foto1 foto2 foto3 foto4 foto5


Baner text 1

Baner text 2

Baner text 3

Baner text 4

Baner text 5

Get Adobe Flash player

Жамоатчилик экологик назоратини амалга оширишга доир намунавий низомларни тасдиқлаш тўғрисида

(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2015 й., 41-сон, 526-модда)

«Экологик назорат тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Қуйидагилар:

Жамоатчилик экологик назоратини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги Намунавий низом 1-иловага мувофиқ;

Экологик назоратнинг жамоатчи инспектори тўғрисидаги Намунавий низом 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ер қаърини геологик ўрганиш, саноатда, кончиликда ва коммунал-маиший секторда ишларнинг бехатар олиб борилишини назорат қилиш давлат инспекцияси:

ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни мазкур қарорга мувофиқлаштирсинлар;

жамоатчилик экологик назоратини амалга оширишда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда методик ёрдам кўрсатишни ва кўмаклашишни таъминласинлар.

3. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.И. Икрамов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш. МИРЗИЁЕВ

Тошкент ш.,

2015 йил 8 октябрь,

287-сон

Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 8 октябрдаги 287-сон қарорига
1-ИЛОВА

Жамоатчилик экологик назоратини амалга ошириш тартиби тўғрисида

Намунавий низом

I. Умумий қоидалар

1. Ушбу Намунавий низом жамоатчилик экологик назоратини амалга ошириш тартибини ҳамда жамоатчилик экологик назорати субъектлари фаолиятининг ҳуқуқий асосларини белгилайди.

2. Жамоатчилик экологик назорати — атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасидаги қонун ҳужжатлари талаблари бузилишининг олдини олиш, уни аниқлаш ва унга чек қўйишга, табиатни муҳофаза қилиш фаолияти самарадорлигини оширишга доир жамоатчилик чора-тадбирлари тизимидир.

3. Жамоатчилик экологик назорати Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ва Ўзбекистон Республикасининг «Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида», «Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида», «Экологик назорат тўғрисида»ги қонунларига, ушбу Намунавий низомга ҳамда бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.

4. Жамоатчилик экологик назорати:

фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари;

нодавлат нотижорат ташкилотлари;

фуқаролар томонидан амалга оширилади.

5. Жамоатчилик экологик назоратини амалга оширишда қонунийлик, холислик, мустақиллик, ошкоралик, шахс, жамият ҳамда давлатнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тамойиллари таъминланиши керак.

6. Қуйидагилар жамоатчилик экологик назоратининг асосий вазифалари ҳисобланади:

атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасидаги қонун ҳужжатлари талаблари бузилишининг олдини олиш, уни аниқлаш ва унга чек қўйиш;

атроф муҳит ҳолатини кузатиб бориш, атроф муҳитнинг ифлосланишига, табиий ресурслардан нооқилона фойдаланилишига олиб келиши, фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига таҳдид солиши мумкин бўлган вазиятларни аниқлаш;

мўлжалланаётган ёки амалга оширилаётган хўжалик фаолияти ва бошқа фаолиятнинг экологик талабларга мувофиқлигини аниқлаш;

юридик ва жисмоний шахсларнинг атроф муҳитни муҳофаза қилиш ҳамда табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этилишини, улар томонидан мажбуриятлар бажарилишини таъминлаш;

атроф муҳитдаги ўзгаришлар, табиий ресурслардан фойдаланилиши ва кўрилаётган тегишли чора-тадбирлар тўғрисида давлат ташкилотлари ва бошқа ташкилотларни ҳамда фуқароларни хабардор қилишда иштирок этиш;

табиатни муҳофаза қилиш фаолиятининг самарадорлигини ошириш ҳамда давлат экологик дастурлари ва бошқа экологик дастурларнинг амалга оширилишида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқароларнинг иштирокини таъминлаш.

7. Қуйидагилар жамоатчилик экологик назоратининг объектлари ҳисобланади:

ер, ер ости бойликлари, сувлар, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси, атмосфера ҳавоси;

атроф муҳитга таъсир кўрсатувчи табиий ва техноген манбалар;

атроф муҳитнинг ифлосланишига ва табиий ресурслардан нооқилона фойдаланилишига олиб келиши, фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига таҳдид солиши мумкин бўлган фаолият, ҳаракат ёки ҳаракатсизлик.

8. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари жамоатчилик экологик назоратини амалга ошириш мақсадида экологик назоратнинг жамоатчилик инспекторлари тизимини шакллантириши ва уларнинг фаолиятини мувофиқлаштириши мумкин.

9. Экологик назорат соҳасидаги махсус ваколатли давлат органлари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролар билан жамоатчилик экологик назорати масалалари бўйича ҳамкорлик қиладилар ва уларнинг мурожаатлари бўйича қонунчиликка мувофиқ ўз вақтида чора кўрадилар.

10. Аҳолининг, аҳоли яшаш пунктларининг экологик хавфсизлигини таъминлаш учун зарур маълумотларга эга бўлган экологик назорат соҳасидаги махсус ваколатли давлат органлари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари қонунчиликда белгиланган тартибда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқароларга ушбу маълумот билан ўз вақтида ва тўлиқ бепул танишишини таъминлаши зарур, қонунчиликда назарда тутилган ҳолатлар бундан мустасно.

11. Ўзбекистон экологик ҳаракати, ўз уставидаги вазифаларига мувофиқ, нодавлат нотижорат ташкилотларининг экологик назоратни амалга оширишдаги иштирокини янада кучайтиришга доир тавсиялар ҳам ишлаб чиқади.

II. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан жамоатчилик экологик назоратини амалга ошириш

12. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг жамоатчилик экологик назорат соҳасидаги фаолияти фуқароларнинг тегишли ўзини ўзи бошқариш ҳудудида (шаҳарчалар, қишлоқлар, овуллар ҳамда шаҳарлар, шаҳарчалар, қишлоқлар, овуллар маҳаллаларида) амалга оширилади.

13. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан, ушбу Намунавий низомнинг 5-бандида санаб ўтилган экологик назорат тамойиллари билан бир қаторда, демократизм, ижтимоий адолат, маҳаллий аҳамиятга молик масалаларни ечишда мустақиллик, жамоатчилик асосидаги ўзаро ёрдам, маҳаллий урф-одатлар ва анъаналар таъминланиши керак.

14. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг жамоатчилик экологик назорат бўйича фаолиятини мувофиқлаштириш Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш ишлари бўйича Республика кенгаши томонидан, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳри, туман ва шаҳарларда эса тегишли ҳудудий кенгашлар томонидан амалга оширилади.

15. Жамоатчилик экологик назорати бўйича фаолиятга умумий раҳбарлик фуқаролар йиғинининг раиси (оқсоқоли) ҳамда фуқаролар йиғинининг экология ва табиатни муҳофаза қилиш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш бўйича комиссияси раиси томонидан амалга оширилади.

16. Фуқаролар йиғинининг экология ва табиатни муҳофаза қилиш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш бўйича комиссиясининг жамоатчилик экологик назорати соҳасидаги фаолияти Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 7 октябрдаги 274-сон қарори билан тасдиқланган Фуқаролар йиғинининг экология ва табиатни муҳофаза қилиш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш бўйича комиссияси тўғрисидаги Намунавий низомга мувофиқ амалга оширилади.

Жамоатчилик экологик назорати бўйича фаолиятни амалга ошириш мақсадида Фуқаролар йиғинининг экология ва табиатни муҳофаза қилиш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш бўйича комиссияси табиатни муҳофаза қилиш органлари, коммунал хизматлар, атроф муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида фаолият юритувчи нодавлат нотижорат ташкилотлари, ички ишлар органлари (профилактика бўйича инспекторлар), «Камолот» ЁИҲ бўлинмалари вакилларини, фуқаролар йиғинининг раиси (оқсоқоли) маслаҳатчиларини ва соҳалар бўйича комиссиялар вакилларини белгиланган тартибда жалб қилиш ҳуқуқига эга.

17. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари:

атроф муҳитни муҳофаза қилишни таъминлаш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш масалалари бўйича қарорлар тайёрлашда ва қабул қилишда, шунингдек давлат экологик дастурлари ҳамда бошқа экологик дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этадилар;

тегишли ҳудудда жамоатчилик экологик назоратини амалга оширадилар;

атроф муҳитнинг ҳолатини ва атроф муҳитнинг ифлосланишига ҳамда табиий ресурслардан нооқилона фойдаланишга олиб келиши, фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига таҳдид солиши мумкин бўлган вазиятларни кузатиб боришни амалга оширадилар;

экологик назорат соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқишда иштирок этадилар;

махсус ваколатли давлат органларига, маҳаллий давлат ҳокимияти органларига, давлат ва хўжалик бошқаруви органларига, хўжалик юритувчи субъектларга давлат, идоравий ва ишлаб чиқариш экологик назоратини амалга оширишда хабардор бўлган ўзининг ваколатли вакилининг кузатувчи сифатида иштирок этиши тўғрисида таклифлар киритадилар;

атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасидаги қонун ҳужжатлари бузилишининг ўзлари аниқлаган ҳолати тўғрисида махсус ваколатли давлат органларини, маҳаллий давлат ҳокимияти органларини, давлат ва хўжалик бошқаруви органларини, хўжалик юритувчи субъектларни хабардор қиладилар;

атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасидаги қонун ҳужжатларининг талаблари бузилганлиги аниқланган ҳолатлар юзасидан чоралар кўриш тўғрисида тегишли давлат органларига таклифлар киритадилар;

атроф муҳитнинг ҳолати, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, мазкур соҳадаги қонун ҳужжатлари бузилиши юзасидан аниқланган ҳолатни бартараф этиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисида тегишли давлат органларига мурожаат қиладилар ва ахборот оладилар;

атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш масалаларига доир жамоатчилик фикрини ўрганишни, жамоатчилик экологик экспертизасини ўтказадилар;

атроф муҳитни муҳофаза қилиш, ҳудуднинг санитария ҳолати, уни ободонлаштириш ҳамда кўкаламзорлаштириш масалалари юзасидан ўз ваколатлари доирасида тегишли ҳудудда жойлашган корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар раҳбарларининг ҳисоботларини эшитадилар ҳамда уларнинг натижалари бўйича қарорлар қабул қиладилар;

атроф муҳитни муҳофаза қилишга кўмаклашадилар, экологик назоратнинг бошқа субъектлари ва оммавий ахборот воситалари билан жамоатчилик экологик назорати масалалари бўйича, шу жумладан экологик назоратнинг жамоатчи инспекторлари тизимини шакллантиришда ҳамкорлик қиладилар;

аҳолининг экологик маданиятини ошириш, экологик таълим ва тарбияни ривожлантиришга доир ишларда кўмаклашадилар.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

18. Жамоатчилик экологик назоратининг самарадорлигини ошириш учун Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, уларнинг ҳудудларида ташкил этилган маслаҳат марказлари негизида экологик назоратнинг жамоатчи инспекторларига қисқа муддатли курслар ўтказишда кўмаклашадилар.

Тегишли ҳудудларда жойлашган таълим муассасалари фуқаролар йиғинлари мурожаатига биноан аҳолининг экологик маданиятини ошириш ишлари доирасида турли тадбирларни ўтказиш, экологик назоратнинг жамоатчи инспекторлари учун қисқа муддатли курслар ташкил қилиш учун ўқув жараёнидан бўш бўлган ўқув хоналарини тақдим этишлари мумкин.

19. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари экологик назоратни амалга ошириш учун шартнома асосида мутахассис ва экспертларни қонунчиликка мувофиқ жалб қилиши мумкин.

20. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари жамоатчилик экологик назорати бўйича ваколатларини амалга ошириш учун ўз маблағларидан ҳамда юридик ва жисмоний шахслардан хайрия сифатида тушган, шунингдек қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар маблағларидан фойдаланиши мумкин.

III. Нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан жамоатчилик экологик назоратини амалга ошириш

21. Нодавлат нотижорат ташкилотлари жамоатчилик экологик назоратини ўз уставидаги вазифаларига мувофиқ, уставида кўрсатилган фаолият ҳудуди доирасида амалга оширадилар.

22. Нодавлат нотижорат ташкилотлари ўз уставларига мувофиқ қуйидаги ҳуқуқларга эга:

атроф муҳитни муҳофаза қилишни, табиий ресурслардан оқилона фойдаланишни таъминлаш масалалари бўйича қарорлар тайёрлашда, шунингдек давлат экологик дастурлари ва бошқа экологик дастурларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда иштирок этиш;

жамоатчилик экологик назоратини амалга ошириш;

атроф муҳитнинг ҳолатини ва атроф муҳитнинг ифлосланишига ҳамда табиий ресурслардан нооқилона фойдаланишга олиб келиши, фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига хавф солиши мумкин бўлган вазиятларни кузатиб боришда иштирок этиш;

экологик назорат соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқишда иштирок этиш;

махсус ваколатли давлат органларига, маҳаллий давлат ҳокимияти органларига, давлат ва хўжалик бошқаруви органларига, хўжалик юритувчи субъектларга давлат, идоравий ва ишлаб чиқариш экологик назоратини амалга оширишда ўз вакилининг кузатувчи сифатида иштирок этиши тўғрисида таклифлар киритиш;

атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасидаги қонун ҳужжатлари бузилишининг ўзлари аниқлаган ҳолатлари тўғрисида махсус ваколатли давлат органларини, маҳаллий давлат ҳокимияти органларини, давлат ва хўжалик бошқаруви органларини, хўжалик юритувчи субъектларни хабардор қилиш;

атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасидаги қонун ҳужжатларининг талаблари бузилганлиги аниқланган ҳолатлар юзасидан чоралар кўриш тўғрисида тегишли давлат органларига таклифлар киритиш;

атроф муҳитнинг ҳолати, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, мазкур соҳадаги қонун ҳужжатлари бузилиши юзасидан аниқланган ҳолатни бартараф этиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисида тегишли давлат органларига мурожаат қилиш ва улардан ахборот олиш;

атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш масалаларига доир жамоатчилик фикрини ўрганиш, жамоатчилик экологик экспертизасини ўтказиш;

тегишли давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар раҳбарларининг атроф муҳитни муҳофаза қилиш, ҳудуднинг санитария ҳолати, ободонлаштирилиши ҳамда кўкаламзорлаштирилиши масалаларига доир ахбороти ҳамда ҳисоботларини эшитишда иштирок этиш;

экологик назоратнинг махсус ваколатли давлат органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, фуқаролар ва оммавий ахборот воситалари билан жамоатчилик экологик назорати масалалари бўйича, шу жумладан экологик назоратнинг жамоатчи инспекторлари тизимини шакллантиришда ҳамкорлик қилиш;

давлат органлари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига аҳолининг экологик маданиятини ошириш, экологик таълим ва тарбияни ривожлантиришга доир ишларида кўмаклашиш;

атроф муҳит ва аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, табиатни муҳофаза қилиш давлат дастурлари бажарилиши масалалари бўйича оммавий ахборот воситаларида чоп этилган материалларни тўплаш ва таҳлил қилиш ҳамда мазкур маълумотлар бўйича чоралар кўриш юзасидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш;

жамоатчилик экологик назорати масалалари бўйича белгиланган тартибда Интернет бутунжаҳон ахборот тармоғида ресурсларни ташкил қилиш, оммавий ахборот воситаларини таъсис этиш, оммавий ахборот воситаларига ҳаммуассис бўлиш, ноширлик фаолиятини амалга ошириш;

оммавий ахборот воситаларида жамоатчилик экологик назорати натижалари ёритилишида иштирок этиш;

жамоатчилик экологик назорати мақсадида суратга олишларни, аудио ва видеотасвирларни амалга ошириш ҳамда қонунчиликни бузмаган ҳолда ушбу материалларни чоп этиш ва эфирга узатиш;

тегишли давлат органларига экологик назорат масалалари бўйича мурожаатлар юбориш;

давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг очиқ йиғилишларида белгиланган тартибда иштирок этиш;

атроф муҳит ва аҳоли саломатлиги муҳофазаси, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, давлат экологик дастури бажарилиши масалалари бўйича ишчи гуруҳлар, комиссиялар ва илмий-техникавий кенгашларни ташкиллаштиришда ташаббускорлик кўрсатиш, уларда мутахассис ва экспертларни иштирок этишга жалб қилиш;

жамоатчилик эшитувларини ўтказишда ташаббускорлик қилиш ва уларни ўтказиш.

Нодавлат нотижорат ташкилотлари қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

23. Жамоатчилик экологик назорати бўйича фаолиятни моддий ва молиявий таъминлаш учун нодавлат нотижорат ташкилотлари ташкилот мол-мулкини шакллантиришнинг қуйидаги манбалари маблағларидан фойдаланиш ҳуқуқига эга:

кириш ва аъзолик бадаллари, агар улар уставда назарда тутилган бўлса;

муассислардан, қатнашчилардан (аъзолардан) бир маротаба ва мунтазам равишда тушадиган тушумлар;

ихтиёрий мулкий бадаллар ва эҳсонлар;

тадбиркорлик фаолиятидан олинган, фақат устав мақсадлари учун ишлатиладиган даромадлар (фойда);

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа тушумлар.

Нодавлат нотижорат ташкилотлари, шунингдек жамоатчилик экологик назорати бўйича фаолиятини амалга ошириш учун давлат томонидан белгиланган тартибда бериладиган субсидиялар, ижтимоий буюртмалар ва грантлар шаклида ёрдам олиши мумкин.

24. Нодавлат нотижорат ташкилотлари қуйидагиларни бажариши шарт:

экологик назорат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этиш;

экологик назоратни амалга оширишда экологик назоратнинг бошқа субъектларига кўмаклашиш;

экологик назоратнинг бошқа субъектлари вазифаларини уларнинг ўрнига бажармаслик.

Нодавлат нотижорат ташкилотларининг зиммасида қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.

IV. Фуқароларнинг жамоатчилик экологик назоратини амалга ошириш бўйича ҳуқуқлари ва мажбуриятлари

25. Ўзбекистон Республикаси фуқаролари жамоатчилик экологик назоратини республика ҳудудида ҳам, ўзининг яшаш жойида ҳам, вақтинча яшаш (бўлиш) жойида ҳам бевосита амалга ошириш ҳуқуқига эга.

26. Фуқаролар қуйидаги ҳуқуқларга эга:

атроф муҳитни муҳофаза қилишни, табиий ресурслардан оқилона фойдаланишни таъминлаш масалалари бўйича қарорлар тайёрлаш ва қабул қилишда, шунингдек давлат экологик дастурлари ва бошқа экологик дастурларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда иштирок этиш;

атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасидаги қонун ҳужжатларига юридик ва жисмоний шахслар томонидан риоя этилишини кузатиб боришни амалга ошириш;

экологик назорат соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқишда иштирок этиш;

атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасидаги қонун ҳужжатлари бузилишининг ўзлари аниқлаган ҳолати тўғрисида махсус ваколатли давлат органларини, маҳаллий давлат ҳокимияти органларини, давлат ва хўжалик бошқаруви органларини, хўжалик юритувчи субъектларни, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларини хабардор қилиш;

атроф муҳитнинг ҳолати, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, мазкур соҳадаги қонун ҳужжатлари бузилиши юзасидан аниқланган ҳолатни бартараф этиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисида тегишли давлат органларига мурожаат қилиш ва улардан ахборот олиш;

атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш масалалари бўйича жамоатчилик фикрини ўрганишда, жамоатчилик экологик экспертизасини ўтказишда иштирок этиш;

тегишли давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар раҳбарларининг атроф муҳитни муҳофаза қилиш, ҳудуднинг санитария ҳолати, ободонлаштирилиши ҳамда кўкаламзорлаштирилиши масалаларига доир ахбороти ҳамда ҳисоботларини эшитишда иштирок этиш.

Фуқаролар қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

27. Фуқаролар қуйидагиларни бажариши шарт:

экологик назорат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этиш;

экологик назоратни амалга оширишда экологик назоратнинг бошқа субъектларига кўмаклашиш.

Фуқароларнинг зиммасида қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.

V. Жамоатчилик экологик назоратининг асосий шакллари

28. Қуйидагилар Жамоатчилик экологик назоратининг асосий шакллари ҳисобланади:

атроф муҳитнинг ҳолатини ва унинг хўжалик фаолияти ҳамда бошқа фаолият таъсиридаги ўзгаришларини, атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасидаги қонун ҳужжатлари талабларига юридик ва жисмоний шахслар томонидан риоя этилишини, давлат экологик дастурлари ва бошқа экологик дастурларнинг амалга оширилишини кузатиб бориш;

давлат, идоравий ва ишлаб чиқариш экологик назоратини амалга оширишда кузатувчи сифатида иштирок этиш;

тегишли давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар раҳбарларининг атроф муҳитни муҳофаза қилиш, ҳудуднинг санитария ҳолати, ободонлаштирилиши ҳамда кўкаламзорлаштирилиши масалаларига доир ахбороти ҳамда ҳисоботларини эшитиш;

жамоатчилик экологик экспертизасини ўтказиш.

Жамоатчилик экологик назорати атроф муҳит ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланишнинг ҳолатини таҳлил қилиш ва баҳолаш, шунингдек жамоатчилик фикрини ўрганиш орқали амалга оширилиши мумкин.

Жамоатчилик экологик назоратини амалга оширишда қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа шакллар ва усуллардан ҳам фойдаланилиши мумкин.

29. Кузатиб бориш қуйидагиларни:

атроф табиий муҳитга таъсир қилувчи манбалар ҳолатини;

атроф табиий муҳитга таъсир қилувчи физикавий, кимёвий ва биологик жараёнлар, ҳодисалар ва омилларни;

атмосфера ҳавосининг, ер усти ва ер ости сувларининг, тупроқнинг, ер усти экотизимларининг ва геологик муҳитнинг ифлосланиш даражаси ҳолатини;

ўсимлик ва ҳайвонот дунёсининг ҳолати ҳамда ҳўжалик ва бошқа фаолият таъсирида уларнинг деградация жараёнларини таърифлаш (аниқлаш), баҳолаш, таҳлил ва прогноз қилиш мақсадида амалга оширилади.

Кузатиш фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролар томонидан мустақил ишлаб чиқилган режалар ва дастурларга мувофиқ ўзлари учун қулай бўлган усул ва воситалар билан амалга оширилади.

30. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари, шунингдек фуқаролар давлат экологик назоратининг қуйидаги асосий шакллари амалга оширилганда кузатувчи сифатида иштирок этиши мумкин:

юридик ва жисмоний шахслар томонидан атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасидаги қонун ҳужжатлари талабларига амал қилинишини, давлат дастурлари ва бошқа экологик дастурлар амалга оширилишини текшириш;

атроф муҳит мониторинги;

давлат экологик экспертизаси.

31. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан кузатувчилар номзодларини кўрсатиш экология ва табиатни муҳофаза қилиш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш бўйича комиссиялар тақдимига биноан амалга оширилади.

Нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан кузатувчилар номзодларини кўрсатиш ташкилотнинг ижро этувчи раҳбарлик органининг тақдимига биноан амалга оширилади.

Фуқаролар давлат экологик назорати амалга оширилганда ўзини ўзи таклиф қилиш йўли билан, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари (доимий яшаш жойидан) ёки ўзи аъзо ёки фаоли бўлган нодавлат нотижорат ташкилоти тақдимига биноан кузатувчи сифатида иштирок этиши мумкин.

32. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари вакилларининг ҳамда фуқароларнинг давлат экологик назоратида кузатувчи сифатида иштирок этиши экологик назорат соҳасида махсус ваколатли давлат органлари билан келишилган ҳолда амалга оширилади.

33. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари вакилларининг ҳамда фуқароларнинг идоравий ва ишлаб чиқариш экологик назоратида кузатувчи сифатида иштирок этиши тегишли идора ва ташкилот билан келишилган ҳолда амалга оширилади.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари вакилларининг ҳамда фуқароларнинг идоравий ва ишлаб чиқариш экологик назоратида кузатувчи сифатида иштирок этишига фақат юридик шахснинг вакили ёки якка тартибдаги тадбиркорнинг вакили иштирокида йўл қўйилади.

Ишлаб чиқариш участкаларини (цехларни, бўлимларни) ташкилот маъмуриятини ва ҳамроҳлик қилувчи шахсни хабардор қилмасдан айланиб чиқиш (кўздан кечириш) ман этилади.

34. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари (ўз ваколатлари доирасида) тегишли ҳудудда жойлашган корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар раҳбарларининг атроф муҳитни муҳофаза қилиш, ҳудуднинг санитария ҳолати, ободонлаштирилиши ҳамда кўкаламзорлаштирилиши масалаларига доир ҳисоботларини эшитадилар.

Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқароларнинг жамоат эшитувлари, конференциялар, «давра суҳбатлари» ва бошқа тадбирлар ташкил қилинганда экологик назорат соҳасида махсус ваколатли давлат органлари, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари масъул шахсларининг, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар раҳбарларининг ахборот ва ҳисоботларини эшитишлари мумкин.

35. Жамоатчилик экологик экспертизаси нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролар ташаббуси билан экологик асосланилишида эҳтиёж бўлган ҳар қандай фаолиятда амалга оширилиши мумкин. Жамоатчилик экологик экспертизасини амалга оширишга тўсқинлик қилиш ман этилади.

Жамоатчилик экологик экспертизаси, давлат экологик экспертизаси ўтказилишидан қатъи назар, амалга оширилиши мумкин.

Жамоатчилик экологик экспертизасининг хулосаси тавсиявий характерга эга.

VI. Жамоатчилик экологик назорати натижаларини расмийлаштириш ва амалга ошириш шакллари

36. Жамоатчилик экологик назорати натижалари белгиланган тартибда маълумотнома ёки ахборот тузиш орқали, шунингдек қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа йўллар билан расмийлаштирилиши мумкин.

Жамоатчилик экологик назорати натижалари бўйича ахборот ёки маълумотнома:

экологик назорат фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ёки нодавлат нотижорат ташкилоти вакиллари томонидан амалга оширилганда тегишли фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари раиси ёки нодавлат нотижорат ташкилот раҳбари томонидан тасдиқланади;

экологик назорат ўзини ўзи таклиф этиш йўли билан фуқаро томонидан амалга оширилганда назорат натижалари фуқаро томонидан тасдиқлаб берилади.

Жамоатчилик экологик назорати натижалари бўйича ахборот ёки маълумотнома фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан экологик назорат соҳасидаги махсус ваколатли давлат органларига, бошқа давлат органларига, шунингдек ташкилотлар раҳбарларига белгиланган тартибда кўриб чиқиш учун юборилади.

37. Қуйидагилар жамоатчилик экологик назорати натижаларини амалга ошириш шакллари ҳисобланади:

махсус ваколатли давлат органларини, маҳаллий давлат ҳокимияти органларини жамоатчилик экологик назорати натижалари тўғрисида хабардор қилиш;

атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасидаги қонун ҳужжатлари талаблари бузилиши юзасидан аниқланган ҳолатлар бўйича тегишли чоралар кўриш учун давлат органларига таклиф киритиш.

Жамоатчилик экологик назорати натижалари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа йўллар билан ҳам амалга оширилиши мумкин.

38. Махсус ваколатли давлат органларини, маҳаллий давлат ҳокимияти органларини жамоатчилик экологик назорати натижалари тўғрисида хабардор қилиш белгиланган тартибда бериладиган оғзаки, ёзма ва электрон мурожаатлар (аризалар, таклифлар ёки шикоятлар) шаклида бўлиши мумкин.

Мурожаатларга фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ёки фуқароларда мавжуд бўлган ушбу мурожаатларнинг туб моҳияти бўйича илгари қабул қилинган қарорлар (ёки уларнинг нусхалари), шунингдек мурожаатларни кўриб чиқиш учун керак бўлган бошқа ҳужжатлар, шу жумладан фото, аудио ва видеоматериаллар илова қилиниши мумкин.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг, нодавлат нотижорат ташкилотларининг ёки фуқароларнинг жамоатчилик экологик назорати масалалари бўйича мурожаатлари қонун ҳужжатларига мувофиқ кўриб чиқилади.

Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 8 октябрдаги 287-сон қарорига
2-ИЛОВА

Экологик назоратнинг жамоатчи инспектори тўғрисида

Намунавий низом

I. Умумий қоидалар

1. Ушбу Намунавий низом экологик назоратнинг жамоатчи инспектори фаолиятини ташкил қилиш тартибини, унинг вазифаси, ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилайди.

2. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари жамоатчилик экологик назоратини амалга ошириш мақсадида экологик назоратнинг жамоатчи инспекторлари тизимини шакллантириши ҳамда уларнинг фаолиятини мувофиқлаштириши мумкин.

3. Белгиланган тартибда махсус тайёргарликдан ўтган ва экологик назоратда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқароси экологик назоратнинг жамоатчи инспектори бўлиши мумкин.

Экологик назоратнинг жамоатчи инспекторини махсус тайёргарликдан ўтказиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан экологик назорат соҳасидаги бошқа ваколатли давлат органлари, Ўзбекистон Нодавлат нотижорат ташкилотлари Миллий ассоциацияси, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши ва Ўзбекистон Экологик ҳаракати билан келишилган ҳолда белгиланади.

4. Экологик назоратнинг жамоатчи инспектори бўлиш истагини билдирган Ўзбекистон Республикаси фуқароси Қишлоқ фуқаролар йиғинларининг экология ва табиатни муҳофаза қилиш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш комиссияларига (кейинги ўринларда Комиссия деб аталади) ёки атроф муҳит муҳофазаси соҳасида фаолият юритувчи нодавлат нотижорат ташкилотига яшаш жойидан ариза билан мурожаат қилади.

Экологик назоратнинг жамоатчи инспектори бўлиш истагини билдирган Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг аризаси Комиссия йиғилишида ёки атроф муҳит муҳофазаси соҳасида фаолият юритувчи нодавлат нотижорат ташкилоти раҳбари томонидан экологик назорат соҳасидаги махсус ваколатли давлат органининг вакили иштирокида кўриб чиқилади.

Номзоди маъқулланган фуқаро фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи раисининг Комиссия йиғилишининг протоколи асосидаги қарори билан ёки нодавлат нотижорат ташкилоти раҳбарининг буйруғи билан бериладиган экологик назоратнинг жамоатчи инспектори гувоҳномасини олади.

5. Экологик назоратнинг жамоатчи инспектори гувоҳномаси ушбу Намунавий низомнинг 1, 2 ва 3-иловаларидаги шакллар ва тавсиф бўйича бир йил муддатга берилади.

6. Экологик назоратнинг жамоатчи инспектори гувоҳномаси тартиб рақамига эга бўлади ва экологик назоратнинг жамоатчи инспектори гувоҳномасини беришни ва қайтаришни Ҳисобга олиш дафтарида (кейинги ўринларда Ҳисобга олиш дафтари деб аталади) рўйхатдан ўтказилади. Ҳисобга олиш дафтари Комиссия ёки нодавлат нотижорат ташкилоти томонидан ушбу Намунавий низомнинг 4-иловасига мувофиқ шаклда юритилади.

Фуқаро Экологик назоратнинг жамоатчи инспектори гувоҳномасини олганда Ҳисобга олиш дафтарининг тегишли устунига имзо қўяди. Гувоҳнома рақами Ҳисобга олиш дафтаридаги тартиб рақамига мос келиши керак.

Ҳисобга олиш дафтари Комиссия раисида ёки нодавлат нотижорат ташкилоти раҳбарида сақланади, у белгиланган намунага мос бўлиши, қаттиқ жилд билан муқоваланган ҳамда варақлари рақамланган, тикилган, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи раиси ёки нодавлат нотижорат ташкилоти раҳбари имзоси ва муҳри билан, Дафтарнинг варақлари ва унинг юритила бошланган санаси кўрсатилган ҳолда тасдиқланган бўлиши керак.

7. Экологик назоратнинг жамоатчи инспектори томонидан жиноят, атроф табиий муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланиш соҳасида маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этилиши, шунингдек экологик назорат жамоатчи инспекторининг ўз мажбуриятларини бажармаслиги уни экологик назоратнинг жамоатчи инспектори мақомидан маҳрум қилишга асос бўлади.

8. Экологик назоратнинг жамоатчи инспектори экологик назоратнинг жамоатчи инспектори гувоҳномасини берган фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органига ёки нодавлат нотижорат ташкилотига ўзига берилган ваколатларнинг ўзидан соқит қилиниши тўғрисида ариза бериш ҳуқуқига эга.

9. Экологик назоратнинг жамоатчи инспектори гувоҳномаси ушбу Намунавий низомнинг 7 ва 8-бандларида назарда тутилган ҳолатларда, шунингдек унинг амал қилиш муддати тугагандан сўнг қайтариб берилиши керак.

10. Экологик назоратнинг жамоатчи инспектори гувоҳномасининг риоя этиш муддати тугагандан сўнг ушбу муддат экологик назоратнинг жамоатчи инспектори томонидан берилган аризага мувофиқ фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи раисининг ёки нодавлат нотижорат ташкилоти раҳбарининг қарорларига асосан бир йилга узайтирилиши мумкин.

11. Экологик назоратнинг жамоатчи инспекторлари фаолиятига услубий раҳбарлик қилиш Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан амалга оширилади.

12. Экологик назоратнинг жамоатчи инспектори ўз фаолиятида қонун ҳужжатларига ва ушбу Низомга амал қилади.

II. Экологик назорат жамоатчи инспекторининг асосий вазифалари

13. Қуйидагилар экологик назорат жамоатчи инспекторининг асосий вазифалари ҳисобланади:

атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасидаги қонун ҳужжатлари талаблари бузилишининг олдини олиш, уни аниқлаш ва унга чек қўйиш;

атроф муҳитнинг ҳолатини кузатиб бориш, атроф муҳитнинг ифлосланишига, табиий ресурслардан нооқилона фойдаланилишига олиб келиши, фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига хавф солиши мумкин бўлган вазиятларни аниқлаш;

мўлжалланаётган ёки амалга оширилаётган хўжалик фаолияти ва бошқа фаолиятнинг экологик талабларга мувофиқлигини аниқлаш;

юридик ва жисмоний шахсларнинг атроф муҳитни муҳофаза қилиш ҳамда табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этилишини, улар томонидан мажбуриятларнинг бажарилишини таъминлаш;

атроф муҳитдаги ўзгаришлар, унинг прогноз қилинаётган ҳолати, табиий ресурслардан фойдаланилиши ва кўрилаётган тегишли чора-тадбирлар тўғрисида давлат ташкилотлари ва бошқа ташкилотларни ҳамда фуқароларни хабардор қилиш;

табиатни муҳофаза қилиш фаолиятининг самарадорлигини ошириш ҳамда давлат экологик дастурлари ва бошқа экологик дастурларнинг амалга оширилишида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқароларнинг иштирокини таъминлаш;

фуқароларда атроф табиий муҳитга нисбатан эҳтиёткорона муносабатни тарбиялаш, табиат тўғрисидаги билимларни тарғиб қилиш ва оммалаштириш ишларини амалга ошириш, табиатни муҳофаза қилишга доир танловлар, кўргазмалар ва бошқа оммавий тадбирларни ташкил қилиш ва ўтказишда иштирок этиш.

III. Экологик назорат жамоатчи инспекторининг ҳуқуқлари

14. Экологик назоратнинг жамоатчи инспектори қуйидаги ҳуқуқларга эга:

атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасидаги қонун ҳужжатларига юридик ва жисмоний шахслар томонидан риоя этилишини кузатиб боришни амалга ошириш;

давлат, идоравий ва ишлаб чиқариш экологик назоратини амалга оширишда кузатувчи сифатида иштирок этиш;

атроф муҳитнинг ҳолати, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, мазкур соҳадаги қонун ҳужжатлари бузилиши юзасидан аниқланган ҳолатни бартараф этиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисида ахборот олиш учун тегишли давлат органларига фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органининг ва (ёки) нодавлат нотижорат ташкилотининг мурожаатини тайёрлашда иштирок этиш;

юридик ва жисмоний шахслардан жамоатчилик экологик назоратини амалга ошириш учун зарур бўлган ҳужжатларни ва ахборотни олиш;

атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш масалалари бўйича жамоатчилик фикрини ўрганишда, жамоатчилик экологик экспертизасини ўтказишда иштирок этиш;

тегишли давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар раҳбарларининг атроф муҳитни муҳофаза қилиш, ҳудуднинг санитария ҳолати, ободонлаштирилиши ҳамда кўкаламзорлаштирилиши масалаларига доир ахбороти ҳамда ҳисоботларини эшитишда иштирок этиш;

аҳолининг экологик маданиятини оширишга, экологик таълим ва тарбияни ривожлантиришга доир ишларда иштирок этиш;

экологик назоратнинг барча турларига оид фаолият бўйича табиатни муҳофаза қилиш қонунчилигини такомиллаштириш ва яхшилаш юзасидан тегишли давлат органларига таклифлар киритиш;

муҳим жамоат тадбирларидаги фаол иштироки ва табиатни муҳофаза қилишга оид талаблар бузилишининг олдини олиш, уни аниқлаш ва унга чек қўйишдаги ва айбдорларни жавобгарликка тортишдаги кўмаги учун фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органидан ёки нодавлат нотижорат ташкилотларидан рағбатлар олиш;

фуқаролар томонидан табиатни муҳофаза қилиш қонунчилиги бузилишига доир ва ташкилотлар фаолиятини ташқи кузатиб боришда аниқланган ҳолатлар бўйича белгиланган тартибда маълумотномалар ва ахборотлар тузиш.

15. Экологик назоратнинг жамоатчи инспектори қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

IV. Экологик назорат жамоатчи инспекторининг мажбуриятлари

16. Экологик назоратнинг жамоатчи инспектори қуйидагиларни бажариши шарт:

экологик назорат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этиш;

экологик назоратни амалга оширишда экологик назоратнинг бошқа субъектларига кўмаклашиш;

экологик назоратнинг бошқа субъектлари вазифаларини уларнинг ўрнига бажармаслик.

17. Экологик назорат жамоатчи инспекторининг қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлари ҳам бўлиши мумкин.

V. Экологик назорат жамоатчи инспекторининг экологик назоратдаги иштирокини расмийлаштириш

18. Экологик назоратнинг жамоатчи инспектори атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасидаги қонунчиликнинг бажарилиши устидан кузатиш олиб борганда ва ушбу қонунчиликнинг бузилиши аниқланганда маълумотнома ёки ахборот тузади ва улар фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари раиси ёки нодавлат нотижорат ташкилоти раҳбари имзоси ва муҳри билан тасдиқланади ҳамда атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасидаги қонунчиликнинг бузилиши юзасидан аниқланган ҳолатни бартараф этиш учун тегишли давлат органларига киритилади.

VI. Экологик назоратнинг жамоатчи инспектори фаолиятининг молиявий асослари

19. Экологик назоратнинг жамоатчи инспекторлари ўз фаолиятини ихтиёрий равишда юритади.

20. Экологик назорат жамоатчи инспекторининг фаолиятини юритиш учун шароитлар яратиш, уни ўқитиш ва унинг малакасини ошириш бўйича сарф-харажатлар фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва нодавлат нотижорат ташкилоти ҳисобидан молиялаштирилади.

21. Экологик назоратнинг жамоатчи инспекторлари фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан рағбатлантирилиши мумкин.

VII. Экологик назорат жамоатчи инспекторларининг жавобгарлиги

22. Экологик назоратнинг жамоатчи инспекторлари ўз фаолияти соҳасидаги ҳуқуқбузарлиги учун қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка тортилади.

Экологик назоратнинг жамоатчи инспектори тўғрисидаги Намунавий низомга
1-ИЛОВА

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан бериладиган экологик назоратнинг жамоатчи инспектори гувоҳномасининг

шакли

Гувоҳноманинг муқоваси

 

Гувоҳноманинг ички томони

 

Экологик назоратнинг жамоатчи инспектори тўғрисидаги Намунавий низомга
2-ИЛОВА

Нодавлат нотижорат ташкилоти томонидан бериладиган экологик назоратнинг жамоатчи инспектори гувоҳномасининг

шакли

Гувоҳноманинг муқоваси

 

Гувоҳноманинг ички томони

 

Экологик назоратнинг жамоатчи инспектори тўғрисидаги Намунавий низомга
3-ИЛОВА

Экологик назоратнинг жамоатчи инспектори гувоҳномасининг

тавсифи

Экологик назоратнинг жамоатчи инспектори гувоҳномасининг (кейинги ўринларда гувоҳнома деб аталади) муқоваси тўқ яшил рангли бўлиб, 60 х 90 миллиметр катталикда чарм ёки чарм ўрнини босувчи материалдан тайёрланади. Ички ҳар ярим қисмининг ўлчами — 60 х 85 мм.

Гувоҳнома бланкаси 60 х 85 мм ҳажмга, ҳар ярим қисми оч сарғиш рангдаги ҳимоя қилувчи сеткага эга.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан бериладиган гувоҳномада бланканинг юқори қисми марказида «ma`muriy- hududiy birlik va fuqarolar yig’`ni nomi», нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан бериладиган гувоҳномада «ma`muriy-hududiy birlik va NNT nomi», пастроқдаги марказда гувоҳноманинг тартиб рақами кўрсатиладиган «GUVOНNOMA №» ёзуви жойлаштирилади.

Пастроқдаги марказда гувоҳнома бериладиган фуқаронинг фамилияси, исми, отасининг исми кўрсатилади, ундан сўнг марказда — гувоҳноманинг чап ярмида Ekologik nazorat jamoatchi inspektori», гувоҳноманинг ўнг ярмида «Экологик назорат жамоатчи инспектори» сўзлари ёзилади. Ўнг ярмининг чап марказида 3 х 4 см катталикдаги фотосурат учун рамка чизилади. Пастроқ марказда гувоҳноманинг берилган санаси ва амал қилиш муддати кўрсатилади. Иккала ярмининг пастки қисми марказида муҳр учун жой, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан бериладиган гувоҳноманинг чап ярмида икки қаторда «Fuqarolar yig’ini raisi (oqsoqoli)» матни, нодавлат нотижорат ташкилоти томонидан бериладиган гувоҳноманинг ўнг томонида икки қаторда «Nodavlat notijorat tashkiloti rahbari» «Нодавлат нотижорат ташкилоти раҳбари» матни бўлади. Гувоҳномада уни берувчи раҳбарнинг имзоси ва исми, фамилияси ҳамда отасининг исми кўрсатилиши учун жой мавжуд. Матннинг жойлашуви — горизонтал.

Гувоҳномалар бланкалари экологик назорат жамоатчи инспекторининг паспорти маълумотлари асосида, компьютер ёрдамида тўлдирилади. Гувоҳнома матни қора рангда ёзилади.

Гувоҳнома бланкига барча зарур маълумотлар киритилгандан сўнг гувоҳнома эгасининг фотосурати ёпиштирилади, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи раиси ёки нодавлат нотижорат ташкилоти раҳбари томонидан имзоланади ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи ёки нодавлат нотижорат ташкилотининг тегишли муҳри билан тасдиқланади.

Матн бир хил мазмунда, ўзбек тилида, лотин ёзувида (чап томони) ва кириллицада (ўнг томони) тузилади.

Экологик назоратнинг жамоатчи инспектори тўғрисидаги Намунавий низомга
4-ИЛОВА

Экологик назоратнинг жамоатчи инспектори гувоҳномасининг берилишини ва қайтарилишини ҳисобга олиш
‎ДАФТАРИ
‎___________________________________________________________________________________
‎(фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органининг ёки нодавлат нотижорат ташкилотининг номи)

Т/р

Гувоҳноманинг тартиб рақами

Гувоҳнома эгасининг ва уни имзолаган шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми

Амал қилиш муддати

Гувоҳнома эгасининг фотосурати

Олинган санаси, олганлик тўғрисидаги имзо

Қайтариш санаси, қайтарган гувоҳнома эгасининг имзоси

Йўқ қилиниши тўғрисида белги (далолат-номанинг санаси ва тартиб рақами)

 

 

 

 

logo_uz