Атрофимизни  ям-яшил қилиб ўраб турган ўсимлик дунёси саломатлигимиз посбонидир. Хазонлар ёқилганда инсон ўзига-ўзи ифлосланган атмосферани яратади. Инсон ўзига-ўзи турли касалликларни орттириб олиш учун замин яратади.

Хазон ва шох-шаббалар ёниши натижасида экин ерларининг таркиби бузилиб, қишлоқ хўжалик маҳсулотларини етиштиришда қолоқлик, паст ҳосилдорлик вужудга келади. Ўзбекистон Республикасининг “Маъмурий жавобгарлик тўғрисида”ги Кодексининг 88-модда 2-қисмида: “Дала ва аҳоли пунктларида анғиз, хазон ва шох-шаббаларни ёки ўсимликларнинг бошқа қолдиқларини ёқиб юбориш, атмосфера ҳавосини зарарли моддалар билан ифлослантиришга олиб келинса, - фуқароларга энг кам иш ҳақининг 3 бараваридан – 5 бараваригача, мансабдор шахсларга эса – 5 бараваридан 10 баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади деб белгилаб қўйилган.

Куз келиши билан дарахт барглари сарғайиб тўкила бошлайди. Бу фаслда хазон ва шох-шаббалар кўпайиб, афсуски уларни ўзбошимчалик  билан ёқиш ҳоллари кўплаб учраб туради. Қуриган шох–шаббалар, барглар, ўтлар ҳар хил чиқиндиларни ёқиб юборганда, заҳарли ва концероген моддалар  ажралиб,  ҳаво таркибини бузади. Ушбу зарарли ҳаво нафас олишни қийинлаштириб, турли хилдаги аллергик, астматик ва ўсма касалликларни келтириб чиқаради. Қуруқ  ҳазонлар  кислород  билан  бирикиб  яхши ёнади, аммо пастки қатламда қолган ҳўл қисми эса тутаб, заҳарли  моддаларни  ҳавога чиқаради (1 тонна хазон ёнганда 30 кг. заҳарли моддани ҳавога чиқаради). Бу эса фуқароларимиз орасида нафас олиш органларининг касалланишига олиб келади ва юрак қон томирлари касалликларини кўпайишига сабаб бўлади Хазонларни ёқишда ҳавога диоксин, углеводородлар, бензопирен каби кучли заҳарли моддалар организмга аста-секин таъсир қилиб тўқималар фаолиятини бузади ва саратон касалини пайдо бўлишига олиб келади. Нохуш экологик вазият туфайли келиб чиқадиган касалликлардан бири бронхиал астма тиббиётда долзарб муаммолардан бири бўлиб қолмоқда. Ушбу касалликларнинг келиб чиқишида атмосферага хазонларни ёқиш натижасида чиқаётган зарарли газлар ҳам  сабаб бўлмоқда. 

Ёшларга хазонларни ёқишдан атроф муҳитнинг ифлосланиши ва инсон саломатлигига зарар етказилиши ҳақида  маълумот бериб, уларнинг хазонларни йиғиштиришдаги фаол иштирокини таъминлаш мақсадида жорий йил 26 октябр куни  Ўзбекистон экологик ҳаракати Бухоро вилояти ҳудудий бўлинмаси томонидан бир қатор ҳамкор ташкилотлар вакиллари иштирокида Ғиждувон маиший хизмат касб-ҳунар коллежида “Хазонларни ёқманг” мавзуида давра суҳбати ташкил этилди.  

Давра суҳбати давомида ёшларга юртимиздаги экологик мувозанатни сақлаш учун хазон ҳамда шох-шаббалар, ахлат уюмларини ёқишга йўл қўймасдан ўз вақтида олиб чиқиб кетиш ва компостлаш, кўмиш чора-тадбирларини кўриш, куз юмуши- хазонларни тез орада йиғиштириб олишда барчамиз бирдек фаол қатнашиб, Она табиат ва ўз саломатлигимизни асраб-авайлашга эришимиз борасида тушунчалар берилди. 

Экоҳаракат матбуот гуруҳи