foto1 foto2 foto3 foto4 foto5


Baner text 1

Baner text 2

Baner text 3

Baner text 4

Baner text 5

Get Adobe Flash player

Ўз билим ва тажрибаларини ёшлар онгига сингдиришда ҳалоллик, қолаверса  ибрат намунаси ҳисобланган устозларнинг фидокорона меҳнатларини қадрлаш ва эъзозлаш, юрт равнақи ҳамда фаровонлиги йўлида жонбозлик кўрсатган инсонлар хотирасини ёд этиш мақсадида жорий йилнинг 5 май куни  Ўзбекистон Экологик ҳаракати Бухоро вилоят ҳудудий бўлинмаси, Бухоро вилоят  Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси, вилоят Халқ Таълими бошқармаси, вилоят ёшлар иттифоқи, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти вилоят ҳудудий бўлинмаси, вилоят ДСЭНМ, “Маҳалла” хайрия  жамоат фонди вакиллари ҳамкорлигида Ромитан тумани 11-сон экология йўналишидаги ихтисослаштирилган Давлат умумтаълим мактаб интернатида “Она табиат мусаффолиги–инсон саломатлигининг пойдевори” мавзуида давра суҳбати ва 9 май Хотира ва Қадрлаш куни мунособати билан “Устозлар хотираси мангудир” шиори остида “Табиат фидоийлари-қалбимиз ардоғида”  мавзуидаги хотира кечаси ўтказилди.

Табиатнинг саховатини қадрлаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, долзарб экологик муаммоларни ҳал этиш давр талабидир.  Бу эса, ўз навбатида  келажак авлодга обод Ватан, мусаффо табиат, ноёб табиий бойликларни аслидек асраб, мерос қилиб қолдиришдек эзгу ишда дастуруламал бўлиб хизмат қилади.  

Юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳатлар айни дамда мактаб ва мактабдан ташқари экологик йўналишдаги таълим муассасалари фаолиятини ривожлантириш, ўқувчиларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, уларда меҳнат қилиш кўникмаларини шакллантириш, экология, қишлоқ хўжалиги соҳасида  етук мутахассислар тайёрлашга ҳисса қўшиш, мавжуд экологик муаммоларнинг ечимини излаш, аҳоли, айниқса ёшларнинг экологик маданиятини ошириш заруратини туғдиради.  Бухоро  вилояти, Ромитан туманида 1994 йилда ташкил этилган 11-сон экология йўналишидаги ихтисослаштирилган Давлат умумтаълим мактаб интернатида айни юқорида таъкидланган тамойил асосида иш олиб борилмоқда.

Ҳозирги  кунда мактаб-интернатда Бухоро вилояти ва  қўшни  вилоятлардан келган 190 нафар ўқувчи таълим – тарбия олмоқда. Уларга 25 нафар ўқитувчилар таълим-тарбия бериб келишмоқда. Мактаб-интернат ўқитувчиларининг 5 нафари олий тоифали, 10 нафари І-тоифали,  6 нафари ІІ-тоифалидир. Мактаб-интернати 24 йилдан буён   фаолият кўрсатиб  келмоқда. Ўтган давр мобайнида мактаб-интернатни  тугатган   838 нафар битирувчидан 805 нафари республикамизнинг нуфузли  олийгоҳларида таҳсил  олдилар  ва  оляпдилар. Собиқ битирувчилардан бугунги кунда  3 нафари фан доктори, 12 нафари фан номзоди, 137 нафари  эса магистр  даражасига эга, 12 нафари ривожланган  давлатларда магистратурани  битирган. 732 нафари олийгоҳни  тугатиб турли жабҳаларда меҳнат  қилмоқдалар.  Мактаб интернати ўқувчилари  фан олимпиадалари, ″Билимлар беллашуви″, экологияга  доир турли кўрик- танловларда   фаол   иштирок  этиб, бир неча  маротаба вилоят, Республика миқёсида ғолибликни  қўлга  киритиб,  фахрли  ўринларни  эгаллашга  муваффақ  бўлганлар.

Мактаб-интернат жамоаси Ўзбекистон экологик ҳаракати, Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси, Бухоро  Давлат Университетининг ″Тупроқшунослик ва агрокимё″, ″Ботаника″, ″Зоология ва экология″ кафедралари, Ўзбекистон Миллий Университети ″Агроэкобиотехнология″ маркази, Бутунжаҳон сабзавотчилик марказининг Ўзбекистондаги  ваколоатхонаси, туман, вилоят қишлоқ хўжалиги ташкилотлари, ўрмон хўжалиги бошқармаси каби кўпгина  ташкилот ва муассасалар билан яқин ҳамкорликда иш олиб бормоқда. Шунингдек, ўқувчиларнинг  табиий  фанлардан  олган  назарий  билимларини амалиёт  билан  боғлаш, дарслардан  ташқари  тўгараклар  фаолиятини  ривожлантириш  борасида мактаб-интернат  педагоглар жамоаси  катта  тажрибага  эга. 

Республикамиздаги мавжуд ўрта  таълим бўғинида  мактаб-интернати экология йўналишидаги таянч ва  ягона таълим муассасаси ҳисобланади ва географик    жиҳатдан   Орол бўйи минтақасига жуда  яқин Ромитан  туманининг  чекка  қишлоғида   жойлашган.  Таълим муассасасида экология фани алоҳида  предмет сифатида ўқитилиб, ўқувчиларни  ёшлигидан  бошлаб қишлоқ хўжалигидаги  экологик  муаммолар  ечимини  топишга  доир  илмий  изланишлар  олиб боришга ўргатиш, ёш эколог, селекционер олимлар  етишиб  чиқишини  таъминлаш  мақсадида  ўқувчилар  билан  алоҳида  дастур  асосида  иш  олиб  борилмоқда.

Бугун мамлакатимизда амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ишлари замирида турган инсон манфаатлари билан бир қаторда юрт ободлигини таъминлашдек  устувор мақсадлар руёбга оширилмоқда.Ушбу эзгу ва хайрли ишларда юртдошларимиз  фидоийлик намуналарини кўрсатиб меҳнат қилмоқдалар. Айниқса, Она табиат мусаффолигини таъминлаш бу борадаги тажриба ва билимларни  ёшлар онгига сингдиришда фидоий устозларнинг ўрни беқиёсдир.

 “Мактаб интернатини  ташкил этишдаги кўплаб муаммолар ортда қолди, бироқ унинг бугунги истиқболли кунлари учун ўзининг фидоийлигини  намойиш қилган устозларнинг номларини ёдга олиш инсоний  бурчимиздир. Мактаб интернатининг ташкил этилишида  бош қош бўлган  марҳум Исмоил Жабборов, унинг биносига тамал тошини қўйган Исо Барноев, таълим тизимининг самарадорлигини оширишда ўз билимларини бахш этган Тўхта Гулбоев,  Аҳмад Саидов, Язим Яҳёев, Саид Ҳамидовдек инсонлар хотираси  барчамизнинг қалбимизда. Чунки уларнинг камтарона меҳнатлари мактабнинг бугунги истиқболини белгилаб берди, энг асосийси бу таълим маскани республикамиз  тараққиётини таъминлаётган  турли тармоқлар учун етук кадрларни етказиб бермоқда”-дея таъкидлади  тадбирни кириш сўзи билан очган  вилоят  Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғи, Экоҳаракат  вилоят ҳудудий бўлинмаси  раҳбари  Анвар Ниёзов.

Сўнг йиғилганлардан кекса педагог, вилоят Халқ таълими тизимига узоқ йиллар раҳбарлик қилган Сангча Баҳронова мактаб интернати директори Аъзам Назаров, ўқитувчи Акмал Гулбоевлар ҳам сўз олиб, мактаб интернатининг тарихи  борасида илиқ таассуротлари ҳамда  истиқболи ҳақида самимий тилакларини билдириб,  марҳум устозларнинг номларини ёд этиб ўтдилар.

Хотира кечасида мактаб интернатда таълим-тарбия олаётган ёшлар “Мен табиат шайдосиман” шиори остида ўз ижодий ишлари (расмлар, гуллар, тирик бурчаклар ва ҳ.к)ни намойиш қилдилар. Шунингдек, ўқувчилар ўртасида ташкил этилган футбол буйича хотира турнирининг финал босқичи бўлиб ўтди.

Хотира кечасига таклиф этилган туман ҳокимлиги, корхона ва муассасаларнинг масъул  вакиллари, нуронийлар, кекса деҳқонлар, марҳум устозларнинг фарзандлари ҳамда тажриба алмашиш мақсадида ташриф буюрган  қўшни Хоразм вилояти Экоҳаракат ходимлари ва фаоллари учун дастурхон ёзилиб, ўтганлар руҳига тиловат қилинди. Хотира кечаси устозлар ҳаёти ва уларнинг фидоий меҳнатларини акс эттирувчи, Она табиат ҳамда унинг неъматларини мадҳ этувчи байрам композицияси билан янада мазмунли бўлди.

Хотира кечаси сўнгида тадбирда фаол иштирок этганлар  ташкилотчиларнинг Фахрий Ёрлиқлари ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.   

Экоҳаракат Бухоро вилоят

ҳудудий бўлинмаси 

logo_uz