Дунё халқларини ташвишга солаётган иқлим ўзгариши ва унинг Она табиат ҳамда инсонлар саломатлигига етказаётган зарарли оқибатлари тўғрисида ёшларнинг билимларини бойитиш мақсадида жорий йил 11 май куни  Ўзбекистон Экологик ҳаракати Бухоро вилоят ҳудудий бўлинмаси, Бухоро вилоят Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси, ФЖШМҚМИ  вилоят ҳудудий бўлинмаси, Жамият саломатлиги ва  соғлиқни сақлашни ташкил этиш илмий тадқиқот  институти Бухоро вилоят ҳудудий бўлинмаси, вилоят ДСЭНМ, ёшлар иттифоқи вилоят Кенгаши, “Маҳалла” хайрия  жамоат фонди вакиллари,  Бухоро Давлат университети педагог ва талабалари,  экоҳаракат “Ёшлар қаноти” фаоллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари  ҳамкорлигида  Бухоро Давлат университетида 15 май “Халқаро иқлим куни”  мунособати билан “Глобал иқлим ўзгариши нима?” мавзуида давра суҳбати ўтказилди.

Тадбир давомида мутахассислар томонидан иштирокчиларга қўйидаги маълумотлар берилди:

Глобал иқлим ўзгариши – XXI асрнинг асосий муаммоларидан бири. Инсониятнинг тараққиётга эришиш йўлида табиатга нисбатан хўжасизларча муносабатда бўлиши атроф-муҳитдаги мувозанатнинг издан чиқишига сабаб бўлаётир. Атмосферада иссиқлик газлари ҳаддан ташқари кўп миқдорда тўпланиши натижасида дунё миқёсидаги барқарор иқлим жараёнларининг ўзгаришига олиб келмоқда. Уларнинг бундай ғайритабиий кўпайиши инсон фаолияти, чунончи: энергия ишлаб чиқаришда, кимё саноатида ва бошқа ишлаб чиқаришларда нефть, газ ва кўмирдан ҳаддан ташқари кўп фойдаланилиши натижасида юз беради. Иқлим ўзгариши муаммоси Ўзбекистонга ҳам қуйидаги ўз таъсирини кўрсатиши мумкин:

- cув ресурслари тақчиллигининг кучайиши;

-ўртача ҳароратнинг ошиши;

-ёғингарчиликларнинг нотекис тақсимланиши – ёғингарчиликларсиз қурғоқчилик узоқ давом этиши ва бир мартада кўп миқдорда ёғингарчиликлар бўлиши;

-қишлоқ хўжалигида етиштириш учун мақбул экинлар таркиби бутунлай ўзгариши;

-ҳарорат режими кучайиши натижасида аҳоли саломатлиги билан боғлиқ муаммолар кўпайиши;

-ўсимликлар ва ҳайвонларнинг аксарият турлари яшайдиган ареаллар қайта тақсимланиши, демак, экологик жараёнлар, бериладиган маҳсулотлар ва бажариладиган функциялар тубдан ўзгариши;

-саҳролашиш жараёнларининг кучайиши, демак, яшаш ва хўжалик юритиш мумкин бўлган ерлар камайиши;

-иқтисодиёт секторлари таъсирининг тўлиқ қайта тақсимланиши ва бошқалар.

Хўш, бизнинг  фаолиятимиз иқлим ўзгаришига таъсир кўрсатадими? Албатта, бу автомобиллардан чиқаётган заҳарли газлар, нефть, газ, кўмир ва ўтинни ёқиш оқибатида ажраладиган СО2, атмосферадаги аэрозоллар. Шунингдек, озон қатламининг юпқалашиши, чорвачиликнинг ривожи, ўрмонларнинг кесилиши ҳам иқлим ўзгаришига таъсир кўрсатади.

Яқин йилларда кескин иқлим исишининг олдини олиш учун ҳар биримиз бир қанча қоидаларга амал қилсак бас. Чунки атроф-муҳитнинг ифлосланишини камайтириш ва иқлим ўзгаришини тўхтатиш учун қазилма ёқилғидан фойдаланишни камайтириш керак. Бунга энергияни янада тежамкорроқ сарфлаш орқали эришиш мумкин. Аввало электр қувватини, ичимлик сувини тежанг. Айрим ҳисоб-китобларга кўра, биз энергия истеъмолини икки баравар қисқартиришимиз мумкин ва бу қисқартириш ҳаётимизнинг сифатига салбий таъсир кўрсатмайди. Ўз хонадонингизни иситаётганингизда кўпроқ қуёш нуридан фойдаланиб, уйдаги иссиқликни асранг.  Озон қатламига бевосита таъсир кўрсатувчи  босим билан ишлайдиган маиший предметлар, дезодарантлар, ҳаво тозалагичлар ва бошқаларни ишлатишдан эхтиёт бўлиш лозим.

Экоҳаракат Бухоро

вилоят ҳудудий бўлинмаси