Куни кеча Ўзбекистон экологик ҳаракати Бухоро вилоят ҳудудий бўлинмасининг иш режасига мувофиқ Бухоро нефт ва газ саноати касб-ҳунар коллежида “Инсон саломатлиги ва атроф муҳит муҳофазаси” мавзуида давра суҳбати ташкил этилди.

Вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси,  ФЖШМҚМИ  вилоят ҳудудий бўлинмаси, Жамият саломатлиги ва   соғлиқни сақлашни ташкил этиш илмий тадқиқот  институти Бухоро вилоят ҳудудий бўлинмаси вакиллари, коллеж педагог ва ўқувчилари,  экоҳаракат фаоллари иштирокида ўтказилган давра суҳбати давомида дунёдаги долзарб экологик муаммолар ва унинг инсон саломатлигига кўрсатаётган салбий таъсири ҳақида маълумотлар берилиб, ёшларнинг Она табиатга меҳр- муҳаббат туйғулари юксалтирилди.

Она табиат ниҳоятда гўзал, унинг инсоният учун марҳамати кенг. Табиат тирик жонларнинг онаси. У инсониятни кийинтиради, озиқ – овқат билан таъминлайди, нафас олиш учун керак бўлган тоза ҳавони етказиб беради. Бу кўркам серҳосият набобат олами дилга ҳузур бағишлайдиган, тароватли боғу роғлари, кўкни суяб тургандек азим тоғлари, бағри кенг водийлари, турфа рангли чаманлари билан гўзал.

Ҳозирги вақтда экологик муҳитни муҳофаза қилиш долзарб масалалардан бири бўлиб турибди. Ер юзида аҳоли сони йил сайин ўсиб бормоқда, табиий ресурсларни истеъмол қилишнинг кўлами кенгайиб, сурати ортиб бормоқда. Инсоннинг теварак-атрофдаги муҳит билан ўзаро муносабати эса мураккаблашмоқда. Одамларнинг хўжасизлиги натижасида шундай муҳит юзага келдики, у бугунги кунда бутун ўсимлик, ҳайвонлар шунингдек, одамларнинг яшашида турли муаммоларни келтириб чиқармоқда.

Экоҳаракат Бухоро

вилояти ҳудудий бўлинмаси