Куни кеча Ўзбекистон экологик ҳаракати Қашқадарё вилоят ҳудудий бўлинмаси томонидан Қарши муҳандислик иқтисодиёт институтида Ҳалкаро озон қатламини сақлаш кунига бағишланган “Озон қатламини сақлашда ўз ҳиссамизни қўшайлик” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди. Тадбирнинг асосий мақсади ҳудудий бўлинма томонидан мунтазам равишда озон қатламини емирилишдан ҳимоя қилишга қаратилган халқаро ва давлатимизда қабул қилинган ва қилинаётган ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар аҳамиятига бағишланган тарғибот-ташвиқот ишларини янада кенгайтиришга қаратилди.

Озон қатлами юпқаланиши-сийракланишининг олдини олиш борасидаги бу халқаро ҳужжатлар мустақилликнинг илк йиллари 1993- йилнинг май ойида ратификация қилинди. Ўзбекистон мазкур ҳужжатлардан келиб чиқадиган мажбуриятларни ўз зиммасига олди ва жаҳон ҳамжамиятининг бошқа давлатлари қаторида сайёрамизнинг ҳимоя қалқонини сақлаб қолишга ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2005 йил 11 ноябрда “Озонни бузувчи моддаларни ва таркибида улар мавжуд бўлган маҳсулотларни Ўзбекистон Республикасига олиб киришни ва Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқишни тартибга солишни такомиллаштириш тўғрисида”гиқарори қабул қилинган. Унга кўра озонни емирувчи моддалар ҳамда таркибида улар мавжуд маҳсулотларни Вена конвенцияси ва Монреаль Протоколи аъзоси бўлмаган давлатларга олиб чиқиш ва улардан олиб киришга таъқиқ жорий этилди. Озонни емирувчи моддалар ҳамда таркибида улар мавжуд маҳсулотларни импорт-экспорт қилишни мувофиқлаштириш тизими жорий этилди ва амал қилмоқда. Вена конвенцияси ва Монреаль Протоколи аъзоси бўлган мамлакатлардан ўтувчи ёки ГХФУлардан ташқари баъзи ОЕМ турларини Ўзбекистон Республикасига олиб кириш таъқиқланди. Вена конвенцияси ва Монреаль Протоколи аъзоси бўлган мамлакатлардан озонни емириш хусусияти юқори бўлган ОЕМдан фойдаланилган музлатгич ва ҳаво совутиш ускуналарини Ўзбекистон Республикасига олиб кириш таъқиқланган. ОЕМ ёки ХФУларни 2005-2030 йилларда Ўзбекистон Республикасига олиб кириш меъёрлари жорий этилди.

Экоҳаракат матбуот гуруҳи