foto1 foto2 foto3 foto4 foto5


Baner text 1

Baner text 2

Baner text 3

Baner text 4

Baner text 5

Get Adobe Flash player

Хорижий тажрибани ўрганиш шуни кўрсатмоқдаки, дунёнинг 100 га яқин мамлакатларда турли номланишдаги “яшиллар” партиялари фаолият юритади. Фаолият кўрсатаётган ушбу партияларнинг 60 га яқини давлат ҳокимияти вакиллик органларига ўзининг вакилларига эга.

Бу эса мазкур мамлакатларда фаолият кўрсатаётган бошқа сиёсий партиялар билан рақобат қилиб, экологик муаммоларни сиёсий майдонга олиб чиқишга имконият яратади.

Ривожланган мамлакатларда жумладан, Швецария фаолият юритувчи ўз олдига “яшил сиёсат” “яшил иқтисодиёт” ғоясини илгари сурувчи яшиллар партияси мамлакат парламентида 138 та ўрин эгаллаган. Исландияда фаолият юритувчи “яшиллар партияси” эса 2015 йил вакиллик органларига бўлиб ўтган сайловларда 22,1 фоиз ўрин олиб, партиялар ичида учинчи ўринни эгаллади.

Бу мисоллар ривожланган давлатлар аҳолисининг экологик масалаларга алоҳида эътибор қаратиб, сиёсий куч сифатида фаолият кўрсатаётган партияларни қўллаб-қувватлашидан далолат беради.

Таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда экологик муаммоларни ҳал этиш ва уларнинг салбий оқибатларини бартараф қилиш борасида муайян тажриба орттирилди. Бироқ, соҳадаги вазифаларнинг кўлами мамлакат миқёсида ва алоҳида минтақаларда экологик ҳолатни соғломлаштириш муаммоларини яхлит ҳолда ҳал этишда давлат органлари, жамоат бирлашмалари, фуқаролик жамияти институтлари ва фуқароларнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштиришни талаб этди. 

Мамлакатда ушбу вазифаларни амалга оширишга кўмаклашишга илк қадам сифатида жамоат ташкилотларининг ташаббуси асосида Ўзбекистон экологик ҳаракати ташкил этилган эди. Миллий қонунчилик билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида 15 та депутатлик ўрнига квота ажратилди, бу эса ўз навбатида нафақат экологик муаммо ва масалаларни илгари суриш, балки уларни ҳал этиш, шунингдек, атроф муҳит муҳофазаси ва экологик ҳолатни соғломлаштириш ишларида жамоатчилик иштироки фаоллигини ошириш имконини берди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Муҳтарам Ш.М.Мирзёев 2017 йил 22 декабрдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида “... 2008 йилда ташкил этилган Ўзбекистон Экологик ҳаракати ўтган даврда чинакам сиёсий кучга айланди. Аммо тан олиш керак, Ҳаракат вакиллари парламент қуйи палатасига квота асосида киритилиши унинг фаол ва ташаббускор бўлиб ишлашини муайян даражада сусайтирмоқда. Барча сиёсий кучлар учун тенг шароит яратиш ва парламент қуйи палатасидан Экологик ҳаракат вакиллари учун махсус ўрин ажратишдан воз кечиш вақти келди, деб ўйлайман. Бу ўзгариш сиёсий майдонда соғлом рақобатни кучайтиради ва Экологик ҳаракатнинг алоҳида сиёсий куч сифатида мустаҳкамланишига хизмат қилади”, дея алоҳида таъкидлаб ўтган эдилар. 

Дарҳақиқат, барча соҳаларда рақобат бўлгандагина ривожланиш бўлади, янги ғоялар, мақсад сари интилишлар кучаяди. Шу нуқтаи-назардан қараганда шиддат билан ривожланаётган мамлакатимизда бугунги кун талабларига монанд келадиган, амалга оширилаётган ислоҳотлар билан қадама-қадам юрадиган Ўзбекистон фуқароларининг бугунги ва келажак авлодларини қулай шароитда яшаш ҳуқуқини ҳимоя қилиш, барқарор ривожланиш мақсадларида иқтисодиёт, ижтимоий соҳа, атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва фуқаролар саломатлигини сақлашга йўналтирилган тизимли ўзгаришларга жамиятнинг барча кучларини бирлаштиришга даъват қиладиган сиёсий куч экологик сиёсий кучни ташкил этиш зарурати юзага келди.

Жорий йил 14 ноябрь куни мамлакатимиз сиёсий тарихида, унинг экологик барқарорлигини таъминлаш йўлида экология, соғлиқни сақлаш соҳаларда ва жамоат ташкилотларида олий ва ўрта таълим муассасалари фаолият кўрсатувчи бир гуруҳ фуқаролар томонидан Ўзбекистон экологик партиясини тузиш ташаббуси илгари сурилди.

Ўзбекистон Республикасининг “Сиёсий партиялар тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ ўтказилган мазкур йиғилишда иштирокчилар томонидан ушбу партияни тузиш бўйича Ташкилий қўмита тузилди. Ташкилий қўмита томонидан қонун ҳужжатларига мувофиқ партия тузиш билан боғлиқ барча жараёнлар амалга оширилди.

Куни-кеча мазкур партияни таъсис съезди бўлиб, таъсис съездида Ўзбекистон экологик партиясини Устав ва Дастури қабул қилинди.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон экологик партиясининг таъсис этилиши ҳар бир она табиатимиз жонкуярлари учун қувончли ва тарихий воқеа бўлди.

Ўзбекистон экологик партияси қандай ғоялар, мақсад йўлида фуқароларни эргаштиради? Бу эса партиянинг Дастурий мақсадларининг, ғояларининг собитқадамлигига боғлиқ.

Ўзбекистон экологик партияси Дастурий вазифалари билан танишар экансиз, муболағасиз, унинг мақсадлари Жонажон Ўзбекистоннин гўзал табиати, экотизими, ҳайвонот ва наботот оламини муҳофаза қилишга қаратилганлигига гувоҳ бўласиз.

Партия энг аввало, атроф муҳитни муҳофа қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш мақсадларига эришиш учун аҳолининг экологик саводхонлик даражасини ошириш, дунёқараши ва соғлом турмуш тарзини шакллантириш вазифаларини олдига қўймоқда.

Зеро аҳолининг хабардорлигини, экологик маданияти даражасини ошириш, ҳар бир инсонда атроф муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлиш, мамлакатнинг ноёб табиатини келгуси авлодлар учун асраб-авайлаш фуқаролик жавобгарлигини шакллантириш бугунги кунда экологик ҳолатни яхшилаш ва атроф муҳитга салбий техноген ҳамда антропоген таъсирни олдини олишнинг муҳим омили бўлиб бормоқда.

Ушбу устувор йўналишни амалиётга татбиқ этиш мақсадида Ўзбекистон экологик партияси экологик фикрлашни шакллантириш, узлуксиз экологик таълим ва тарбиянинг мукаммал тизимини ишлаб чиқишга йўналтирилган ишларда кенг жамоатчиликнинг фаол иштирокини таъминлашга қаратилган ишлар партия диққат марказида бўлади.

Аҳолининг экологик маданиятини ошириш вазифасини ҳал этиш учун Ўзбекистон экологик партияси халқимизнинг доимо табиат ва инсон уйғунлигига эришишни таъминлашга интилиш, келгуси авлод учун уни асраб-авайлаш, сувдан тежамли фойдаланишдек асрий анъаналари ва қадриятларидан иборат маданий ва табиий меросига мурожаат қилишни муҳим деб ҳисоблайди. Халқимизнинг маданий мероси экологик йўналган замонавий дунёқарашни, мамлакат аҳолисига экологик таълим ва тарбия беришнинг узлуксиз тизимини, барқарор ривожлантириш мақсадларида таълимни шакллантиришда муҳим аҳамият касб этиши шубҳасиздир.

Мавжуд экологик муаммоларга жамоатчиликнинг эътиборини қаратиш, уларни изчил ҳал этишнинг энг мақбул йўлларини жамоатчилик муҳокамасини ташкил этиш, атроф  муҳит муҳофазаси ҳолати, уни муҳофаза қилиш ишлари ҳақида фуқароларни ҳаққоний ва тезкор ахборот билан таъминлаш мақсадида Ўзбекистон экологик партияси мавжуд оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик қилиши муҳим аҳамият касб этади.

Партия атроф табиий муҳит муҳофазаси соҳасида ресурс ва энергия тежовчи, экологик тоза технологиялар борасидаги илмий изланишларни ривожлантиришда кенг жамоатчиликнинг қўллаб-қувватлашини таъминлашга кўмаклашади.

Таъкидлаш жоизки, ҳар бир фуқаро томонидан мамлакатнинг ноёб табиати ҳалкимиз тарихий меросининг ажралмас қисми эканлиги ва келажак авлодлар учун уни асраб-авайлаш заруратининг англанишига эришишда барча манфаатдор давлат органлари ва жамоат бирлашмалари, фуқароларнинг куч-ғайратларини изчил уйғунлаштириш Партиянинг асосий вазифаси сифатида қаралмоқда.

Бир сўз билан айтганда, бугун жамиятимиз ҳаётига қадам қўйиб келган янги сиёсий партия ўз олдига улкан эзгу мақсад ва вазифаларни қўйди. Уларни амалга оширишда Она табиатимиз жонкуяри бўлган, атроф муҳит, мамлакат ободлиги, юрт фаровонлигига бефарқ бўлмаган ҳар бир фуқаронинг Партия эзгу мақсадлари йўлида бирлашишини талаб этади.  

 

Диёра Шарипова,

Ўзбекистон Экологик партиясининг

Ташабусскор гуруҳи аъзоси

logo_uz