Жорий йилнинг декабрь ойида мамлакатимизда муҳим сиёсий жараён - Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашлар сайлови бўлиб ўтади. Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг Халқаро матбуот марказида 20 сентябрь куни бўлиб ўтган навбатдаги мажлисида Марказий сайлов комиссияси 2019 йил 22 декабрни - Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ва маҳаллий кенгашлар депутатлари сайлови куни деб белгилади. Сайлов кампанияси 20 сентябрдан бошланганлиги эълон қилинди.

Сайлов кодексига асосан сиёсий партия ўзининг сайловда иштирок этишини қўллаб-қувватловчи камида 40 минг сайловчининг имзосини тўплаган тақдирдагина депутатликка номзодлар кўрсатиши мумкинлиги ва имзо варақаларининг бланкалари сайлов кампанияси бошланганлиги эълон қилингандан кейин Марказий сайлов комиссияси томонидан берилиши белгиланган.

Жорий йилнинг 24 сентябрь куни эса Марказий сайлов комиссияси томонидан сиёсий партияларнинг ваколатли вакилларига уларнинг рўйхатга олинганлиги ҳақидаги гувоҳномалар ҳамда сайловчиларнинг имзоларини тўплашлари учун белгиланган намунадаги имзо варақалари топширилди. Бугунги кунда барча сиёсий партиялар каторида сайловларда илк бора иштирок этаётган Ўзбекистон Экологик партияси томонидан ҳам имзо йиғиш жараёнларини бормоқда.

Партия “Биз келажак учун жавобгармиз” ғояси билан сиёсий майдонга чиқмоқда. Шу нуқтаи назардан партия халқ билан бирга бўлиш, халқ дардини эшитиш ва муаммоларни биргаликда ҳал этиш, уларнинг муаммосини ўзининг муаммоси деб билиб янгича форматда тарғибот акцияларини бошлаб юборди.

Жорий йилнинг 28 сентябрь куни Ўзбекистон Экологик партияси Марказий Кенгаши Ижроия қўмитаси томонидан пойтахтимиздаги “Хумо арена” муз саройи майдонида “Яшилликка буркансин юртим!” шиори остида янги шаклдаги тарғибот тадбири ўтказилди.

Тадбирдан кўзланган мақсад – турли акциялар ва таниқли санъаткорларнинг бадиий чиқишлари орқали Ўзбекистон Экологик партияси ғоя ва мақсадларини аҳолига етказиш, аҳолининг бўш вақтини мазмунли ташкил этишдан иборат бўлди.  

Тадбирни Ўзбекистон Экологик партияси Марказий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Б.Алиханов кириш сўзи билан очиб, жорий  йилги сайловлар Сайлов кодексига асосан янгича ҳуқуқий шароитда ўтишини айтиб, бу сиёсий жараёнга Ўзбекистон Экологик партияси ҳам жиддий тайёргарлик кўраётганини таъкидлади. Партиянинг янги сайловолди дастурида белгиланаётган асосий ғоя ва вазифалар ҳақида иштирокчиларга қисқача маълумот берди.

“Бўлажак сайловлар сиёсий майдонда илк бор иштирок этаётган сиёсий партияга катта масъулият юклайди. Сайловлар олдидан партиямизнинг сайловолди дастури, сиёсий платформасини ишлаб чиқдик, экологик муаммоларни хал этишнинг инновацион ечимларини кундаланг куйдик”, – дейди партия рахбари Б.Алиханов.

“Яшилликка буркансин юртим!” шиори остидаги тарғибот тадбири демократик қадриятларга асосан очиқ майдонда эркин руҳда ташкил этилди, расмиятчиликка йўл қўйилмади. Партия сайловолди тарғибот тадбирларини эркин, холисона, маърузалардан ҳоли равишда ташкил этди.

Тарғибот тадбирида Ўзбекистон Экологик партияси фаоллари, таниқли эстрада хонандалари, спортчилар, устоз ва мураббийлар сўзга чиқиб, Ўзбекистон  Экологик партияси сўз бирлиги билан иш бирлигини таъминловчи партия эканлигини эътироф этди.

Эстрада юлдузларининг чиқишлари эса тадбир иштирокчиларига кўтаринки ва байрамона кайфият улашди.

Ўзбекистон Экологик партияси ушбу форматдаги тарғибот тадбирларини нафақат пойтахтимизда, балки мамлакатимизнинг барча ҳудудларида ҳам ташкил этишини эслатиб ўтамиз.  

 

Ўзбекистон Экологик партияси

Ахборот хизмати

Телефон: 90 948 54 95