Экоҳаракат Бухоро вилояти ҳудудий бўлинмаси томонидан Пешку тумани Саноат касб-ҳунар коллежида “Экологик муаммоларнинг инсон саломатлигига етказаётган зарарли оқибатлари”  мавзуида  давра суҳбати ўтказилди.

Давра суҳбатининг асосий мақсади таълим муассасаларидаги ёшларга  дунёдаги долзарб экологик муаммолар ва унинг инсон саломатлигига кўрсатаётган салбий таъсири ҳақида маълумотлар бериб, уларнинг Она табиатга меҳр-муҳаббат руҳида камол топишларига эришиш, ёшларнинг Она табиатни ҳимоялаш ишларидаги ташаббускорлигини қўллаб-қувватлаш, шунингдек, экологияга оид Қонунларнинг мазмун моҳиятини ёшларга етказиш, уларнинг экологик маданиятини юксалтиришдан иборатдир.

Тадбирда таъкидланганидек, Она табиат ниҳоятда гўзал, унинг инсоният учун марҳамати кенг. Табиат тирик жонларнинг онаси. У инсониятни кийинтиради, озиқ-овқат билан таъминлайди, нафас олиш учун керак бўлган тоза ҳавони етказиб беради. Бу кўркам серҳосият набобат олами дилга ҳузур бағишлайдиган, тароватли боғу роғлари, кўкни суяб тургандек азим тоғлари, бағри кенг водийлари, турфа рангли чаманлари билан гўзал. Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотининг илмий хулосаларига қараганда, инсонлар соғлиғининг 20 фоизи атроф муҳитга  боғлиқ.

Қайд этилганидек, қуриган шох–шаббалар, барглар, ўтлар ҳар хил чиқиндиларни ёқиб юборганда, заҳарли ва концероген моддалар  ажралиб,  ҳаво таркибини бузади. Ушбу зарарли ҳаво нафас олишни қийинлашатириб, турли аллергик, астматик ва ўсма касалликларни келтириб чиқаради. Бухоро тиббиёт институти ва вилоят давлат санитария эпидемиология назорат маркази мутахасссларининг таҳлил қилишларича бронхиал астма касаллиги энг кўп тарқалган ҳудудлар Бухоро шаҳри, Ромитан, Бухоро, Шофиркон, Қоракўл, Когон, Қоровулбозор туманларининг хар 10 000 аҳолисига ўртача 18.0 ва ундан кўпроқ ушбу касаллик билан чалинган экан. Тутун  таркибидаги чанг, азот оксиди, ис гази, оғир металлар ва турли хилдаги концероген моддалар инсонларда аллергик ҳолатларни, бронхиал  астма ва турли хилдаги ўсма касалликларни келтириб чиқаради.

Ҳар бир инсон онгида экологик маданиятни шакллантириш, экологик билимларни чуқур ўзлаштириш, бу она табиатни асраш ва уни севишга ундайди. Она табиатни барча гўзалликлари билан ҳис қилиш, бизни ўраб турган  атроф-муҳитга бефарқ бўлмаслик экологик муаммоларни анчайин камайтиради. “Яшил қалқон” яъни тефарак-атрофни мевали ва манзарали дарахтларга ўраш сайёрамиз мусаффолигини таъминлайди. Кундалик турмушда ҳар биримиз ҳар куни атроф-муҳитни ифлослантирилиши билан боғлиқ салбий ҳолатларга кўп тўқнашамиз. Шундай пайтда ҳар бир ёш табиатга зарар етказаётган шахсларга нисбатан эътиборли бўлиши ва улар билан курашиши шарт.

Тадбирда иштирокчиларни қизиқьтирган саволлараг мутахассислар томнидан атрофлича жавоб қайтарилди.

Экоҳаракат Бухоро вилояти ҳудудий бўлинмаси