foto1 foto2 foto3 foto4 foto5


Baner text 1

Baner text 2

Baner text 3

Baner text 4

Baner text 5

Get Adobe Flash player

Инсон ҳаёти ва фаолияти ҳамда атроф муҳит учун энг муҳим омил бўлган атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш, унинг сифат кўрсатгичларини экологик нормативларга мослигини таъминлаш, аҳоли саломатлигини ҳимоя қилиш масалалари бугунги куннинг энг устувор экологик вазифаларидан биридир.

Куни кеча матбуотда эълон қилинган «Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Қонун айни соҳадаги устувор вазифаларни ҳуқуқий жиҳатдан таъминлашга хизмат қилади.

Яхши биласиз, 1996 йил 27 декабрда қабул қилинган «Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида»ги қонун табиатни муҳофазалаш соҳасидаги қонунчилик асосини ташкил этувчи ҳужжатлардан бири ҳисобланади. Атмосфера ҳавосининг ифлосланиши, унинг табиий таркибини сақлаш каби муаммоларни ҳал этишга йўналтирилган муҳим мақсад ва вазифалар ушбу қонун билан аниқлаб берилди. Ҳозирги кунда ушбу қонун бевосита ёки билвосита 29 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат билан узвий боғлиқ бўлиб, улар қонун нормаларини такрорлайди.

Мамлакатимизнинг мустақил ривожланиш жараёнида атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш бўйича комплекс чора-тадбирларнинг амалга оширилиши натижасида атмосферага чиқариб ташланаётган ифлослантирувчи моддаларнинг умумий миқдори 1991 йилдан 2006 йилгача қарийб икки баробарга (1991 йил 3,81 миллион тонна, 2006 йилга келиб бу кўрсаткич 1,92 миллион тоннани ташкил этган) камайиши ҳисобига кўплаб шаҳарлар, аҳоли пунктларида атмосфера ҳавосининг ифлосланиш даражаси санитар-гигиеник норматив талабларига тўла мос келди.

Шу билан бирга, 2010—2018 йиллар оралиғида атмосфера ҳавосига чиқарилган ифлослантирувчи моддалар миқдори ортиб бориб, 2018 йили қарийб 2,587 миллион тоннани ташкил этган. Бу, асосан, иқтисодиётнинг жадал ривожланиш жараёнида ишлаб чиқариш корхоналари ва транспорт воситаларининг сонини ортиши билан ҳам изоҳланади.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 2018 йилнинг 
2 февраль куни ўтказилган экологик ҳолатни яхшилаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш борасидаги ишларни таҳлил этиш, энг долзарб вазифаларни белгилаб олишга бағишланган йиғилишда ҳам Андижон, Ангрен, Бухоро, Навоий, Фарғона, Олмалиқ, Бекобод, Чирчиқ, Тошкент ва Нукус каби саноатлашган шаҳарларда ҳавонинг чанг билан ифлосланиш даражаси санитар меъёридан ўрта ҳисобда 2,7 баробар ортгани таъкидланган эди.

Парламент Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан Қашқадарё, Бухоро, Навоий, Фарғона ва Тошкент вилоятларида амалдаги «Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида»ги қонун талабларининг бажарилишини, бу йўналишдаги ҳуқуқни қўллаш амалиёти ҳолатини назорат-таҳлил фаолияти тартибида ўрганиш натижалари қонунчиликнинг ҳозирги кундаги ривожланиши, халқаро шартномаларнинг қоида ва меъёрларини инобатга олган ҳолда, уни такомиллаштириш зарурлигини кўрсатди. Шундан келиб чиққан ҳолда, Конституциямизнинг 
83-моддасига мувофиқ, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг бир гуруҳ депутатлари томонидан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида ишлаб чиқилган «Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси 2018 йилнинг 30 ноябрь куни Қонунчилик палатасида қабул қилинди ва Сенат томонидан жорий йил 28 февраль куни маъқуллангач, Президентимиз томонидан 2019 йил 13 март куни имзоланди.

Ушбу қонунни тайёрлаш жараёнида АҚШ, Беларусь Республикаси, Буюк Британия, Германия, Молдавия, Эстония, Хитой, Япония, Россия Федерацияси, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон, Украина каби хорижий давлатларнинг соҳадаги қонунчилик тажрибаси ва амалиёти ўрганилди. Бундан ташқари, бир қатор муҳим халқаро ҳуқуқий ҳужжатлар, жумладан, «Озон қатламини муҳофаза қилиш бўйича» Вена конвенцияси, «Озон қатламини бузувчи моддалар бўйича» Монреаль протоколи, БМТнинг иқлим ўзгариши бўйича Париж келишуви ва Ҳадли конвенцияси, Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, иссиқхона газлари тарқалишини камайтириш механизмига асосланган квоталанган савдо тўғрисидаги глобал келишув — Киото протоколи, БМТ Европа иқтисодий комиссиясининг Атмосфера ҳавосининг катта масофаларда трансчегаравий ифлосланиши Конвенцияси ва унинг амалдаги протоколлари ўрганиб чиқилди.

Ана шуларни инобатга олган ҳолда, пишиқ-пухта ишлаб чиқилган мазкур қонунда бир қатор ўзгаришлар назарда тутилган. Хусусан, қонун фуқароларга атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш масалалари бўйича жамоатчилик фикрини ўрганиш, жамоатчилик экологик экспертизасини амалга оширишда иштирок этиш ҳуқуқини берувчи норма билан тўлдирилди. Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш соҳасида давлат бошқаруви органларининг ваколатлари аниқ белгиланди. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотларнинг атмосфера ҳавосини муҳофаза қилишни таъминлашдаги иштирокининг ҳуқуқий механизми мустаҳкамлаб қўйилди. Атмосфера ҳавосидан фойдаланиш нормативларига доир ишламаётган нормалар эса чиқариб ташланди. Ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаси, уларнинг ўсишини тезлаштирувчи омил, минерал ўғит ва бошқа препаратлар сифатида кимёвий моддаларни ишлатишга қишлоқ хўжалиги ўсимликларини муҳофаза қилиш воситаларини қўллаш регламентига мувофиқ йўл қўйилиши белгиланди. Озонни бузувчи моддалар, таркибида улар бўлган маҳсулотларнинг импорти ҳамда экспорти экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш органлари томонидан бериладиган рухсатномалар асосида амалга оширилиши тўғрисидаги норма киритилди. Фаолияти атмосфера ҳавосига зарарли таъсир кўрсатиши билан боғлиқ бўлган корхоналар, муассасалар ва ташкилотларга атмосфера ҳавосини ифлосланишининг олдини олиш мақсадида қўшимча мажбуриятлар, атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш устидан экологик назорат бўйича махсус ваколатли давлат органларининг функциялари белгиланди.

Бир сўз билан айтганда, мазкур қонун атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш соҳасида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг ваколатлари чегараларини белгилаш ҳамда аниқлаштиришнинг ҳуқуқий асоси вазифасини ўтайди. Ушбу ҳужжатнинг қабул қилиниши соҳада фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқароларнинг фаол иштирокини таъминлаш, озонни бузувчи моддалар, уларни таркибида тутувчи маҳсулотларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан олиб чиқиш ва олиб киришни ҳуқуқий тартибга солиш, энг асосийси, атмосфера ҳавоси мусаффолигини таъминлашга хизмат қилади.

Хайрилло ҒАФФОРОВ,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси

Қонунчилик палатаси депутати

Манбаъ: http://parliament.gov.uz/


logo_uz

  

Қорақолпоғистон Республикаси

Андижон вилояти

Қашқадарё вилояти

Навоий вилояти

Сирдарё вилояти

Тошкент шаҳар

Бухоро вилояти

Сурхондарё вилояти

Фарғона вилояти

Самарқанд вилояти

Тошкент вилояти

Хоразм вилояти

Наманган вилояти

Жиззах вилояти