Бугун вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги фуқароларни ўзини-ўзи бошқариш органлари ходимларини малакасини ошириш ўқув курсида “Атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланиш, Экологик хавфсизликни таъминлаш  юзасидан Ўзбекистон экологик ҳаракати ва Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг 2017 йил 2-ярим йиллигига мўлжалланган қўшма қарори” дастури ижросининг 18-банди юзасидан “Экология ва тиббиёт йўналишидаги нодавлат нотижорат ташкилотларининг атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва соғлиқни сақлаш сохасидаги ўрнини ошириш”мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

Тадбирда Ўзбекистон Экологик ҳаракати Қашқадарё вилояти ҳудудий бўлинмаси,  Қашкадарё вилоят экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси, “Маҳалла” ХЖФ вилоят ҳамда шаҳар бўлимлари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари шунингдек, вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги фуқароларни ўзини-ўзи бошқариш органлари ходимларини малакасини ошириш ўқув курси фаоллари, вилоятдаги экология ва тиббиёт йўналишидаги ННТлар ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этди.

Тадбирнинг асосий мақсади, жорий  йилда ишлаб чиқилган Қўшма Қарор асосида вилоятда фаолият олиб бораётган Экология ва тиббиёт йўналишидаги нодавлат нотижорат ташкилотларининг атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва соғлиқни сақлаш соҳасидаги ўрнини оширишга қаратилди.   

Иштирокчилар таъкидлаганларидек, мамлакатимизнинг барқарор ривожланиши, аҳолининг юксак даражада турмуш кечириши ва саломатлиги, шунингдек миллий хавфсизлиги табиий экотизимларни сақлаб қолиш ва атроф муҳит сифати талаблар даражасида бўлиши, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва уларни кўпайтириш ҳисобигагина таъминланиши мумкин. Мамлакатимизда нодавлат нотижорат ташкилотлари, жамоат тузилмалари ва фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органларининг ҳуқуқ ва ваколатларини кенгайтириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар уларни атроф муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланишнинг бугунги кундаги долзарб масалаларини ҳал этиш жараёнларига, самарали жамоатчилик экологик назоратини амалга оширишга янада кенгроқ жалб қилишга кўмаклашмоқда.

Атроф муҳит ва аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва экологик хавфсизликни таъминлаш жараёнларида юзага келадиган экологик-ҳуқуқий муносабатларни тартибга солишда қонун ҳужжатларининг роли ва аҳамияти беқиёсдир.        

Экоҳаракат матбуот гуруҳи