foto1 foto2 foto3 foto4 foto5


Baner text 1

Baner text 2

Baner text 3

Baner text 4

Baner text 5

Get Adobe Flash player

Жорий йилнинг 2 февраль куни Ўзбекистон экологик ҳаракати Бухоро вилоят ҳудудий бўлинмасининг иш режасига мувофиқ Бухоро вилояти Шофиркон туманидаги 18-сон умумтаълим мактабида “Дарё ва кўллар миллий бойлигимиз” мавзуида давра суҳбати ташкил этилди.

Одатда биз қушларга ҳар қандай тўсиқни кечиб ўта оладиган ва ҳар қандай хавфдан ўзини ҳимоя қила оладиган тур сифатида қаралади. Аслида қишлаш ва кўпайиш даврларида узоқ масофаларга миграция қилувчи  қушлар ҳаёти тасодифларга бой бўлиб, улар табиий ва инсон омили таъсирида шаклланадиган салбий таъсирлардан кўплаб қирилиб кетиши мумкин. Шу сабабли 1963 йилда сув ва сув қирғоғида яшашга мослашган, миграция қилиши сабабли ҳаёти бир нечта давлатлар чегарасида жойлашган сувликларда кечадиган қушларни муҳофаза қилиш муҳимлигини ҳисобга олган ҳолда Ҳалқаро Конвенцияни ишлаб чиқишга зарурат туғилди. 1971 йилнинг 2 февралида Эроннинг Рамсар шаҳрида “Сувда сузувчи қушларнинг асосий яшаш манзили бўлган халқаро аҳамиятга эга сувли-ботқоқ ерлар тўғрисида”ги Конвенция қабул қилинди. Айни пайтда мазкур Конвенцияга 169 та давлат аъзо бўлиб, бугунги кунда Рамсар рўйхатига 2260 та сувли-ботқоқли ҳудудлар киритилган ва уларнинг умумий майдони 215276293гектарни ташкил этади.

Мазкур Конвенция доирасида олиб бориладиган фаолиятлар яшаш ареали нафақат бир давлат ҳудудида жойлашган, балки кўпайиш, учиб ўтиш, қишлаш жойлари бир-биридан узоқ бўлган, Табиат ва табиий ресурсларни муҳофаза қилиш халқаро иттифоқининг Қизил рўйхатига киритилган, ҳаётининг маълум қисмида республикамиз ҳудудида яшовчи қушларини ҳам муҳофаза қилишда муҳим ўрин тутади. Шу нуқтаи назардан қараганда, мазкур конвенция сўзсиз халқаро аҳамият касб этади.

Ўзбекистон 2001 йил Рамсар Конвенциясига қўшилди ва республикамидаги Денгизкўл  ва Айдар-Арнасой кўллар тизими Рамсар Рўйхатига кирди. Бугунги кунда ушбу кўлларда учровчи турларни ва улар сонининг йил давомида ўзгаришини аниқлаш ҳамда қушларни муҳофаза қилиш бўйича муайян ишлар амалга оширилмоқда. Айниқса Орол денгизининг таназзули Ўзбекистондаги қарийб бир миллион гектар майдонни эгаллаган 500 та кўлларда сув ва сув олди қушларининг қайта тақсимланишига ва кўп сонда йиғилишига сабаб бўлмоқда. Бу эса ўз навбатида келажакда республикамиздаги Тўдакўл, Қуйимозор, Жалдирбас, Судочье каби қатор кўлларнинг ҳам региондаги экологик барқарорликни сақлашдаги аҳамиятини инобатга олган ҳолда уларни Рамсар Рўйхатига киритиш зарурлигини тақазо этади.  Ҳозирги пайтда мазкур йўналишда ҳам тадқиқотлар олиб борилмоқда

Маълумки, републикамиздаги асосий сув ҳавзалари трансчегаравий хусусиятга эга бўлиб, улардаги сув ҳажми Амударё ва Сирдарё дарёларига боғлиқ. Бу масаланинг ўта муҳимлиги Конвенция талабларида ҳам ўз ифодасини топган бўлиб, сувли-ботқоқ ерлар биттадан ортиқ Аҳдлашувчи Томонлар ҳудудида жойлашган бўлса, улар ўзаро маслаҳатлашувлар олиб бориши кўрсатиб ўтилган.

Охирги  йилларда Рамсар конвенциясининг мазмун ва моҳияти янада кенгайди. Эндиликда мазкур конвенцияга аъзо давлатлар нафақат сув ва сув олди қушларини муҳофаза қилиш бўйича, балки региондаги бутун экотизимни сақлаб қолишга қаратилган вазифаларни бажариш йўналишида фаолият юрита бошлади.  Яъни, сув ҳавзалари чорвачиликда, деҳқончиликда ва халқ хўжалигининг турли соҳаларида фойдаланиш, сувни муҳофаза қилиш, экотуризимни ривожлантириш ва бошқа қатор инсон манфаатларига хизмат қилувчи хусусиятлари нуқтаи-назаридан муҳофаза қилина бошланди. 

Рамсар конвенцияси тарафдорларининг 1990 йил Швейцария (Монтре)да бўлиб ўтган IV-конференциясида Халқаро аҳамиятга эга бўлган сув-ботқоқ ҳудудларини аниқлашнинг  9 та халқаро мезонлари қабул қилинган. Унга кўра, Рамсар рўйхатига киритиладиган сувликлар табиий ёки ярим табиий бўлиши, унда йўқолиб кетиш хавфи остидаги, ноёб ва кам сонли ҳайвон турлари учраши, ҳайвонлар яшаши учун қулайликларга эга бўлиши, ноқулай шароитларда бошпана сифатида хизмат қила олиши, доимий равишда 20 минг ва ундан кўп сондаги сувда сузувчи қушларнинг учраши, доимий равишда сувда сузувчи бир турга мансуб бўлган қушлар популяциясининг 1% вакиллари ёки  қушларга мансуб бўлмаган бир тур популяциясининг 1% вакиллари  учрашини таъминлаши зарур.

Мазкур мезонларга жавоб берадиган сувликлар юқори малакали мутахассислар иштирокида олиб бориладиган чуқур илмий тақиқотлар асосидагина аниқланиши мумкин. Шундагина биз конвенция талабларига тўла жавоб берадиган фаолият юритишимиз ва тегишли натижаларга эришишимиз мумкин бўлади.

Ўзбекистондаги кўллардан ва уларнинг қирғоқ зоналаридан 150 турдан ортиқ қушлар  яшаш муҳити сифатида фойдаланади. Кўлларнинг жойлашуви ва уларда озиқа ҳам қушлар қулай, аммо сув сатҳининг йил давомида тубдан ўзгариши кўпгина турларнинг кўпайиши ва қишлаши учун ноқулайлик туғдиради. Шу нуқтаи-назардан қараганда, қушлар яшайдиган кўллардаги сув сатҳини бир меъёрда сақлашга эришиш  долзарблигича қолмоқда.

Ўзбекистон қўшилган халқаро шартномаларни инвентаризация қилиш ва миллий манфаатларни инобатга олган ҳолда, халқаро шартномалардаги моддаларни миллий қонунчилигимизга уйғунлаштириш, Ўзбекистон аъзо бўлган конвенцияларнинг ижросини назорат-таҳлил фаолияти тартибида ўрганиш ва бу ишда тегишли соҳа мутахассислари ҳамда нодавлат-нотижорат ташкилотлари билан ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш муҳим вазифалардан биридир.

Мамлакатимизда барқарор ривожланиш борасидаги устувор қадамлардан бири минтақамизда соғлом экологик вазиятни сақлаб қолишга қаратилган. Сув–ботқоқ ҳудудлари эса экологик тизимлар барқарорлигини ва бус–бутунлигини таъминлашда тизим занжирининг  муҳим бир халқаси сифатида алоҳида ўрин тутади.

Вилоят  экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти вилоят ҳудудий бўлинмаси вакиллари, Шофиркон туманидаги 18-сон умумтаълим мактаби   педагог ва ўқувчилари, экоҳаракат “Ёшлар қаноти” фаоллари иштирок этган давра суҳбатида ўқувчиларга ер шари ҳамда юртимиздаги дарё, кўллар, унинг экотизим барқарорлигини сақлашдаги аҳамияти ҳақида ёшларнинг билимлари бойитилди.

Экоҳаракат Бухоро вилояти

ҳудудий бўлинмаси 

logo_uz