Жорий йилнинг 27 март куни Ўзбекистон Экологик ҳаракати Қашқадарё вилояти ҳудудий бўлинмаси томонидан Қарши давлат университетида “22 март -Бутунжаҳон Сув куни”га бағишланган “Сув бебаҳо неъмат” мавзуида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистон экологик ҳаракати Қашқадарё вилояти ҳудудий бўлинмаси, вилоят экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси, Ёшлар иттифоқи вилоят  Кенгаши, ФЖШМҚМИ вилоят ҲБ, Қарши давлат университети профессор ўқитувчи ва фаол талабалари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этдилар.

Тадбирнинг асосий мақсади, Ўзбекистон Республикаси “Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида”ги қонуни ижросини таъминлашда, жамоатчилик иштирокини кенгайтириш, ичимлик сувидан тежамкорлик билан фойдаланиш ҳақида аҳоли ўртасида ташвиқот ишларини олиб боришга қаратилди. 

Иштирокчилар томонидан таъкидланганидек, об-ҳаётни тежаб сарфлашда аждодларимиз тажрибаси бугунги кунда ҳам қўл келиши мумкинлигини ҳаётнинг ўзи кўрсатмоқда. Баъзи мутахассислар нишаб жойларда сувни бир жойда йиғувчи сардобага ўхшаш кичик иншоотлар қуриб, баҳор ойларида ёққан ёмғир сувларини тўплаш ва ёзда-вегетация даврида ундан экинларни ҳамда молларни суғоришда фойдаланиш мумкинлигини таъкидлашаяпти. Бу усул тоғ ва тоққа яқин ҳудудларда қўлланилса, самарали натижа бериши тайин. Шунингдек, томчилатиб суғориш тизимини кенгайтиришга эътиборни кучайтириш ҳам фойдадан холи эмас.

Бир сўз билан айтганда, биз учун ҳаёт манбаи бўлган сувни тоза сақлаш ва уни кўпайтириш чораларини кўра олсак, келгусида ердаги барча тирик мавжудотни сақлаб қолган ва халқимизнинг соғлом ва фаровон турмуш кечиришига ҳисса қўшган бўламиз. Зеро, сувни асраш ҳаётни асраш демакдир.

Экоҳаракат Қашқадарё

вилояти ҳудудий бўлинмаси