foto1 foto2 foto3 foto4 foto5


Baner text 1

Baner text 2

Baner text 3

Baner text 4

Baner text 5

Get Adobe Flash player

Жорий йилнинг 13 февраль куни  Ўзбекистон экологик ҳаракати Бухоро вилоят ҳудудий бўлинмаси ташаббуси билан Вобкент туманидаги 23-сон умумтаълим мактабида “Табиатдаги ноёб ҳайвон турларини сақлаш ва кўпайтиришнинг истиқболлари”  мавзуида давра суҳбати ташкил этилди.

Вилоят  экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти вилоят ҳудудий бўлинмаси вакиллари, Вобкент туманидаги 23-сон умумтаълим мактаби   педагог ва ўқувчилари, экоҳаракат “Ёшлар қаноти” фаоллари иштирок этган давра суҳбатида иштирокчиларга ҳайвонот ва ўсимлик дунёсини сақлаш бўйича ҳалқаро тажриба ва янги таҳрирда ишлаб чиқилган “Ўзбекистон Республикасининиг “Ҳайвонот оламини муҳофаза қилиш ундан фойдаланиш тўғрисида”ги қонунининг мазмун-моҳияти тушунтирилди.

Шунингдек, “Ўзбекистоннинг Ўрта Осиё минтақасидаги бир қанча биогеографик ўлкалар туташган ҳудудида жойлашганлиги унинг ҳайвонот оламининг ниҳоятда ранг-баранглигини белгилайди. Чўл ва саҳролардан иборат кенг текисликлар, тоғ даштлар, ўрмонлар, яйловлар, тўқайзорлар, сув ҳавзалари, маданий ландшафтлар буларнинг барчаси ўзига хос фаунистик мажмуаларга эга экотизимларни ташкил этади.  Сўнгги ўн йилликлар давомида, табиатдан фойдаланишнинг кучайиши оқибатида, Ўзбекистондаги кўплаб ҳайвон турлари кучли антропоген таъсир остида қолиб, уларнинг яшаш жойлари ва сони қисқарди, баъзилари эса бутунлай йўқ бўлиб кетди. Айниқса ов объектлари сифатида катта амалий аҳамиятга эга бўлган сут эмизувчилар ва қушларнинг йирик турлари, шунингдек инсон томонидан аёвсиз ўзлаштирилаётган, ташқи таъсирга унчалик чидамли бўлмаган экотизимларнинг тарқалиши чекланган ва эндемик турлари катта хавф остида қолди. Жумладан, турон йўлбарси, гепард, туркман қулони, Орол сулаймон балиғи каби ҳайвонлар умуман йўқ бўлиб кетди. Қоплон, сиртлон, тўхта тувалоқ, Сирдарё ва Амударёнинг кичик ва катта куракбурунлари, Орол баҳриси кабилари йўқ бўлиб кетиш арафасида турибдилар. Устюрт ва Бухоро қўйлари, морхўр, қорақулоқ,  Ўрта Осиё қундузи, оқбош ўрдак, вишилдоқ оққуш, мармар чуррак, йўрға тувалоқ, оқбовур, хентоғ тўгаракбоши, Фарғона тарғил калтакесакчаси, Орол мўйлабдори, чўртансифат оққайроқ, айрим моллюска ва ҳашаротлар йўқ бўлиб кетиш хавфи остида қолганлар. Кўплаб ҳайвон турларининг сони ҳозирда танглик поёнида бўлмаса-да, лекин узлуксиз камайиб бормоқда. Буларнинг барчасига сабаб ҳудудларнинг хўжалик мақсадларида ўзлаштирилиши, атроф муҳитнинг ифлосланиши, биологик ресурслардан меъёрсиз фойдаланишдир. Ўзбекистон табиатининг биологик ва ландшафтлар хилма-хиллиги миллий бойлигимизнинг ажралмас қисми. Бу бойлик бир неча минг йиллик эволюция давомида юзага келган ҳамда аждодларимиз томонидан бизга қолдирилган улкан меросдир. Зиммамизда бу меросни авлодларга хилма-хил ва барқарор тизим кўринишида қолдиришдек улкан ва масъулиятли вазифа турибди. Табиат сўзига она сўзини қўшиб, “Она табиат” дейишга одатланганмиз. Чиндан ҳам, атрофимизни ўраб турган табиат, ер, сув, ҳаво биз учун меҳрибон, ғамхўр онадай азиз. Уни асраб-авайлаш, атроф-муҳитнинг ифлосланишига йўл қўймаслик, келажак наслларга бор таровати билан етказиш бизнинг фарзандлик бурчимиз. Бунинг учун табиий, экологик жараёнларни муттасил ўрганиш, табиий муҳит мониторингини олиб бориш, аҳолининг экологик маданиятини ошириш,  уларнинг масъулиятини ошириш зарур бўлади. Бу иш билан жамоатчилик вакиллари, маҳалла фаоллари, айниқса, ёшлар фаол шуғулланишлари лозим. Азиз фарзандларимизга табиатни асраш лозимлигини қанча эрта тушунтирсак, шунча яхши. Оилаларда улғаяётган ҳар бир йигит-қиз табиат бу -бизнинг умумий уйимиз, эртанги келажагимиз эканини англамоғи керак. Ўзбекистон Республикасининг  “Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги қонунида табиатни асраб-авайлаш борасида аҳоли, давлат ва жамоат ташкилотларининг бирламчи вазифалари белгилаб қўйилган. Бугун ер юзида инсоният ҳаётини таъминлаб турган она табиат неча миллион йиллар давомида шаклланган бўлиб, унинг табиий мувозанатини бузиш турли офатларга олиб келиши мумкин. Табиатни муҳофаза қилиш ҳаётни бор гўзаллиги билан асраш, келажак авлодларга бус-бутун етказиш демакдир. Она сайёрамизни, мафтункор юртимиз табиатини асраб-авайлаш ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиз бўлмоғи керак” эканлиги мутахассисларнинг чиқишларида таъкидлаб ўтилди.

Давра суҳбати давомида Бухоро ихтисослаштирилган“Жайрон” питомниги фаолияти ҳақидаги фильм намойиш қилинди.

Экоҳаракат Бухоро

вилояти ҳудудий бўлинмаси 

logo_uz