foto1 foto2 foto3 foto4 foto5


Baner text 1

Baner text 2

Baner text 3

Baner text 4

Baner text 5

Get Adobe Flash player

Ўзбекистон Республикасининг қонуни

АТМОСФЕРА ҲАВОСИНИ МУҲОФАЗА ҚИЛИШ ТЎҒРИСИДА

 

(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1997 й., 2-сон, 52-модда; 2003 й., 9-10-сон, 149-модда; Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари тўплами, 2006 й., 41-сон, 405-модда)

1-модда. Атмосфера ҳавоси табиатни муҳофаза қилиш объекти сифатида

Атмосфера ҳавоси табиий ресурсларнинг таркибий қисми бўлиб, у умуммиллий бойлик ҳисобланади ва давлат томонидан муҳофаза қилинади.

2-модда. Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари

Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Қонун ва Ўзбекистон Республикасининг бошқа қонун ҳужжатларидан иборатдир.

Қорақалпоғистон Республикасида атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш соҳасидаги муносабатлар Қорақалпоғистон Республикасининг қонун ҳужжатлари билан ҳам тартибга солинади.

3-модда. Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг асосий вазифалари

Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

атмосфера ҳавосининг табиий таркибини сақлаш;

атмосфера ҳавосига зарарли кимёвий, физикавий, биологик ва бошқа хил таъсир кўрсатилишининг олдини олиш ҳамда камайтириш;

давлат органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, жамоат бирлашмалари ва фуқароларнинг атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш соҳасидаги фаолиятини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш.

4-модда. Фуқароларнинг ҳаёт учун қулай атмосфера ҳавосига эга бўлиш ҳуқуқи ва уни сақлаш соҳасидаги мажбуриятлари

Фуқаролар ҳаёт ва соғлиқ учун қулай атмосфера ҳавосига эга бўлиш, атмосфера ҳавосининг ҳолати ҳамда уни муҳофаза қилиш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисида ўз вақтида ва ишончли ахборот олиш, атмосфера ҳавосига ифлослантирувчи моддалар ва биологик организмлар чиқарилиши ҳамда физикавий омилларнинг атмосферага зарарли таъсир кўрсатиши орқали ўзларининг саломатлигига ҳамда мулкига зиён етказилган ҳолларда зарарни ундириб олиш ҳуқуқига эгадирлар.

Фуқаролар атмосфера ҳавосини авайлашлари, унинг ифлосланишига, камайишига ва унга физикавий омиллар зарарли таъсир этишига олиб келувчи ҳаракатларни қилмасликлари шарт.

[ОКОЗ:

1.11.00.00.00 Атроф табиий муҳит ва табиий ресурслар / 11.08.00.00 Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш қонунчилиги / 11.08.02.00 Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш борасидаги давлат бошқаруви. Атмосфера ҳавоси ҳолати мониторинги. Атмосфера ҳавоси ҳолати юзасидан кузатув хизмати. Атмосфера ҳавосини назорат қилиш]

5-модда. Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш соҳасида давлат бошқаруви

Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш соҳасида давлат бошқарувини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари амалга оширадилар.

6-модда. Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш соҳасидаги стандартлар

Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш соҳасидаги стандартлар атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тартибини, унинг ҳолати устидан назорат усулларини аниқлаб беради, атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш бўйича ўзга талабларни белгилайди.

Инсон учун атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш соҳасидаги стандартлар (санитария нормалари) Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланади.

Атроф табиий муҳит объектлари учун атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш, иқлимни ва озон қатламини сақлаш соҳасидаги стандартлар Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан тасдиқланади.

[ОКОЗ:

1.11.00.00.00 Атроф табиий муҳит ва табиий ресурслар / 11.08.00.00 Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш қонунчилиги / 11.08.04.00 Атмосфера ҳавоси сифатини меъёрлаш. Атмосфера ҳавосига зарарли таъсир кўрсатишнинг нормативлари ва стандартлари]

7-модда. Атмосфера ҳавоси сифатининг нормативлари

Атмосфера ҳавосининг ҳолатини баҳолашда Ўзбекистон Республикаси ҳудуди учун атмосфера ҳавоси сифатининг қуйидаги ягона нормативлари белгиланади:

атмосфера ҳавосида ифлослантирувчи моддалар ва биологик организмларнинг инсон ва атроф табиий муҳит объектлари учун йўл қўйиладиган даражада тўпланиши;

физикавий омиллар атмосфера ҳавосига акустик, электромагнит, ионлаштирувчи ва бошқа хил зарарли таъсир кўрсатишининг инсон ва атроф табиий муҳит объектлари учун йўл қўйиладиган даражалари.

Қонун ҳужжатларида айрим минтақалар учун атмосфера ҳавоси сифати нормативларига нисбатан оширилган талаблар белгилаб қўйилиши мумкин.

Атмосфера ҳавоси сифати нормативлари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ишлаб чиқилади ва тасдиқланади.

[ОКОЗ:

1.11.00.00.00 Атроф табиий муҳит ва табиий ресурслар / 11.08.00.00 Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш қонунчилиги / 11.08.04.00 Атмосфера ҳавоси сифатини меъёрлаш. Атмосфера ҳавосига зарарли таъсир кўрсатишнинг нормативлари ва стандартлари]

8-модда. Доимий манбалардан атмосфера ҳавосига зарарли таъсир кўрсатиш нормативлари

Атмосфера ҳавосига ифлослантирувчи моддалар, биологик организмлар чиқаришнинг ҳамда унга физикавий омиллар зарарли таъсир кўрсатишининг йўл қўйиладиган доирадаги нормативлари атмосфера ҳавосига чиқиндилар чиқарувчи ёки зарарли физикавий таъсир кўрсатувчи ҳар бир доимий манба учун ифлослантирувчи моддалар, биологик организмлар ва физикавий таъсир кўрсатиш омилларининг ҳар бири бўйича белгиланади.

Ҳавони ифлослантирувчи доимий манбалардан атмосфера ҳавосига ифлослантирувчи моддалар, биологик организмлар чиқаришнинг йўл қўйиладиган доирадаги нормативлари ҳамда унга физикавий омиллар зарарли таъсир кўрсатишининг йўл қўйиладиган доирадаги нормативлари корхоналар, муассасалар, ташкилотлар томонидан ишлаб чиқилади ва тегишинча Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланади.

Атмосфера ҳавосига ифлослантирувчи моддалар ва биологик организмлар чиқаришнинг йўл қўйиладиган доирадаги нормативларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш тартиби Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан, атмосфера ҳавосига физикавий омиллар зарарли таъсир кўрсатишининг йўл қўйиладиган доирадаги нормативларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш тартиби эса — Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан белгилаб қўйилади.

[ОКОЗ:

1.11.00.00.00 Атроф табиий муҳит ва табиий ресурслар / 11.08.00.00 Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш қонунчилиги / 11.08.04.00 Атмосфера ҳавоси сифатини меъёрлаш. Атмосфера ҳавосига зарарли таъсир кўрсатишнинг нормативлари ва стандартлари]

9-модда. Атмосфера ҳавосидан фойдаланиш нормативлари

Ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун атмосфера ҳавосидан фойдаланиш нормативлари атмосфера ҳавосининг табиий таркиби ўзгаришига олиб келмайдиган даражада белгиланади.

Атмосфера ҳавосидан фойдаланиш нормативлари корхоналар, муассасалар, ташкилотлар томонидан ишлаб чиқилади ва Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан тасдиқланади.

Атмосфера ҳавосидан фойдаланиш нормативларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш тартиби Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан белгилаб қўйилади.

[ОКОЗ:

1.11.00.00.00 Атроф табиий муҳит ва табиий ресурслар / 11.08.00.00 Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш қонунчилиги / 11.08.04.00 Атмосфера ҳавоси сифатини меъёрлаш. Атмосфера ҳавосига зарарли таъсир кўрсатишнинг нормативлари ва стандартлари]

10-модда. Кўчма манбалардан атмосфера ҳавосига зарарли таъсир кўрсатиш нормативлари

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ишлаб чиқариладиган ва фойдаланиладиган кўчма манбалар учун ишлатилган газлардаги ифлослантирувчи моддалар ва улар физикавий омилларининг атмосфера ҳавосига зарарли таъсир кўрсатиш нормативлари белгиланади. Бу нормативларни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш тартиби тегишинча Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ва Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгилаб қўйилади.

[ОКОЗ:

1.11.00.00.00 Атроф табиий муҳит ва табиий ресурслар / 11.08.00.00 Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш қонунчилиги / 11.08.03.00 Атмосфера ҳавосига ифлослантирувчи моддалар ва биологик организмларни чиқаришга ва атмосфера ҳавосини истеъмол қилишга рухсат бериш тартиби]

11-модда. Доимий ифлослантирувчи манбалардан атмосферага ифлослантирувчи моддалар ва биологик организмлар чиқаришни ҳамда атмосфера ҳавосидан фойдаланишни тартибга солиш

Доимий ифлослантирувчи манбалардан атмосферага ифлослантирувчи моддалар ва биологик организмлар чиқаришга ҳамда атмосфера ҳавосидан фойдаланишга Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан бериладиган рухсатнома асосида йўл қўйилади.

12-модда. Атмосфера ҳавосига физикавий омилларнинг зарарли таъсир кўрсатишини тартибга солиш

Атмосфера ҳавосига физикавий омилларнинг зарарли таъсир кўрсатиши йўл қўйиладиган тегишли даражадан ошмаслиги зарур.

Атмосфера ҳавосига физикавий омилларнинг зарарли таъсир кўрсатишига қонун ҳужжатларида белгиланган ҳолларда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан бериладиган рухсатнома асосида йўл қўйилиши мумкин.

13-модда. Атмосфера ҳавосига зарарли таъсир кўрсатишни ҳамда ундан фойдаланишни чеклаш, тўхтатиб қўйиш ёки тугатиш

Атмосферага ифлослантирувчи моддалар, биологик организмлар чиқариш, унга физикавий омилларнинг зарарли таъсир кўрсатиши ҳамда атмосфера ҳавосидан фойдаланишга доир рухсатномаларда назарда тутилган шартлар ва талабларни бузиш билан боғлиқ фаолият маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан уларнинг ваколат доирасида қабул қилган қарорига кўра чекланиши, тўхтатиб қўйилиши, зарарли таъсир кўрсатиш сабабларини бартараф этиш мумкин бўлмаган тақдирда эса — тугатилиши мумкин. Тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини чеклаш, тўхтатиб қўйиш (фавқулодда вазиятлар, эпидемиялар ҳамда аҳолининг ҳаёти ва саломатлиги учун бошқа реал хавф юзага келишининг олдини олиш билан боғлиқ ҳолда ўн иш кунидан кўп бўлмаган муддатга чеклаш, тўхтатиб қўйиш ҳоллари бундан мустасно) ёки тугатиш суд тартибида амалга оширилади.

(13-модданинг матни Ўзбекистон Республикасининг 2006 йил 10 октябрдаги ЎРҚ-59-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2006 й., 41-сон, 405-модда)

14-модда. Ёқилғи ва ёнилғи-мойлаш материаллари сифатига доир талаблар

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фойдаланиладиган ёқилғи ва ёнилғи-мойлаш материалларининг барча турлари Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси билан келишилган стандартлар талабларига мос бўлиши лозим.

15-модда. Ўзбекистон Республикаси ҳудудига транспорт воситалари ва бошқа қатнов воситалари ҳамда қурилмаларини олиб кириш ва уларнинг кириб келиши шартлари

Транспорт воситалари ва бошқа қатнов воситалари ҳамда қурилмалари кўрсатадиган салбий таъсир ишлатилган газлардаги ифлослантирувчи моддалар миқдорига ва улар физикавий омилларининг зарарли таъсир кўрсатишига доир Ўзбекистон Республикаси ҳудудида амал қиладиган нормативлардан ошмаган тақдирдагина Ўзбекистон Республикаси ҳудудига бу воситалар ва қурилмаларни олиб киришга ва уларнинг кириб келишига йўл қўйилади.

16-модда. Транспорт воситалари ва бошқа қатнов воситалари ҳамда қурилмаларини ишлаб чиқариш ва улардан фойдаланиш

Ишлатилган газлар чиқариб юборилганида улардаги ифлослантирувчи моддаларнинг миқдори ёки улар физикавий омилларининг зарарли таъсир кўрсатиши нормативлардан юқори бўлган транспорт воситалари ва бошқа қатнов воситалари ҳамда қурилмаларини ишлаб чиқариш ва улардан фойдаланиш тақиқланади.

Транспорт воситалари ва бошқа қатнов воситалари ҳамда қурилмаларининг эгалари ишлатилган газлардаги ифлослантирувчи моддаларнинг миқдори ва улар физикавий омилларининг зарарли таъсир кўрсатиши нормативларига риоя қилинишини таъминлашлари шарт.

17-модда. Транспорт воситалари ва бошқа қатнов воситалари ҳамда қурилмаларини таъмирлайдиган ва уларга техник хизмат кўрсатадиган корхоналар ва ташкилотлар олдига қўйиладиган талаблар

Атмосфера ҳавосига зарарли таъсир кўрсатувчи транспорт воситалари ва бошқа қатнов воситалари ҳамда қурилмаларини таъмирлайдиган ва уларга техник хизмат кўрсатадиган корхоналар ва ташкилотлар ишлатилган газлардаги ифлослантирувчи моддалар миқдорининг ҳамда улар физикавий омиллари зарарли таъсир кўрсатишининг нормативларга мувофиқлигини текшириш ва тартибга солиб туришни таъминлайдилар.

18-модда. Кимёвий моддаларни ишлаб чиқариш ва улардан фойдаланиш

Кимёвий моддаларни ишлаб чиқарувчи ёки улардан фойдаланувчи корхона ва ташкилотлар бундай моддаларнинг атмосфера ҳавосида йўл қўйиладиган даражада тўпланиш нормативларини, уларни назорат қилиш усуллари ва экологик-токсикологик паспортларини Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги белгилаган тартибда ишлаб чиқадилар.

Ишлатиш тақиқланган ва ишлатишга яроқсиз бўлиб қолган кимёвий моддаларни зарарсизлантириш Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги берадиган рухсатнома асосида амалга оширилади.

Кимёвий моддаларни ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаси, уларнинг ўсишини тезлаштирувчи омил, минерал ўғит ва бошқа препаратлар сифатида фақат ердан туриб ишлатишга йўл қўйилади. Қишлоқ хўжалиги экинларига кимёвий моддалар билан ишлов бериш қонун ҳужжатларида белгилаб қўйилган тартибда амалга оширилади.

19-модда. Озон қатламига зарарли таъсир кўрсатишнинг олдини олишга доир талаблар

Таркибида озонни бузувчи моддалар бўлган буюмлардан фойдаланувчи ва уларни таъмирловчи корхоналар, муассасалар ҳамда ташкилотлар бундай моддалар ҳисобга олинишини ва улар озон учун хавфсиз моддалар билан алмаштирилишини таъминлашлари лозим.

20-модда. Минерал хом ашёни қазиб олиш, ташиш ва қайта ишлаш пайтида атмосфера ҳавосини муҳофаза қилишга доир талаблар

Минерал хом ашёни қазиб олиш, ташиш ва қайта ишлаш атмосфера ҳавосини ифлослантиришнинг олдини олиш ёки ифлослантириш даражасини камайтириш қоидаларига риоя қилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси билан келишилган усулларда амалга оширилиши шарт.

21-модда. Ишлаб чиқариш ва истеъмол чиқиндиларини жойлаштириш ёки кўмиб ташлашга доир талаблар

Атмосфера ҳавосини ифлослантирувчи манба бўлиши ёки ҳавога бошқа тарзда зарарли таъсир кўрсатиши мумкин бўлган техноген ҳосилаларни аҳоли пунктлари ҳудудида ёки уларга яқин ерларда жойлаштириш тақиқланади.

Атмосфера ҳавосини ифлослантирувчи манба ҳисобланадиган ишлаб чиқариш ва истеъмол чиқиндилари қайта ишланиши, тозаланиши, дезодорация қилиниши ёки махсус полигонларда сақланиши зарур, бундай полигонларнинг жойи маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ва Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг рухсати билан белгиланади.

22-модда. Атмосфера ҳавосининг ҳолатига таъсир кўрсатувчи корхоналар, иншоотлар, транспорт магистраллари ва бошқа объектларни жойлаштириш, лойиҳалаш, қуриш, қайта қуриш ва фойдаланишга топшириш

Корхоналар, иншоотлар, транспорт магистраллари ва бошқа объектларни жойлаштириш, лойиҳалаш, қуриш, қайта қуриш ва фойдаланишга топшириш, ишлаб турган технология жараёнлари ва асбоб-ускуналарни такомиллаштириш ҳамда янгиларини жорий этиш атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя қилган ҳолда амалга оширилиши шарт.

Атмосфера ҳавосининг ҳолатига таъсир кўрсатувчи корхоналар, иншоотлар, транспорт магистраллари ва бошқа объектларни қуриш жойларини белгилаш, уларни қуриш ҳамда қайта қуриш лойиҳалари маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ва Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан келишиб олинади.

23-модда. Кашфиётлар, ихтиролар, саноат намуналарини, техника ва технологияларни жорий этиш пайтида атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш талабларига риоя этиш

Атмосфера ҳавосининг ҳолатига, иқлимга ва озон қатламига зарарли таъсир кўрсатиши мумкин бўлган кашфиётлар, ихтиролар, саноат намуналарини жорий этишни, техника, технологиялар, асбоб-ускуналар, хом ашё ва материаллардан, ёқилғидан фойдаланишни ҳамда тайёр маҳсулот чиқаришни сертификатсиз ёки унда белгиланган кўрсаткичдан четга чиққан ҳолда амалга оширишга йўл қўйилмайди.

24-модда. Корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш соҳасидаги мажбуриятлари

Фаолияти атмосфера ҳавосига ифлослантирувчи моддалар, биологик организмлар, иссиқхона газлари ва озонни бузувчи моддалар чиқариш ҳамда атмосфера ҳавосига физикавий омилларнинг зарарли таъсир кўрсатиши билан боғлиқ бўлган корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар қуйидагиларни бажаришга мажбурдирлар:

атмосферага чиқарилган чиқиндиларни тозалаш ва зарарли физикавий таъсирни камайтириш учун иншоотлар, асбоб-ускуналар ва аппаратуралардан, шунингдек улар устидан назорат қилиш воситаларидан фойдаланиш қоидаларига риоя қилиш;

хўжалик объектлари теварагида санитария-муҳофаза зоналари барпо этиш;

чиқиндилар чиқаришни ҳамда зарарли физикавий таъсирни камайтириш чора-тадбирларини кўриш;

чиқариладиган чиқиндилар ҳамда физикавий омиллар зарарли таъсирининг йўл қўйиладиган доирадаги нормативларига риоя қилиш устидан назорат ўрнатиш, уларнинг ҳисобини юритиш ва белгиланган тартибда статистика ҳисоботини тақдим этиш;

энергияни тежайдиган технологияларни жорий этиш, ёқилғи-энергетика ресурсларини тежаш, экологик жиҳатдан тоза энергия манбаларидан фойдаланиш чора-тадбирларини кўриш;

метеорология шароитлари ноқулай келиши кутилаётганлиги муносабати билан атмосфера ҳавосига ифлослантирувчи моддалар ва биологик организмлар чиқаришни камайтириш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси билан келишилган ҳолда чора-тадбирлар кўриш;

корхоналар ва транспорт коммуникацияларининг таъсир доирасида атроф муҳитга ҳамда аҳоли саломатлигига зарарли таъсир кўрсатилишини баҳолаш;

кучли таъсир этувчи заҳарли моддалар ҳамда буғланувчи бирикмаларни сақлаш, улардан фойдаланиш ва улардан бўшаган идишларни зарарсизлантириш шартларига риоя қилиш;

атмосферага бирваракайига ва авария туфайли чиқиндилар чиқиши, яширин хавфли вазиятлар юзага келишининг олдини олиш, шунингдек атмосфера ҳавосининг чегаралараро ифлосланишини камайтириш чора-тадбирларини кўриш;

чиқиндиларни йўқ қилишни таъминлаш ҳамда улар тўпланиб қолганида ва қайта ишланаётганида атмосфера ҳавосини ифлослантиришнинг олдини олиш чора-тадбирларини кўриш.

Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш чора-тадбирларини бажариш тупроқ, сув ва атроф табиий муҳитнинг бошқа объектлари ифлосланишига олиб келмаслиги лозим.

[ОКОЗ:

1.11.00.00.00 Атроф табиий муҳит ва табиий ресурслар / 11.08.00.00 Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш қонунчилиги / 11.08.05.00 Атмосфера ҳавосини ифлослантирганлик учун тўлов (шунингдек, 11.01.11.00га қаранг)]

25-модда. Атмосфера ҳавосига зарарли таъсир кўрсатганлик учун компенсация тўловлари

Атмосфера ҳавосига зарарли таъсир кўрсатганлик учун компенсация тўловлари корхоналар, муассасалар ва ташкилотлардан қонун ҳужжатларида белгилаб қўйиладиган тартибда ва миқдорларда ундириб олинади.

Атмосфера ҳавосига ифлослантирувчи моддаларни ва биологик организмларни чиқарганлик, унга физикавий омилларнинг зарарли таъсир кўрсатганлиги ҳамда атмосфера ҳавосидан фойдаланганлик учун компенсация тўловлари тўлаш корхоналар, муассасалар ва ташкилотларни ҳавони муҳофаза қилиш чора-тадбирларини бажаришдан ва етказилган зарарни қоплаш мажбуриятидан озод этмайди.

(25-модда Ўзбекистон Республикасининг 2003 йил 30 августдаги 535-II-сонли Қонуни таҳририда— «Халқ сўзи», 31.10.2003 й., 223(3335)-сон)

[ОКОЗ:

1.11.00.00.00 Атроф табиий муҳит ва табиий ресурслар / 11.08.00.00 Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш қонунчилиги / 11.08.02.00 Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш борасидаги давлат бошқаруви. Атмосфера ҳавоси ҳолати мониторинги. Атмосфера ҳавоси ҳолати юзасидан кузатув хизмати. Атмосфера ҳавосини назорат қилиш]

26-модда. Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш соҳасида давлат ҳисобини юритиш

Қуйидагилар давлат томонидан ҳисобга олиниши зарур:

атмосфера ҳавосининг ҳолатига зарарли таъсир кўрсатаётган ёки зарарли таъсир кўрсатиши мумкин бўлган объектлар;

фойдаланилаётган атмосфера ҳавосининг ҳажмлари;

атмосфера ҳавосига чиқарилаётган ифлослантирувчи моддалар, биологик организмлар, иссиқхона газлари ва озонни бузувчи моддаларнинг турлари ва миқдори;

атмосфера ҳавосига физикавий омиллар кўрсатадиган зарарли таъсирнинг турлари ва ҳажмлари.

Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш соҳасида давлат ҳисобини юритиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган тартибда ягона тизим бўйича амалга оширилади.

[ОКОЗ:

1.11.00.00.00 Атроф табиий муҳит ва табиий ресурслар / 11.08.00.00 Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш қонунчилиги / 11.08.02.00 Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш борасидаги давлат бошқаруви. Атмосфера ҳавоси ҳолати мониторинги. Атмосфера ҳавоси ҳолати юзасидан кузатув хизмати. Атмосфера ҳавосини назорат қилиш]

27-модда. Атмосфера ҳавоси мониторинги

Атмосфера ҳавосининг ҳолатини кузатиш, у ҳақдаги ахборотни тўплаш, умумлаштириш, таҳлил этиш ва истиқболни белгилаш атроф табиий муҳитнинг давлат мониторинги ягона тизими бўйича қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

[ОКОЗ:

1.11.00.00.00 Атроф табиий муҳит ва табиий ресурслар / 11.08.00.00 Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш қонунчилиги / 11.08.02.00 Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш борасидаги давлат бошқаруви. Атмосфера ҳавоси ҳолати мониторинги. Атмосфера ҳавоси ҳолати юзасидан кузатув хизмати. Атмосфера ҳавосини назорат қилиш]

28-модда. Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш устидан назорат

Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш устидан давлат назорати маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан, шунингдек махсус ваколат берилган давлат органлари томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш устидан назорат қилиш бўйича махсус ваколат берилган давлат органларидир.

Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш устидан идоравий, ишлаб чиқариш ва жамоат назорати қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.

29-модда. Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик

Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузишда айбдор бўлган шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.

Корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва фуқаролар атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш оқибатида етказилган зарар ўрнини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қоплашлари шарт. Зарар ўрнини қоплаш айбдорларни қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка тортишдан озод этмайди.

30-модда. Халқаро шартномалар

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида ушбу Қонунда назарда тутилганидан ўзгача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.

Ўзбекистон Республикасининг Президенти И. КАРИМОВ

Тошкент ш.,

1996 йил 27 декабрь,

353-I-сон

logo_uz