Бугун Ўзбекистон Экологик ҳаракати Қашқадарё вилояти ҳудудий бўлинмаси томонидан Қарши шаҳрининг Жайҳун ва Мустақиллик кўчалари бўйлаб, «Биз табиат мухофазасига масъулмиз» шиори остида экохашар бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистон Экологик ҳаракати Қашқадарё вилояти ҳудудий бўлинмаси ҳамда «Ёшлар каноти» фаоллари, Қарши олимпия захиралари коллежи ўқувчи ва ўқитувчилари, Қарши муҳандислик иқтисодиёт институти ўкитувчилари ва талабалари, ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этдилар.

Тадбирнинг асосий мақсади, қишлоқ ва маҳаллаларда тозалик, ободончилик, кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилиб, ҳудудлар саранжом-саришта, обод манзилларга айлантирилишига эришишга қаратилди. 

Иштирокчилар томонидан таъкидланганидек, мамлакатимизда ёшларда экологияга муносабатни шакллантиришга катта аҳамият бериб келинмоқда. Биргина Ўзбекистон Экологик ҳаракати Қашқадарё вилояти ҳудудий бўлинмаси мисолида оладиган бўлсак, экологлар, соҳа мутахассислари, олимлар билан учрашувлар, давра суҳбатлари, шунингдек, жойларда рейдлар ва экологик акциялар ташкил этилиб, тарғибот-ташвиқот ишларига кенг жалб этилмоқда.         

Ушбу тадбирлар ёшларнинг атроф-муҳитга муносабатини ўзгартириб, уни мусаффо сақлаш, табиий ресурслардан тежаб-тергаб, оқилона фойдаланишга ундамоқда.

Бир сўз билан айтганда экоҳашар юксак кўтаринкилик билан ўтказилди. Бундай ҳашарлар ёш авлоднинг экологик ва эстетик маданиятини юксалтиришда албатта катта аҳамият касб этади. Аҳамиятлиси, қишлоқ ва маҳаллаларда ҳам тозалик, ободончилик, кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилиб, ҳудудлар саранжом-саришта, обод манзилларга айлантирилди.

Экоҳаракат Кашкадарё вилояти

ҳудудий бўлинмаси