда давлат экологик дастурлари ва бошқа экологик дастурларнинг амалга оширилишида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқароларнинг иштирокини таъминлаш.

Ер, ер ости бойликлари, сувлар, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси, атмосфера ҳавоси, атроф муҳитга таъсир кўрсатувчи табиий ва техноген манбалар, атроф муҳитнинг ифлосланишига ва табиий ресурслардан нооқилона фойдаланилишига олиб келиши, фуқароларнинг ҳаёти ва соғлигига таҳдид солиши мумкин бўлган фаолият, ҳаракат ёки ҳаракатсизлик жамоатчилик экологик назоратининг объект ва асосий мазмунини ташкил қилади.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари жамоатчилик экологик назоратини амалга ошириш мақсадида экологик назоратнинг жамоатчилик инспекторлари тизимини шакллантириши ва уларнинг фаолиятини мувофиқлаштириши мумкин. Албатта,экологик назорат соҳасидаги махсус ваколатли давлат органлари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролар билан жамоатчилик экологик назорати масалалари бўйича ҳамкорлик қиладилар ва уларнинг мурожаатлари бўйича қонунчиликка мувофиқ ўз вақтида чора кўрадилар.  Аҳолининг, аҳоли яшаш пунктларининг экологик хавфсизлигини таъминлаш учун зарур маълумотларга эга бўлган экологик назорат соҳасидаги махсус ваколатли давлат органлари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари қонунчиликда белгиланган тартибда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқароларга ушбу маълумот билан ўз вақтида ва тўлиқ бепул танишишини таъминлаши зарур, қонунчиликда назарда тутилган ҳолатлар бундан мустасно.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг жамоатчилик экологик назорат соҳасидаги фаолияти фуқароларнинг тегишли ўзини ўзи бошқариш ҳудудида (шаҳарчалар, қишлоқлар, овуллар ҳамда шаҳарлар, шаҳарчалар, қишлоқлар, овуллар маҳаллаларида) амалга оширилади. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан экологик назорат тамойиллари билан бир қаторда, демократизм, ижтимоий адолат, маҳаллий аҳамиятга молик масалаларни ечишда мустақиллик, жамоатчилик асосидаги ўзаро ёрдам, маҳаллий урф-одатлар ва анъаналар таъминланиши керак. Жамоатчилик экологик назорати бўйича фаолиятга умумий раҳбарлик фуқаролар йиғинининг раиси (оқсоқоли) ҳамда фуқаролар йиғинининг экология ва табиатни муҳофаза қилиш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш бўйича комиссияси раиси томонидан амалга оширилади.

Шунингдек, мазкур Низом талабларидан келиб чиққан холда вилоятда  жамоатчилик экологик назорати институти шаклланиши тўғрисида аҳоли хабардор қилинди, қабул қилинган меъёрий–ҳуқуқий хужжатлар билан таништирилди. Атроф муҳит муҳофазаси ва экологик ҳолатни соғломлаштириш ишида жамоатчилик иштироки ва  фаоллиги ҳар томонлама кучайтиришга эришилди, ҳудудда фаолият олиб бораётган экологик назоратнинг жамоатчи инспектори Замон Бобоевнинг фаолияти  сарҳисоб қилинди.Маҳалла фаоллари томонидан ҳудудда атроф муҳит муҳофазаси бўйича   истиқболдаги  режалар белгилаб олинди.   

Экоҳаракат Бухоро

вилоят ҳудудий бўлинмаси