Ёшларнинг ёзги таътилларини мароқли ўтказиш, уларнинг экологик маданиятини юксалтириш, бу борадаги билимларини бойитиш, атроф муҳит муҳофазаси бўйича  ташаббускорлигини қўллаб-қувватлаш мақсадида жорий йилнинг 22 июнь куни  Ўзбекистон экологик ҳаракати Бухоро вилоят ҳудудий бўлинмаси ташаббуси билан Бухоро туманидаги “Ёш пахтакор” болалар дам олиш оромгоҳида “Ватан ободлигига ва табиат мусаффолигига масъулмиз”  мавзуида давра суҳбати  ва “Табиат посбонлармиз” шиори остида амалий  акция ўтказилди.

Зеро, экологик маданият бу табиатнинг ривожланиш қонуниятларини чуқур англаган ҳолда уни асраб-авайлашдир. Унинг тараққиёти экологик таълим-тарбия ҳамда экологик маълумотларни аҳолига етказиш – тарғибот-ташвиқот қилиш билан чамбарчас боғлиқ. Бинобарин, экологик маданият замирида экологик таълим-тарбия ётади. У эса табиатни муҳофаза қилишни илмий асослари учун зарур билимларни чуқур ўзлаштириш жараёни ва натижаси ҳисобланади.Экологик маданият, энг аввало, оилавий тарбиядан бошланади. Инсон дунёга келибдики, унинг кундалик турмуши, умуман ҳаёти Она табиат билан уйғун ҳолда кечади. Бироқ, инсоният табиат қонунларини ўз фойдаси йўлига бошқариш эвазига турли экологик муаммоларнинг келиб чиқишига сабабчи бўлиб қолди. Экологик билимларни чуқур ўзлаштириш бу она табиатни асраш ва уни севишга ундайди.

 

Она табиатни барча гўзалликлари билан ҳис қилиш, бизни ўраб турган  атроф-муҳитга бефарқ бўлмаслик экологик муаммоларни анчайин камайтиради. Кундалик турмушда ҳар биримиз ҳар куни атроф-муҳитни ифлослантирилиши билан боғлиқ салбий ҳолатларга кўп тўқнашамиз. Ҳар бир инсон айниқса ёшлар табиатга зарар етказаётган шахсларга нисбатан эътиборли бўлмоғи-бу экологик тарғиботнинг муҳим ва долзарб йўналишидир. Барқарор экотизмга эришиш, долзарб экологик муаммолар кун сайин авж олаётган асримизда экологик маданиятни юксалтириш катта аҳамиятга эгадир.

Ёшларга атроф муҳит муҳофазаси ва инсон саломатлигининг муҳим жиҳатлари ҳамда экологик маданиятни тарғиб қилувчи турли роликларни намойиш қилиш орқали ўтказилган давра суҳбати уларнинг бу борадаги маълумотларини янада бойитди.

Тадбир сўнгида оромгоҳ ҳудудида ёшлар иштирокида “Табиат посбонлармиз”  шиори остида амалий  акция ўтказилди.Акция давомида ёшлар гуруҳларга бўлиниб, оромгоҳ худудида тозалаш ва ободонлаштириш ишларини амалга оширдилар.

Экоҳаракат Бухоро

вилоят ҳудудий бўлинмаси