foto1 foto2 foto3 foto4 foto5


Baner text 1

Baner text 2

Baner text 3

Baner text 4

Baner text 5

Get Adobe Flash player

1-боб. Умумий қоидалар

1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади

Ушбу Қонуннинг мақсади ўрмонларни муҳофаза қилиш, қўриқлаш, такрорий кўпайтириш, қайта тиклаш, маҳсулдорлигини ошириш ҳамда ундан оқилона ва тежамли фойдаланиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.

2-модда. Ўрмон тўғрисидаги қонун ҳужжатлари

Ўрмон тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Қонун ҳамда бошқа қонун ҳужжатларидан иборат.

Ер, сув, ер ости бойликлари ва ҳайвонот дунёсидан фойдаланиш ҳамда уларни муҳофаза қилиш билан боғлиқ ўрмонлардан фойдаланиш соҳасидаги муносабатлар тегишли қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади.

Қорақалпоғистон Республикасида ўрмонга оид муносабатлар Қорақалпоғистон Республикасининг қонун ҳужжатлари билан ҳам тартибга солинади.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг ўрмон тўғрисидаги қонун ҳужжатларидагидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.

 

3-модда. Ўрмоннинг вазифалари

Ўрмон асосан экологик (тупроқни, сувни ўсимлик ва ҳайвонот дунёси объектларини ҳамда бошқа табиий ресурсларини муҳофаза қилиш, қўриқлаш, санитария-гигиена, соғломлаштириш, рекреация) ҳамда иқтисодий, ижтимоий вазифаларни бажаради. Ўрмондан чекланган даражада фойдаланилади.

4-модда. Асосий тушунчалар

Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

ўрмон – ўсимлик ва ҳайвонот дунёсининг турли хил мажмуасидан иборат географик маконнинг ҳамда умуммиллий бойликнинг бир қисми;

ўрмонни муҳофаза қилиш – давлат ўрмон фонди ерларида тупроқ, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси объектларини ҳамда бошқа табиий ресурсларни ташқи салбий таъсирлардан ҳимоя қилишга қаратилган фаолият тизими;

ўрмондан қўшимча тарзда фойдаланиш – ўрмон фондининг рухсат этиладиган ҳудудларида чорва молларини ўтлатиш, пичан йиғиш, асалари уяларини жойлаштириш, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсидан фойдаланиш, илмий-тадқиқот, маданий-маърифий, тарбиявий, соғломлаштириш-рекреация, санитария-гигиена, эстетик, овчилик-балиқчилик мақсадларда фойдаланиш тизими;

ўрмонни қайта тиклаш – қонун ҳужжатларига асосан кесилган ёки қонунга хилоф равишда кесилган, шикаст етказилган дов-дарахтлар, шунингдек табиий офатлар натижасида йўқ бўлган дарахтзор ва бутазорлар ўрнида иқлим шароитига мос турдаги дарахт кўчатларини экиш;

ўрмонни такрорий кўпайтириш– давлат ўрмон фонди ерларида ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликлар турларининг табиий муҳитда ўсиши учун қулай шароитлар яратиш ва плантация усулида ўрмон дарахтлари уруғ ва кўчатларини экиш;

ўрмондан фойдаланувчилар – ўрмондан фойдаланувчи юридик 
ва жисмоний шахслар;

ўрмондан доимий фойдаланувчилар – давлат ўрмон фонди ерлари доимий эгалик қилишга бериб қўйилган давлат қўриқхоналари, миллий боғлар, биорезерватлар, давлат ўрмон хўжаликлари, ўрмон-ов хўжаликлари, ихтисослаштирилган давлат ўрмон хўжаликлари ва ташкилотлари;

ўрмондан вақтинчалик фойдаланувчилар – давлат ўрмон фонди участкаларидан қисқа муддатли – уч йилгача ва узоқ муддатли – ўн йилгача фойдаланувчи юридик ва жисмоний шахслар.

5-модда. Ўрмонга нисбатан мулкчилик

Ўрмонлар умуммиллий бойликдир, улардан оқилона фойдаланиш зарур 
ва улар давлат муҳофазасидадир.

6-модда. Давлат ўрмон фонди

Барча ўрмонлар давлат ўрмон фондини ташкил этади.

Давлат ўрмон фонди давлат аҳамиятига эга бўлган, яъни давлат ўрмон хўжалиги органлари тасарруфидаги ўрмонлардан ҳамда бошқа юридик 
ва жисмоний шахслар фойдаланишидаги ўрмонлардан иборат.

7-модда. Давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтзор ва бутазорлар

Қуйидагилар давлат ўрмон фондига кирмайди:

қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлардаги дарахтзор ва бутазорлар;

темир йўл, автомобиль йўллари муҳофаза ҳудудларидаги иҳота дарахтзорлари;

шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктларидаги дарахтзор ва бутазорлар, шунингдек кўкаламзорлаштириш учун экилган ўсимликлар;

томорқа ва боғ участкалардаги дарахтлар.

Давлат ўрмон фондига кирмайдиган ҳудудларда дарахтзор 
ва бутазорларни барпо этиш, қўриқлаш, такрорий кўпайтириш, қайта тиклаш, маҳсулдорлигини ошириш ҳамда ундан оқилона ва тежамли фойдаланиш ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

8-модда. Давлат ўрмон фонди ерлари

Давлат ўрмон хўжалигига ажратилган ерлар ўрмон ўсимликлари билан қопланган ёки қопланмаганлигидан қатъий назар давлат ўрмон фонди ерлари ҳисобланади.

Давлат ўрмон фонди ерларининг чегаралари қонун ҳужжатларига асосан белгиланади.

Давлат ўрмон фонди ерлари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда эгалик қилиш, фойдаланиш, шу жумладан ижарага берилиши мумкин.

9-модда. Давлат ўрмон фонди участкалари

Давлат ўрмон фонди участкалари давлат ўрмон фондининг бир қисми бўлиб, уларнинг аниқ чегараси, майдони, жойлашган манзили, ҳуқуқий мақоми ҳамда давлат ўрмон кадастрида акс эттирилган бошқа хусусиятлари кўрсатилган бўлади.

2-боб. Ўрмонни муҳофаза қилиш, қўриқлаш, такрорий кўпайтириш, қайта тиклаш, маҳсулдорлигини ошириш ҳамда ундан фойдаланиш соҳасини тартибга солиш

10-модда. Ўрмонни муҳофаза қилиш, қўриқлаш, такрорий кўпайтириш, қайта тиклаш, маҳсулдорлигини ошириш ҳамда ундан фойдаланиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари

Ўрмонни муҳофаза қилиш, қўриқлаш, такрорий кўпайтириш, қайта тиклаш, маҳсулдорлигини ошириш ҳамда ундан фойдаланиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари қуйидагилардан иборат:

ўрмонни муҳофаза қилиш, қўриқлаш, такрорий кўпайтириш, қайта тиклаш, маҳсулдорлигини ошириш ҳамда ундан фойдаланиш соҳасида давлат дастурларини ишлаб чиқиш, тасдиқлаш ва амалга ошириш;

ўрмонни муҳофаза қилиш, қўриқлаш, такрорий кўпайтириш, қайта тиклаш, маҳсулдорлигини ошириш ҳамда ундан фойдаланиш соҳасидаги чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш;

ўрмонни муҳофаза қилиш, қўриқлаш, такрорий кўпайтириш, қайта тиклаш, маҳсулдорлигини ошириш ҳамда ундан фойдаланиш соҳасидаги нормаларни белгилаш;

ўрмонни муҳофаза қилиш, қўриқлаш, такрорий кўпайтириш, қайта тиклаш, маҳсулдорлигини ошириш ҳамда ундан фойдаланиш соҳасида давлат назоратини амалга ошириш;

ўрмонни муҳофаза қилиш, қўриқлаш, такрорий кўпайтириш, қайта тиклаш, маҳсулдорлигини ошириш ҳамда ундан фойдаланиш соҳасидаги илмий-тадқиқот фаолиятини ривожлантириш;

ўрмонни муҳофаза қилиш, қўриқлаш, такрорий кўпайтириш, қайта тиклаш, маҳсулдорлигини ошириш ҳамда ундан фойдаланиш соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш.

11-модда. Ўрмонни муҳофаза қилиш, қўриқлаш, такрорий кўпайтириш, қайта тиклаш, маҳсулдорлигини ошириш ҳамда ундан фойдаланиш соҳасидаги давлат бошқаруви

Ўрмонни муҳофаза қилиш, қўриқлаш, такрорий кўпайтириш, қайта тиклаш, маҳсулдорлигини ошириш ҳамда ундан фойдаланиш соҳасидаги давлат бошқаруви Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан уларнинг ваколатлари доирасида амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ва унинг жойлардаги органлари ўрмон муносабатларини тартибга солувчи ваколатли давлат органлари ҳисобланади.

12-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ўрмонни муҳофаза қилиш, қўриқлаш, такрорий кўпайтириш, қайта тиклаш, маҳсулдорлигини ошириш ҳамда ундан фойдаланиш соҳасидаги ваколатлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ўрмонни муҳофаза қилиш, қўриқлаш, такрорий кўпайтириш, қайта тиклаш, маҳсулдорлигини ошириш ҳамда ундан оқилона ва тежамли фойдаланиш соҳасида давлат сиёсатини амалга оширади;

ўрмонни муҳофаза қилиш, қўриқлаш, такрорий кўпайтириш, қайта тиклаш, маҳсулдорлигини ошириш ҳамда ундан фойдаланиш соҳасидаги давлат дастурини тасдиқлайди ҳамда амалга оширилишини таъминлайди;

давлат ва хўжалик бошқарув органларининг ўрмонни муҳофаза қилиш, қўриқлаш, такрорий кўпайтириш, қайта тиклаш, маҳсулдорлигини ошириш ҳамда ундан фойдаланиш соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштиради;

умумдавлат аҳамиятига молик муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни ташкил этиш тўғрисида қарорлар қабул қилади;

давлат ўрмон фондини тасарруф этади;

ўрмоннинг қўриқланиш тоифаларини аниқлаш тартибини белгилайди;

ўрмондан қўшимча тарзда фойдаланганлик учун тўловлар миқдори ва уларни ундириш тартибини белгилайди;

ўрмонни муҳофаза қилиш, қўриқлаш, такрорий кўпайтириш, қайта тиклаш, маҳсулдорлигини ошириш ҳамда ундан фойдаланиш соҳасида давлат назоратини ташкил этади ва амалга оширади;

ўрмонни муҳофаза қилиш, қўриқлаш, такрорий кўпайтириш, қайта тиклаш, маҳсулдорлигини ошириш, ундан фойдаланиш ва уларни қайта тиклашни молиялаштириш ҳамда иқтисодий рағбатлантириш тадбирларини амалга ошириш тартибини белгилайди;

Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ҳузурида Ўрмон хўжалигини ривожлантириш жамғармаси тўғрисидаги низомни тасдиқлайди;

ўз ваколати доирасида ўрмон соҳасига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилади;

ўрмон мониторингини, ўрмонларнинг давлат ҳисобини ва давлат ўрмон кадастрини юритиш тартибини белгилайди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

13-модда. Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасининг ўрмонни муҳофаза қилиш, қўриқлаш, такрорий кўпайтириш, қайта тиклаш, маҳсулдорлигини ошириш ҳамда ундан фойдаланиш соҳасидаги ваколатлари

Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси:

ўрмон хўжалиги соҳасида ўрмон бойликларини ҳар томонлама кенгайтириш ва улардан оқилона ва тежамли фойдаланишга қаратилган ягона давлат сиёсатини юритади;

ўрмон тўғрисидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш ва уларга риоя этилишини амалий назорат қилади;

ўрмонни муҳофаза қилиш, қўриқлаш, такрорий кўпайтириш, қайта тиклаш, маҳсулдорлигини ошириш ҳамда ундан фойдаланиш соҳасидаги давлат дастурини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этади;

ўрмонни муҳофаза қилиш, қўриқлаш, такрорий кўпайтириш, қайта тиклаш, маҳсулдорлигини ошириш ҳамда ундан фойдаланиш соҳасидаги
ўз ваколатлари доирасида идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилади ва белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказади;

давлат ўрмон фонди ерларидаги ўрмонни муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш соҳасида идоравий назоратини амалга оширади;

ўрмонларнинг маҳсулдорлигини ошириш, ўрмонларни такрорий кўпайтириш, уларнинг тур таркибини яхшилаш, ўрмон мелиорацияси 
ва ўрмонларни плантация усулида етиштириш бўйича чора-тадбирларни амалга оширади;

давлат ўрмон фонди ерларидаги ўсимлик ва ҳайвонот дунёси объектларининг давлат ҳисобини ва улардан фойдаланиш ҳажмларининг ҳисобини белгиланган тартибда юритади;

Ўзбекистон Республикаси Қизил китобини юритишда иштирок этади;

юридик ва жисмоний шахсларга давлат ўрмон фонди ерларида ўсимлик ва ҳайвонот дунёси объектларидан фойдаланиш учун белгиланган тартибда рухсатнома беради;

давлат ўрмон фонди участкаларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш тартибини белгилайди;

давлат ўрмон фонди ерларидаги ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан оқилона ва тежамли фойдаланиш бўйича биотехник тадбирларни амалга оширади;

давлат ўрмон фондини ва муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни бошқаришни ташкил этади, ўрмон барпо этиш, уни қайта тиклаш, қўриқлаш, муҳофаза қилиш, ўрмонлардан оқилона ва тежамли фойдаланишни амалга оширади;

республикада ўрмонларни қайта тиклаш ва иҳота ўрмонларини кўпайтириш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишни, 
тоғ ёнбағирлари, жарликлар ва ташландиқ ерларда эрозияга қарши дарахтзорлар барпо этиш ишлари бажарилишини ташкил қилади;

давлат ўрмон фонди ерларида ўрмонларнинг давлат ҳисобини 
ва ундан фойдаланиш ҳажмларини ҳисобини, ўрмон мониторингини, давлат ўрмон кадастрини белгиланган тартибда юритади;

ўз ваколатлари доирасида давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, юридик ва жисмоний шахслар томонидан бажарилиши мажбурий бўлган қарорлар қабул қилади;

давлат ўрмон фондини, фауна ва флорасини ўрганиш ҳамда уларнинг қатъий ҳисобини юритиш, ўрмон хўжалигини юритиш амалиётига 
фан ютуқлари ва илғор тажрибани жорий этади;

ўрмонларни ёнғинлардан, зараркунанда ва касалликлардан, ноқонуний дарахт кесишдан ва ўрмон тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бошқача тарзда бузилишларидан муҳофаза қилади;

манзарали ўсимликлар кўчатлари ва уруғларини сертификатлаш 
ва стандартлаштиришнинг ягона тизимини ишлаб чиқади ҳамда жорий қилишни ташкил этади;

давлат ўрмон фонди участкаларидан маданий-маърифий, тарбиявий, санитария-гигиена, соғломлаштириш, рекреация ва эстетик мақсадларда фойдаланиш тартибини тасдиқлайди;

ўрмонларни зараркунанда ва касалликлардан ҳимоя қилиш тадбирларини амалга ошириш тартибини белгилайди;

барча ўрмонларда ягона тизим бўйича ўрмон тузиш тартибини белгилайди;

ўрмон хўжаликларида бир-бирига боғлиқ бўлган хўжалик фаолиятини кенгайтириш ва ривожлантиришни, кўчат етиштиришни, доривор ўсимликлар тўплашни, асаларичилик, балиқчилик, чорвачилик маҳсулотларини етиштириш ҳамда уларни қайта ишлашни, халқ истеъмоли товарлари ишлаб чиқаришни ташкил этади;

тармоққа халқаро молия институтлари грантларини жалб этиш 
ва экологик туризмни кенг кўламда ривожлантиради;

ўрмон хўжалиги соҳасида ўрта махсус ва олий маълумотли мутахассислар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни ташкил этади.

Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

14-модда. Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг ўрмонни муҳофаза қилиш, қўриқлаш, такрорий кўпайтириш, қайта тиклаш, маҳсулдорлигини ошириш ҳамда ундан фойдаланиш соҳасидаги ваколатлари

Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси:

ўрмонни муҳофаза қилиш, қўриқлаш, такрорий кўпайтириш, қайта тиклаш, маҳсулдорлигини ошириш ҳамда ундан фойдаланиш соҳасидаги давлат дастурини ҳамда бошқа дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этади;

ўрмонни муҳофаза қилиш, қўриқлаш, такрорий кўпайтириш, қайта тиклаш, маҳсулдорлигини ошириш ҳамда ундан фойдаланиш соҳасидаги
ўз ваколатлари доирасида норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилади;

ўрмонни муҳофаза қилиш, қўриқлаш, такрорий кўпайтириш, қайта тиклаш, маҳсулдорлигини ошириш ҳамда ундан фойдаланиш соҳасидаги қоидаларни, ўрмон фонди ерларида ўсимлик ва ҳайвонот дунёси объектларидан фойдаланиш нормаларини ишлаб чиқишни ташкил этади ва тасдиқлайди;

ўрмонни муҳофаза қилиш, қўриқлаш, такрорий кўпайтириш, қайта тиклаш, маҳсулдорлигини ошириш ҳамда ундан фойдаланиш соҳасида давлат экологик назоратини амалга оширади;

давлат ўрмон фондидан ер ажратиш лойиҳа ҳужжатларини давлат экологик экспертизасини ўтказади;

давлат ўрмон фонди ерларида Ўзбекистон Қизил китобига киритилмаган ёввойи ўсимлик ва ҳайвонот дунёси объектларидан фойдаланиш учун Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасига квота ажратади;

давлат ўрмон фонди ерларида Ўзбекистон Қизил китобига киритилган ёввойи ўсимлик ва ҳайвонот дунёси объектларидан фойдаланиш учун юридик ва жисмоний шахсларга белгиланган тартибда рухсатнома беради;

бириктирилган муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларда ўрмонни муҳофаза қилиш, қўриқлаш, такрорий кўпайтириш, қайта тиклаш, маҳсулдорлигини ошириш ҳамда ундан фойдаланишни ташкил этади ҳамда биотехник тадбирларни амалга оширади.

Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

15-модда. Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ўрмонни муҳофаза қилиш, қўриқлаш, такрорий кўпайтириш, қайта тиклаш, маҳсулдорлигини ошириш ҳамда ундан фойдаланиш соҳасидаги ваколатлари

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари:

ўрмонни муҳофаза қилиш, қўриқлаш, такрорий кўпайтириш, қайта тиклаш, маҳсулдорлигини ошириш, ундан фойдаланиш соҳасидаги давлат дастурини ҳамда бошқа дастурларни ишлаб чиқишда ва амалга оширишда иштирок этади;

ўрмонни муҳофаза қилиш, қўриқлаш, такрорий кўпайтириш, қайта тиклаш, маҳсулдорлигини ошириш ҳамда ундан фойдаланиш соҳасидаги ҳудудий дастурларни ишлаб чиқади, тасдиқлайди ҳамда амалга оширади;

давлат ўрмон хўжалиги органлари билан келишилган ҳолда юридик ва жисмоний шахсларга давлат ўрмон фонди участкаларини беради, бундан ўрмон ўсимликлари билан қопланган ерлар, ўрмонларнинг дарёлар, кўллар, сув омборлари ва бошқа сув объектлари соҳиллари бўйлаб ўтган тақиқланган минтақалари, ўрмонларнинг овланадиган қимматли балиқлар увилдириқ сочадиган жойларни муҳофаза қилувчи тақиқланган минтақалари, сув таъминоти манбаларини санитария жиҳатидан муҳофаза қилиш зоналаридаги ўрмонлар, давлат қўриқхоналарининг, мажмуа (ландшафт) буюртма қўриқхоналарининг, табиат боғларининг, умумдавлат аҳамиятига молик буюртма қўриқхоналарнинг, умумдавлат аҳамиятига молик курорт, табиий ҳудудларнинг, давлат биосфера резерватларининг, давлатлараро муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг ўрмонлари мустасно;

ўрмонлар ҳолатига зарар етказган ҳолларда юридик ва жисмоний шахслар фаолиятини чеклаш, тўхтатиб қўйиш ва тугатиш (бекор қилиш) тўғрисида қарорлар қабул қилади;

ўрмонларни муҳофаза қилиш, қўриқлаш, такрорий кўпайтириш, қайта тиклаш, маҳсулдорлигини ошириш ҳамда ундан фойдаланиш соҳасида аҳолининг экологик маданиятини оширишни ташкил этади.

Тадбиркорлик субъекти фаолиятини чеклаш, тўхтатиб қўйиш (фавқулодда вазиятлар, эпидемиялар ҳамда аҳолининг ҳаёти ва саломатлиги учун бошқа ҳақиқий хавф юзага келишининг олдини олиш билан боғлиқ ҳолда ўн иш кунидан кўп бўлмаган муддатга чеклаш, тўхтатиб қўйиш ҳоллари бундан мустасно) ёки тугатиш (бекор қилиш) суд тартибида амалга оширилади.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қонун хужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

16-модда. Фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг, нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳамда фуқароларнинг ўрмонни муҳофаза қилиш, қўриқлаш, такрорий кўпайтириш, қайта тиклаш, маҳсулдорлигини ошириш ҳамда ундан фойдаланишни таъминлашда иштирок этиши

Фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар ҳамда фуқаролар:

ўрмонни муҳофаза қилиш, қўриқлаш, такрорий кўпайтириш, қайта тиклаш, маҳсулдорлигини ошириш ҳамда ундан фойдаланиш соҳасидаги давлат дастурини, ҳудудий ва бошқа дастурларни амалга оширишда иштирок этади;

ўрмонни муҳофаза қилиш, қўриқлаш, такрорий кўпайтириш, қайта тиклаш, маҳсулдорлигини ошириш ҳамда ундан фойдаланиш соҳасида жамоатчилик назоратини амалга оширади;

ўрмонларни муҳофаза қилиш, қўриқлаш, такрорий кўпайтириш, қайта тиклаш, маҳсулдорлигини ошириш ҳамда ундан фойдаланиш соҳасида аҳолининг экологик маданиятини оширишга кўмаклашади.

Фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда фуқаролар ўрмонни муҳофаза қилиш, қўриқлаш, такрорий кўпайтириш, қайта тиклаш, маҳсулдорлигини ошириш ҳамда ундан фойдаланиш бўйича бошқа тадбирларда ҳам иштирок этиши, давлат органларига кўмаклашиши мумкин.

3-боб. Ўрмонни муҳофаза қилиш

17-модда. Ўрмонни муҳофаза қилиш тадбирлари

Ўрмонни муҳофаза қилиш:

ўрмонни муҳофаза қилиш, қўриқлаш, такрорий кўпайтириш, қайта тиклаш, маҳсулдорлигини ошириш ҳамда ундан фойдаланиш соҳасидаги қоидаларни, ўрмон хўжалиги объектларидан фойдаланиш нормаларини белгилаш;

давлат ўрмон фонди ерларидан, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси объектларидан фойдаланишда чекловлар ва тақиқлар белгилаш;

давлат ўрмон фонди ерларидан ўзбошимчалик билан фойдаланишнинг ва улардан фойдаланишда белгиланган тартибнинг бошқа тарзда бузилишларининг олдини олиш;

хўжалик фаолияти ва бошқа фаолиятни амалга оширишда ўрмонга зарарли таъсир кўрсатилиши ёки унинг йўқ қилиб юборилишининг олдини олиш;

давлат ўрмон кадастрини юритиш ҳамда ўсимлик ва ҳайвонот дунёси мониторингини амалга ошириш;

ўрмонни муҳофаза қилиш, қўриқлаш, такрорий кўпайтириш, қайта тиклаш, маҳсулдорлигини ошириш ҳамда ундан фойдаланиш соҳасида ахборот коммуникация технологияларини қўллаш;

ўрмонни муҳофаза қилиш, қўриқлаш, такрорий кўпайтириш, қайта тиклаш, маҳсулдорлигини ошириш ҳамда ундан фойдаланиш соҳасида илмий тадқиқотлар ташкил этиш ҳамда ўтказиш;

ўрмонни муҳофаза қилиш, қўриқлаш, такрорий кўпайтириш, қайта тиклаш, маҳсулдорлигини ошириш ҳамда ундан фойдаланиш бўйича биотехник ва бошқа тадбирлар ўтказиш;

ўрмонларни қайта тиклаш ва иҳота ўрмонларини кўпайтириш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, тоғ ёнбағирлари, чўл ҳудудларидаги ерларда эрозияга қарши дарахтзорлар барпо этиш орқали амалга оширилади.

Иҳота ўрмонларини барпо этиш Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.

18-модда. Ўрмоннинг давлат ҳисоби

Ўрмоннинг давлат ҳисоби, ўрмон тузиш лойиҳалари асосида давлат ўрмон хўжалиги органлари томонидан, ўрмон тузиш ўтказилмаган жойларда эса давлат ўрмон фонди ерларида ўрмон хисобини юритиш ҳужжатлари асосида олиб борилади.

Ўрмонларнинг давлат ҳисоби Ўзбекистон Республикаси давлат бюджети маблағлари ҳамда қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан ягона тизим бўйича, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда олиб борилади.

19-модда. Давлат ўрмон кадастри

Давлат ўрмон кадастри ўрмонларнинг табиий, хўжалик ва ҳуқуқий мақоми, уларнинг қўриқланиши тоифалари, давлат ўрмон фонди участкаларининг сифат тавсифлари ҳамда уларнинг ўрмондан фойдаланувчилар ўртасидаги тақсимоти тўғрисидаги маълумотлар ва ҳужжатлар тизимидан иборат.

Давлат ўрмон кадастри манфаатдор юридик ва жисмоний шахсларни ўрмонга оид муносабатларни тартибга солиш, ўрмонни муҳофаза қилиш, қўриқлаш, такрорий кўпайтириш, қайта тиклаш, маҳсулдорлигини ошириш ҳамда ундан фойдаланиш тўғрисидаги маълумотлар билан таъминлаш учун юритилади.

Давлат ўрмон кадастри давлат ўрмон хўжалиги органлари томонидан Ўзбекистон Республикаси давлат бюджети маблағлари ҳамда қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан ягона тизим бўйича, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда олиб борилади.

20-модда. Ўрмон мониторинги

Ўрмон мониторинги ўрмон ҳолати, ўрмон таркибидаги ўзгаришларни ўз вақтида аниқлаш, давлат ўрмон фондини баҳолаш, ундаги салбий жараёнларнинг олдини олиш ва оқибатларини тугатиш учун давлат ўрмон фондининг ҳолатини мунтазам кузатувларидан, ундаги ўзгаришларни аниқлаш ва баҳолаш ҳамда прогноз қилишдан иборатдир.

Ўрмон мониторинги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда олиб борилади.

21-модда. Ўрмонни муҳофаза қилиш, қўриқлаш, такрорий кўпайтириш, қайта тиклаш, маҳсулдорлигини ошириш ҳамда ундан фойдаланиш соҳасидаги назорат

Ўрмонни муҳофаза қилиш, қўриқлаш, такрорий кўпайтириш, қайта тиклаш, маҳсулдорлигини ошириш ҳамда ундан фойдаланиш соҳасидаги назорат давлат, идоравий, ишлаб чиқариш ҳамда жамоатчилик назорати тарзида амалга оширилади.

Ўрмонни муҳофаза қилиш, қўриқлаш, такрорий кўпайтириш, қайта тиклаш, маҳсулдорлигини ошириш ҳамда ундан фойдаланиш соҳасидаги давлат назорати Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

Ўрмонни муҳофаза қилиш, қўриқлаш, такрорий кўпайтириш, қайта тиклаш, маҳсулдорлигини ошириш ҳамда ундан фойдаланиш соҳасидаги идоравий назорат Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси, давлат бошқаруви органларига қарашли ташкилотларда, давлат бошқаруви органлари томонидан, шунингдек хўжалик бошқаруви органлари таркибига кирувчи ташкилотларда хўжалик бошқаруви органлари томонидан амалга оширилади.

Ўрмонни муҳофаза қилиш, қўриқлаш, такрорий кўпайтириш, қайта тиклаш, маҳсулдорлигини ошириш ҳамда ундан фойдаланиш соҳасидаги ишлаб чиқариш назорати хўжалик юритувчи субъектлар томонидан уларга бириктирилган ҳудудларда амалга оширилади.

Ўрмонни муҳофаза қилиш, қўриқлаш, такрорий кўпайтириш, қайта тиклаш, маҳсулдорлигини ошириш ҳамда ундан фойдаланиш соҳасидаги жамоатчилик назорати фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролар томонидан амалга оширилади.

Ўрмонни муҳофаза қилиш, қўриқлаш, такрорий кўпайтириш, қайта тиклаш, маҳсулдорлигини ошириш ҳамда ундан фойдаланиш соҳасидаги назоратни амалга ошириш тартиби қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланади.

22-модда. Ўрмонларни қўриқлаш

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш органлари ҳамда давлат ўрмон хўжалиги органлари ўрмондан фойдаланиш тартиби бузилишидан, шу жумладан дарахтзор ва бутазорларни ноқонуний кесишдан ҳамда ўрмонга бошқача тарзда зарарли таъсир кўрсатишдан ўз ваколатлари доирасида ўрмон муҳофазасини таъминлайди.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш органлари ва давлат ўрмон хўжалиги органлари ўрмонларда ёнғинни олдини олиш, ёнғинга қарши курашишга оид чора-тадбирларнинг амалга оширилишини таъминлайди, зарур ҳолларда ёнғинларни ўчириш учун юридик ва жисмоний шахсларнинг ўт ўчириш, ер қазиш техникаси ва транспорт воситаларини жалб этади, ёнғин хавфи юқори бўлган даврда аҳолининг ўрмонда бўлишини ва ўрмонларга транспорт воситаларининг киришини чеклайди ёки тақиқлайди.

Ўрмондан фойдаланувчилар ўрмонларда ёнғин хавфсизлигига риоя этишлари, иш жойларида ёнғинга қарши тадбирлар ўтказиши, ўрмонда ёнғин чиққан тақдирда уни ўчиришни таъминлашлари шарт.

23-модда. Ўрмон қўриқчилиги

Ўрмон қўриқчилиги Қорақалпоғистон Республикаси Ўрмон хўжалиги қўмитаси, вилоятлар ўрмон хўжалиги бошқармалари ва давлат ўрмон хўжаликларида ўрмонларни қўриқлаш ва муҳофаза қилишни таъминлаш мақсадида ташкил этилади.

Ўрмон қўриқчилигининг мансабдор шахслари айни бир вақтда ўрмон хўжалиги органларининг инспекторларидир.

Ўрмон қўриқчилиги мансабдор шахсларининг ваколатлари қуйидагилардан иборат:

ўрмон тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг ижро этилиши устидан назоратини амалга ошириш;

юридик ва жисмоний шахсларнинг давлат ўрмон фонди ҳудудида ўрмондан фойдаланиш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатларини текшириш;

ўрмонни муҳофаза қилиш, қўриқлаш, такрорий кўпайтириш, қайта тиклаш ва маҳсулдорлигини ошириш ҳамда ундан фойдаланиш соҳасида маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисида баённомалар тузиш, ҳуқуқбузарлик содир этган шахсларни тегишли органларга олиб бориш;

қонунга хилоф равишда қўлга киритилган ўрмон маҳсулотини ҳамда уни қўлга киритиш воситаларини (болта, арра, кетмон, арқон, ов қуроллари, от-улов, автотранспорт ва ҳокозо) далилий ашёларни тегишли органга юбориш учун олиб қўйиш;

ҳуқуқбузарлик содир этган шахсларни интизомий, маъмурий ва жиноий жавобгарликка тортиш тўғрисидаги ҳужжатларни (шунингдек, далилий ашёларни) тегишли органларга юбориш;

ўрмон тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг талабларини бузиш оқибатида етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш ҳақида судга даъво тақдим этиш;

юридик ва жисмоний шахсларга ўрмон тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилишини бартараф этиш ҳақида кўрсатма бериш;

ўрмон қўриқчилигининг мансабдор шахслари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

Ўрмон қўриқчилигини ташкил этиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган низом асосида амалга оширилади.

Қорақалпоғистон Республикаси Ўрмон хўжалиги қўмитаси, вилоятлар ўрмон хўжалиги бошқармалари ва давлат ўрмон хўжаликлари, ихтисослашган ўрмон хўжаликлари, овчилик хўжаликлари уларнинг ваколатларига мувофиқ судларга бериладиган даъво ва аризалари бўйича давлат божи тўлашдан озод этилади.

24-модда. Ўрмон хўжалиги фаолиятини ташкил этишнинг асосий қоидалари

Ўрмон хўжалиги ўз фаолиятини ташкил этишда қуйидагиларни таъминлаши шарт:

ўрмонни муҳофаза қилиш, соғломлаштириш, рекреация ва бошқа фойдали табиий хусусиятларини сақлаш ва кучайтириш;

ўрмондан оқилона фойдаланиш;

ўрмонни қайта тиклаш, уларнинг маҳсулдорлигини ошириш, тур таркиби ва сифатини яхшилаш;

ўрмонларни ёнғиндан қўриқлаш, зараркунандалар ва касалликлардан ҳимоя қилиш;

ўрмонларнинг қўриқланиш тоифаларини аниқлаш;

ўрмоннинг етилиш ёшини, ўрмонни қайта тиклаш усуллари 
ва ўрмондан фойдаланиш нормаларини белгилаш;

давлат ўрмон фонди ерларидан оқилона фойдаланиш.

Ўрмон хўжалиги фаолиятини ташкил этиш қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ташкилий-техник тадбирлар орқали ҳам таъминланиши мумкин.

25-модда. Ўрмоннинг қўриқланиш тоифалари

Белгиланган мақсади ва бажарадиган вазифаларига кўра ўрмонлар қуйидаги тоифаларга киритилади:

давлат қўриқхоналарининг ўрмонлари;

буюртма қўриқхоналарининг ўрмонлари;

миллий табиий боғларнинг ўрмонлари;

давлат биосфера резерватларининг ўрмонлари;

давлатлараро муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг ўрмонлари;

мажмуа (ландшафт) буюртма қўриқхоналарининг ўрмонлари;

илмий ҳамда тарихий-маданий аҳамиятга эга бўлган ўрмонлар;

ўрмонларнинг дарё, кўл, сув омбор ва бошқа сув объектлари соҳиллари бўйлаб ўтган, балиқ овланадиган ва увилдириқ сочадиган жойлари;

эрозияга қарши ўрмонлар;

ўрмонларнинг темир йўл ва автомобил йўллар ёқалаб ўтган иҳота минтақалари;

чўл ва чала чўл зоналарининг ўрмонлари;

шаҳар ўрмонлари ва ўрмон-боғлари;

шаҳарлар, бошқа аҳоли пунктлари ва саноат корхоналари атрофидаги ўрмонлар;

сув таъминоти иншоотлари санитария зоналаридаги ўрмонлар;

алоҳида қимматга эга бўлган ўрмонлар;

ёнғоқ мевали ва мевали ўрмонлар;

соғломлаштириш, рекреация ҳудудларининг ўрмонлари.

Ўрмонни тоифаларга киритиш Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасининг тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

4-боб. Ўрмонни кўпайтириш, қайта тиклаш ва маҳсулдорлигини ошириш

26-модда. Ўрмонни такрорий кўпайтириш

Ўрмонни такрорий кўпайтириш ўрмондан фойдаланувчилар томонидан қуйидагилар орқали амалга оширилади:

ўрмонни муҳофаза қилиш, қўриқлаш, такрорий кўпайтириш, қайта тиклаш, маҳсулдорлигини ошириш ҳамда ундан фойдаланиш бўйича биотехник тадбирлар ўтказиш;

ўрмонни табиий равишда такрорий кўпайиши ва қайта тикланиши учун қулай шароитлар яратиш;

ўрмонни муҳофаза қилиш, қўриқлаш, такрорий кўпайтириш, қайта тиклаш, маҳсулдорлигини ошириш ҳамда ундан фойдаланиш соҳасида илмий тадқиқотлар ўтказиш.

Ўрмонни такрорий кўпайтириш қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа йўллар билан таъминланади ҳамда амалга оширилади.

Ўрмонни такрорий кўпайтириш учун бериладиган ерлар бир вақтнинг ўзида давлат ўрмон фонди ерлари тоифасига ўтказилиши шарт.

27-модда. Ўрмонни қайта тиклаш

Ўрмонни қайта тиклаш қуйидаги талабларга риоя қилинган ҳолда амалга оширилади:

белгиланган тартибда қурилиш ишлари амалга оширилган, дарахтзор ва бутазорлар режага асосан кесилган жойларда, табиий офатлар натижасида қуриган, касалликка чалинган майдонларда иқлим шароитига мос турдаги дарахтлар уруғ ёки кўчатларини қайта экишни таъминлаш;

ўрмон дарахтларининг тур таркибини яхшилаш, маҳсулдорлиги 
ва муҳофаза хусусиятларини ошириш;

ўрмонларнинг генофонди ва биологик хилма-хиллигини сақлаб қолиш.

Ўрмонни қайта тиклаш тартиби ва муддатлари Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси томонидан белгиланади.

28-модда. Ўрмоннинг маҳсулдорлигини ошириш

Ўрмоннинг маҳсулдорлигини ошириш ўрмонларни такрорий кўпайтириш, уларнинг тур таркибини яхшилаш, ўрмон мелиорацияси ва ўрмонларни плантация усулида етиштириш йўли билан амалга оширилади.

5-боб. Ўрмондан фойдаланишнинг асосий қоидалари

29-модда. Ўрмондан фойдаланиш

Давлат ўрмон фонди участкалари юридик ва жисмоний шахсларга фойдаланишга чекланган даражада берилиши мумкин.

Ўрмондан фойдаланиш учун ҳақ тўланади, ушбу Қонуннинг 40-моддасида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно. Тўловлар миқдори ва уларни ундириш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Ўрмондан фойдаланиш доимий ва вақтинчалик (қисқа муддатли – 
уч йилгача ва узоқ муддатли – ўн йилгача) бўлиши мумкин.

30-модда. Ўрмондан фойдаланиш турлари

Ўрмондан фойдаланишнинг турлари қуйидагилардан иборат:

дарахтзор ва бутазорларни кесиш.

пичан ўриш (йиғиш);

чорва молларини ўтлатиш;

асалари уяларини жойлаштириш;

ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликлар доривор хомашёсини (йиғиш) тайёрлаш;

озиқ-овқат мақсадлари учун ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларни (йиғиш) тайёрлаш;

ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларнинг техник хомашёсини (йиғиш) тайёрлаш;

қишлоқ хўжалик маҳсулотларини етиштириш;

дарахт ва буталарни кесмаган ҳолда ўтин йиғиш;

овчилик-балиқчилик мақсадларида фойдаланиш;

илмий-тадқиқот, маданий-маърифий, тарбиявий, санитария-гигиена, соғломлаштириш, рекреация ва эстетик мақсадларда фойдаланиш.

Қонун ҳужжатларида ўрмондан фойдаланишнинг бошқа турлари ҳам назарда тутилиши мумкин.

31-модда. Ўрмондан фойдаланиш ҳуқуқини бериш

Ўрмондан фойдаланиш ҳуқуқи юридик ва жисмоний шахсларга давлат ўрмон хўжалиги органлари томонидан берилади.

Ўрмондан фойдаланишга махсус рухсатнома – ўрмон чиптаси асосида йўл қўйилади.

Ўрмондан фойдаланувчилар давлат ўрмон фонди участкаларидан ўрмондан қўшимча тарзда фойдаланиш турларидангина фойдаланишга ҳақлидир.

32-модда. Ўрмондан доимий фойдаланувчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

Ўрмондан доимий фойдаланувчилар қуйидаги ҳуқуқларга эга:

давлат ўрмон фондининг ўзларига бериб қўйилган ўрмон участкаларида ўрмон хўжалигини мустақил юритиш;

давлат ўрмон фонди ерларидан, сув ресурсларидан, кенг тарқалган фойдали қазилмалардан ўрмон хўжалиги эҳтиёжлари учун белгиланган тартибда фойдаланиш;

белгиланган тартибда йўл очиш, ўрмон маҳсулотини жойлаштириш учун майдончалар жиҳозлаш, ишлаб чиқариш ва уй-жой бинолари ҳамда иншоотлари қуриш;

тайёрланган маҳсулотга ва уни сотишдан олинган даромадга мулкдор бўлиш.

Ўрмондан доимий фойдаланувчиларнинг мажбуриятлари:

ўрмонни муҳофаза қилиш, қўриқлаш, такрорий кўпайтириш, маҳсулдорлигини ошириш ҳамда ундан оқилона фойдаланиш ва уларни қайта кўпайтиришни таъминлаш;

ўрмонларнинг давлат ҳисобини, ўрмон мониторингини ва давлат ўрмон кадастрини юритиш;

ўрмоннинг ҳолатига ва уларни қайта тиклашга, сув, тупроқ, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсига, шунингдек сув объектларининг ва бошқа табиий объектларнинг ҳолатига салбий таъсир кўрсатишга йўл қўймайдиган усулларда иш олиб бориш;

ўрмондан фойдаланганлик учун ўз вақтида ва белгиланган тартибда ҳақ тўлаш;

муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар режими талабларини таъминлаш;

ўрмонни муҳофаза қилиш, қўриқлаш, такрорий кўпайтириш, қайта тиклаш, маҳсулдорлигини ошириш ҳамда ундан фойдаланиш соҳасида белгиланган экологик талабларга риоя этиш;

ўрмондан фойдаланувчи бошқа шахсларнинг ҳуқуқларини бузмаслик.

Ўрмондан доимий фойдаланувчилар қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга эга бўлиши ва ўзга мажбуриятларни бажариши мумкин.

33-модда. Ўрмондан вақтинчалик фойдаланувчиларнинг ҳуқуқ 
ва мажбуриятлари

Ўрмондан вақтинчалик фойдаланувчилар қуйидаги ҳуқуқларга эга:

ўрмондан фойдаланиш ҳуқуқини берувчи ҳужжатларда кўрсатилган давлат ўрмон фонди участкалари доирасида, муддатларида ҳамда ундан фойдаланиш турларида ўрмондан фойдаланишни амалга ошириш;

ўрмонни муҳофаза қилиш, қўриқлаш, такрорий кўпайтириш, қайта тиклаш, маҳсулдорлигини ошириш ҳамда ундан фойдаланиш соҳасида белгиланган қоидаларга, нормаларга риоя этиш;

ёнғин хавфсизлигига риоя этиши ва ёнғинга қарши кураш тадбирларини амалга ошириши, ёнғин чиққан ҳолларда уни ўчириш чораларини кўриши;

ўрмонни муҳофаза қилиш, қўриқлаш, такрорий кўпайтириш, қайта тиклаш, маҳсулдорлигини ошириш ҳамда ундан фойдаланишда ўрмондан доимий фойдаланувчилар билан келишув асосида биотехник тадбирларни амалга ошириш.

Ўрмондан вақтинчалик фойдаланувчилар қуйидаги мажбуриятларга эга:

вақтинчалик фойдаланишга берилган яйлов, пичанзор ва бошқа давлат ўрмон фонди ерларида белгиланган фойдаланиш турини амалга ошириш ҳамда ундан оқилона фойдаланиш;

ўрмоннинг ҳолатига ва уларни такрорий кўпайтиришга, сув, тупроқ, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсига, шунингдек сув объектларининг ва бошқа табиий объектларнинг ҳолатига салбий таъсир кўрсатишга йўл қўймайдиган усулларда иш олиб бориш;

ўрмонларни муҳофаза қилиш, қўриқлаш, такрорий кўпайтириш, қайта тиклаш, маҳсулдорлигини ошириш ҳамда ундан фойдаланиш соҳасида белгиланган экологик талабларга риоя этиш;

ўрмондан фойдаланганлик учун ўз вақтида ва белгиланган тартибда ҳақ тўлаш;

ўрмондан фойдаланувчи бошқа шахсларнинг ҳуқуқларини бузмаслик.

Ўрмондан вақтинчалик фойдаланувчилар қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга эга бўлиши ва ўзга мажбуриятларни бажариши мумкин.

34-модда. Ўрмондан вақтинча фойдаланувчилар ҳуқуқларининг кафолатлари

Давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг ўрмондан вақтинча фойдаланувчиларнинг фаолиятига аралашишига йўл қўйилмайди.

Ўрмондан вақтинча фойдаланувчиларнинг бузилган ҳуқуқлари қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда тикланиши лозим.

Ўрмондан вақтинча фойдаланувчиларнинг ҳуқуқларини бузиш оқибатида етказилган зарарнинг (шу жумладан бой берилган фойданинг) ўрни тўла ҳажмда қопланиши лозим.

35-модда. Дарахтзор ва бутазорларни кесиш

Ишлаб чиқариш-техник заруратидан келиб чиқмаган бино, иншоот 
ва коммуникацияларни қуриш пайтида дарахтзор ва бутазорларни кесиш ман этилади.

Дарахтзор ва бутазорларни кесиш фақат қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ўрмонларни албатта қайта тиклаш тарзида йўл қўйилади.

Дарахтзор ва бутазорларни кесиш ўрмонларнинг қўриқланиш тоифаларига қараб, Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси томонидан тасдиқланадиган ҳамда давлат рўйхатидан ўтказилган ўрмонни парвариш қилиш учун кесиш қоидаларига мувофиқ амалга оширилади.

Ўрмонларнинг темир йўллар ва автомобиль йўллари ёқалаб ўтган иҳота минтақаларида, чўл ва чала чўл зоналарининг ўрмонларида асосий фойдаланишдаги дарахтларни ўрмон ҳолатини яхшилаш мақсадида фақат дарахт ва бута кесиш чиптаси асосида кесишга йўл қўйилади.

Ўрмонларнинг дарёлар, кўллар, сув омборлари ва бошқа сув объектлари соҳиллари бўйлаб ўтган тақиқланган минтақаларида, ўрмонларнинг овланадиган қимматли балиқлар увилдириқ сочадиган жойларни муҳофаза қилувчи тақиқланган минтақаларида, эрозиядан сақлайдиган ўрмонларда, шаҳар ўрмонлари ва ўрмон-боғларида, шаҳарлар, бошқа аҳоли пунктлари ва саноат марказларининг кўкаламзорлаштирилган зоналари атрофидаги ўрмонларда, сув таъминоти манбаларини санитария жиҳатидан муҳофаза қилиш зоналаридаги ўрмонларда, алоҳида қимматга эга бўлган ўрмонларда, ёнғоқ мевали ва мевали ўрмонларда, табиат боғларининг ўрмонларида (уларнинг қўриқхонага айлантирилган зоналари бундан мустасно), курорт табиий ҳудудларнинг ўрмонларида, давлат биосфера резерватларининг ўрмонларида (уларнинг қўриқхонага айлантирилган зоналари бундан мустасно), илмий ёки тарихий аҳамиятга эга бўлган ўрмонларда фақат оралиқ фойдаланишдаги кесишга дарахт 
ва бута кесиш чиптасига асосан (ўрмон парвариши ва санитария мақсадида кесишга) йўл қўйилади.

Барча қўриқланиш тоифаларидаги ўрмонларда ёнғинга қарши оралиқ жой ҳосил қилиш билан боғлиқ бошқа кесишларга йўл қўйилиши мумкин, давлат қўриқхоналарининг ўрмонлари бундан мустасно.

Ўрмонларда дарахт ва буталарни парвариш қилиш учун кесиш ўрмон хўжаликларининг талабномалари асосида йиллик кесиш режага мувофиқ амалга оширилади.

Ўрмон зараркунанда ва касалликлари оқибатида зарарланган, табиий офат таъсирида қуриётган ўрмонлар уларни реконструкция ёки қайта тиклаш тартибида амалга оширилади.

Ўрмон фонди ерларида мақсадли равишда барпо этилган плантациялардаги саноатбоп тез ўсувчи дарахт ва буталарни кесиш ўрмон хўжалик органларининг ишлаб чиқариш заруратидан келиб чиққан ҳолда дарахт ва бута кесиш чиптасисиз амалга оширилади.

Дарахт ва буталарни йиллик кесиш режаси Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси томонидан тасдиқланади.

36-модда. Ўрмондан қўшимча тарзда фойдаланиш

Давлат ўрмон фонди участкалари юридик ва жисмоний шахсларга ўрмондан қўшимча тарзда фойдаланишга берилиши мумкин.

Давлат ўрмон фонди участкаларида пичан ўриш ва мол боқиш юридик ва жисмоний шахслар томонидан шу мақсадлар учун махсус мўлжалланган майдонларда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ўрмон чиптаси бўйича амалга оширилади.

Ўрмонларнинг дарёлар, кўллар, сув омборлари ва бошқа сув объектлари соҳиллари бўйлаб ўтган тақиқланган минтақаларида, эрозиядан сақлайдиган ўрмонларда, сув таъминоти манбаларини санитария жиҳатидан муҳофаза қилиш зоналаридаги ўрмонларда, алоҳида қимматга эга бўлган ўрмонларда, ёнғоқ мевали ва мевали ўрмонларда, давлат қўриқхоналарининг ўрмонларида, табиат боғларининг, буюртма қўриқхоналарнинг, курорт табиий ҳудудларнинг, давлат биосфера резерватларининг ўрмонларида пичан ўриш ва мол боқишга йўл қўйилмайди.

Юридик ва жисмоний шахсларга асалари уялари (қути)ларини жойлаштириш учун давлат ўрмон фонди участкалари давлат ўрмон хўжалиги органлари билан тузилган шартнома асосида берилади.

Давлат ўрмон фонди ерларида ёввойи ҳолда ўсувчи доривор, техник ва озиқ-овқат ўсимликларини тайёрлаш (йиғиш) учун жисмоний ва юридик шахсларга қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда рухсатнома ўрмон хўжалиги органлари томонидан берилади.

Ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликлар доривор хомашёсини тайёрлаш (йиғиш) ва озиқ-овқат мақсадлари учун ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларни тайёрлаш (йиғиш) мавжуд ресурсларнинг тамом бўлиб қолишига ва ўрмон хўжалигига зарар етказилишига йўл қўйилмайдиган воситалар ва усуллар билан амалга оширилади.

Давлат ўрмон фонди ерларида дарахт ва буталарни кесмаган ҳолда ўтин йиғиш учун жисмоний ва юридик шахсларга қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда рухсатнома ўрмон хўжалиги органлари томонидан берилади.

37-модда. Давлат ўрмон фонди участкаларидан овчилик-балиқчилик мақсадларида фойдаланиш

Давлат ўрмон фонди участкаларининг ёввойи ҳайвонларнинг яшаш жойи, кўчиб ўтиш йўллари бўлган жойлари овчилик ва (ёки) балиқ овлаш хўжалигини юритиш учун юридик ва жисмоний шахсларга шартнома асосида берилиши мумкин.

Давлат ўрмон фонди участкаларидан овчилик-балиқчилик мақсадларида фойдаланиш тартиби қонун ҳужжатлари билан белгиланади.

38-модда. Давлат ўрмон фонди участкаларидан илмий-тадқиқот, маданий-маърифий, тарбиявий, санитария-гигиена, соғломлаштириш, рекреация ва эстетик мақсадларда фойдаланиш

Давлат ўрмон фонди участкаларидан илмий-тадқиқот мақсадларида фойдаланиш қонун ҳужжатлари билан белгиланади.

Юридик ва жисмоний шахсларга давлат ўрмон фонди участкаларидан маданий-маърифий, тарбиявий, санитария-гигиена, соғломлаштириш, рекреация ва эстетик мақсадларда фойдаланиш ўрмондан фойдаланувчилар билан келишган ҳолда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан берилади.

Давлат ўрмон фондининг маданий-маърифий, тарбиявий, санитария-гигиена, соғломлаштириш, рекреация ва эстетик мақсадларда фойдаланиш учун берилган участкаларида ўрмондан фойдаланувчилар ўрмонларни ва табиий ландшафтларни сақлаш, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш, ўрмонларда ёнғин хавфсизлиги ва санитария қоидаларига риоя қилиш шарти билан бу участкаларни ободонлаштириш тадбирларини ўтказади.

39-модда. Фуқароларнинг ўрмонларда бўлиши

Фуқаролар ўсимлик дунёси объектларидан умумий фойдаланиш тартибида ўрмонларда бўлиш, ҳаётий зарур эҳтиёжларни қаноатлантириш учун чекланган ҳажмларда, бепул ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликлар техник хомашёсини, доривор хомашёсини, ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларни озиқ-овқат мақсадлари учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда йиғиш ҳуқуқига эга.

Фуқаролар ўрмонларда ёнғин хавфсизлигига риоя этишлари, ёнғинлар чиққан ҳолларда эса уларни ўчириш чораларини кўришлари, дарахтлар ва буталарни синдиришга, кесишга, ўрмон экинларига шикаст етказилишига, ўрмонларнинг ифлосланишига, ёввойи ҳайвонларнинг яшаш муҳити, урчиш жойлари ва кўчиб ўтиш йўллари бузилишига йўл қўймасликлари, шунингдек ўрмон тўғрисидаги қонун ҳужжатлари билан белгиланган бошқа талабларни бажаришлари шарт.

40-модда. Чегара минтақаларида ўрмондан фойдаланиш хусусиятлари

Чегара минтақаларида ўрмондан фойдаланиш тартиби Ўзбекистон Республикаси миллий хавфсизлик хизмати билан келишилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси томонидан белгиланади.

41-модда. Ўрмонни ёнғин, зараркунанда, касаллик ва бошқа салбий омиллардан ҳимоя қилиш

Ўрмондан доимий фойдаланувчилар томонидан ўрмонларни ёнғин, зараркунандалар, касалликлар ҳамда бошқа салбий таъсирлардан ҳимоя қилиш қуйидаги йўллар билан амалга оширилади:

ўрмон зараркунандалари, касалликлари ўчоқларини, саноат ва маиший чиқиндилар ҳамда бошқа омилларнинг салбий таъсир доираларини ҳисобга олиш ва олдиндан айтиб бериш;

ўрмон зараркунандаларининг оммавий кўпайиш ва ўрмон касалликларининг тарқалиш ўчоқларининг юзага келиши ва кенгайишининг олдини олиш, ўрмонларнинг биологик жиҳатдан чидамлилигини ошириш тадбирларини ўтказиш.

42-модда. Қонунга хилоф равишда қўлга киритилган ўрмон маҳсулотини олиб қўйиш

Қонунга хилоф равишда қўлга киритилган ўрмон маҳсулоти олиб қўйилиши шарт.

Қонунга хилоф равишда қўлга киритилган ўрмон маҳсулоти экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳамда давлат ўрмон хўжалиги органлари томонидан белгиланган тартибда олиб қўйилади.

Қонунга хилоф равишда қўлга киритилган деб топилган ўрмон маҳсулотлари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибида мусодара этилади.

43-модда. Ўрмон тузиш

Ўрмон тузиш ўрмонни муҳофаза қилиш, қўриқлаш, такрорий кўпайтириш, қайта тиклаш, маҳсулдорлигини ошириш ҳамда ундан фойдаланишни таъминлашга қаратилган тадбирлар тизими бўлиб, қуйидагиларни қамраб олади:

давлат ўрмон фонди участкаларининг чегараларини белгилаш ва давлат ўрмон фондининг ўрмондан доимий фойдаланувчилар фойдаланишидаги ҳудудининг ички хўжалигини ташкил этиш;

топография-геодезия ишларини бажариш ва ўрмонларни харитага, қоғоз ва электрон манбаларга киритиш;

ўрмоннинг давлат ҳисобини олиб бориш;

ўрмонларнинг етилиш ёшини белгилаш, ўрмон хўжалигини юритиш билан боғлиқ ўрмон дарахтларини кесиш режасини, дарахтларни кесиш ҳажмини ҳамда ўрмондан фойдаланишнинг бошқа турлари миқдорларини аниқлаш;

ўрмонларни муҳофаза қилиш, қўриқлаш, қайта тиклаш ва барпо этиш борасидаги ишлар ҳажмини, шунингдек бошқа ўрмон хўжалиги ишлари ҳажмини аниқлаш;

ўрмон тузиш лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва уларнинг амалга оширилишини назорат қилиш.

Ўрмон тузиш лойиҳалари давлат экологик экспертизасидан ўтказилади ҳамда давлат ўрмон хўжалиги органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан тасдиқланади.

Ўрмон тузиш лойиҳалари ўрмон хўжалиги, ихтисослашган ўрмон хўжалиги, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни, ўрмон-ов хўжаликларини юритиш, ўрмондан фойдаланишни амалга ошириш, жорий ва истиқболга мўлжалланган режалаштириш ишларини олиб бориш учун асосий норматив-техник ҳужжатдир.

44-модда. Ўрмоннинг ҳолатига ва уларни қайта тиклашга таъсир этадиган корхона, иншоот ва бошқа объектларни жойлаштириш, лойиҳалаш, қуриш ва ишга тушириш

Ўрмоннинг ҳолатига ва уни қайта кўпайтириш таъсир этадиган янги ва қайта тикланаётган корхона, иншоот ва бошқа объектларни жойлаштириш, лойиҳалаш, қуриш ва ишга тушириш, шунингдек янги технологияларни жорий этиш ўрмонларни муҳофаза қилиш ва такрорий кўпайтириш, қайта тиклаш тадбирлари таъминланган ҳолда амалга оширилади.

Ўрмоннинг ҳолатига ва уни қайта тиклаш таъсир этадиган корхона, иншоот ва бошқа объектларни жойлаштириш, лойиҳалаш, қуриш, шунингдек кам учрайдиган турдаги дарахтзор ва бутазорларни кесиш зарурлиги қонун ҳужжатларида белгиланган ҳолларда ва тартибда мажбурий давлат экологик экспертизасидан ўтказилиб, ўрмондан доимий фойдаланувчининг бўйсунув тартибидаги юқори турувчи ташкилоти ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан келишилади.

45-модда. Ўрмон хўжалигини юритиш билан боғлиқ бўлмаган ишларни амалга ошириш тартиби

Ўрмон фонди ерларида ўрмон хўжалигини юритиш ва ўрмондан фойдаланиш билан боғлиқ бўлмаган қурилиш ва геология қидирув, портлатиш ишлари, фойдали қазилмаларни қазиб олиш, кабел, қувур ва бошқа коммуникацияларни ўтказиш, пармалаш ва бошқа ишлар ўрмондан доимий фойдаланувчининг юқори ташкилоти билан келишилган ҳолда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қарорига асосан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

Ўрмон хўжалигини юритиш билан боғлиқ бўлмаган ишларни амалга ошириш вақтида ҳолати бузилган ер ва ўрмонда шу ишларни амалга оширган ташкилот, корхона ва муассаса томонидан зарарнинг ўрни тўла ҳажмда қопланиши ҳамда қайта тиклаш ишлари (рекультивация) олиб борилиши шарт.

46-модда. Ўрмондан фойдаланиш ҳуқуқини тўхтатиб туриш, тугатиш ва бекор қилиш

Ўрмонларни муҳофаза қилишни таъминлаш учун ўрмондан фойдаланиш ҳуқуқи тўхтатиб турилиши, тугатилиши ёки бекор қилиниши мумкин.

Ўрмондан фойдаланиш ҳуқуқи қуйидаги ҳолларда тўхтатиб турилиши мумкин:

рухсат беришга доир талаблар ва шартлар бузилганлиги аниқланганда;

махсус ваколатли давлат органининг аниқланган қоидабузарликларни бартараф этиш тўғрисидаги қарори бажарилмаганда.

Ўрмондан фойдаланиш ҳуқуқи қуйидаги ҳолларда тугатилади:

фойдаланиш зарурати қолмаганда ёки ундан воз кечилганда;

фойдаланишнинг белгиланган муддати ўтганда;

ўрмон тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилганда;

фойдаланиш ҳуқуқи берилган жисмоний шахс вафот этганда ёки фаолияти тугатилганда ёхуд юридик шахс тугатилганда.

Қонун ҳужжатларида ўрмондан фойдаланиш ҳуқуқини тўхтатиб туриш ёки тугатиш учун бошқа ҳоллар ҳам назарда тутилиши мумкин.

Ўрмондан фойдаланиш ҳуқуқи қуйидагилар асосида бекор қилиниши мумкин:

ўрмондан фойдаланувчининг рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни бекор қилиш тўғрисидаги аризасига кўра;

рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжат қалбаки ҳужжатлардан фойдаланган ҳолда олинганлиги факти аниқланганда.

Ўрмондан фойдаланиш ҳуқуқи қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тўхтатиб турилади, тугатилади ёки бекор қилинади.

6-боб. Якунловчи қоидалар

47-модда. Ўрмонни муҳофаза қилиш, қўриқлаш, такрорий кўпайтириш, қайта тиклаш, маҳсулдорлигини ошириш, ундан фойдаланиш ва уларни қайта тиклашни молиялаштириш ҳамда иқтисодий рағбатлантириш

Ўрмонни муҳофаза қилиш, қўриқлаш, такрорий кўпайтириш, қайта тиклаш, маҳсулдорлигини ошириш, ундан фойдаланиш ва уларни қайта тиклашни молиялаштириш Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ва бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ҳузурида Ўрмон хўжалигини ривожлантириш жамғармаси ташкил этилади.

48-модда. Низоларни ҳал этиш

Ўрмонни муҳофаза қилиш, қўриқлаш, кўпайтириш, маҳсулдорлигини ошириш ҳамда ундан фойдаланиш соҳасидаги низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.

49-модда. Ўрмон тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик

Ўрмон тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

logo_uz