Аҳоли, айниқса ёшларнинг табиат ресурсларидан оқилона фойдаланиш кўникмасини  мустаҳкамлаш мақсадида жорий йилнинг 12 апрель куни Ўзбекистон экологик ҳаракати Бухоро вилоят ҳудудий бўлинмасининг иш режасига мувофиқ вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ва бир қатор ҳамкор ташкилотлар вакиллари иштирокида Шофиркон туманидаги 8-сон умумтаълим мактабида “Биз ёшлар Она табиат посбонларимиз” мавзуида давра суҳбати ташкил этилди.

Тадбирда таъкидлангандек, фан-техника тараққиётининг жадал суръатларда ривожланиши, аҳоли сонининг кескин ошиши, табиий захиралардан кенг фойдаланган ҳолда озиқ-овқат, ёқилғи, кийим-кечак ва бошқа маҳсулотларни кўпроқ ишлаб чиқаришни талаб этмоқда. Маълумки, сўнгги 50 йил ичида ер юзи аҳолиси деярли уч маротаба ўсган, транспорт воситалари сони, электр энергиядан, нефть ва газдан фойдаланиш, ёғоч истеъмоли, қоғозга бўлган талаб бир неча баробар ошди. Энг муҳими бу тенденция ҳамон давом этмоқда. Ўз навбатида табиий захиралардан фойдаланишнинг кескин ортиши, инсониятнинг табиат қонуниятларига бўйсунмасдан унга таъсир кўрсатиши оқибатида экологик муаммоларнинг долзарблиги янада ошиб бормоқда.Табиат бойликларидан экологик омиллар ҳисобга олинмаган ҳолда фойдаланиш туфайли атроф-муҳитни ифлослантирувчи саноат ва маиший чиқиндиларнинг ҳажми кескин ортиб бораётгани инсоннинг табиатга кўрсатаётган салбий таъсирини кучайтирмоқда. Юқоридаги муаммолар  башариятни ташвишга солмоқда. Она табиат ва унинг ресурсларидан фойдаланишда онгли мунособатда бўлиш, борлиқни яшил қалқонга буркаш, саноатда экологик хавфсиз технологияларни жорий қилиш, аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш, муаммолар ечимидир”.

 Экоҳаракат Бухоро

вилояти ҳудудий бўлинмаси