foto1 foto2 foto3 foto4 foto5


Baner text 1

Baner text 2

Baner text 3

Baner text 4

Baner text 5

Get Adobe Flash player

2018 йилнинг 8 август куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш масалалари Қўмитаси ҳамда Экоҳаракат депутатлари гуруҳи ҳамкорлигида Ўзбекистон Республикасининг «Қайта тикланувчи энергия манбалари тўғрисида»ги қонунилойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш бўйича ишчи гуруҳининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилишда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Девони ходимлари, соҳага алоқадор вазирлик, идора ва ташкилотлар вакиллари, ишлаб чиқариш корхоналари мутахассислари, шунингдек нодавлат нотижорат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.  

Йиғилишда таъкидланганидек, бугунги кунда мамлакатимизда барча соҳалар каби энергетика соҳасини, хусусан қайта тикланувчи энергетикани ривожлантиришни сиёсий ва иқтисодий томондан қўллаб-қувватлаш борасида аниқ чоралар кўрилмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қарори билан тасдиқланган 2015-2019 йиллар учун иқтисодиёт ва ижтимоий тармоқ соҳаларида энергияни тежовчи технологияларни жорий этиш бўйича чора-тадбирлар Дастурига биноан қайта тикланувчи энергия манбаларни жорий этишни таъминлаш борасида кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга, мамлакатимизда қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш соҳасида қулай ташкилий, илмий, иқтисодий ва географик имкониятлар бўла туриб, миллий иқтисодиётнинг энергия сиғими юқорилигича қолмоқда, қайта тикланувчи энергия манбаларини саноат ишлаб чиқаришига жалб этиш ҳисобига ёқилғи-энергетика балансини диверсификациялаш даражаси жаҳон тенденциясига жавоб бермайди. Кўрилаётган чора-тадбирларга қарамасдан бугунги кунда мамлакатимизда мазкур салоҳиятнинг атиги 1,0 % ўзлаштирилган.

Электр ва иссиқлик энергиясини ишлаб чиқаришда бирламчи ёқилғи сифатида, асосан, табиий газ ва бошқа анъанавий углеводород ёқилғи турларидан фойдаланилмоқда. Бу борада жорий йилнинг 10 июль куни бўлиб ўтган ҳукумат йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Энергетика соҳасида фақат табиий газ ва кўмирдан фойдаланишни давом эттираверсак, уларнинг мавжуд заҳираси маълум вақтдан кейин тугаб қолиши мумкин. Бу эса келажак авлод олдида кечириб бўлмайдиган хато ва жиноят бўлади”, - деб таъкидлаб ўтдилар. Шу муносабат билан, бугунги кунда Ўзбекистонда қайта тикланувчи энергетикани янада ривожлантиришнинг ҳуқуқий асосларини белгилаб бериш мақсадида махсус қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш зарурияти пайдо бўлди.

Шулардан келиб чиққан ҳолда, қайта тикланувчи энергия манбаларини кенг ривожлантириш ва жорий этишга йўналтирилган норматив-ҳуқуқий базани яратиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 26 майдаги ПҚ‑3012‑сонли Қарори билан тасдиқланган 2017-2021 йилларда қайта тикланувчи энергетикани янада ривожлантириш, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳада энергия самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари Дастурида Ўзбекистон Республикасининг “Қайта тикланувчи энергия манбалари тўғрисида”ги қонуни лойиҳасини ишлаб чиқиш ва уни қабул қилиш белгилаб берилди.

Муҳокама этилган қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг мазкур Қарори ҳамда 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни кенгайтириш борасида белгиланган устувор йўналишларини рўёбга чиқариш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг бир гуруҳ депутатлари томонидан ишлаб чиқилган ва жорий йилнинг 21 июлида Қонунчилик палатасида биринчи ўқишда қабул қилинган.

Қонун лойиҳасини қабул қилишдан мақсад мамлакатнинг иқтисодий, энергетика ва экологик хавфсизлигини мустаҳкамлаш борасида энергия ишлаб чиқиш жараёнларида углеводород ресурсларини тежаш ҳамда атроф муҳитга таъсирни камайтириш мақсадларида қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш кўламини кенгайтиришнинг ҳуқуқий асосларини белгилашдан иборатдир.

Таклиф этилаётган қонун лойиҳасида қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишларини белгилаш ва соҳани ривожлантиришнинг устуворлигини таъминлаш назарда тутилмоқда. Бунда қайта тикланувчи энергия манбаларидан энергия ишлаб чиқарувчиларнинг фаолиятини тартибга солишнинг ҳуқуқий нормаларини белгилаш билан бир қаторда уларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш мақсадида имтиёз ва преференциялар бериш тартиби белгиланган. Инвестицион фаолиятни рағбатлантириш, шу жумладан миллий ва хорижий инвесторлар учун қулай шароитлар яратишнинг ҳуқуқий механизми яратилмоқда. Соҳани ривожлантириш мақсадида энергия тарифи сиёсати белгилаб қўйилмоқдаки, бу ўз навбатида халқаро инвесторлар учун қулай инвестицион муҳит яратиш имконини беради. Қайта тикланувчи энергетика соҳасига тадбиркорлик субъектларини жалб қилган ҳолда генерация қувватларини ошириш ва уларнинг ягона энергетика тармоқларига уланиш тартиб-таомиллари белгилаб қўйилмоқда. Қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш соҳасида махсус давлат органининг ваколатлари ҳамда унинг ҳузуридаги соҳани ривожлантиришга йўналтирилган махсус жамғарма ташкил этилиши кўрсатиб ўтилмоқда. Шунингдек, қонун лойиҳасида соҳани ривожлантиришнинг бошқа ҳуқуқий механизмлари белгилаб берилмоқда.

Йиғилишда қонун ташаббускорлари томонидан «Қайта тикланувчи энергия манбалари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳасини ишлаб чиқишнинг зарурати, ривожланган давлатларнинг бу борадаги қонунчилик тажрибаси ва амалиёти кенг ёритилди. Таъкидланганидек, ҳозирги кунда дунёнинг 100 дан ортиқ давлатларида ҚТЭМ соҳасидаги муносабатларни тартибга солувчи махсус қонунлар қабул қилинган. Хусусан, Германия, Хитой, Украина, Қозоғистон ва бошқа давлатларнинг мазкур йўналишдаги қонунлари, Европа Иттифоқининг бир қатор Директиваларининг мазмун-моҳияти, асосий принциплари ҳамда уларнинг миллий қонунчилигимизга имплементация қилиш мумкин бўлган жиҳатлари муҳокама этилди.

“Ўзбекэнерго” АЖ, Солиқ ҳамда Божхона қўмиталари, Савдо-саноат палатаси мутахассислари томонидан қонун лойиҳасини соҳада бозор муносабатларини “яшил иқтисодиёт” тамойиллари асосида юритишни белгиловчи ҳуқуқий нормалар билан тўлдириш, Фанлар академияси, Олий ва ўрта махсус таълим ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирликлари вакиллари томонидан эса соҳадаги илмий салоҳият, таълим, “ноу-хау” тизимидаги тренинглар ва малака ошириш масалаларини ҳам қамраб олиш таклифлари билдирилди. Ушбу йўналишида фаолият юритувчи тадбиркорлик субъектлари вакиллари сўзга чиқиб, қонун лойиҳаси нормаларида тадбиркорлик субъектларига имтиёз ва преференцияларнинг берилиши ўта долзарб эканлигини эътироф этишди ҳамда ўз таклиф-мулоҳазаларини билдиришди.

Шунингдек, тадбирда сиёсий партиялар фракциялари вакилларининг ҳам мазкур қонун лойиҳаси юзасидан таклиф ва мулоҳазалари тингланди. Хусусан, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон либерал демократик партияси фракцияси вакили З.Ханиязовнинг таъкидлашича, қайта тикланувчи энергия манбалари орқали иқтисодиёт тармоқларини, ҳудудларимизни, аҳолини узлуксиз энергия билан таъминлаш мумкин, бу эса кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантиришга ва иқтисодиётнинг барқарор ривожланишига хизмат қилади. Шу сабабли қайта тикланувчи энергия манбаларидан энергия ишлаб чиқарувчи тадбиркорлик субъектлари учун қонун лойиҳасида “яшил тариф”ларнинг жорий этилиши соҳада қулай инвестицион муҳитни яратишга имкон беради. Муҳокама қилинаётган қонун лойиҳасининг концептуал ғоялари ва нормалари ЎзЛиДеПнинг иқтисодиётни либераллаштириш, тадбиркорликни ривожлантириш борасидаги ғоя ва мақсадларига тўла мослиги қайд этилди. Шу боисдан, ЎзЛиДеП фракцияси аъзолари ушбу қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда ҳам тўла қўллаб-қувватлаши таъкидланди.

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси вакили Н.Мухторовнинг фикрига кўра, Ўзбекистонда қайта тикланувчи энергия манбаларидан, энг аввало, қуёш энергиясидан фойдаланиш соҳасида илмий ва экспериментал тадқиқотлар олиб бориш борасида салмоқли тажриба тўпланган бўлиб, улар юзасидан бир қанча миллий илмий ишланмалар яратилган. Республикада Марказий Осиёда ўхшаши йўқ илмий-экспериментал марказ — Фанлар академиясининг «Физика-Қуёш» илмий-ишлаб чиқариш бирлашмаси ҳамда Қуёш энергияси халқаро институти фаолият олиб бормоқда. Ўтказилаётган тадқиқотларнинг натижалари мамлакат иқтисодиётининг турли тармоқ ва соҳаларида амалда экспериментал равишда кенг кўламда қўлланилмоқда. Мамлакатимизнинг турли ҳудудларида қатор тадбиркорлик субъектлари томонидан ҳар хил қувватлардаги фотоэлектрик қурилмаларни ишлаб чиқариш ўзлаштирилган. Кўплаб олий ўқув юртлари ва касб-ҳунар коллежларида мазкур соҳа учун малакали кадрлар тайёрланиб келинмоқда. Партиянинг дастурий мақсадларидан келиб чиққан ҳолда муҳокама этилаётган қонун лойиҳасида жаҳон стандартларига тўла мос келадиган қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларининг маҳаллий ишлаб чиқариш қувватларини устувор қўллаб-қувватлаш ҳамда улар экспорт салоҳиятини оширишнинг ҳуқуқий асосларини таъминловчи нормаларни киритиш мақсадга мувофиқдир. Яъни, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга асосий эътиборни қаратиш зарур. Бу орқали энергетика соҳасидаги барқарорлик ва хавфсизлик, бировга қарам бўлмаслик каби масалалар ҳам ўз ечимини топади. Шуларни эътиборга олган ҳолда “Миллий тикланиш” демократик партиясифракцияси аъзолари муҳокама этилаётган қонун лойиҳасини қўллаб-қувватлаши билдирилди.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси вакили А.Юнусованинг таъкидлашича, партиянинг Сайловолди дастурида аҳолига кўрсатиладиган коммунал хизматларнинг узлуксиз ва юқори сифатли бўлиши учун соҳада рақобат муҳитини ривожлантириш, жумладан, энергиянинг муқобил ва қайта тикланадиган манбаларини ҳамда ресурсларни тежайдиган технологияларни қўллаш ҳисобига коммунал хизматлар таннархини пасайтириш ва тарифларнинг тегишлича барқарорлаштиришни таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилган. Мазкур қонун лойиҳасини такомиллаштириш мақсадида соҳада махсус ваколатли органни аниқ кўрсатиш ва улар ваколатларига аниқлик киритиш мақсадга мувофиқдир. Мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилинишидан мамлакат аҳолиси, айниқса, партия электорати жуда катта манфаатдордир.

“Адолат” СДП фракцияси вакили Ё.Холияровнинг таъкидлашича, “Адолат” СДПси ўз Сайловолди дастурида энергия ҳажмини камайтириш, қатъий тежаш тартиби, ишлаб чиқариш харажатлари ва маҳсулот таннархини камайтириш, муқобил энергия манбалари соҳасидаги қонун ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва такомиллаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратган. Партия энергиянинг мавжуд барча муқобил турларини комплекс равишда ривожлантириш орқали рақобатли энергетика бозорини ташкил этишни рағбатлантириш ғоясини илгари суради. Шу муносабат билан, энг аввало, соҳани ривожлантириш учун муҳокама этилаётган қонун лойиҳасини қабул қилиш лозим. Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши, ушбу соҳанинг жадал тараққий этишига, бу эса ўз навбатида иқтисодиётимизнинг узлуксиз ривожланишини таъминлашга, маҳаллий даражада мавжуд бўлган энергия билан боғлиқ муаммоларнинг ҳал бўлишига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг табиатни муҳофаза қилиш соҳасидаги халқаро мажбуриятларининг бажарилишига хизмат қилади.

Экоҳаракат депутатлари гуруҳи аъзоси Ф.Қуватовнинг қайд этишича,мамлакат иқтисодиётининг рақобатбардошлигини ошириш, иқтисодиётни ва унинг етакчи тармоқларини модернизация қилиш, техник ва технологик жиҳатдан янгилашни жадаллаштириш, саноатнинг қайта ишлаш тармоқларини ривожлантириш билан ҳамоҳанг равишда саноатнинг барча тармоқларида энергия сарфини камайтиришга, айниқса келажак энергияси ҳисобланаётган қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишга муҳим аҳамият қаратилиши зарур. Чунки, бутун республика иқтисодиётини таъминлайдиган электроэнергия манбаининг катта қисми фақатгина қазиб олинадиган ёқилғи ҳисобидан олиниши атроф муҳитга жуда катта зарар етказувчи омил бўлиб қолмоқда. Шу боисдан, Экоҳаракат депутатлари гуруҳи аъзолари мазкур қонун лойиҳасини Қонунчилик палатаси мажлиси муҳокамасига иккинчи ўқишда киритишни қўллаб-қувватлайди.

Йиғилиш якунида Ишчи гуруҳи томонидан маромига етказилган ва иккинчи ўқишга тайёрланган «Қайта тикланувчи энергия манбалари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳасини Қонунчилик палатаси мажлиси муҳокамасига киритиш учун тақдим этиш юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.

 Ўзбекистон экологик ҳаракати

logo_uz