Жорий йилнинг 9 март куни Ўзбекистон экологик ҳаракати Бухоро вилоят ҳудудий бўлинмасининг иш режасига мувофиқ вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ва бир қатор ҳамкор ташкилотлар вакиллари иштирокида “Мусаффо табиат посбонларимиз” мавзуида давра суҳбати ва “Яшил қалқон барпо этамиз” шиори остидаги ташаббускор  кўнгилли ёшлар иштирокида  амалий акция ташкил этилди.

Тадбир давомида шунингдек, ёшларга атроф-муҳитни мевали ва манзарали дарахтлар билан бойитишнинг аҳамияти, аксинча дарахтларни кесишнинг зарарли оқибатлари ҳақида  маълумот берилиб, уларни Она табиатга меҳрли бўлишга йуналтирилди. Шунингдек, таълим маскани ва ҳудуддаги аҳоли хонадонларида ташаббускор  кўнгилли  ёшлар иштирокида ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш  акцияси ўтказилди

Маълумки, инсоният бунёдкорлик фаолияти орқали ҳар доим ўзи учун қулай яшаш муҳитини яратишга уринади. Замонавий инфраструктурага эга бўлган шаҳарларда ва бошқа аҳоли массивларида одамларнинг турли эҳтиёжларини қондиришга хизмат қилувчи дарахт, бута ва ўт ўсимликларидан ташкил топган кўкаламзорлар яратади. Шаҳарлар ўзига хос экотизим бўлиб, бу ерда табиий муҳит тубдан ўзгаради ва тизимнинг ўзини-ўзи янгилаш ва тиклаш каби муҳим хусусиятлари йўқолади. Айнан истироҳат  боғлари, хиёбонлар, гулзорлар ва шу каби таркибий қисмини турли турларга мансуб ўсимликлар ташкил этган бошқа кўкаламзорлар шаҳар экотизимининг барқарорлигини таъминлаши, инсоннинг турли эҳтиёжларини (эстетик завқ олиш, ҳордиқ чиқариш, шаҳар ҳавосини тозалаш, турли зарарли микроорганизмларни қирувчи фитонцитлар ишлаб чиқариш, тупроқни мустаҳкамлаш ва ҳоказо) қондириши билан муҳим аҳамият касб этади.

Табиат тирик жонларнинг онаси. У инсониятни кийинтиради, озиқ – овқат билан таъминлайди, нафас олиш учун керак бўлган тоза ҳавони етказиб беради. Она табиат ниҳоятда гўзал, унинг инсоният учун марҳамати кенг.  Бу кўркам серҳосият набобат олами дилга ҳузур бағишлайдиган, тароватли боғу роғлари, кўкни суяб тургандек азим тоғлари, бағри кенг водийлари, турфа рангли чаманлари билан гўзал.  Шу жиҳатдан атрофни яшил белбоғ билан ўраш  инсон саломатлиги ва табиат мусаффолигини таъминлашда муҳим ўрин тутади.

Экоҳаракат Бухоро вилояти

ҳудудий бўлинмаси