foto1 foto2 foto3 foto4 foto5


Baner text 1

Baner text 2

Baner text 3

Baner text 4

Baner text 5

Get Adobe Flash player

Куни кеча Ўзбекистон экологик ҳаракати Бухоро вилоят ҳудудий бўлинмасининг иш режасига мувофиқ вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ва  бир қатор ҳамкор ташкилотлар вакиллари иштирокида Ромитан туманидаги 11-сон экология  йўналишидаги умумтаълим мактаб интернатида 5 июнь “Умумжаҳон атроф муҳитни муҳофаза қилиш куни” мунособати билан “Атроф -муҳит  муҳофазаси-долзарб масала” мавзуида давра суҳбати ва “Табиатнинг камалак жилоси” мавзуидаги расмлар кўрик – танлови ўтказилди.

Тадбирни ўтказишдан мақсад ёшларнинг атроф-муҳит муҳофазаси билан боғлиқ Халқаро меъёрий ҳужжатлар ва Республикамизда бу борада қабул қилинган қонунлар бўйича билимларини ошириш.  “Табиатнинг камалак жилоси” мавзуидаги расмлар кўрик - танлови ўтказиб, уларнинг иқтидорларини синовдан ўтказиш, ғолибларни аниқлаш ва рағбатлантириш бўлиб ҳисобланади. Юқоридагиларга асосланиб давра суҳбати давомида мутахассислар томонидан иштирокчиларга қуйидаги маълумотлар берилди:

 

“1972  йили 5 июнда Стокгольм шаҳрида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг экологик масалаларга бағишланган конференциясида Жаҳон атроф-муҳитни муҳофаза қилиш кунини нишонлаш тўғрисида қарор қабул қилинган эди. Шундан буён ҳар йили дунёнинг қатор давлатларида 5 июнь — Жаҳон атроф-муҳитни муҳофаза қилиш куни сифатида нишонланади ва бу сана муносабати билан турли тадбирлар, кўрик-танловлар, боғ яратиш, ободонлаштириш акцияларини ўтказиш яхши анъанага айланди.

Мамлакатимизда мустақилликнинг илк йилларидан атроф-муҳит муҳофазасига алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Бетакрор табиатимиз ва ундаги биохилма-хилликни асрашда, бу борадаги экологик қонунчиликни ривожлантиришда Конституциямиз муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилаётир.

Хусусан, асосий Қонунимизнинг 50 ва 55-моддаларида “Фуқаролар атроф-муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлишга мажбурдирлар”, “Ер, ер ости бойликлари, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий захиралар умуммиллий бойликдир, улардан оқилона фойдаланиш зарур ва улар давлат муҳофазасидадир”, дея белгилаб қўйилган.  Шунингдек, халқаро меъёрларга жавоб берадиган соҳага оид ўттиздан ортиқ қонун ва 300 дан ортиқ қонуности  ҳуқуқий-норматив ҳужжатлари ҳаётга татбиқ этилди.

Бугунги кунда миллий экологик қонунчиликни ривожлантириш баробарида, Ўзбекистон Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш дастури, Тараққиёт дастури ва бошқа нуфузли халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни йўлга қўйган. Ўтган давр мобайнида мамлакатимиз атроф-муҳит муҳофазаси бўйича йигирмадан ортиқ конвенция ва халқаро шартномаларга қўшилгани бунинг тасдиғидир. 

Айни пайтда республикамизда умумий майдони 2 миллион гектардан зиёд 11 та муҳофаза этиладиган табиий ҳудуд мавжуд бўлиб, улар қум-барханли чўллардан тортиб, гуллаб-яшнаган воҳаларни, дарё бўйидаги тўқайзорлару тоғли водийларни қамраб олган. Қўриқхоналарнинг учтаси тоғ ва тоғолди ҳудудларида, яна шунчаси дарёлар бўйида, қолган учтаси чўл ҳудудларида жойлашган. Шунингдек, иккита Давлат миллий боғи, иккита табиий питомник,  Бухоро ихтисослаштирилган “Жайрон”  питомниги ва бешта табиий ёдгорлик мажмуи фаолият кўрсатмоқда.

Ўз навбатида, мамлакатимизда экотуризм ривожи учун барча шарт-шароитга эга кўллар сони беш юздан ортиқ бўлиб, “Айдар — Арнасой” кўллар тизими улар ичида энг йириги ҳисобланади. Денгизкўл эса сувда сузувчи қушларнинг қишки қўналғасидир. Ўзбекистонда қишлайдиган қушларнинг 40 фоизи ушбу сув ҳавзасида макон қуради. 2002 йилда Денгизкўл, 2008 йилда “Айдар — Арнасой” кўллар тизими сув-ботқоқ ҳудудлари бўйича Рамсар Конвенцияси рўйхатига киритилди.

Бинобарин, ҳар қандай давлатнинг тараққиёти, аҳоли турмуш ва саломатлик даражаси, миллий экологик хавфсизлиги табиий тизимларни барқарорлаштириш, атроф-муҳит муҳофазасини таъминлашга бевосита боғлиқ. Юртимизда бебаҳо табиий бойликларни асраш, экологик барқарорликни таъминлаш жараёнига давлат органлари қаторида, фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари, экспертлар, олимлар, мутахассислар, хуллас, кенг жамоатчилик жалб қилинаётгани бу борада ўз самарасини бераётир. 

Шу ўринда  юртимизда “Экологик назорат тўғрисида”ги Қонуннинг  мавжудлиги ва унинг ҳаётга тадбиқ қилиниши айни муддао бўлганини таъкидлаш жоиздир. Шу билан бирга, у жамоатчилик экологик назоратининг ҳуқуқий тизимини такомиллаштириш, экологик қонунчиликни тизимли таҳлилдан ўтказиш ва халқаро экологик ҳужжатлар билан мувофиқлаштириш, халқаро ҳуқуқнинг шу йўналишдаги муҳим ҳужжатларига қўшилиш, ратификация ва имплементациялаш, экологик қонунчиликнинг сўзсиз бажарилиши бўйича назорат-таҳлил фаолиятини кучайтиришга ҳам йўналтирилган. Мухтасар айтганда, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш экологик хавфсизлик, аҳоли саломатлиги ва ҳаётий кўрсаткичлари юқори бўлиши, табиий экотизимлар сақланиб қолинишида долзарб ҳисобланади. Бу эса ҳар биримиздан мазкур масалага масъулият билан ёндашишни, табиат инъом этган жами неъматларни асраб-авайлашни, қадрлашни талаб этади”.

Давра суҳбати якунида “Табиатнинг камалак жилоси” мавзуидаги расмлар кўрик-танлови ғолиблари аниқланди ва ташкилотчилар томонидан рағбатлантирилди.

Экоҳаракат Бухоро вилоят

ҳудудий бўлинмаси 

logo_uz