Экоҳаракат Қашқадарё вилояти ҳудудий бўлинмаси томонидан  Қарши тумани 2-сон ўрта умумтаълим мактабида қиш мавсуми давомида дарахтларнинг шахсий манфаатлар учун кесилиши олдини олишга бағишланган “Ўрмонлар – миллий бойлигимиз” мавзусида тадбир ташкил этилди.

Мамлакатимиз ўрмон билан камроқ қопланган давлатлар сирасига киради. Барқарор ривожланишни таъминлаш ва экологик барқарорликка эришишда уларнинг аҳамияти ниҳоятда катта. Чунки ўрмонлар биологик хилма-хилликни таъминлаш ва тиклаш, иқлимни тартибга солиниши, ҳаёт таъминоти яхшиланишига хизмат қилади. Умуман олганда ўрмонлар 3 гуруҳга бўлинади: ҳимоя вазифасини бажарувчи (сув ресурсларини муҳофаза қилиш, эррозияга қарши ва санитария), ҳимоя вазифасини бажарувчи ва улардан чекланган тарзда фойдаланиладиган (аҳоли зич жойлашган ва автомобиль йўллари ўтган жойлар), санитария аҳамиятига эга бўлган.

Ўрмонлар табиатда нечоғли аҳамиятга эга эканлиги қуйидагиларда янада яққолроқ кўзга ташланади: ўрмонзорлар ҳудудидаги ҳавода кислород миқдори бошқа майдонлардагидан кўп бўлиб, киши руҳиятига кўтаринкилик бағишлайди ва ҳатто кўриш қобилиятини ўстириш кучига эга. Қалин дарахт билан қопланган майдонлар чангларни, турли шовқинларни ютади. Дарахтлардан учиб чиқувчи фитонцид деб номланувчи моддалар ҳаводаги касаллик қўзғатувчи бактерияларни қиради. Яна улар табиий дренаж вазифасини бажариб, ер ости сувларининг юқорига кўтарилишига йўл қўймайди. Бошқача айтганда бир туп дарахт ўзидан 1 кеча-кундузда 3 киши учун зарур бўладиган кислород чиқаради. Бир гектар майдондаги ўрмонзор эса шу вақт давомида 220-280 килограмм карбонат ангидридни ютиб, 200-220 килограмм кислород ажратади. Ҳар бир катта дарахт йилига 6 килограммга яқин ҳаводаги зарарли бўлган углерод қўшоксид газини ютади. Бир гектар игна баргли дарахтзор 1 йилда 40 тонна, кенг баргли дарахтзор 100 тоннагача чангни ушлаб қолар экан. Дунё бўйича эса ҳар йили ўсимликлар дунёси 160 миллиард тонна углерод газини ютиб, 100 миллиард тонна кислород “ишлаб чиқаради”. Инсон бир кунда 26 килограмм ҳаво ютади, шунинг 18 килограммини кислород ташкил этади. Шу жиҳатдан олганда дарахтзорларни кенгайтириш, ўрмонзорлар барпо этиш нечоғлик зарур эканлиги англашилиб қолади. Афсуски, дунё ахборот тармоғининг маълумотларига кўра сайёрамиз бўйлаб ўрмонларнинг оммавий кесиб ташланиши, улар ёнғинлар «қурбони”га айланаётгани кўзга ташланмоқда. Чунки баъзилар тасаввурида ўрмонлар ёқилғи, қурилиш материаллари, қоғоз ва бошқа имкониятлар манбаидир.

Энди ўрмонзорларга қоғоз манбаи, деб қарайдиган кишилар  эътиборига мана бу маълумотларни ҳавола этиш мақсадга мувофиқ, деб ўйлайман. Ҳисоб-китобларга қараганда, 1 метр баландликдаги қоғозлар уюмини қайта ишлаб, битта дарахт ҳаётини сақлаб қолиш мумкин. Қайта ишланган ҳар бир тонна қоғоз  ўртача баландликдаги 15 та дарахтнинг умрини узайтиришга хизмат қилар экан.  Бундан ташқари қайта ишлаш жараёнида дарахтдан қоғоз ишлаб чиқаришга қараганда 30-55 фоиз электр қуввати кам сарфланади. Шунингдек, ҳавонинг ифлосланиши 95 фоизга қисқаради.

Биз қоғозни тежаш йўли билан ўсимликлар оламига катта фойда келтиришимиз мумкинлиги, бу эса атмосферани кислород билан бойиб боришини таъминлаб, кўплаб салбий ҳолатларнинг олдини олиши мумкинлигини ўйлаб кўришимиз лозим.Дарахтлар иқлимнинг глобал ўзгаришининг олдини олишда муҳим аҳамиятга эга бўлиб, улар иссиқхона самарасини камайтирадилар.

Ҳисоб-китобларга кўра, битта 25-30 ёшдаги дарахтдан 15 мингта А4 форматдаги қоғоз олинади. Йилига ҳар бир одам учун керак бўладиган қоғоз маҳсулоти ишлаб чиқариш учун 3 та катта дарахт кесилади. Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, йирик компания офиси ишчиси кунига ўртача 50 варақ қоғоз ишлатар экан. Агар варақнинг иккала тарафи ишлатилса, карбонат ангидирид гази чиқарилиши ишлатилган 1 килограмм қоғоз ҳисобига 2,5 килограммга камаяди.

Қоғоз маҳсулотларини ишлатишни қисқартириш фақатгина ўрмонларнинг кесилишинигина эмас чиқиндилар миқдорини камайтириш имконини ҳам  беради.

Кўплаб ривожланган давлатларда макулатура муаммосини ҳал қилиш анча яхши йўлга қўйилган. Масалан, Германия ва Финландия давлатларида қоғоз чиқиндиларининг 70 фоиздан зиёди қайта ишланади. Бу албатта юқори кўрсаткич. Бироқ дунё миқёсида олиб қараганда ҳамма жойда ҳам бу борада мавжуд имкониятлар тўла ишга солинмаётганлиги кўзга ташланади. Сайёрамиз бўйича чиқиндихоналарда тўпланаётган иккиламчи хом ашёнинг 30 фоизини айнан қоғозлар ташкил этаётгани бунинг яққол далилидир. Вилоятимизнинг Деҳқонобод, Яккабоғ, Кўкабулоқ ва бошқа тоғли ҳудудлари ўрмон билан қопланган майдонлардир. Илгарилари тоғ ва тоғёнбағирлари арча, ёнғоқ ва бошқа илдизи мустаҳкам дарахтлар билан қопланган бўлган. Теварак атроф одамлари бу ўсимликларни қурилиш материали ва ўтин учун кесавериб, баъзи жойларни  яланғоч тепаликларга айлантириб қўйдилар. Қор ва ёмғир чақирувчи бу дарахтларнинг кесилиши оқибатида сув камайиб, кўпгина булоқлар қуриб кетди. Баҳор ойларида тушган ёғин ҳам тез буғланади. Шамол ва ёғингарчилик таъсирида ялонғоч қолган тупроқ эрозиясига учрайди. Бу жойларда табиат мувозанатини тиклашнинг асосий шарти янги ўрмонзорлар барпо қилишдир.

Ўзбекистон Республикасининг 1999 йил 15 апрелда қабул қилинган “Ўрмон тўғрисида”ги Қонуни ўрмон ер фондларидан фойдаланишни тартибга солишда асосий дастуриламалдир. Вилоятимиз ўрмончилари мавжуд ўрмонзорларни асраб-авайлаш, уруғ ва қаламча ҳолида ниҳол етиштириб, янги яшил майдонлар барпо этиш учун имкониятларни ишга солиб келишаяпти.

Экоҳаракат Қашқадарё вилояти ҳудудий бўлинмаси