Куни кеча Ўзбекистон экологик ҳаракати Бухоро вилоят ҳудудий бўлинмаси томонидан Шофиркон Иқтисодиёт коллежида “Она табиатни хазонлардан тозалайлик” мавзуида давра суҳбати ўтказилди. 

Бизни ўраб турган атроф муҳит мусаффолиги аҳоли саломатлигини сақлашнинг асосий омили ҳисобланади. Тоза ҳаво – инсон саломатлигини сақлаш, унинг яшаши учун озиқ-овқат ҳамда бошпанадан ҳам муҳимроқ омилдир. Она табиатга салбий таъсир  туфайли келиб чиқадиган касалликлар тури  нафас йўллари хасталиклари, аллергик касалликлар, кўриш органларининг сустлашуви тиббиётда долзарб муаммолардан бири бўлиб қолмоқда. Ушбу касалликларнинг келиб чиқишида хазонларни ёқиш натижасида атмосферага чиқаётган зарарли газлар ҳам маълум  миқдорда сабаб бўлмоқда.

Инсон саломатлиги кўп жиҳатдан авваломбор, унинг ўзига боғлик. Бунинг учун  у ўз ҳаётини режали йўлга қўйиши, ҳар қандай касалликлардан азобланишининг олдини олиш учун соғлом турмуш тарзи ва турмуш маданияти талабларига амал қилиб яшаши лозим.

Юртимизда куз фасли кириб келиши билан дарахт барглари сарғайиб тўкила бошлайди, яъни хазонрезгилик даври бошланади. Бу даврда далаларда  хазон ва шох-шаббалар кўпайиб, афсуски уларни ўзбошимчалик билан ёқиш ҳоллари кўплаб учраб туради. Қуриган шох–шаббалар, барглар, ўтлар ҳар хил чиқиндиларни ёқиб юборганда, заҳарли ва концероген моддалар ажралиб, ҳаво таркибини бузади. Ушбу зарарли ҳаво нафас олишни қийинлашатириб, турли хилдаги аллергик, астматик ва ўсма касалликларни келтириб чиқаради. Қуруқ  ҳазонлар  кислород  билан  бирикиб  яхши ёнади, аммо пастки қатламда қолган ҳўл қисми эса тутаб, заҳарли  моддаларни  ҳавога чиқаради (1 тонна хазон ёнганда 30 кг заҳарли моддани хавога чиқаради). Хазонларни ёқишда ҳавога диоксин, углеводородлар, бензопирен каби кучли заҳарли моддалар организмга аста-секин таъсир қилиб тўқималар фаолиятини бузади ва рак касалини пайдо бўлишига олиб келади.Қолаверса, атмосферага кўтарилган зарарли газлар озон қатламининг емирилиши, иқлим ўзгариши каби глобал экологик муаммоларнинг чегара билмай  тарқалишига олиб келмоқда.

Давра суҳбати давомида коллеж педагог  ва ўқувчиларига  юқоридаги таъкидланган  -яъни  хазонларни ёқишдан атроф муҳитнинг ифлосланиши ва инсон саломатлигига зарар етказилиши ҳақида  маълумот берилиб, уларнинг хазонларни йиғиштиришдаги фаол иштирок этишлари  тушунтириб ўтилди.          

Экоҳаракат матбуот гуруҳи