2018 йилнинг 5 апрель куни Ўзбекистон экологик ҳаракати Бухоро вилоят ҳудудий бўлинмасининг ташаббуси билан Бухоро санъат коллежида Бутунжаҳон саломатлик кунига бағишлаб “Табиат ва инсон саломатлигининг асослари” мавзуида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Экология ва маданият жуда кенг қамровли тушунчалардир. Маданият экологияга ва аксинча, экология маданиятга турли соҳаларда таъсир кўрсатади. Бу тушунчалар учун умумий бўлган манбалар ҳам хилма-хилдир. Фақат маданиятли кишигина табиат ва жамиятнинг ўзаро таъсирини оқилона йўлга қўйишга интилади. Бу борадаги фаолиятини ҳам унинг маданияти белгилаб беради. Маданият одамларни билимли қилишга, уларга иш тартиб-қоидаларини ургатишга, қолаверса, ишлаб чикаришни, техника ва фанни экологиялаштиришга хизмат қилади.

Экологик маданият қуйидагиларни қамраб олади: табиатни муҳофаза этиш маданияти, табиат бойликларидан фойдаланиш маданияти, экологик тизимни ўзгартириш маданияти. Ўзида экологик маданиятни шакллантирган инсон  табиатни муҳофаза этиш борасидаги ғамхўрлик ундан узоқлардаги экологик вазиятга ҳам самарали таъсир кўрсатишини теран тушунади. Табиий муҳитдаги камчиликларни бартараф этиш-барча миллат ва халқларнинг ишидир. Улар фаолиятини бир мақсад йўлида бирлаштириш экологик муаммони ҳал этишнинг муҳим шарти ҳисобланади.

Тиббий маданият бу-инсон ўз саломатлигини ўзи асраши, нафақат ўзининг, балки оила аъзоларининг ҳам саломатлигига масъулиятли бўлиш, турли хавфли касалликлардан сақланиш, ҳам жисмонан, ҳам маънан баркамол бўлиб камол топишида зарур бўлган меъёрий яшаш асосларини яратиш ва уларга амал қилишдир. Соддароқ қилиб айтганда, шахсий гигиена қоидаларини мукаммал ўзлаштириш, атроф-муҳит тозалигининг аҳамиятини англаш ва жамият саломатлигини сақлашга қаратилган ҳаракатлардан хабардор бўлиш демакдир. Соғлом турмуш тарзи эса фаол меҳнат, кучли жисмоний ва руҳий ҳолат, ўта хавфли ва зарарли таъсир кўрсатувчи омилларни енга оладиган, етукликка интилувчан шахснинг шакл­ланиш жараёнидир. Яъни, инсон ёшлигидан яхши одат-кўникмаларга амал қилиши, зарарли одатлардан воз кечиши, рационал овқатланиши, спорт, бадантарбия билан мунтазам шуғулланиши ҳамда дам олиш, иш тартибини тўғри ташкил қилиши, шунингдек, атроф-муҳитнинг яшаш учун хавфсиз ва қулай бўлишига эришиш соғлом турмуш тарзига риоя этиш ҳисобланади. Шунинг­дек, жинсий тарбия, соғлом оила кўникмаларига эга бўлиш ҳам жуда муҳим. Бунинг учун оилаларда тиббий маданиятни юксалтириш, ҳар бир инсон соғлом турмуш тарзининг асосий қоидаларидан хабардор бўлиши ва кўникмалар ҳосил қилиши керак. Инсоннинг ўз саломатлигига қандай ёндашиши эса бевосита унинг саводхонлик даражасига боғлиқ. Тиббий маданияти юксак фуқаро ўз саломатлигини асрай билади, профилактика чораларини вақтида қўллайди, соғлом турмуш тарзини йўлга қўяди, вақтида касалликни аниқлашга, ўз-ўзига биринчи ёрдам кўрсатишга қодир бўлади.

Ўзбекистон экологик ҳаракати Бухоро вилоят ҳудудий бўлинмасининг ташаббуси билан вилоят  экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси, ФЖШМҚМИ  вилоят ҳудудий бўлинмаси, Жамият саломатлиги ва   соғлиқни сақлашни ташкил этиш илмий тадқиқот  институти Бухоро вилоят ҳудудий бўлинмаси, ёшлар иттифоқи вилоят Кенгаши вакиллари, Бухоро санъат   коллежи  педагог ва ўқувчилари ,  экоҳаракат “Ёшлар қаноти” фаоллари билан ҳамкорликда Бухоро санъат коллежида Бутунжаҳон саломатлик кунига бағишлаб “Табиат ва инсон саломатлигининг асослари” мавзуида ташкил этилган давра суҳбатида мутахассислар томонидан иштирокчиларга юқоридаги маълумотлар берилди. Шунингдек, тиббий-экологик маданиятнинг баркамол шахсни шакллантиришдаги аҳамияти ташвиқот қилинди.

 Экоҳаракат Бухоро вилояти

ҳудудий бўлинмаси