Жорий йилнинг 5 июнь куни Ўзбекистон Экологик ҳаракати Қашқадарё вилоят ҳудудий бўлинмаси томонидан Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги  фуқароларни ўзини – ўзи бошқариш органлари ходимларининг малакасини ошириш  ўқув курсида 5-июнь “Бутунжаҳон атроф-муҳитни муҳофаза килиш куни”га бағишланган “Табиат барчамизники” мавзуидаги маънавий - маърифий тадбир бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистон Экологик ҳаракати Қашқадарё вилоят ҳудудий бўлинмаси ҳамда “Ёшлар қаноти” фаоллари,Қашкадарё вилоят экология ва атроф мухитни мухофаза килиш бошкармаси мутахассислари, ФЖШМҚМИ Қашқадарё ҳудудий бўлинмаси, “Ўзбекистон ёшлар иттифоқи” вилоят Кенгаши, Қарши давлат университети, Қарши муҳандислик иқтисодиёт институти профессор ўқитувчилари, Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги фуқароларни ўзини – ўзи бошқариш органлари ходимларининг малакасини ошириш ўқув курси ўқитувчилари ва тингловчилари хамда ОАВ ходимлари иштирок этишди.

  Тадбирда дастлаб  инсон табиатнинг бир бўлаги эканлиги, унинг бағридаги ҳар бир унсур, табиий ресурслар, ер ости ва ер усти бойликлари дахлсизлиги ва уларни ўз ҳолича асраш ҳамда келажак авлодга етказиб бериш ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиз эканлиги таъкидлаб ўтилди.

  Мустақилликка эришилган илк кезларданоқ табиат муҳофазаси давлатимиз сиёсатининг асосий йўналишларидан бирига айлангани ҳам шундан далолат беради. Ўтган йиллар давомида соҳага доир 20 дан ортиқ қонун ва қонуности ҳужжатлар қабул қилиниб, уларда табиат ва инсон ўртасидаги мувозанатни сақлаш механизми ўз ифодасини топган.

Хусусан, Бош Қомусимизнинг қатор моддалари табиат муҳофазасига қаратилган бўлиб, юртдошларимизнинг табиат бойликларини асраб-авайлашга мажбур эканликлари кўрсатилган. Жумладан, Асосий Қонунимизнинг 50-моддасида “Фуқаролар атроф табиий муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлишга мажбурдирлар”, 54-моддасида “Мулкдор мулкига ўз хоҳишича эгалик қилади, ундан фойдаланади ва уни тасарруф этади. Мулкдан фойдаланиш экологик муҳитга зарар етказмаслиги, фуқаролар, юридик шахслар ва давлатнинг ҳуқуқларини ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузмаслиги шарт”, 55-моддасида “Ер, ер ости бойликлари, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий захиралар умуммиллий бойликдир, улардан оқилона фойдаланиш зарур ва улар давлат муҳофазасидадир”, деб таъкидланган. Аҳамиятлиси, Ўзбекистон Республикаси Конституциясида табиатни муҳофаза қилиш борасидаги ҳуқуқий  нормалар экологик соҳага оид барча қонунларда ҳам ўз аксини топган ва бу конституцион талабларни мустахкамлашга хизмат қилмоқда. Умуман олганда, мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси асосида қабул қилинган қонунларнинг ҳар бири инсоннинг яшаш учун қулай атроф табиий муҳитга эга бўлиш ҳуқуқини кафолатлайди.

Табиат ва инсон ўртасидаги мувозанатни сақлаб қолиш, экологик барқарорликни таъминлашда сув, тупроқ, ҳавонинг мўътадил бўлиши билан бирга ҳар бир гулу гиёҳнинг, жонзотнинг ўз “ҳиссаси” борлиги табиат қонуни хисобланади. Вилоятимиз ҳудуди табиий ландшафт архитектураси ранг-баранглиги билан бирга экотизимлар хилма-хиллиги билан ҳам ўзига хос ўрин тутади.

Халқимиз бошидан ўтказган тоталитар, маъмурий-буйруқбозлик тизими атроф-муҳитга беписанд муносабатда бўлиш, табиий ресурслардан ваҳшиёна фойдаланиш билан тавсифланарди. Ушбу давр ўсимлик ва ҳайвонот дунёсининг генофондига салбий таъсирни, биологик хилма-хилликнинг қисқариши, катта ҳажмдаги саноат ва бошқа тур чиқиндиларнинг ҳосил бўлиши, чўлланиш, ер ва сув ресурсларининг деградацияси, Орол денгизи ҳалокати каби минтақавий ва глобал миқёсда ечилиши зарур бўлган экологик муаммоларни мерос қилиб қолдирди. Бу ва шу каби бошқа муаммолар инсон ҳамда унинг манфаатлари ҳимояси, биринчи навбатда, соғлом ва мусаффо атроф-муҳитга эга бўлиш ҳуқуқини таъминлаш амалга оширилаётган барча ислоҳотларнинг ўзагини ташкил этган замонавий Ўзбекистон учун зарур бўлган атроф табиий муҳитни асраб авайлашни ва уни соғломлаштиришни янада долзарб қилиб қўйди.

Тадбирда шунингдек, мустақиллик йилларида юртимизда экологик муаммоларни бартараф этиш ва уларнинг салбий оқибатларини олдини олиш борасида муайян тажриба орттирилгани хусусида ҳам сўз борди. Шу билан бирга соҳадаги вазифаларнинг миқёси ва кўлами мамлакатимиз ҳамда минтақада экологик ҳолатни соғломлаштириш муаммоларини комплекс ҳал этишда давлат органлари, жамоат бирлашмалари, фуқаролик жамияти институтлари ва фуқароларнинг саъй ҳаракатларини бирлаштиришни талаб қилади. Зеро, соғлом атроф-муҳит муҳофазаси давлатнинг, жамиятнинг ва ҳар бир фуқаронинг вазифаси бўлишига эришиш лозим. 

Атроф-муҳит мусаффолиги, экологик барқарорликни таъминлаш, кундалик вазифамизга айланишига эришиш лозим. Атроф-муҳит муҳофазасига жамоатчилик эътиборини янада кучайтириш ҳамда атроф муҳит муҳофазаси борасидаги тарғибот-ташвиқот ишларини янада кучайтириш зарур.

Тадбир фикр-мулоҳазаларга ва савол-жавобларга бой тарзда ўтди.

Экоҳаракат Қашқадарё

вилоят ҳудудий бўлинмаси