foto1 foto2 foto3 foto4 foto5


Baner text 1

Baner text 2

Baner text 3

Baner text 4

Baner text 5

Get Adobe Flash player

Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётига дахлдор бўлган бир қатор қонун лойиҳалари муҳокама қилинди.

Дастлаб депутатлар Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ҳар томонлама прагматик ва одилона ташқи сиёсати натижасида Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамиятидаги ўрни ва роли тобора юксалиб бораётганини алоҳида қайд этдилар. Хусусан, Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдўғоннинг юртимизга ташриф буюриши икки мамлалакат ўртасидаги стратегик муносабатларнинг сифат жиҳатдан янги босқичга кўтарилганлигидан далолатдир.

Фракция аъзолари Туркия етакчисининг Олий  Мажлис Қонунчилик палатасида қилган нутқи ва унинг аҳамияти ҳақида тўхталиб, мазкур тарихий воқеа барча соҳалар қатори икки мамлакат ўртасидаги парламентлараро муносабатларни мустаҳкамлашга хизмат қилишини эътироф этишди. Қолаверса, савдо-иқтисодий соҳада эришилган келишувлар мамлакатимизда тадбиркорликнинг кенг ривожланишига, кўплаб янги иш ўринларининг яратилишига, пировардида, халқимиз фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилади. Буларнинг барчаси 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларнинг ҳаётга тўла тадбиқ этилаётганлигининг исботидир.

– Олий Мажлис палаталарининг халқаро парламентлараро муносабатлари ҳам тобора ривожланиб бормоқда, – дейди ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси Абдурашид Абдуқодиров. – . Бугунги кунда Олий Мажлисда чет давлатларнинг парламентлари билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида 23 та дўстлик гуруҳи ва комиссия фаолият кўрсатмоқда. Улар орасида Президентимизнинг ўтган йил 25-26 октябрь кунлари Туркияга амалга оширган давлат ташрифи чоғида асос солинган “Ўзбекистон – Туркия” парламентлараро дўстлик гуруҳи самарали фаолият кўрсатяпти. Туркия парламентининг Туркия – Ўзбекистон дўстлик гуруҳи раиси жаноб Ҳайдар Али Йилдиз бошчилигидаги парламент делегацияси Олий Мажлисга ташрифи доирасида кўплаб келишувларга эришилиб, истиқболли режаларнинг муҳокама қилингани бунинг ёрқин ифодасидар.

Йиғилишида депутатлар, шунингдек “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини кўриб чиқдилар.

Мазкур қонун лойиҳаси давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси фаолиятини тубдан такомиллаш-тириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ юклатилган вазифа ва функцияларни амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқлаштиришни назарда тутиш учун ишлаб чиқилган, – дейди ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси Нилуфар Саидахметова. – Унга кўра, “Биржалар ва биржа фаолияти тўғрисида”, “Валютани тартибга солиш тўғрисида”, “Нотариат тўғрисида”, “Хориждан маблағ жалб қилиш тўғрисида”ги қонунларга тегишли таклифлар асосида ўзргартириш киритиш ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ва Бюджет кодексларига ўзгартиришлар киритиш таклиф этилмоқда. Масалан, “Биржалар ва биржа фаолияти тўғрисида”ги қонунга Ҳисоб палатаси зиммасига қонун ҳужжатларига мувофиқ юклатилган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида унга биржа битими тўғрисидаги ахборотларнинг тақдим қилиниши билан боғлиқ қоидани киритиш масаласи илгари сурилмоқда.

Фракция аъзоларининг фикрича, таклиф этилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар орқали Ҳисоб палатасининг фаолиятини тартибга солиш билан боғлиқ ҳужжатларда белгилаб берилган унинг асосий вазифалари ва функциялари бошқа қонун ҳужжатларида ҳам акс эттирилиши таъминланади.

“Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 27-моддасига ўзгартиш киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди.

– Фракциямиз аъзолари мазкур масалани бевосита партиямизнинг дастурий мақсад ва вазифаларидан назарда тутилган асосий йўналишлар асосида кўриб чиқдилар, – дейди ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси Муродулла Турсунов. –Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг нормаларини Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси ва “Банкротлик тўғрисида”ги қонуннинг нормаларига мувофиқлаштириш мақсадида унинг 27-моддасига иқтисодий судларнинг судловига якка тартибдаги тадбиркор мақомини йўқотган жисмоний шахсларни ҳам, агар пул мажбуриятлари ва мажбурий тўловлар бўйича мажбуриятлар аввалги тадбиркорлик фаолиятидан келиб чиққан бўлса, банкрот деб топиш тўғрисидаги ишлар тааллуқли эканлигини киритиш таклиф этилмоқда.

Масаланинг ЎзЛиДеП учун аҳамияти шундан иборатки, партия мулкдорлар, тадбиркорлар, фермер ва ишбилармонлар ҳуқуқлари ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилишни таъминловчи қонунчилик меъёрлари ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш, тадбиркорлик субъектлари юридик жавобгарлик тизимини либераллаштириш тарафдоридир.

Йиғилишда кун тартибига киритилган бошқа қонун лойиҳалари ҳам депутатлар томонидан атрофлича муҳокама қилиниб, кўриб чиқилган барча масалалар юзасидан фракциянинг тегишли қарори қабул қилинди.

Манбаъ: http://parliament.gov.uz/

logo_uz