Бугун Ўзбекистон экологик ҳаракати Қашқадарё вилоят ҳудудий бўлинмаси томонидан Вилоят ёшлар марказида Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 27 йиллигига бағишланган «Истиқлолнинг истиқболли ёшлари»мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.

 Тадбирда Ўзбекистон Экологик ҳаракати Қашқадарё вилоят ҳудудий бўлинмаси ва “Ёшлар қаноти” фаоллари, “Ўзбекистон ёшлар иттифоқи” Қашқадарё вилоят Кенгаши фаоллари, ФЖШМҚМИ Қашқадарё ҳудудий бўлинмаси  ҳамда ОАВ вакиллари киши иштирок этди.  Тадбирнинг асосий мақсади, истиқлолнинг истиқболли ёшларига атроф муҳит муҳофазасига эришишда экологик билим ва кўникмаларни шакллантириб боришга қаратилди.   Хусусан,  истиқлол йилларида мамлакатимизда экологик муаммоларни бартараф этиш ва уларнинг салбий оқибатларини олдини олиш борасида муайян тажриба орттирилди. Аммо, соҳадаги вазифаларнинг миқёси ва кўлами мамлакатимиз ҳамда минтақада экологик ҳолатни соғломлаштириш муаммоларини комплекс ҳал этишда давлат органлари, жамоат бирлашмалари, фуқаролик жамияти институтлари ва фуқароларнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштиришни талаб қилади. Зеро, соғлом атроф муҳит муҳофазаси давлат, жамият ва ҳар бир фуқаронинг вазифаси бўлмоғи лозимлиги алоҳида таъкидланди.  Ўзбекистон экологик ҳаракатининг бош мақсади - экологик муаммолар ва атроф муҳит муҳофазасидаги лоқайдликларга барҳам бериш, атроф-муҳит муҳофазаси ва экологик ҳолатни соғломлаштириш ишида, хусусан, сув ва атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш, чиқиндилар муаммоларини  бартараф этиш, биохилма-хилликни асраш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларида жамоатчилик иштироки фаоллигини ҳар томонлама кучайтиришдан иборатдир. Бу борада Экоҳаракат кенг жамоатчилик ўртасида тарғибот ташвиқот ишларини олиб бормоқда. Асосий эътибор атроф муҳитни муҳофаза қилиш мамлакатимиз ҳар бир фуқаросининг умумий вазифаси бўлишига эришишга йўналтирилаётир. Энг муҳими Экоҳаракат саноат, қишлоқ хўжалиги ва энергетиканинг барча соҳаларида экологик тоза ва хавфсиз, сув, ресурс ва энергия тежовчи технологияларни амалиётга тадбиқ этиш, босқичма босқич қайта тикланувчи энергия турларига ўтишга йўналтирилган янги қонунлар ишлаб чиқиш ва қабул қилиш ҳамда амалдаги қонунчиликни такомиллаштиришга жиддий эътибор қаратмоқда.  Хулоса ўрнида қайд этиш жоизки, диёримизда табиатга бўлган эҳтиром, унинг сирларини англаб етишга интилиш, атроф-муҳитни мусаффо сақлаш, озодалик ва поклик каби эзгу қадриятлар узоқ ўтмишга бориб тақалади. Мустақиллик шарофати билан биз халқимиз онгида Она-ер, Она-табиат, Она-Ватанга, унинг бойликларига бўлган меҳр-муҳаббат, чуқур эҳтиромни, яъни ватанпарварлик туйғусини янада юксалтиришга улуш қўшмоғимиз лозим. 

                                                      Ўзбекистон Экологик ҳаракати Кашкадарё

                                          вилояти  ҳудудий бўлинмаси рахбари:    Н Халимов 

                                             Ўзбекистон Экологик ҳаракати Қашқадарё

                                     вилоят ҳудудий бўлинмаси координатори:  Г.Жўраева.