Жорий йилнинг 19 май куни ФЖШМҚМИ  вилоят ҳудудий бўлинмаси, Жамият саломатлиги ва   соғлиқни сақлашни ташкил этиш илмий тадқиқот институти Экоҳаракат Бухоро вилоят ҳудудий бўлинмаси,  ёшлар иттифоқи Бухоро шаҳар Кенгаши вакиллари, экоҳаракат “Ёшлар қаноти” фаоллари иштирокида Бухоро ихтисослаштирилган “Жайрон” питомнигида “Биологик хилма-хилликни ҳимоялайлик” мавзуида давра суҳбати ўтказилди.

“Биохилма-хиллик–бу Ердаги турли туман ҳаётнинг хилма-хиллигидир. Биохилма-хиллик деганда кўз олдимизга ўсимликлар, ҳайвонлар ва микроорганизмларнинг бой хилма-хил турфа олами келади.Биохилма-хиллик ўз ичига қуйидагиларни олади. Генетик хилма хиллик; Турлар хилма-хиллиги; Экотизимларнинг хилма-хиллиги. Генетик хилма-хиллик – Ер сайёрасидаги тарқалган организмларнинг генетик ахборот ҳажмини ўз ичига олади. Турлар хилма-хиллиги - Ер сайёрасидаги тирик организм турларнинг турли-туманлигини ўз ичига олади. Экотизимларнинг хилма-хиллиги – биосферадаги яшаш (ҳаёт) муҳитлари ва  биотик жамоаларни турли хил туманлигини, кечаётган экологик жараёнлар хилма-хиллигини ўз ичига олади. Олимларнинг фикрича, Ердаги таксономик жиҳатдан аниқланган турларнинг сони 13 миллионга яқиндир. Ҳозирги пайтгача, Ер юзида 1,75 миллион турлар аниқланган бўлиб, улардан 750000 – ҳашаротлар, 41000 – умуртқали ҳайвонлар, 250000 - ўсимликлар ташкил этади. Қолган турлар – мураккаб таркибдаги умуртқасиз ҳайвонлар, сув ўтлари, микроорганизмлар ва бошқа организмлардан иборат. Ҳозирги кунда биз кўраётган биохилма-хиллик ердаги ташқи ва ички табиий жараёнлар натижасида юз миллион йиллар давомида кечган мураккаб эволюция жараёнининг натижаси ва ҳосиласидир. Сўнгги йилларда табиатда антропоген (шунингдек,техноген) таъсирнинг зўрайганлиги, экологик ўзгаришларнинг содир бўлаётгани ҳамда ўрмонлар (айниқса, нам тропик ўрмонлар) эгаллаган ҳудудларнинг ўрмонларнинг кесилиши,қисқариши натижасида биохилма-хилликка путур етди, кўплаб ўсимлик ва ҳайвонот турлари бутунлай йўқолди ёки уларнинг сони кескин камайди”.

“Ўзбекистонда биохилма-хилликни сақлашда қонун муҳофазаси остида олинган табиий ҳудудлар алоҳида муҳим ўрин тутади. Юртимизда “Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинган бўлиб, унинг вазифаси - типик, ноёб, қимматли табиий объектлар ва мажмуаларни, ўсимликлар ва ҳайвонларнинг ирсий фондини сақлаб қолиш, инсон фаолиятининг табиатга салбий таъсир кўрсатиши олдини олиш, табиий жараёнларни ўрганиш, атроф табиий муҳит мониторингини олиб бориш, экологик маърифат ва тарбияни такомиллаштиришдан иборатдир.Ўзбекистон Республикаси мазкур Конвенцияга қўшилган бўлиб, бу борада ҳукуматимиз томонидан Биологик хилма-хилликни сақлаш Миллий стратегияси ва ҳаракат режаси ишлаб чиқилган, Конвенциянинг муҳим тамойиллари Ўзбекистон Республикасининг “Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги (2016 й.), “Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги (2016 й.), ҳамда бошқа қонунларида ўз аксини топган.

Айтиб ўтиш лозимки, Ўзбекистондаги флора ва фауна таркиби, яъни биохилма-хиллиги – 27000 ўсимлик ва ҳайвонот турлари дунёсидан таркиб топган. Ўзбекистон фаунаси – яъни ҳайвонлар олами ўз ичига – 97 тур сут эмизутувчиларни, 424 тур қушларни, 58 тур ҳашаротларни, 83 тур балиқларни олади. Ўзбекистон флораси – ўсимликлар олами эса 4100дан ортиқ ўсимликларни ўз ичига олади. Ўзбекистон географик тузилиши, флора ва фауна таркиби ва улар экологик шароитларининг фарқларига асосан 5 та биогеографик зонага бўлинади:

1.Текисликларнинг чўл экотизимлари.

2.Тоғ олди ярим чўл ва даштлар.

3.Дарё ва қирғоқлар экотизимлари.

4.Намланган худудлар ва дельталар экотизимлари.

5.Тоғ экотизимлари.

Олимларнинг фикрича, Табиат–бу узун чамбарчас занжирдир, бинобарин ҳар бир ўсимлик ва ҳайвонот турининг йўқолиши Ер сайёраси экотизимини–Биосферани хавф остига қўяди. Ўз навбатида биохилма-хиллик-Биосферадаги модда ва энергия алмашувида кечаётган биогеокимёвий циклларнинг барқарорлигини таъминлашда асосий омил ҳисобланиб, Ердаги ҳаётнинг асосидир. Табиий экотизимлар хилма-хиллиги ўз навбатида ўсимлик ва ҳайвон турларининг турли-туманлигини таъминлайди ҳамда тупроқ сифатини яхшилайди, сув ва ҳавони тозалайди. Ҳар бир тур эса тегишли экотизимнинг зарур узвий элементи ҳисобланади.

Хулоса ўрнида шуни айтиш жоизки, биохилма-хиллик – ҳаёт мезонидир, уни сақлаб қолиш, такрор кўпайтириш ва тиклаш бизнинг умумий манфаатимиздир. Бу жараёнда ёшларимизнинг атроф табиий муҳит мухофазаси йўналишдаги яратувчанлик, бунёдкорлик сифатларини намоён этиш ҳамда даҳлдорлик ҳиссиётини уйғотиш айниқса ҳозирги куннинг муҳим вазифасидир”.  

 

Очиқ табиат бағрида саёҳат тарзда ўтказилган давра суҳбати давомида ёшлар Бухоро ихтисослаштирилган “Жайрон” питомнигининг тарихи, унинг вазифалари яъни:
1.Ноёб ва йўқолиб бораётган ҳайвон турларини табиатдаги сонини қайта тиклаш учун кўпайтириш ва биологиясини ўрганиш;

2.Жанубий-Ғарбий Қизилқум чўлининг ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш;

3.Табиат ресурсларидан оқилона фойдаланиш;

4.Экологик маьрифат;

5.Экологик туризм  борасида айни дамларда олиб борилаётган ишлар ҳамда истиқболдаги режалари ҳақида  бой маълумотларга эга бўлдилар.

Экоҳаракат Бухоро вилоят

ҳудудий бўлинмаси