foto1 foto2 foto3 foto4 foto5


Baner text 1

Baner text 2

Baner text 3

Baner text 4

Baner text 5

Get Adobe Flash player

Жорий йилнинг 10 октябрь куни Ўзбекистон экологик ҳаракати Қашқадарё вилояти ҳудудий бўлинмаси ҳамда Яккабоғ туман экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш инспекцияси билан ҳамкорликда Яккабоғ саноат ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежида “Хазонлар ер малҳами” мавзусида давра суҳбати  бўлиб ўтди.  

Тадбирда Ўзбекистон Экологик ҳаракати Қашқадарё вилояти ҳудудий бўлинмаси фаоллари, Яккабоғ туман экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш инспекцияси, Яккабоғ саноат ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежи фаол ўқувчи ва ўқитувчилари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Тадбирнинг асосий мақсади, хазонрезги бўлган ҳар бир ҳудудни тоза ва озода сақлаш, хазонларни ёқишни олдини олиш, атроф-муҳитга бўлган муносабатни ўзгартириб экологик маданиятни юксалтиришга  қаратилди. Иштирокчилар таъкидлаганларидек, атроф муҳит муҳофазасида, экологик таълим-тарбия аввало инсоннинг табиатга онгли муносабатда бўлишидан бошланади. Атроф-муҳитни мусаффо сақлаш, озодалик ва поклик каби эзгу урф-одатларга амал қилиш экологик тарбиянинг илк кўринишидир. Халқимизнинг табиат бойликлари, табиий ресурсларни тежаб‑тергаб ишлатиш, улардан оқилона  фойдаланиш, табиий тизимларни ўз ҳолича сақлаш борасидаги бой қадриятларини аҳолига, жумладан ёшлар онгига сингдириш, замонавий экологик билимлар билан танишиб бориш давр талабидир.

Кузни бежизга олтинга қиёслашмайди. Бу фаслда кум-кўк товланиб турган дарахт барглари сарғая бошлайди. Олтинранг япроқлар бандидан узилиб, ерга тушади. Ерни қоплаб олган сон-саноқсиз хазонлар умрини ўтаб бўлган кераксиз нарсага айланади. Оёқ остида эзғиланиб ётган хазонни супуриб, уюм қилиб, ёқиб ҳам юборамиз. Хазон ёнганда ундан чиқадиган заҳарли тутунни инсон саломатлиги учун зарари ҳақида кўп гапирилаяпти. Аммо барибир айрим кишилар хазонга ўт қўйишни афзал билишмоқда. Нега шундай? Балки бизга экологик маданият етишмаётгандир.  

 Барг ёки хазон таркибидаги моддалардан маҳсулот ишлаб чиқаришнинг самарали технологияси йўлга қўйилса, ҳозир хазонни кўчага олиб чиқиб ташлаётганлар уни тўплаб, махсус жойларга олиб бориб топширишни бошлашган бўларди. Шунда кўча-ю, хиёбонларда хазон уюмлари камайиб, атроф тоза ва озода бўлар эди. Кузда катта бир дарахтдан 50 мингдан зиёд япроқ тўкилишини инобатга олсак, наинки юртимиздаги шаҳарлар, балки қишлоқ кўча ва хиёбонлари хазон билан қопланади. Эндиликда хазондан биогаз, биоўғит сифатида фойдаланишнинг вақти келди. Бу борада олимларимиз янгиликлар яратса ва тадбиркорлар учун янги лойиҳалар таклиф этишса фойдадан ҳоли бўлмасди. Шунда биз хазонни кераксиз деб ёқиб юбормасдан, ундан самарали фойдаланар эдик. Энг муҳими, экологиянинг софлигига, атроф-муҳитнинг мусаффолигига катта ҳисса қўшган бўлар эдик.

Она табиат нафақат жисмоний, балки маънавий камолотимизда ҳам катта ўрин тутади. Маълумки, экология бўйича таълим-тарбия оила, боғчадан бошланиб, мактаб, коллеж ва олий ўқув юртларида давом эттирилади. Қишлоқ ва маҳаллаларда бу мавзуда тушинтириш ишлари олиб борилса, табиат муҳофазаси барчанинг вазифаси эканлиги янада чуқурроқ сингади ва барчанинг юмушига айланади. Ёшларда экологик билим ва кўникмаларни шакллантириш, хусусан, ёшларнинг экологик ва эстетик маданиятини юксалтириш учун таълим муассасалари, истироҳат боғлари, дам олиш масканларини ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, тадбирлари ташкил қилиш мақсадга мувофиқдир. Ҳозирги даврда ўсиб келаётган ёш авлод онгида табиатга нисбатан ҳам ахлоқий муносабатда бўлиш ҳиссини шакллантириш ва ривожлантиришни тақозо этади. Бу эса педагог кадрлар зиммасига улкан ва масъулиятли вазифа юклайди. Зеро, табиатнинг келгусида гуллаб яшнаши ёки экологик муаммоларнинг глобаллашиб бориши ёш авлодниинг табиатга нисбатан муносабатига бевосита ва билвосита боғлиқдир. 

Тадбир фикр-мулоҳазага бой тарзда ўтди ва саволларга батафсил жавоб қайтарилди.

Экоҳаракат Қашқадарё

вилояти ҳудудий бўлинмаси 

logo_uz