foto1 foto2 foto3 foto4 foto5


Baner text 1

Baner text 2

Baner text 3

Baner text 4

Baner text 5

Get Adobe Flash player

Инсоният табиатга лоқайдлик билан муносабатда бўлишнинг қандай оқибатларга олиб келишини биргина Орол фожиаси мисолида кўришимиз мумкин.

Яқин ўтмишда жаҳондаги ёпиқ денгизлар орасида катталиги жиҳатдан тўртинчи ўринда турган Орол денгизи ўрнида — Қизилқум ва Қорақум саҳролари ўртасида майдони 5,5 миллион гектарга тенг янги “Оролқум” саҳроси пайдо бўлди. Орол денгизи фожиаси дунёдаги энг йирик экологик фожиалардан бири бўлиб, нафақат Ўзбекистон, балки минтақадаги барча давлатлар учун қатор экологик, ижтимоий-иқтисодий, тиббий-гуманитар муаммоларни келтириб чиқарди. Қуриган денгиз тубидан кўтариладиган қум ва туз бўронлари борган сари авж олмоқда. Ушбу ҳолат эса, иқлим ўзгариши шароитларида янада кучаймоқда. Ҳудуддан ҳар йили бир 100 миллион тоннадан ортиқ қум ва туз зарралари неча минг километр масофагача тарқалмоқда.

Орол фожиаси минтақадаги иқлим шароитини оғирлаштириб, ёз даврида қуруқлик ва жазирамани кучайтирди. Мутахассисларнинг фикрича, 2035-2050 йилларга бориб, минтақадаги ҳарорат даражаси ҳозирги кўрсаткичга нисбатан яна 1,5-3 даражага ўсиши мумкин. Ундан ташқари, мазкур табиат фожиасининг таъсири бутун дунёда кузатилмоқда. Халқаро экспертларнинг таъкидлашича, Орол минтақасининг заҳарли тузлари Антарктида соҳилларида, Гренландия музликларида, Норвегия ўрмонларида ва Ер куррасининг кўплаб бошқа жойларида топилган. Афсуски, Орол денгизи қуриши натижасида юзага келган экологик, иқтисодий-ижтимоий муаммолар рўйхатини узоқ давом эттириш мумкин. Шу боис, Оролбўйи минтақасида юзага келган муаммолар жаҳон ҳамжамиятини ташвишга солаётгани бежиз эмас, албатта.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон табиатдан оқилона фойдаланиш сиёсатини изчиллик билан олиб бормоқда. Ер ва сув ресурсларини бошқаришни такомиллаштириш, қишлоқ хўжалигини интенсивлаштириш бўйича чора-тадбирларни амалга оширмоқда. Чунончи, кўрилган чора-тадбирлар натижасида йиллик сув истеъмолини 14 миллиард куб. метрга қисқартиришга, қишлоқ хўжалигида бир гектарга бўлган сув сарфининг солиштирма ҳажмини эса, икки баравардан кўпроқ камайтиришга, суғориладиган ер майдонларининг ярмидан ортиғининг мелиоратив ҳолатини яхшилашга эришилди.

Оролбўйи ҳудудидаги экологик вазиятни барқарорлаштириш учун 5,5 миллиард доллардан ортиқ маблағ йўналтирилди. Хорижий мамлакатлардаги шериклар ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда Орол денгизининг қуриб қолган тубида ўрмон иҳота дарахтзорларини ҳамда янги муҳофаза қилинадиган табиий ҳудудларни барпо этиш, коллектор-дренаж сув тармоғи тизимини яхшилаш, аҳолининг турмуш даражасини янада ошириш бўйича лойиҳалар амалга оширилмоқда. Сўнгги ўн йил давомида бу ерда саксовул ва бошқа шўрга чидамли ўсимлик турларидан иборат 350 минг гектарга яқин ўрмон барпо этилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) Бош Ассамблеясининг 2017 йил 19 сентябрда бўлиб ўтган сессиясида Орол денгизи инқирози чегара билмайдиган глобал экологик муаммоларни келтириб чиқарганини яна бир бор таъкидлаб, дунё ҳамжамиятини огоҳликка чақирди.

Шунингдек, давлатимиз раҳбари томонидан 2018 йил 24 августда ўтказилган Оролни қутқариш халқаро жамғармаси таъсисчи давлатлари раҳбарларининг саммитида экологик тоза технологияларни ишлаб чиқиш ва жорий этишга хорижий инвестицияларни жалб қилиш учун шарт-шароитлар яратиш, «яшил» иқтисодиёт, экологик тоза, энергия ва сув тежовчи технологиялар принципларини комплекс жорий этиш, кўчма қумларни мустаҳкамлаш, Оролнинг қуриб қолган тубидан заҳарли аэрозол чанглар кўтарилишини камайтириш таклифлари илгари сурилди.

Шуни алоҳида айтиш керакки, Юртбошимизнинг ташаббус ва таклифлари амалга оширилиши минтақанинг экологик, ижтимоий ва иқтисодий муаммоларини ҳал этишда Марказий Осиё давлатларининг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш, тинчлик ва барқарорлик пойдеворини янада мустаҳкамлаш имконини беришини инобатга олиб Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон томонидан тўлиқ қўллаб-қувватланди. Энг асосийси, 2018 йилнинг 27 ноябрь куни Нью-Йорк шаҳридаги БМТ қароргоҳида Оролбўйи минтақаси учун инсон хавфсизлиги бўйича кўпшериклик Траст фонди ташкил этилди.

Мазкур фонднинг асосий мақсади Оролбўйидаги аҳоли турмуш шароити билан боғлиқ бўлган тиббий, иқтисодий ривожланиш, экологик, ижтимоий ҳимоя ва бошқа соҳалардаги муаммоларини ҳал қилишда мувофиқлаштирилган ёндашувни таъминлашдир. Шунингдек, Ўзбекистон ҳукумати, БМТ агентликлари, донорлик ҳамжамиятларининг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш орқали минтақани ривожланиш жараёнига биргаликдаги ёрдамни таъминлаш, Оролбўйи минтақаси муаммосига жаҳон ҳамжамиятининг эътиборини қаратиш ва минтақа ривожи учун техник ва молиявий ресурсларни сафарбар қилиш, Оролбўйи минтақаси учун ўзига хос экологик инновацион технологиялар ва ёндашувларни жалб қилишдан иборат.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2018 йил 28 декабрдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида экологик хавфсизлик, биринчи навбатда, сув ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш доимо эътиборимиз марказида туриши зарурлигини таъкидлаб, БМТнинг Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик асосида траст фондининг тузилиши ўзбек дипломатиясининг катта ютуғи бўлганини алоҳида эътироф этдилар.

Агар мустақиллик йилларида Ўзбекистон бўйича 1 миллион 220 минг гектарга яқин ўрмонзор яратилган бўлса, шундан 400 минг гектардан ортиғи айнан Оролбўйи ҳудудида барпо этилган. Бу масалада қабул қилинаётган махсус дастурга кўра, Орол денгизининг қуриган ҳудудида 2019 йилнинг ўзида яна 500 минг гектар ерда шўрга чидамли дарахт кўчатлари ва саксовуллардан ўрмонзор барпо этилади.

Орол бўйида қуйидаги вазифаларни амалга ошириш муҳим ва ўта долзарб саналади. Биринчидан, чўлланишнинг олдини олишга қаратилган саҳрога чидамли саксовул, қандим, черкез каби ўсимликлардан иборат ўрмонзорлар барпо этиш лозим. Бу ўз ўрнида иккита муҳим масалани ҳал этиш имконини беради. Биринчидан, қум кўчишининг олди олинади. Агар, саксовуллар 3 қатор қилиб экилса 30 фоиз қум кўчиши пасаяди, 7 қатор қилиб экилганда эса, бу кўрсаткич 90 фоизгача пасаяди. Ҳудудда ўзига хос экотизим пайдо бўлиб, иқлим ўзгаришини юмшатади. Иккинчидан, чўл зонада озуқабоп ҳисобланган чогон, терескан, боялич, қайроук каби ўсимликларни кўпайтириш лозим. Бу ишларни амалга ошириш орқали чорвачиликни ривожлантириб, янги иш ўринларини яратишга эришиш мумкин. Бу ўз ўрнида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга, аҳолининг гўшт ва сут маҳсулотларига бўлган эҳтиёжни қондиришга хизмат қилади.

Оролбўйи атрофида кичик (локал) кўллар барпо этиш ҳам муҳим масалалардан бири саналади. Бу қум кўчишини пасайтиришга хизмат қилиш билан бир қаторда, балиқчиликни ривожлантириш иконини беради.

Хулоса қилиб айтганда, сўз ва иш бирлигининг яққол исботи сифатида кўрсатилган ташаббус ва билдирилган таклифлар асосида бугун Оролбўйи ҳудудида ўрмонлар барпо этиш бўйича амалий ишлар жадаллик билан олиб борилмоқда. Зеро, эндиликда фақат амалий ишлар, инновацион ёндашувлар ҳудуддаги муаммолар ечимининг бош мезони бўлади.

Борий АЛИХОНОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Спикерининг ўринбосари,

Ислом ХУШВАҚТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

Манбаъ: http://parliament.gov.uz/

logo_uz