foto1 foto2 foto3 foto4 foto5


Baner text 1

Baner text 2

Baner text 3

Baner text 4

Baner text 5

Get Adobe Flash player

Ўзбекистон Республикасининг қонуни

МЕТРОЛОГИЯ ТЎҒРИСИДА

 

(Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1994 й., 2-сон, 48-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2000 й., 5-6-сон, 153-модда; 2003 й., 5-сон, 67-модда)

I БЎЛИМ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

1-модда. Асосий тушунчалар

Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар ишлатилмоқда:

«метрология» — ўлчовлар, уларнинг ягона бирликда бўлишини таъминлаш усуллари ва воситалари ҳамда талаб қилинадиган аниқликка эришиш йўллари ҳақидаги фан;

«ягона ўлчов бирлиги» — ўлчовларнинг натижалари қонунлаштирилган бирликларда акс эттирилган ва хатоликлари берилган эҳтимолликда маълум бўлган ўлчов ҳолати;

«ўлчов воситаси» — ўлчовлар учун фойдаланиладиган ва нормаланган метрологик хусусиятга эга бўлган техника воситаси;

«бирлик эталони» — физик ўлчам бирлигини бошқа ўлчов воситаларига ўтказиш мақсадида уни қайта ҳосил қилиш ва сақлаш учун мўлжалланган ўлчов воситаси;

«давлат эталони» — ваколат берилган миллий органнинг қарори билан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ўлчов бирлигининг ўлчами сифатида эътироф этилган эталон;

«метрология хизмати» — давлат органлари ва юридик шахсларнинг метрология хизматлари тармоғи ҳамда уларнинг ўлчовлар ягона бирликда бўлишини таъминлашга қаратилган фаолияти;

«давлат метрология назорати» — метрология қоидаларига риоя этилишини текшириш мақсадида давлат метрология хизмати органлари амалга оширадиган фаолият;

«ўлчов воситаларини текширувдан ўтказиш» — ўлчов воситаларининг белгилаб қўйилган техник талабларга мувофиқлигини аниқлаш ва тасдиқлаш мақсадида давлат метрология хизмати органлари (ваколат берилган бошқа органлар, ташкилотлар) томонидан бажариладиган операциялар мажмуи;

«ўлчов воситаларини калибрлаш» — метрологик жиҳатларнинг ҳақиқий қийматларини ва ўлчов бирликларининг қўллашга яроқлилигини аниқлаш ҳамда тасдиқлаш мақсадида калибрлаш лабораторияси бажарадиган операциялар мажмуи;

(1-модданинг ўн биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2003 йил 25 апрелдаги 482-II-сон Қонуни билан чиқариб ташланган — Олий Мажлис Ахборотномаси, 2003 й., 5-сон, 67-модда)

«ўлчов воситаларини метрологик аттестация қилиш» — ягона намуналарда ишлаб чиқариладиган (ёки Ўзбекистон ҳудудига ягона намуналарда олиб кириладиган) ўлчов воситаларининг хоссаларини синчиклаб тадқиқ этиш асосида улар қўлланиш учун ҳаққоний эканлигининг метрология хизмати томонидан эътироф этилиши;

«метрология хизматлари, марказлари, лабораторияларини аккредитация қилиш» — ўлчовларнинг ягона бирлигини таъминлаш ишларини аккредитация қилишни белгиланган соҳада ўтказишга метрология хизматлари, марказлари, лабораторияларининг ваколатли эканлигининг расмий эътироф этилиши;

«ўлчов воситаларини калибрлаш ҳуқуқига эга бўлиши учун юридик шахслар метрология хизматини аккредитация қилиш» — юридик шахслар метрология хизматининг белгиланган соҳада ўлчов воситаларини калибрлашдан ўтказишга ваколатли эканлигининг расмий эътироф этилиши;

«ўлчовларнинг бажарилиш услубиётларини метрологик аттестация қилиш» — ўлчовларни бажариш услубиётининг унга қўйилган метрология талабларига мослигини баҳолаш ҳамда тасдиқлаш мақсадида тадқиқот ўтказиш;

«ўлчовларнинг бажарилиш услубиёти» — операциялар ва қоидалар мажмуи бўлиб, уларнинг бажарилиши хатолари маълум бўлган ўлчов натижалари олишни таъминлайди.

(1-модданинг ўн бешинчи ва ўн олтинчи хатбошилари Ўзбекистон Республикасининг 2003 йил 25 апрелдаги 482-II-сон Қонуни таҳририда — Олий Мажлис Ахборотномаси, 2003 й., 5-сон, 67-модда)

(1-модда Ўзбекистон Республикасининг 2000 йил 26 майдаги 82-II-сон Қонунига мувофиқ ўн иккинчи—ўн олтинчи хатбошилар билан тўлдирилган — Олий Мажлис Ахборотномаси, 2000 й., 5-6-сон, 153-модда)

2-модда. Метрология тўғрисидаги қонун ҳужжатлари

Метрология тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Қонундан ва Ўзбекистон Республикасининг ўзга қонун ҳужжатларидан иборатдир.

Қорақалпоғистон Республикасида метрология соҳасидаги муносабатлар Қорақалпоғистон Республикаси қонун ҳужжатлари билан ҳам тартибга солинади.

3-модда. Халқаро шартномалар ва битимлар

Башарти халқаро шартномада ёки битимда Ўзбекистон Республикасининг метрология тўғрисидаги қонун ҳужжатларидагидан ўзгача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома ёки битим қоидалари қўлланади.

4-модда. Метрологияга оид фаолиятни давлат томонидан бошқариш

Метрологияга оид фаолиятни давлат томонидан бошқаришни метрология бўйича миллий орган — Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги («Ўзстандарт» агентлиги) амалга оширади.

(4-модданинг биринчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2003 йил 25 апрелдаги 482-II-сон Қонуни таҳририда — Олий Мажлис Ахборотномаси, 2003 й., 5-сон, 67-модда)

«Ўзстандарт» агентлиги ваколатига:

метрология соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш, метрологияга оид фаолиятни минтақалараро ва тармоқлараро мувофиқлаштириш;

миллий эталонларни яратиш, тасдиқлаш, сақлаш ва қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг халқаро даражада солиштирилишини таъминлаш қоидаларини белгилаш;

ўлчов воситалари, усуллари ва натижаларига қўйиладиган умумий метрологик талабларни аниқлаш;

давлат метрология текшируви ва назоратини амалга ошириш;

метрология масалалари бўйича норматив ҳужжатларни, шу жумладан давлатнинг бошқа бошқарув органлари билан ҳамкорликда Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида мажбурий кучга эга бўлган норматив ҳужжатларни қабул қилиш;

метрология соҳасида илмий ва муҳандис-техник кадрлар тайёрлаш;

Ўзбекистон Республикасининг метрология соҳасидаги халқаро шартномаларига риоя этилиши устидан назоратни амалга ошириш;

метрология масалалари бўйича халқаро ташкилотлар фаолиятида қатнашиш;

Ўзбекистон Республикасининг ўлчовларнинг ягона бирликда бўлишини таъминлаш тизими фаолият олиб бориши ва ривожланишини ҳамда унинг халқаро ўлчов тизими ва бошқа мамлакатларнинг ўлчовлар тизимлари билан уйғунлашувини таъминлаш;

истеъмолчилар ҳуқуқларини, фуқароларнинг соғлиғи ва хавфсизлигини, атроф муҳитни ҳамда давлат манфаатларини нотўғри ўлчов натижаларининг салбий оқибатларидан муҳофаза қилишга доир чора-тадбирларни амалга ошириш киради.

(4-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2003 йил 25 апрелдаги 482-II-сон Қонуни таҳририда — Олий Мажлис Ахборотномаси, 2003 й., 5-сон, 67-модда)

41-модда. Ўлчовларнинг ягона бирликда бўлишини таъминлашга оид норматив ҳужжатлар

Ўлчовларнинг ягона бирликда бўлишини таъминлашга оид, метрология нормалари ва қоидаларини белгиловчи ҳамда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида мажбурий кучга эга бўлган норматив ҳужжатларни тасдиқлаш ва давлат рўйхатидан ўтказишни «Ўзстандарт» агентлиги амалга оширади.

Ўзбекистон Республикасининг корхоналари, ташкилотлари, давлат бошқарув органлари, юридик шахслар бирлашмалари метрология соҳасидаги давлат метрология текшируви ва назорати татбиқ этиладиган доирадан ташқаридаги нормалар ва қоидаларни белгилайдиган, ўлчовларнинг ягона бирликда бўлишини таъминлашга оид, «Ўзстандарт» агентлиги томонидан тасдиқланган норматив ҳужжатларни аниқлаштирадиган ва уларга зид бўлмаган норматив ҳужжатларни ўз ваколатлари доирасида ишлаб чиқишлари ҳамда тасдиқлашлари мумкин.

(Қонун Ўзбекистон Республикасининг 2003 йил 25 апрелдаги 482-II-сон Қонунига мувофиқ 41-модда билан тўлдирилган — Олий Мажлис Ахборотномаси, 2003 й., 5-сон, 67-модда)

II БЎЛИМ. ФИЗИК ЎЛЧАМ БИРЛИКЛАРИ, УЛАРНИ ҚАЙТА ҲОСИЛ ҚИЛИШ ВА ҚЎЛЛАШ

5-модда. Физик ўлчам бирликлари

Ўзбекистон Республикасида Халқаро ўлчамлар тизими (СИ)нинг физик ўлчам бирликларини белгиланган тартибда қўллашга йўл қўйилади.Физик ўлчам бирликларининг номи, белгиси, уларни ёзиш ва қўллаш қоидалари «Ўзстандарт» агентлигининг тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.

(5-модданинг биринчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2003 йил 25 апрелдаги 482-II-сон Қонуни таҳририда — Олий Мажлис Ахборотномаси, 2003 й., 5-сон, 67-модда)

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Халқаро ўлчамлар тизимига киритилмаган ўлчамларни қўллашга рухсат бериши мумкин.

Ташқи савдо фаолиятини амалга ошириш чоғида контракт шартларига мувофиқ физик ўлчамларнинг ўзга бирликлари ҳам ишлатилиши мумкин.

6-модда. Физик ўлчамлар бирликларининг эталонлари

Физик ўлчамларнинг бирликлари эталонлар воситасида сақланади ва қайта тайёрланади.

Эталонларни яратиш, тасдиқлаш, сақлаш ва қўллаш тартибини «Ўзстандарт» агентлиги белгилайди.

(6-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2003 йил 25 апрелдаги 482-II-сон Қонуни таҳририда — Олий Мажлис Ахборотномаси, 2003 й., 5-сон, 67-модда)

7-модда. Ўлчов воситалари

Фойдаланишда бўлган ўлчов воситалари ўлчов натижаларининг қонунлаштирилган бирликларда белгилаб қўйилган аниқликда бўлишини таъминлаши ва қўллаш шартларига мос келиши лозим.

Техника воситаларини ўлчов воситаларига мансуб деб топиш мезонини «Ўзстандарт» агентлиги белгилайди.

(7-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2003 йил 25 апрелдаги 482-II-сон Қонуни таҳририда — Олий Мажлис Ахборотномаси, 2003 й., 5-сон, 67-модда)

8-модда. Ўлчовларни бажариш услубиётлари

Ўлчовларни бажариш услубиётлари ўлчов натижаларининг хатоликларини баҳолашни ўз ичига олиши ва ўлчов ўтказишнинг мавжуд шароитларида белгилаб қўйилган аниқликни таъминлаши лозим. Ўлчовлар белгиланган тартибда аттестация қилинган ўлчовларнинг бажарилиш услубиётларига мувофиқ ҳолда амалга оширилиши лозим.

(8-модданинг биринчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2000 йил 26 майдаги 82-II-сон Қонуни таҳририда — Олий Мажлис Ахборотномаси, 2000 й., 5-6-сон, 153-модда)

Ўлчовларни бажариш услубиётларини ишлаб чиқиш ва метрологик аттестация қилиш тартибини «Ўзстандарт» агентлиги белгилайди.

(8-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2003 йил 25 апрелдаги 482-II-сон Қонуни таҳририда — Олий Мажлис Ахборотномаси, 2003 й., 5-сон, 67-модда)

[ОКОЗ:

1.09.00.00.00 Тадбиркорлик ва хўжалик фаолияти / 09.07.00.00 Стандартлаштириш. Метрология. Сертификатлаш / 09.07.02.00 Метрология / 09.07.02.02 Метрология хизматлари]

III БЎЛИМ. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ МЕТРОЛОГИЯ ХИЗМАТЛАРИ

9-модда. Ўзбекистон Республикаси метрология хизматининг тузилиши

Ўзбекистон Республикаси метрология хизмати давлат метрология хизматидан ва юридик шахсларнинг метрология хизматларидан таркиб топади.

10-модда. Давлат метрология хизмати

«Ўзстандарт» агентлиги бошчилик қиладиган давлат метрология хизматига Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги давлат метрология хизмати органлари киради.

(10-модданинг биринчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2003 йил 25 апрелдаги 482-II-сон Қонуни таҳририда — Олий Мажлис Ахборотномаси, 2003 й., 5-сон, 67-модда)

Давлат метрология хизмати органлари давлат метрология текшируви ва назоратини, шунингдек фаолиятнинг бошқа турларини амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширади.

11-модда. Юридик шахсларнинг метрология хизматлари

Юридик шахсларнинг метрология хизматлари зарурат бўлган ҳолларда ўлчовларнинг ягона бирлигини таъминлаш бўйича ишларни бажариш ва метрология назоратини амалга ошириш учун тузилади.

Юридик шахслар метрология хизматларининг ҳуқуқ ва бурчлари давлат метрология хизмати органлари билан келишиб олинган низомлар билан белгиланади.

[ОКОЗ:

1.09.00.00.00 Тадбиркорлик ва хўжалик фаолияти / 09.07.00.00 Стандартлаштириш. Метрология. Сертификатлаш / 09.07.02.00 Метрология / 09.07.02.03 Давлат метрология текшируви ва назорат]

IV БЎЛИМ. ДАВЛАТ МЕТРОЛОГИЯ ТЕКШИРУВИ ВА НАЗОРАТИ

12-модда. Давлат метрология текшируви ва назоратини ўтказиш тартиби

Давлат метрология текшируви ва назорати давлат метрология хизмати органлари томонидан метрология нормалари ва қоидаларига риоя этилишини текшириш мақсадида амалга оширилади.

Давлат метрология текшируви ва назорати метрология соҳасидаги қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ амалга оширилади.

13-модда. Давлат метрология текшируви ва назорати объектлари

Қуйидагилар давлат метрология текшируви ва назоратининг объектлари ҳисобланади:

эталонлар;

ўлчов воситалари;

моддалар ва материаллар таркиби ҳамда хоссаларининг стандарт намуналари;

ахборот-ўлчов тизимлари;

ўлчовларни бажариш услубиётлари;

метрология нормалари ва қоидаларида назарда тутилган ўзга объектлар.

14-модда. Давлат метрология текшируви ва назорати татбиқ этиладиган доиралар

Давлат метрология текшируви ва назорати:

соғлиқни сақлаш, ветеринария, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш;

моддий бойликларни ва энергетика ресурсларини ҳисобга олиш;

савдо-тижорат, божхона, почта ва солиқ операцияларини ўтказиш, телекоммуникация хизматларини кўрсатиш;

(14-модда биринчи қисмининг тўртинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2000 йил 26 майдаги 82-II-сон Қонуни таҳририда — Олий Мажлис Ахборотномаси, 2000 й., 5-6-сон, 153-модда)

заҳарли, енгил алангаланувчан, портловчи ва радиоактив моддаларни сақлаш, ташиш ҳамда йўқ қилиб ташлаш;

давлат мудофаасини таъминлаш;

меҳнат хавфсизлигини ва транспорт ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш;

сертификатланадиган маҳсулотнинг хавфсизлиги ва сифатини аниқлаш;

геодезик ва гидрометеорологик ишлар;

ўлчов воситаларини давлат синовидан, текширувдан, калибрлашдан, таъмирлаш ва метрологик аттестациядан ўтказиш;

фойдали қазилмаларни қазиб олиш;

миллий ва халқаро спорт рекордларини рўйхатга олишга нисбатан татбиқ этилади.

Ўзбекистон Республикасининг норматив ҳужжатларига биноан давлат метрология текшируви ва назорати фаолиятнинг ўзга доираларига нисбатан ҳам татбиқ этилиши мумкин.

15-модда. Давлат метрология текшируви ва назорати турлари

Давлат метрология текшируви қуйидаги тарзда амалга оширилади:

ўлчов воситаларининг турларини синаш ва тасдиқлаш;

ўлчов воситаларини ҳамда ўлчовларнинг бажарилиш услубиётларини метрологик аттестация қилиш;

ўлчов воситаларини, шу жумладан эталонларни текширувдан ўтказиш, калибрлаш;

ўлчов воситаларини ҳамда ўлчовларнинг бажарилиш услубиётларини синаш, текширувдан ўтказиш, метрологик аттестация қилиш, ўлчов воситаларини ва метрология фаолиятнинг бошқа муайян турларини калибрлаш ҳуқуқига эга бўлиши учун метрология хизматлари, марказлари, лабораторияларини аккредитация қилиш;

юридик ва жисмоний шахсларнинг ўлчов воситаларини тайёрлаш, реализация қилиш, уларнинг ижараси билан шуғулланишга доир фаолияти лицензияланаётганда мазкур шахсларнинг белгиланган метрология нормалари ва қоидаларига риоя этишларини баҳолаш ҳамда тасдиқлаш;

ўлчовларнинг бажарилиш сифатини ва метрология фаолиятининг бошқа турларини баҳолаш.

Давлат метрология назорати:

ўлчов воситаларини тайёрлаш, таъмирлаш, уларнинг ижараси билан шуғулланиш, уларни реализация қилиш, уларнинг ҳолати ва қўлланилиши (физик ўлчамлар бирликлари эталонларини, моддалар ва материаллар таркиби ҳамда хоссаларининг стандарт намуналарини, ўлчов тизимларини қўшган ҳолда);

ўлчовларнинг бажарилиш услубиётларининг қўлланилиши;

белгиланган метрология нормалари ва қоидаларига риоя этилиши ҳамда аккредитация қилинган метрология хизматлари, марказлари, лабораториялари фаолияти устидан амалга оширилади.

Зарур ҳолларда «Ўзстандарт» агентлиги қарорига биноан метрология текшируви ва назоратнинг бошқа турлари ва шакллари ҳам белгиланиши мумкин.

(15-модданинг матни Ўзбекистон Республикасининг 2003 йил 25 апрелдаги 482-II-сон Қонуни таҳририда — Олий Мажлис Ахборотномаси, 2003 й., 5-сон, 67-модда)

16-модда. Ўлчов воситаларининг турларини тасдиқлаш

Ушбу Қонуннинг 14-моддасида кўрсатилган доираларда фойдаланиладиган, ишлаб чиқарилиши ва импорт бўйича четдан олиб келиниши лозим бўлган ўлчов воситалари давлат синовларидан (кейинчалик уларнинг турини тасдиқлаш шарти билан) ёки метрологик аттестациядан ўтказилиши лозим.

Ўлчов воситаларининг давлат синовларини ўтказиш, турини тасдиқлаш ва Давлат реестрига киритишни «Ўзстандарт» агентлиги амалга оширади.

(16-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2003 йил 25 апрелдаги 482-II-сон Қонуни таҳририда — Олий Мажлис Ахборотномаси, 2003 й., 5-сон, 67-модда)

Тасдиқланган ўлчов воситаларига ёки уларнинг фойдаланиш ҳужжатларига ишлаб чиқарувчи Давлат реестри белгисини қўйиши шарт.

Бошқа давлатларнинг ўлчов воситаларини синаш ва метрологик аттестациялаш натижалари тузилган шартномалар ҳамда битимларга мувофиқ эътироф этилади.

17-модда. Ўлчов воситаларини текширувдан ўтказиш

Текширувдан ўтказилиши лозим бўлган ўлчов воситалари туркумларининг рўйхати «Ўзстандарт» агентлиги томонидан тасдиқланади.

(17-модданинг биринчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2003 йил 25 апрелдаги 482-II-сон Қонуни таҳририда — Олий Мажлис Ахборотномаси, 2003 й., 5-сон, 67-модда)

Юридик шахсларнинг аккредитация қилинган метрологик хизматларига ўлчов воситаларини текширувдан ўтказиш ҳуқуқи берилиши мумкин.

Бошқа давлатларда амалга оширилган ўлчов воситаларини текшириш натижалари халқаро шартномалар ва битимлар асосида эътироф этилади.

171-модда.Ўлчов воситаларини калибрлаш

Ушбу Қонуннинг 14-моддасида кўрсатиб ўтилганидан бўлак соҳаларда қўлланиладиган ва мажбурий текширувдан ўтказилмайдиган ўлчов воситалари уларни ишлаб чиқариш, реализация қилиш, ишлатиш, ижарага бериш, таъмирлашда ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб киришда калибрлашдан ўтказилиши мумкин.

Ўлчов воситаларини калибрлаш ҳуқуқи юридик шахсларнинг аккредитация қилинган метрология хизматларига берилиши мумкин.

Юридик шахсларнинг метрология хизматларини ўлчов воситаларини калибрлаш ҳуқуқига эга бўлиши учун аккредитация қилиш тартиби ва калибрлашни ўтказиш тартиби «Ўзстандарт» агентлиги томонидан белгиланади.

(171-модданинг учинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2003 йил 25 апрелдаги 482-II-сон Қонуни таҳририда — Олий Мажлис Ахборотномаси, 2003 й., 5-сон, 67-модда)

(Қонун Ўзбекистон Республикасининг 2000 йил 26 майдаги 82-II-сон Қонунига мувофиқ 171-модда билан тўлдирилган — Олий Мажлис Ахборотномаси, 2000 й., 5-6-сон, 153-модда)

18-модда. Ўлчов воситаларини тайёрлаш, реализация қилиш ва уларнинг ижараси билан шуғулланиш учун юридик ва жисмоний шахсларнинг фаолиятига лицензия бериш

Ушбу Қонуннинг 14-моддасида кўрсатилган доирада қўлланилиши мумкин бўлган ўлчов воситаларини тайёрлаш, реализация қилиш ва уларнинг ижараси билан шуғулланиш қонун ҳужжатларига мувофиқ бериладиган лицензия асосида юридик ва жисмоний шахслар томонидан амалга оширилади.

(18-модда Ўзбекистон Республикасининг 2003 йил 25 апрелдаги 482-II-сон Қонуни таҳририда — Олий Мажлис Ахборотномаси, 2003 й., 5-сон, 67-модда)

181-модда. Метрология ишлари ва хизматларини амалга ошириш ҳуқуқи билан таъминлаш учун юридик ва жисмоний шахсларни аккредитация қилиш

Норматив ва техник ҳужжатларни метрологик экспертиза қилиш, ўлчовларнинг бажарилиш услубиётларини метрологик аттестация қилиш, ушбу Қонуннинг 14-моддасида кўрсатилган доирада қўлланилиши ва фойдаланилиши мумкин бўлган ўлчов воситаларини текширувдан ўтказиш, калибрлаш, таъмирлаш, синаш, метрологик аттестация қилишни амалга ошириш ҳуқуқи билан таъминлаш учун юридик ва жисмоний шахсларни аккредитация қилиш «Ўзстандарт» агентлиги томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади.

(Қонун Ўзбекистон Республикасининг 2003 йил 25 апрелдаги 482-II-сон Қонунига мувофиқ 181-модда билан тўлдирилган — Олий Мажлис Ахборотномаси, 2003 й., 5-сон, 67-модда)

[ОКОЗ:

1.09.00.00.00 Тадбиркорлик ва хўжалик фаолияти / 09.07.00.00 Стандартлаштириш. Метрология. Сертификатлаш / 09.07.04.00 Стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик]

19-модда. Метрология нормалари ва қоидаларини бузганлик учун жавобгарлик

Ушбу Қонуннинг қоидалари, шунингдек метрология нормалари ва қоидалари бузилишида айбдор бўлган Ўзбекистон Республикасининг юридик ва жисмоний шахслари, давлат бошқарув органлари амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўладилар.

V БЎЛИМ. МЕТРОЛОГИЯ ИШЛАРИНИ МОЛИЯВИЙ ТАЪМИНЛАШ

20-модда. Давлат томонидан албатта молиявий таъминлаш

Давлат томонидан қуйидагилар:

метрологияни ривожлантириш истиқболларини ишлаб чиқиш;

метрология соҳасида расмий ахборотлар билан таъминлаш;

метрология бўйича халқаро, минтақавий ташкилотларнинг ишида қатнашиш ва метрология бўйича чет эл миллий хизматлари билан ишлар бажариш;

метрология бўйича халқаро, минтақавий нормалар ҳамда қоидаларни ишлаб чиқиш ва ишлаб чиқишга қатнашиш;

метрология соҳасидаги норматив ҳужжатларни ишлаб чиқиш;

метрология бўйича умумдавлат аҳамиятига молик илмий-тадқиқот ва ўзга ишларни ўтказиш;

ўлчовларнинг ягона бирлигини таъминлашга доир «Ўзстандарт» агентлиги томонидан тасдиқланадиган норматив ҳужжатларни ишлаб чиқиш;

(20-модданинг саккизинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2003 йил 25 апрелдаги 482-II-сон Қонуни таҳририда — Олий Мажлис Ахборотномаси, 2003 й., 5-сон, 67-модда)

физик ўлчам бирликларининг эталонларини ва ўта аниқ намунавий ўлчов воситаларини ишлаб чиқиш, такомиллаштириш, ясаш, сақлаш, қўллаш, сотиб олиш ва асраш, шунингдек уларнинг халқаро даражада солиштирилишини таъминлаш;

(20-модданинг тўққизинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2003 йил 25 апрелдаги 482-II-сон Қонуни таҳририда — Олий Мажлис Ахборотномаси, 2003 й., 5-сон, 67-модда)

моддалар ва материаллар таркиби ҳамда ҳоссаларининг стандарт намуналарини, шунингдек моддалар ва материалларнинг физик константалари ҳамда хоссаларига оид стандарт справка маълумотлари ишлаб чиқиш ва жорий этиш давлат тизимларини ривожлантиришга доир ишлар;

давлат метрология текшируви ва назоратига доир ишлар албатта бюджетдан молиявий таъминланиши шарт.

(20-модданинг ўн биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2003 йил 25 апрелдаги 482-II-сон Қонуни таҳририда — Олий Мажлис Ахборотномаси, 2003 й., 5-сон, 67-модда)

21-модда. Метрология ишлари ва хизматлари учун ҳақ тўлаш

Ўлчов воситаларини синаш, текширувдан ўтказиш, ўлчовларнинг бажарилиш услубиётларини аттестация қилиш, норматив ва техник ҳужжатларни метрологик экспертиза қилиш, техник жиҳатдан асослилиги ҳамда белгиланган метрология нормалари ва қоидаларига мувофиқлигини баҳолаш, ўлчовларнинг бажарилиш сифатини баҳолаш бўйича юридик ҳамда жисмоний шахсларга кўрсатилаётган метрология ишлари ва хизматлари учун, шунингдек метрология фаолиятининг давлат томонидан молиялаштириш соҳасига кирмайдиган турлари учун манфаатдор шахслар томонидан ҳақ тузиладиган шартномаларнинг шартларига мувофиқ тўланади.

(21-модда Ўзбекистон Республикасининг 2003 йил 25 апрелдаги 482-II-сон Қонуни таҳририда — Олий Мажлис Ахборотномаси, 2003 й., 5-сон, 67-модда)

Ўзбекистон Республикасининг Президенти И. КАРИМОВ

Тошкент ш.,

1993 йил 28 декабрь,

1004-XII-сон

logo_uz