Жорий йилнинг 19 январь куни Ўзбекистон экологик ҳаракати Бухоро вилоят ҳудудий бўлинмасининг иш режасига мувофиқ вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ва бир қатор ҳамкор ташкилотлар вакиллари иштирокида  Бухоро шаҳридаги 24-сон  умумтаълим мактабида “Юртим табиатини асраймиз” мавзуида давра суҳбати ташкил этилди.

Табиат бойликларидан экологик омиллар ҳисобга олинмаган ҳолда фойдаланиш туфайли атроф-муҳитни ифлослантирувчи саноат ва маиший чиқиндиларнинг ҳажми кескин ортиб бораётгани инсоннинг табиатга кўрсатаётган салбий таъсирини кучайтирмоқда. Фан-техника тараққиётининг жадал суръатларда ривожланиши, аҳоли сонининг кескин ошиши, табиий захиралардан кенг фойдаланган ҳолда озиқ-овқат, ёқилғи, кийим-кечак ва бошқа маҳсулотларни кўпроқ ишлаб чиқаришни талаб этмоқда.  Маълумки, сўнгги 50 йил ичида ер юзи аҳолиси деярли уч маротаба ўсган, транспорт воситалари сони, электр энергиядан, нефть ва газдан фойдаланиш, ёғоч истеъмоли, қоғозга бўлган талаб бир неча баробар ошди. Энг муҳими бу тенденция ҳамон давом этмоқда. Ўз навбатида табиий захиралардан фойдаланишнинг кескин ортиши, инсониятнинг табиат қонуниятларига бўйсинмасдан унга таъсир кўрсатиши оқибатида экологик муаммоларнинг долзарблиги янада ошиб бормоқда.  

Экологик хавфсизликнинг энг нозик ва энг мураккаб қирраларидан бири-тоза ичимлик суви муаммоси бугун дунё аҳолисини жиддий ташвишга солмоқда. Йилига ер юзидан 13 млн. га. ўрмонзор йўқ қилинмоқда. 2050 йилга бориб ҳайвонот турлариниг 25% йўқолиб кетиш хавфи остида қолиши мумкин. Биологик турлар табиий суръатлардан 100 маротаба тезроқ тугаб битиш хавфи бор. Маиший ва бошқа турдаги чиқиндилар ҳажми ўсиб бормоқда. Мазкур экологик муаммолар,  маълум маънода инсон саломатлиги ва Она табиатга ўз таъсирини кўрсатиб келмоқда. Табиат ва жамият ўртасидаги муносабатларда мутаносиблик табиатдан фойдаланишда инсоният табиат қонунларига эмас, аксинча, ўз манфаатларига асосланиб фаолият кўрсатиши оқибатида табиатдаги мувозанатнинг сезиларли даражада бузилгани, дунёнинг турли минтақаларида сув тошқинлари, зилзилалар, ўрмон ёнғинлари ва бошқа шу каби талофатларнинг рўй бераётгани ҳеч кимга сир эмас.

Атроф табиий муҳитни асраш, инсон саломатлигининг гарови эканлиги ҳақида ёшларнинг билимлари оширилди. Давра суҳбатди юртимиз табиатининг ўзига хос жиҳатлари ҳақида ёшларга маълумотлар берилди.

Экоҳаракат матбуот гуруҳи