foto1 foto2 foto3 foto4 foto5


Baner text 1

Baner text 2

Baner text 3

Baner text 4

Baner text 5

Get Adobe Flash player

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ТАБИАТНИ МУҲОФАЗА ҚИЛИШ ДАВЛАТ ҚЎМИТАСИ
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ИЧКИ ИШЛАР ВАЗИРЛИГИНИНГ

Қарори

 

АҲОЛИ ПУНКТЛАРИДА ЁВВОЙИ ҲАЙВОНЛАРНИ САҚЛАШ ҚОИДАЛАРИНИ ТАСДИҚЛАШ ТЎҒРИСИДА

 

(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2012 й., 25-сон, 282-модда)

[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2012 йил 21 июнда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 2373]

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 8 июлдаги 202-сон «Қаровсиз қолган ҳайвонларни тутиш ва сақлаш билан боғлиқ хизматлар фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорининг (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2011 й., 28-сон, 290-модда) 9-бандига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ва Ички ишлар вазирлиги қарор қилади:

1. Аҳоли пунктларида ёввойи ҳайвонларни сақлаш қоидалари иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилган кундан бошлаб ўн кун ўтгандан кейин кучга киради.

Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси Н. УМАРОВ

Тошкент ш.,

2012 йил 18 май,

5-сон

Ички ишлар вазири Б. МАТЛЮБОВ

Тошкент ш.,

2012 йил 18 май,

18-сон

Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ва Ички ишлар вазирлигининг 2012 йил 18 майдаги 5, 18-сон қарорига
ИЛОВА

Аҳоли пунктларида ёввойи ҳайвонларни сақлаш

ҚОИДАЛАРИ

Мазкур Қоидалар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 28 октябрдаги 508-сон «Биология ресурсларидан оқилона фойдаланиш, уларни Ўзбекистон Республикасига олиб кириш ва унинг ташқарисига олиб чиқиш устидан назоратни кучайтириш тўғрисида»ги (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2004 й., 44-сон, 459-модда) ва 2011 йил 8 июлдаги 202-сон «Қаровсиз қолган ҳайвонларни тутиш ва сақлаш билан боғлиқ хизматлар фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2011 й., 28-сон, 290-модда) қарорларига мувофиқ эпизоотик ҳолатларга қарши тадбирларни кучайтириш, фуқароларнинг ҳаёти, соғлиғини ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш, санитария-гигиена, ветеринария қоидалари ва нормаларига риоя қилинишини таъминлаш мақсадида аҳоли пунктларида ёввойи ҳайвонларни сақлаш тартибини белгилайди.

I боб. Умумий қоидалар

1. Мазкур Қоидаларда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:

тутқунликда сақлаш — ёввойи ҳайвонларга улар тор (тўсилган) жойда яшайдиган шароитлар яратиш (қафасда, темир панжарали жойда, аквариумда, террариумда, боғланган ҳолда сақлаш ва ҳоказо);

ёввойи ҳайвонлар — хонакилаштирилмаган ҳайвонлар;

питомник — инсоннинг доимий назорати остида бўлган ва ҳайвонларни урчитиш учун фойдаланиладиган, ҳайвонларнинг назорат қилинадиган ҳудуддан чиқиб кетишига тўсқинлик қилувчи чегараларга эга бўлган назорат қилинадиган ҳудуд (муҳит).

2. Ёввойи ҳайвонлар белгиланган тартибда махсус жиҳозланган хоналарда (жонли бурчакларда) ва очиқ майдончаларда, (ҳайвонот боғлари, питомниклар, фермаларда) шунингдек турар жойларда сақланиши мумкин.

3. Ёввойи ҳайвонлар қонун ҳужжатлари, шу жумладан мазкур Қоидаларнинг талабларига жавоб берадиган шароитларда ҳайвонларга инсонийлик билан муносабатда бўлишнинг умумэътироф этилган нормаларига мувофиқ сақланиши керак.

II боб. Ёввойи ҳайвонларга эга бўлиш

4. Ёввойи ҳайвонларга эга бўлиш қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилиши лозим.

5. Ёввойи ҳайвонлар зоология дўконларидан, ҳайвонот боғларидан сотиб олинганлиги, чет эл давлатларидан олиб келинганлиги, ов қилиш йўли билан ёки балиқ овлашда қўлга киритилганлиги ва ҳоказолар тўғрисида тегишли ҳужжатлар мавжуд бўлган тақдирда қонун ҳужжатларига мувофиқ олинган деб ҳисобланади.

Тасдиқловчи ҳужжатлар бўлиб, касса чеклари, юк хатлари, ов қилиш ёки балиқ овлашга рухсатномалар, ҳайвонларни Ўзбекистонга олиб киришга Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан берилган рухсатномалар ҳисобланиши мумкин.

6. Ёввойи ҳайвонлар билан савдо қилиш қонун ҳужжатларига мувофиқ питомниклар, зоология дўконлари ва ҳайвонларни сотиш бўйича ихтисослаштирилган бозорларда амалга оширилиши мумкин.

Ёввойи ҳайвонлар билан савдо қилиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 13 февралдаги 75-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2003 й., 3-сон, 27-модда) билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида чакана савдо қоидаларига мувофиқ амалга оширилади.

III боб. Сақлашга қўйиладиган талаблар

7. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 28 октябрдаги 508-сон қарори билан тасдиқланган Ҳайвонот дунёси объектларидан фойдаланиш, уларни Ўзбекистон Республикасига олиб кириш ва унинг ташқарисига олиб чиқиш ҳамда овчилик-балиқ овлаш хўжалигини юритиш тартиби тўғрисида низомга мувофиқ ёввойи ҳайвонларнинг барча турлари фақат Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан бериладиган рухсатномалар бўйича тутқунликда сақланиши мумкин, зоология дўконларидан сотиб олинган ёввойи ҳайвонлар бундан мустасно.

8. Ўзбекистон Республикасининг Қизил китобига киритилган ёввойи ҳайвонларни ҳамда заҳарли ҳайвонларни ҳаёт фаолияти маҳсулотларини олиш мақсадида тутқунликда сақлашга фақат Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси билан келишган ҳолда ташкил этиладиган махсус питомникларда йўл қўйилади.

9. Ёввойи ҳайвонларни сақлаш ва урчитиш бўйича питомниклар Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасида ҳисобга қўйилади.

10. Ёввойи ҳайвонларни тутқунликда ёки питомникда сақлашга рухсатнома берилган шахслар ҳар йили, 1 январгача, Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасига ўзларидаги ҳайвонларнинг сони, тур таркиби ва ҳолати тўғрисида ахборот бериши шарт. Ҳайвон нобуд бўлган тақдирда, уни сақлайдиган шахс ҳайвон нобуд бўлган кундан бошлаб ўн кун ичида Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасига унинг нобуд бўлиши сабаби тўғрисидаги ветеринария хулосасини тақдим этиши шарт.

11. Ёввойи ҳайвонларни доимий ёки вақтинча сақлаш учун фойдаланиладиган вольерлар, қафаслар, террариумлар ва бошқа хоналар ўз майдони ва ҳажмига кўра ёввойи ҳайвонларнинг ҳаёти учун қулай шарт-шароитларни таъминлаши, шунингдек уларни аҳоли пунктларида сақлаш учун мазкур Қоидаларнинг иловасида белгиланган шароитлар, шунингдек ветеринария-санитария қоидалари ва нормаларига жавоб бериши лозим.

12. Қуйидагилар тақиқланади:

ёввойи ҳайвонларни Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг рухсатисиз сақлаш;

ёввойи ҳайвонларни (беданадан ташқари) умумий мулкдан фойдаланиладиган (зинапоя майдончалари, чердаклар, ертўлалар, ўтиладиган даҳлизлар), умумий овқатланиш ва савдо жойларида сақлаш;

Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг рухсатномасисиз тутқунликда ва питомникларда сақланаётган ҳайвонларни ўзбошимчалик билан табиатга чиқариб юбориш;

қутуришга ҳамда одам ва ҳайвонлар учун умумий хавфли бўлган бошқа алоҳида зооноз касалликларига қарши эмланмаган ҳайвонларни сақлаш;

ёввойи ҳайвонларни тажовузли хатти-ҳаракатларга ундаш.

13. Ёввойи ҳайвонларни жонсизлантиришга қуйидаги ҳолларда йўл қўйилади:

яшаб кетишга қодир бўлмаган ҳайвоннинг азоб чекишини тўхтатиш зарур бўлганда, башарти азобланишни бошқа усулда тўхтатиш мумкин бўлмаса;

ҳайвонлар қутурган тақдирда;

одамлар ёки ҳайвонларнинг ҳаёти ва соғлиғига хавф солаётган ҳайвонни зарарсизлантириш учун;

қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳайвонлар сонини тартибга солишда.

14. Мазкур Қоидаларнинг 13-банди иккинчи хатбошисида назарда тутилган ҳолларда ёввойи ҳайвонларни жонсизлантириш инсонийлик тамойиллари асосида фақатгина ветеринария мутахассиси томонидан амалга оширилади.

15. Ёввойи ҳайвонлардан ва питомникларда ўстирилган, йўқ бўлиб кетиш хавфи остидаги ёввойи фауна ва флора турлари билан халқаро савдо тўғрисидаги конвенциянинг (CITES Конвенцияси) иловасига кирадиган ҳайвонлардан фойдаланишга қонун ҳужжатларига ва CITES Конвенцияси иловаларига мувофиқ йўл қўйилади.

Ўзбекистон Республикасининг Қизил китобига киритилган ва питомникларда ўстирилган ёввойи ҳайвонлардан фойдаланиш Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг назорати остида амалга оширилади.

IV боб. Ёввойи ҳайвонлар эгаларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

16. Ёввойи ҳайвонлар эгалари қуйидаги ҳуқуқларга эга:

а) ёввойи ҳайвонларга эгалик қилиш;

б) ёввойи ҳайвонларни сақлаш;

в) ёввойи ҳайвонларни урчитиш;

г) ҳайвонлар ва улардан олинган наслни ўз хоҳишига қараб бошқариш.

17. Ёввойи ҳайвонлар эгалари қуйидаги мажбуриятларга эга:

а) ёввойи ҳайвонларни уларнинг биологик хусусиятларига мувофиқ сақлашга, уларга нисбатан инсонийлик билан муомалада бўлишга, овқатсиз ва сувсиз қолдирмасликка, касалланган ҳолатларда эса малакали ветеринария ёрдами кўрсатилишини таъминлашга;

б) ёввойи ҳайвонлар сақланадиган жойларни ва уларга туташиб кетган ҳудудни ветеринария-санитария ва зоогигиена талабларига мувофиқ сақлашга;

в) табиатни муҳофаза қилиш давлат органлари вакилларига улар томонидан ёввойи ҳайвонларни сақлашни назорат қилишлари учун ёввойи ҳайвонлар ва уларни сақлаш маконларига киришларига эркин шароит яратишга;

г) ёввойи ҳайвонларни кўздан кечиришлари, диагностик тадқиқотлар ва даволаш-профилактика ишларини олиб бориш ҳамда эмлаш учун ветеринария мутахассисларига имкониятлар яратиб беришга;

д) жамоат тартибини ва фуқароларнинг хотиржамлигини таъминлаш, одамлар ва ҳайвонларнинг ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилиш мақсадида давлат санитария-эпидемиология ва давлат ветеринария назорати органлари, шунингдек табиатни муҳофаза қилиш давлат органлари ва ички ишлар органлари мансабдор шахсларининг кўрсатмаларини бажаришга;

е) ёввойи ҳайвонни сақлаш тақиқланганда уни бошқа шахсга беришга (сотишга), ёввойи ҳайвонлар учун маконга жойлаштиришга ёки жонсизлантириш тўғрисидаги ариза билан давлат ветеринария назорати органларига мурожаат қилишга;

ж) ёввойи ҳайвоннинг нотинчлик келтириб чиқармайдиган ва атрофдагиларга хавф туғдирмайдиган хатти-ҳаракатини таъминлашга, фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига, уларнинг мол-мулкига, шунингдек ҳайвонларга зарар етказилишининг олдини олишга;

з) ёввойи ҳайвонлар инсонни ёки бошқа ҳайвонни тишлаб олганда ёхуд бошқа жароҳатлар етказганда:

жабрланганни дастлабки тиббий ёрдам кўрсатиш учун поликлиникага (ветеринария поликлиникасига) ёки бошқа тиббиёт муассасасига олиб боришга;

ёввойи ҳайвонлар тўсатдан нобуд бўлиши, бир неча ҳайвоннинг бир вақтда касалланиши ёки улар ўзларини одатдан ташқари ҳолатда тутиши тўғрисида ветеринария мутахассисларини хабардор қилишга;

ветеринария мутахассислари етиб келгунга қадар касаллик белгилари борлигига шубҳа қилинаётган ҳайвонларни ва касаллик туфайли нобуд бўлган деб шубҳа қилинаётган ҳайвонларнинг мурдаларини алоҳида сақлашга.

V боб. Якуний қоидалар

18. Ноқонуний сақланган ёввойи ҳайвонлар табиатни муҳофаза қилиш давлат органлари томонидан олиб қўйилиши ва ҳайвонлар уч ой муддатгача ҳайвонот боғларида ёки ёввойи ҳайвонлар сақланадиган маконларда вақтинча сақлашга берилади.

19. Вақтинча сақлаш даври мобайнида олиб қўйилган ҳайвоннинг эгаси аниқланган камчиликларни бартараф этганда ҳамда ҳайвонни сақлаш харажатларини қоплаган тақдирда олиб қўйилган ҳайвонни қайтариб олиши мумкин.

20. Вақтинча сақлаш даври тугаган ва эгалари томонидан талаб этилмаган ҳайвонлар ҳайвонот боғига, ёввойи ҳайвонлар сақланадиган маконга мулк ҳуқуқи асосида берилади.

21. Ёввойи ҳайвонлар томонидан фуқароларнинг соғлиғига ёки уларнинг мол-мулкига келтирилган зарар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қопланади.

22. Мазкур Қоидаларга риоя этилиши устидан назоратни табиатни муҳофаза қилиш давлат органлари, давлат ветеринария назорати органлари, шунингдек ички ишлар органлари ҳамда соғлиқни сақлаш муассасалари амалга оширади.

23. Мазкур Қоидалар талабларининг бузилишида айбдор шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарликка тортиладилар.

24. Мазкур Қоидалар Ўзбекистон Республикасининг Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Фанлар академияси билан келишилган.

Қишлоқ ва сув хўжалиги вазири З. РЎЗИЕВ

2012 йил 14 май

Соғлиқни сақлаш вазири А. ИКРАМОВ

2012 йил 15 май

Фанлар академияси Президенти Ш. САЛИХОВ

2012 йил 16 май

Аҳоли пунктларида ёввойи ҳайвонларни сақлаш қоидаларига
ИЛОВА

Ёввойи ҳайвонларни аҳоли пунктларида сақлаш шароитлари (битта дона учун минимал ҳисоб)

№‎

Ёввойи ҳайвон‎

Сақлаш жойининг тури‎

Майдони м2

Юқорилиги м ‎

Ҳажми‎

1.‎

Майда сутэмизувчилар
‎(кемирувчилар, ҳашаротхўрлар, сассиқкўзан ва ҳоказо) ‎

Қафас, вольер
‎(4 дона учун) ‎

1 ‎

1,5-2‎

2.‎

Ўрта сутэмизувчилар
‎(ондатра, қуён, тулки, бўрсиқ ва ҳоказо) ‎

Қафас, вольер
‎(1 дона учун) ‎

4‎

2-2,5‎

3.‎

Бўри, силовсин, қоплон, жайра, гепард
‎ва ҳоказо‎

Қафас, вольер
‎(1 дона учун) ‎

5-6‎

2-2,5‎

4.‎

Шер, йўлбарс, айиқ‎

Қафас, вольер
‎ (1 дона учун) ‎

10-12‎

2,5-3‎

5.‎

Ёввойи чўчқа, эчкилар, қўйлар, елик‎

Қафас, вольер
‎ (1 дона учун) ‎

10-12‎

2,5-3‎

6.‎

Майда маймунлар‎

Қафас, вольер
‎(1 дона учун) ‎

1‎

1,2-1,5‎

7.‎

Ўрта маймунлар‎

Қафас, вольер
‎(1 дона учун) ‎

4-5‎

3-4‎

8.‎

Туёқлилар‎

Қафас, вольер
‎(1 дона учун) ‎

15-20‎

4‎

9.‎

Майда чумчуқсимон қушлар, майда тўтиқушлар ва ҳоказо‎

Қафас, вольер
‎(10 дона учун) ‎

1‎

1‎

10.‎

Қирғовуллар, какликлар, тўтиқушлар ва ҳоказо‎

Қафас, вольер
‎(10 дона учун) ‎

1‎

2‎

11.‎

Ўрдаклар, ғозлар, казаркалар ва‎ ҳоказо‎

Қафас, вольер
‎(10 дона учун)‎

1‎

1,5-2‎

12.‎

Бургутлар, йирик лочинсимонлар ва
‎ҳоказо‎

Қафас, вольер
‎ (10 дона учун)‎

4‎

2,5-3‎

13.‎

Оқ қушлар, бирқозонлар‎

Қафас, вольер
‎(10 дона учун)‎

4‎

2‎

14.‎

Турналар, лайлаклар, қарқаралар ва
‎ҳоказо‎

Қафас, вольер
‎(10 дона учун)‎

4‎

2,5-3‎

15.‎

Страуслар‎

Қафас, вольер
‎ (10 дона учун)‎

10-12‎

2,5-3‎

16.‎

Қафас, вольер (10 дона учун)‎

Қафас, вольер
‎(10 дона учун)‎

3‎

2,5-3‎

17.‎

Майда судралиб юрувчилар (асл
‎калтакесаклар, агамалар, тўгаракбошлар,
‎90 см гача бўлган илонлар ва ҳоказо)‎

Қафас, вольер
‎(6 — 10 дона учун) ‎

1‎

0,6‎

18.‎

2 м гача бўлган илонлар, эчкемарлар‎

Қафас, вольер
‎(4 дона учун) ‎

1‎

0,8-1‎

19.‎

2 м дан ошган илонлар (бўғма илонлар, питонлар, анаконда ва ҳоказо)‎

Қафас, вольер
‎ (4 дона учун) ‎

3‎

1,8-2‎

20.‎

Игуаналар, сув агамаси ва ҳоказо‎

Қафас, вольер
‎(2 дона учун) ‎

1,5-2‎

2-2,5‎

21.‎

2 м гача бўлган тимсоҳлар‎

Қафас, вольер
‎(2 дона учун) ‎

3‎

1,5-2‎

22.‎

2 м дан ошган тимсоҳлар‎

Қафас, вольер
‎(2 дона учун) ‎

5‎

2-2,5‎

23.‎

Тошбақалар (чўл, ботқоқ ва ҳоказо)‎

Қафас, вольер
‎(4 дона учун) ‎

1‎

0,8-1‎

24‎

Йирик тошбақалар ‎

Қафас, вольер
‎(4 дона учун) ‎

2‎

2-2,5‎

25.‎

Амфибиялар (тритон, қурбақалар,
‎бақалар ва ҳоказо)

Қафас, вольер
‎ (10 дона учун) ‎

1‎

0,5‎

26.‎

Майда балиқлар‎

аквариум‎

2 л‎

27.‎

Ўрта балиқлар‎

аквариум‎

4-5 л‎

28.‎

Йирик балиқлар (товонбалиқ, олабуға, пираньялар ва ҳоказо)‎

аквариум‎

5-6 л‎

29.‎

Сазан, лаққалар, чўртанбалиқ ва ҳоказо‎

аквариум‎

10 — 12 л‎

30.‎

Осетрсимонлар, акулалар‎

аквариум‎‎

50 — 60 л‎

Изоҳ. Йирик йиртқич ҳайвонлар (шер, йўлбарс, айиқ ва ҳоказо) учун қафас, вольер ичида уни йиғиштириш пайтида ҳайвонларни кўчириш учун ёндош қафаслар мўлжалланган бўлиши керак.

Қафас, вольер ости бетонланган ёки металланмаган бўлмаслиги керак.

Ҳаёт тарзи сув билан боғлиқ ҳайвонлар (тимсоҳлар, сув тошбақалари, сувда сузувчи қушлар ва ҳоказо) учун сув ҳавзалари мўлжалланган бўлиши керак.

Кўчиб юрувчи ҳайвонот боғларининг транспорт қафасларида термоизоляция (совуқ ва иссиқ йил фаслларида) ва ҳаёт жараёни учун етарли майдон юқорида қайд этилган ўлчамларга асосан мавжуд бўлиши шарт.

Қафаслар, вольерлар, террариумлар табиий атроф муҳит воситалари (тошлар, шоҳлар, дарахт тўсинлари ва ҳоказо) билан жиҳозланишлари керак.

logo_uz