2019 йил 8 январь куни мамлакатимиз сиёсий-ижтимоий ҳаётида муҳим воқеа содир бўлди. Шу куни мустақил Ўзбекистон тарихида биринчи марта экологик барқарорликни таъминлаш йўлида янги сиёсий куч, Ўзбекистон Экологик партияси таъсис этилди.

Эътиборингизга ҳавола этилаётган ушбу давра суҳбатида Ўзбекистон Экологик партиясининг мақсад ва вазифалари, жамият ҳаётидаги аҳамияти ҳақида партия Марказий кенгаши ижроия қўмитаси аъзоларининг фикр-мулоҳазалари билан яқиндан танишасиз.

Борий Алиханов, 

Ўзбекистон Экологик партияси Марказий кенгаши ижроия қўмитаси раиси:

– Ер куррасида содир бўлаётган ҳозирги аномал табиий ўзгаришлар, жиддий экологик инқироз, унинг натижасида вужудга келаётган мураккаб геосиёсий вазият дунё ҳамжамиятини ҳар қачонгидан ҳам кўра бирлашишга, ҳамкорлик ва ҳамжиҳатликка чорламоқда.

Атроф-муҳитга ҳаддан ташқари кўп чиқарилаётган зарарли моддалар шу пайтгача абадий музликлар дея эътироф этиб келинган Арктика ёки Гренландия музликларининг аста-секин эриб боришига ва дунё океанлари сатҳининг сезиларли кўтарилишига сабаб бўляпти. Иқлимшунос олимлар, эколог экспертлар буни инсоният бошига муқаррар ҳалокат солишидан ташвишланиб, бонг уришмоқда.

Шуни таъкидлаш жоизки, ҳозирда сайёрамиз экологик беқарорлик чегарасига келиб қолди. Гап шундаки, бугунги экологик таназзул дунёнинг қайси бир қитъасида ёки минтақасида вужудга келмасин, у бутун умуминсониятнинг тақдирига таъсир кўрсатмоқда.

Жуда кўп бора таъкидланган Орол муаммоси ҳам бугунги кунда кўплаб мамлакатларнинг, улар аҳолисининг тақдирига таъсир ўтказаяпти. Яқин ўтмишда жаҳондаги ёпиқ денгизлар ўртасида катталиги жиҳатдан тўртинчи ўринда бўлган Орол денгизи ўрнида Қизилқум ва Қорақум саҳролари ўртасида майдони 5,5 миллион гектарга тенг бўлган янги “Оролқум” саҳроси пайдо бўлди. Орол денгизи фожиаси дунёдаги энг йирик экологик фожиалардан бири бўлиб, нафақат, Ўзбекистон, балки минтақадаги барча давлатлар учун қатор экологик, ижтимоий-иқтисодий, тиббий ва гуманитар муаммоларни келтириб чиқарди. Қуриган денгиз тубидан кўтариладиган қум ва туз бўронлари борган сари авж олмоқда. Ушбу ҳолат эса иқлим ўзгариши шароитларида янада авж олмоқда. Ҳудуддан ҳар йили бир неча минг километр масофагача 100 миллион тоннадан ортиқ қум ва туз зарралари тарқалмоқда.

Орол фожиаси минтақадаги иқлим шароитини оғирлаштириб, ёз даврида қуруқлик ва жазирамани кучайтирди, совуқ ва қақшатқич қишларни узайтириб юборди. Мутахассисларни башоратига кўра, 2035-2050 йилларга келиб минтақадаги ҳаво даражаси ҳозирги кўрсаткичларга нисбатан яна 1,5-3 даражага ўсиши мумкин. Ундан ташқари, Орол фожиасининг таҳдидли таъсири бутун дунёда кузатилмоқда. Халқаро экспертларни таъкидлашича, Орол минтақасининг заҳарли тузлари Антарктида соҳилларида, Гренландия музликларида, Норвегия ўрмонларида ва Ер куррасининг кўплаб бошқа жойларида топилган. Афсуски, Орол денгизи қуриши натижасида юзага келган ҳам экологик, ҳам иқтисодий, ҳам ижтимоий муаммолар рўйхатини узоқ давом эттириш мумкин. Оролбўйи минтақасида юзага келган муаммолар жаҳон ҳамжамиятини ташвишга солаётгани бежиз эмас, албатта.

Эътироф этиш жоизки, Ўзбекистон табиатдан оқилона фойдаланиш сиёсатини изчиллик билан олиб бормоқда. Ер ва сув ресурсларини бошқаришни такомиллаштириш, қишлоқ хўжалигини интенсивлаштириш бўйича чора-тадбирларни амалга оширмоқда. Чунончи, кўрилган чора-тадбирлар натижасида йиллик сув истеъмолини 14 миллиард куб.метрга қисқартиришга, қишлоқ хўжалигида бир гектарга бўлган сув сарфининг солиштирма ҳажмини эса икки баравардан кўпроқ камайтиришга, суғориладиган ерлар майдонининг ярмидан ортиғининг мелиоратив ҳолатини яхшилашга эришилди.

Бироқ, соҳадаги вазифаларнинг кўлами мамлакат миқёсида ва алоҳида минтақаларда экологик ҳолатни соғломлаштириш муаммоларини яхлит ҳолда ҳал этишда давлат органлари, жамоат бирлашмалари, фуқаролик жамияти институтлари ва фуқароларнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштиришни талаб этди.

Шундан келиб чиқиб, экологик муаммоларни бартараф этишга кўмаклашиш, атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан оқилона фойдаланиш мақсадида мамлакатимизда илк бора Ўзбекистон Экологик партияси вужудга келди.

Шубҳасиз, Орол экологик фожиаси оқибатларининг Оролбўйи аҳолиси ва атроф муҳити учун салбий таъсирини юмшатиш, шунингдек мамлакатнинг бошқа экологик ноқулай ҳудудларида табиий муҳитни соғломлаштиришга эришиш янги партиянинг асосий дастурий мақсад ва вазифаларидандир.

Ислом Хушвақтов, 

Ўзбекистон Экологик партияси Марказий кенгаши ижроия қўмитаси раиси ўринбосари:

– “Сиёсий партиялар тўғрисида”ги қонунига мувофиқ 2018 йил 14 ноябрь куни Тошкент шаҳрида экология, соғлиқни сақлаш соҳаларидаги давлат ва нодавлат ташкилотлари, фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари вакиллари, олий ва ўрта таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, ОАВ вакиллари иштирокида янги экологик сиёсий партия тузиш бўйича ташаббускор гуруҳининг дастлабки мажлиси бўлиб ўтди. Унда ушбу партияни тузиш бўйича 67 нафардан иборат ташкилий қўмита тузилди.

2018 йил 1-17 декабрь кунлари 14 та ҳудудда Ўзбекистон Экологик партияси таъсис съездига Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан делегатлар сайлаш бўйича ҳудудий конференциялар бўлиб ўтди. Ҳудудий конференцияларда 1509 нафар иштирокчи қатнашди. Мазкур конференцияларда муқобиллик асосида 250 нафар делегатлар Ўзбекистон Экологик партияси таъсис съездига сайландилар.

“Сиёсий партиялар тўғрисида”ги қонунининг 6-моддасига мувофиқ сиёсий партияни тузиш учун камида саккизта ҳудудий субъектда (вилоятда), жумладан Қорақалпоғистон Республикаси ва Тошкент шаҳрида яшаётган ҳамда партияга бирлашиш истагида бўлган камида йигирма минг фуқаронинг имзоси бўлиши талаб этилади. Ушбу талабдан келиб чиққан ҳолда ўн тўртта ҳудуддан яъни, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида яшаётган ҳамда партияга бирлашиш истагида бўлган ўттиз уч мингдан ортиқ фуқароларнинг имзолари йиғилди. Мен буни бежиз айтиб ўтаётганим йўқ. Мана шу муҳим жараёнда кенг жамоатчилик ушбу партияни тузиш масаласига катта хайрихоҳлик билдирилди. Шу ўринда қуйидагиларга алоҳида эътибор қаратиш лозим:

биринчидан, аҳолининг ижтимоий-сиёсий фаоллиги ортиб бораётганлиги кўринди;

иккинчидан, ватандошларимизнинг экологик савияси юксаклиги намоён бўлди;

учинчидан, уларнинг мамлакатимиздаги ислоҳотларга нисбатан дахлдорлик туйғуси борлиги, энг муҳими лоқайд ва бефарқ эмаслиги яққол намоён бўлди. 

Абдураҳим Қурбонов, 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати, Экоҳаракат депутатлар гуруҳи аъзоси:

– Янги партияга қай даражада эҳтиёж бор эди ёки бу партия энди жамиятга нима беради? деган ҳақли саволлар туғилиши, табиий. Ушбу саволларга ҳамкасбларимиз бугунги тобора чуқурлашиб бораётган экологик вазият, табиатдаги жиддий ўзгаришлар сабабли содир бўлаётган ҳалокатли воқеа-ҳодисалар мисолида жавоб бериб ўтишди.

Бунинг яна бир муҳим жиҳати борки, бунга атрофлича тўхталиб ўтишни мақсадга мувофиқ деб биламан. 

Бундан қарийб 11 йил олдин, яъни 2008 йил 2 август куни Ўзбекистон экологик ҳаракати ташкил топган эди. Айни пайтгача у ўзининг мақсад ва вазифаларни тўла амалга оширди. Лекин, орадан шунча вақт ўтиб, табиатда ҳам жамиятда ҳам қанчадан-қанча ўзгаришлар содир бўлди. Сўнгги йилларда мамлакатимизда амалга оширилаётган жиддий ислоҳотлар, жамиятнинг барча институтларига янги-янги вазифаларни қўймоқда. Бу вазифаларни амалга ошириш учун янгича ёндашув, янги куч талаб этилади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида 15 та депутатлик ўрнига квота ажратилди. Бу эса ўз навбатида нафақат экологик муаммо ва масалаларни илгари суриш, балки уларни ҳал этиш, шунингдек, атроф - муҳит муҳофазаси ва экологик ҳолатни соғломлаштириш ишларида жамоатчилик иштироки фаоллигини ошириш имконини берди. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев 2017 йил 22 декабрдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида “...2008 йилда ташкил этилган Ўзбекистон Экологик ҳаракати ўтган даврда чинакам сиёсий кучга айланди. Аммо тан олиш керак, ҳаракат вакиллари парламент қуйи палатасига квота асосида киритилиши унинг фаол ва ташаббускор бўлиб ишлашини муайян даражада сусайтирмоқда. Барча сиёсий кучлар учун тенг шароит яратиш ва парламент қуйи палатасидан Экологик ҳаракат вакиллари учун махсус ўрин ажратишдан воз кечиш вақти келди, деб ўйлайман. Бу ўзгариш сиёсий майдонда соғлом рақобатни кучайтиради ва Экологик ҳаракатнинг алоҳида сиёсий куч сифатида мустаҳкамланишига хизмат қилади”, дея алоҳида таъкидлаб ўтган эдилар.

Дарҳақиқат, мамлакатимизда давлат ва жамият қурилиши соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг янги босқичидаги кейинги қадам сифатида Ўзбекистон экологик ҳаракати фаолиятида тўпланган тажрибалар асосида янги сиёсий партияни ташкил этиш зарурати вужудга келди. 

Шу нуқтаи назардан олиб қараганда янги таъсис этилган Ўзбекистон экологик партияси Ўзбекистон фуқароларининг бугунги ва келажак авлодларини қулай шароитда яшаш ҳуқуқини ҳимоя қилиш, барқарор ривожланиш мақсадларида иқтисодиёт, ижтимоий соҳа, атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва фуқаролар саломатлигига йўналтирилган тизимли ўзгаришларга жамиятнинг барча кучларини бирлаштиришга даъват қилади.

Нурия Айтжанова, 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати, Экоҳаракат депутатлар гуруҳи аъзоси:

– Юқорида таъкидланганидек, жаҳонда кечаётган бугунги экологик муаммо дунё ҳамжамиятини ташвишга солмоқда. Хорижий давлатлар тажрибасига эътибор қаратадиган бўлсак, экология соҳасидаги сиёсий партиялар кўпчилик давлат ва жамиятлар ҳаётида муҳим ўрин тутишининг гувоҳи бўламиз. Айни пайтда дунёнинг 100 га яқин мамлакатида экологик партиялар фаолият олиб боради. Шундан 50 дан ортиқ сиёсий партиялар эса мамлакатнинг парламентида, қонунчилик органларида ўз ваколатли вакилларига эга.

Марказий Осиё минтақасида вужудга келган экологик муаммоларнинг, жумладан биргина Орол денгизи инқирозининг миқёси ва кўлами экологик ҳолатни соғломлаштириш муаммоларини комплекс ҳал этишга жаҳон ҳамжамияти эътиборини қаратиш ва саъй-ҳаракатларни бирлаштиришни тақозо этади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев 2018 йил 28 декабрдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида экологик хавфсизлик, биринчи навбатда, сув ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш доимо эътиборимиз марказида туриши зарурлигини таъкидлаб, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик асосида траст фондининг тузилиши ўзбек дипломатиясининг катта ютуғи бўлганлигини алоҳида эътироф этдилар.

Жамғарманинг мақсади нафақат ҳудудни ўрмонлаштириш, балки аҳолининг турмуш фаолияти билан боғлиқ бўлган тиббий, иқтисодий ривожланиш, экологик вазият, ижтимоий ҳимоя ва бошқа шу каби соҳалар билан боғлиқ бўлган Оролбўйининг зарурий муаммоларини ҳам ҳал қилишда мувофиқлаштирилган ёндашувни таъминлашдан иборатдир. 

Таъсис этилган Ўзбекистон Экологик партияси олдида кўлами ва моҳияти жиҳатидан жуда катта вазифалар турибди. Партия асосий эътиборини атроф- муҳитни муҳофаза қилиш ҳар бир фуқаронинг умумий иши бўлишига қаратади. Ушбу мақсадларда Партия ўз саъй-ҳаракатларини қуйидагиларга, яъни:

- мамлакатда экологик хавфсизликни таъминлашга ҳар томонлама кўмаклашиш;

- экология ва соғлиқни сақлаш соҳасидаги миллий қонунчиликни такомиллаштириш;

- экологик билим ва маданият даражасини ошириш, аҳолининг экологик дунёқарашини шакллантириш ва соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш;

- давлат органлари, сиёсий партиялар, нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан атроф муҳит ва аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш масалаларида ҳамкорликни янада чуқурлаштириш;

- экологик тоза, чиқиндисиз, технологиялар, инновацион ечимларни экология соҳасида жорий этишга кўмаклашиш;

- атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва соғлиқни сақлаш масалаларида хорижий ва халқаро экологик ташкилотлар билан алоқаларни мустаҳкамлаш ва бошқа муҳим вазифаларни амалга оширишни лозим деб биламиз.

Ўзбекистон Экологик партияси “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” давлат Дастурида атроф муҳит муҳофазаси ва аҳоли саломатлигини сақлаш, экологик ҳолатни барқарорлаштириш борасидаги ишларни янада жонлантириш, соҳага инвестициялар жалб этиш, экологик масалалар бўйича инновацион ёндашувларга эришишни таъминлаш бўйича жамиятнинг барча саъй-ҳаракатларини сафарбар қилишга интилади.

Манбаъ: http://uza.uz/