Жорий  йилнинг 23 феврал куни Ўзбекистон экологик ҳаракати Бухоро вилоят ҳудудий бўлинмасининг ташаббуси билан  Бухоро Тиббиёт коллежи мажлислар  залида ёшларнинг экологик  маданияти ва билимларини ошириш мақсадида “Экологик муаммоларнинг олдини олишда ёшларнинг ўрни” мавзуида  давра суҳбати  ўтказилди.

Экоҳаракатнинг  вилоят ҳудудий бўлинмаси “Ёшлар қаноти” фаоллари,  вилоят табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти вилоят ҳудудий бўлинмаси, вилоят ДСЭНМ, “Маънавият сарчашмаси” МЧЖ, Саломатлик ва Тиббий статистика институти Бухоро филиали, вилоят “Камолот” ЁИҲ, “Маҳалла” хайрия  жамоат фонди вакиллари,  Бухоро Тиббиёт коллежи ўқувчи ва педагоглари,  экоҳаракат фаоллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари  иштирок этган мазкур тадбирдан кўзда тутилган мақсад иштирокчиларни экологик муаммоларнинг салбий оқибатлари, унинг олдини олиш борасидаги билим ҳамда малакаларини юксалтириш, шунингдек, ҳудудий бўлинма “Ёшлар қаноти” фаолияти билан таништиришдан иборатдир.

Давра суҳбати давомида иштирокчилар “Ер шаридаги долзарб экологик муаммолар ва унинг   табиат  ҳамда инсон саломатлигига салбий таъсири”, “”Яшил қалқон”лар экологик барқарорликнинг    асосларидан    бири”, “Атроф-муҳит мусаффолиги инсон саломатлигининг меъзони”, ”Юрт ободлиги ва озодалигини таъминлашда ёшларнинг  роли”  каби мавзулардаги маърузаларни тинглаб,  долзарб экологик муаммоларнинг салбий оқибатлари, яъни табиатдаги биохилма хиллик ҳамда инсонлар саломатлигига кўрсатаётган салбий таъсирлари,  унинг олдини олиш борасида ёшлар олдида турган вазифалар, Орол денгизи фожиаси сабаблари, Оролбуйидаги бугунги экологик ҳолат ҳақида бой маълумотларга эга бўлдилар.

Шунингдек, тадбир давомида  ҳудудий бўлинма “Ёшлар қаноти” фаолияти, яъни ёшларнинг экологик маданиятини ошириш мақсадида  экологик мавзуларда турли тадбирлар уюштирилаётгани, ёшлар экобоғлар яратиш ишларига, экологик ҳашарларга кенг жалб қилиб борилаётгани, экологик мавзуда танловлар ташкил этилаётгани,  оммавий ахборот воситалари орқали  тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилаётгани,  мазкур ишлар 2016 йил “Соғлом она ва бола йили” мунособати билан давом эттирилаётгани борасида тўхталиб ўтилди.

Юртимизда баҳор фасли кириб келиши мунособати билан жойларда тозалик ва ободончилик, кўчат қуриш ишларида ёшлар ташаббускор бўлишлари, ўлкамизни “Яшил қалқонлар”га ўраш экологик барқарорликни сақлашда муҳим аҳамият касб этиши ўқувчилар онгига сингдирилди.

Тадбир ёшлар томонидан тайёрланган Она табиатни мадҳ этувчи бадиий дастурлар намойиши ва коллежда эълон қилинган “Онажоним Табиат” мавзуидаги расмлар кўрик-танлови ғолибларини аниқлаш  ҳамда уларни рағбатлантириш билан якунланди. 

Жаҳонгир Шарипов,

Ўзбекистон экологик ҳаракати Бухоро вилояти

 ҳудудий бўлинмаси координатори