Куни кеча Ўзбекистон экологик ҳаракати Қашқадарё вилоят ҳудудий бўлинмаси ҳамда “Шўртан газ кимё мажмуаси” МЧЖ ҳамкорлигидаҒузор тумани Эшонқудуқ қишлоғи Ғузор транспорт касб- ҳунар коллежи мажлислар залида “Шўртан газ кимё мажмуаси” МЧЖ корхонаси ишлаб чиқариш қувватини кенгайтириш лойиҳасининг “Атроф ва ижтимоий муҳитга таъсирини баҳолаш” лойиҳа ҳужжатлари муҳокамасига бағишланган жамоатчилик эшитуви бўлиб ўтди.  

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Экоҳаракат депутатлик гуруҳи аъзолари, “Worley Parsons Uzbekistan Engineering” қўшма корхонаси МЧЖ, Ўзбекистон экологик ҳаракати Қашқадарё вилояти ҳудудий бўлинмаси фаоллари, “Шўртан газ кимё мажмуаси” МЧЖ, халқ депутатлари вилоят кенгаши Аграр ва сув хўжалиги ҳамда экология масалалари бўйича доимий комиссия аъзолари, Интер- инженеринг компанияси, маҳаллий ҳокимият, тегишли идора ва ташкилотлар вакиллари, жамоат ташкилотлари, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, корхона атрофидаги маҳаллий фуқаролар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этдилар.

Тадбирнинг асосий мақсади, маҳаллий аҳолининг кенг қатлами иштирокида “Шўртан газ кимё мажмуаси” МЧЖ корхонаси ишлаб чиқариш қувватини кенгайтириш лойиҳасининг “Атроф ва ижтимоий муҳитга таъсирини баҳолаш” лойиҳа ҳужжатлари муҳокамасини ўтказиш ва жамоатчиликнинг фикрини ўрганишдан иборат. 

Жамоатчилик томонидан таъкидланганидек, “Шўртан газ кимё мажмуаси” корхонасининг ишлаб чиқариш қувватини кенгайтирилиши вилоятда қўшимча иш ўринларининг яратилишига, мамлакатимизнинг иқтисодий салоҳиятини оширишга хизмат қилади. Бироқ мунозараларга чиққан фуқаролар томонидан мазкур саноат корхонасининг ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш атроф муҳитга таъсири кам бўлган, экологик талабларга жавоб берадиган инновацион ғоялар ва  технологиялар асосида амалга оширилиши мумкинлиги, таъкидлаб ўтилди.

Жамоатчилик эшитувлари якуни бўйича тегишли Қарор қабул қилиниб, Қарорга асосан “Шўртан газ кимё мажмуаси” МЧЖ қўшма корхонасига чуқур экологик таҳлилларни ўтказган ҳолда, ишлаб чиқариш қувватини кенгайтириш тавсия этилди. Жамоатчилик эшитувининг мазкур қарорини амалга ошириш мазкур корхонага ҳамда назорати Ўзбекистон экологик ҳаракатининг вилоят ҳудудий бўлинмасига юклатилсин, деган хулосага келинди.

Экоҳаракат Қашқадарё

вилояти ҳудудий бўлинмаси