Бухоро ихтисослашган “Жайрон” питомниги нафақат Ўрта Осиё, балки дунёдаги ноёб экологик масканлардан саналади.

Умумий ер майдони 16522 гектар бўлган қўриқхонада камёб турдаги ҳайвонлар сони йил сайин кўпайиб бормоқда.

Масалан, ўтган йилнинг октябрида ўтказилган ҳисоб – китобларга кўра, бу ерда Бухоро тоғ қўйлари сони 48, Бухоро буғуси 3, қулонлар 138, Преживальский отлари сони 24 бошга етгани маълум бўлди.

Жайронларни айтмайсизми?! Табиатнинг нозик хилқати саналган бу жониворлар 997 бошни ташкил этмоқда. Улар масканнинг нафақат асосий, балки очиқ ҳудудида ҳам эмин – эркин юришибди. Буни кўриш жуда мароқли.

Қарангки, табиатан ҳуркак жайронлар ҳам инсон меҳрини ҳис этишар, одамлардан фақат яхшилик кутишар экан. Айниқса, қиш – қировли шу кунларда бу кўзга яққол ташланмоқда. Марказ ходимларини кўрган жайронлар улар томон талпинаётгандек таассурот уйғотади. Хусусан,ортидан болалари эргашган жайронларнинг кўзида ёш ҳалқалангандек туюлади. Тилсиз жониворлар балки шу йўл билан ўз дардини ошкор этишга уринаётгандир, деган ўй – хаёлга борасан, киши. Билсак,тахминларимиз бежиз эмас.

- 2018 йилда иқлим қуруқ ва иссиқ келди, - дея мулоҳаза юритади питомник директори Ш. Болтаев. - Ёғингарчилик кам бўлди.Оқибатда ҳудудимиздаги ўсимликлар баравж ўсолмай қолди.Табиий озуқа захираси камайди.Бундан ҳайвонлар, жумладан, жайронлар жабр кўряпти.Биз шуларни ҳисобга олиб, уларни қўшимча озиқлантириш чораларини кўряпмиз. Аммо қўлдан берганга қуш тўймас, деганларидек, озуқа омборимиз бўшаб қоляпти.Олиҳиммат инсонлар шу масалада бизга ёрдам қўлини чўзишса, Ўзбекистон ва жаҳон “Қизил китоб”ига кирган ноёб ҳайвонларни қишловдан талафотсиз олиб чиқишдек эзгу ишга ўз ҳиссаларини қўшган бўлур эдилар.Гап шундаки, рационга мувофиқ,биргина жайронларнинг ўзи суткасига ўртача 1,5 килограммдан арпа ейиши керак.

Мутахассислар, жумладан марказ кичик илмий ходими Пўлот Тошевнинг ҳисоб – китобларига кўра, кейинги 50 кун мобайнида питомникка 60 тонна дағал – хашак, салкам 20 тонна арпа ёки буғдой, кўплаб миқдорда беда зарур.Акс ҳолда озуқа етишмовчилиги жониворлар ҳаётини хавф остида қолдиради.

Манбаъ: http://xs.uz/